Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
123
5625
5083

+542
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
111691
185137
156139

+28998

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 726 588
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" Заминнинг зарлари кимлар қўлида?

oltin_160Инсоният ўз тарихининг барча босқичларида сув тошқинлари, зилзилалар, урушлар, очлик, эпидемиялар каби турли ҳалокатларга тўқнаш келган. Ҳозирги даврда ҳам қандайдир фавқулодда ҳодисалар, инқирозларсиз бирор йил ўтмайди. Экстремал вазиятларда қутулиб қолишнинг энг муҳим шартларидан бири барқарор иқтисодиётга эга бўлишдир. Кучли иқтисодиёт юз берган ҳалокатлар вақтида унинг оқибатларини тезроқ бартараф этиш, очарчиликнинг олдини олиш, фуқароларни ишончли ҳимоя қилиш имконини беради.

Аммо пул, биринчи навбатда, бозор тизими билан боғлиқ ҳар қандай тебранишларга жуда таъсирчандир. У бундай пайтларда ҳаддан ташқари қадрсизланиши ёки аксинча қиймати кўтарилиб кетиши мумкин. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви юз берадиган молиявий беқарорлик янада оғирроқ оқибатларга олиб келишига замин яратди. 2008 йилда бошланган энг сўнгги глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳам шундан дарак бермоқда.

Олтин захираси энг кўп давлатлар

Шунинг учун сўнгги вақтларда кўпгина мамлакатлар ўз молиявий захираларини олтин билан тўлдириб боришга интилаётганини кўриш мумкин. Айниқса, 2008 йилги инқироздан сўнг бу тенденция жуда кучайди. Кўплаб ҳукуматлар глобал молиявий инқироз такрорланиши эҳтимолидан ҳадиксираб, ҳар қандай шароитда ўзининг юқори ликвидлигини сақлаб қоладиган бу металл захирасини тўплашга кўпроқ эътибор қаратмоқда. Сўнгги йилларда Россия ва Хитой ўз валюта захираларини олтин ҳисобига тўлдиришда етакчилик қилаётир.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Россия Марказий банки 201 тонна олтин сотиб олган. Мамлакат шу йўл билан ўз захирасида доллар ва евро улушини камайтиряпти. Ҳозирги вақтда Россиянинг жами олтин-валюта захирасида қимматбаҳо металл улуши қарийб 17 фоизга етган.

Ўз захирасинидан олтинни сотаётган бой давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Швейцария ўз франки қиймати кескин ошиб боришининг олдини олиш мақсадида захирасидаги олтинларни сотмоқда. Чунки мавжуд шароитда олтин захирасини кўпайтиришдан манфаат йўқ. Иқтисодиётидаги турғунлик даври тугаб, аста-секин ўсиш кузатилаётган Япония ҳам олтин захирасини сотаётган давлатлардан бири. Қимматбаҳо металл захирасининг эҳтиёждан ортиқча экани ва миллий валютанинг барқарорлиги япон Марказий банкини шундай йўл тутишга ундамоқда.

Жаҳон олтин кенгаши эълон қилган маълумотларга кўра, айни пайтда дунё мамлакатлари ва молиявий ташкилотларнинг жами олтин захираси 30 минг тоннани ташкил этади. Бу захираларнинг энг катта қисми АҚШ ҳисобига тўғри келади. Бугунги кунда мазкур мамлакат 8133,5 тонна олтин захирасига эга. Кейинги ўринларда Германия (3377,9 т), Италия (2451,8 т), Франция (2435,8 т), Хитой (1842,6 т), Россия (1645,1 т), Швейцария (1040 т), Япония (765,2 т), Нидерландия (612,5 т) ва Ҳиндистон (557,8 т) бормоқда.

Молия институтлари орасида олтинга энг бойи Халқаро валюта жамғармаси (2814 т) ҳисобланади. Европа марказий банки захирасида эса 501,4 тонна қимматбаҳо металл бор.

Юқоридаги рўйхатдан кўриниб турибдики, АҚШ бу борада сўзсиз етакчидир. Бундан ташқари, дунёнинг кўплаб давлатлари ўз хазинасини АҚШга сақлаш учун ишониб топширган. Бугун мазкур мамлакат омборхоналарида бошқа давлатларга тегишли минглаб тонна тилла сақланади. Бу омилларнинг барчаси АҚШни ҳақиқий тилла давлатга айлантирган.

 

Олтин қазиб олишда етакчилар

Ҳозирги кунда дунёнинг қарийб 70 та давлатида олтин қазиб олинади. Улар орасида етакчилари Хитой, Жанубий Африка Республикаси (ЖАР), АҚШ, Россия, Австралия, Перу, Канада, Индонезия, Гана, Мексика, Бразилия, Чили каби давлатлардир. Ўзбекистон ҳам энг кўп олтин қазиб олувчи давлатлар ўнлигига киради.

Дунёда йилига жами 3000 тоннадан ортиқ (2015 йилда 3211 тонна) олтин қазиб олинади. Ҳар йили бу борада 2 фоиз атрофида ўсиш кузатиляпти. Биргина Хитойда ўтган йили олтин қазиб олиш ҳажми 500 тоннадан ортиқроқни ташкил этди. 16 йилдирки, мазкур мамлакатда олтин қазиб олиш суръатлари барқарор равишда ўсиб бормоқда. Айни пайтда Хитойда 100 дан ортиқ олтин кони ишлаб турибди. Хитойликлар тилла қазиб олиш ҳажмини янада кўпайтириб бориши кутиляпти.

Узоқ йиллар давомида дунёда олтин қазиб олишда етакчи бўлган ЖАР эса ўз мавқеини тобора бой бериб бормоқда. 20-асрнинг 70-йилларида ушбу давлат олтин қазиб олишда ақл бовар қилмас кўрсаткичга эришганди. Ўша йилларда бу ерда йилига 1 миллион килограмм, яъни минг тонна сариқ металл қазиб олинарди. Бу бутун дунёда қазиб олинадиган олтиннинг 80 фоизини ташкил этарди. Аммо бугунга келиб мазкур кўрсаткич йилига 250 тоннага тушиб қолди.

Россия олтин конларини ўзлаштиришда илғорлардан бўлиб турибди. Ўтган йили мамлакат кончилари 288 тонна олтин қазиб олди. Қазиб олинган қимматбаҳо металлнинг асосий қисми Красноярск ўлкаси ва Олтой ҳиссасига тўғри келади.

Ўзбекистон ҳам олтин қазиб олиш ҳажмини йил сайин ошириб бормоқда. Мустақил манбаларда айтилишича, мамлакатимизда 2014 йилда 100 тонна, 2015 йилда 103 тонна қимматбаҳо металл қазиб олинган.

 

Дунёнинг энг йирик олтин конлари

Яқинда дунё оммавий ахборот воситалари Хитойнинг Шаньдун вилоятида мамлакат тарихидаги энг катта олтин кони очилгани тўғрисида хабар тарқатди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, бу кондаги олтин захираси 382 тоннани ташкил этади. Унинг умумий қиймати эса 22 миллиард доллардан ошади.
Кон
Мамлакат
Қазиб олиш ҳажми
2014 йил
2015 йил
1
Мурунтов
Ўзбекистон
61.0
61.0
2
Грасберг
Индонезия
38.8
42.3
3
Голдстрайк
АҚШ
28.1
32.8
4
Кортес
АҚШ
28.1
31.1
5
Пуэбло Вьехо
Доминикан
34.5
29.7
6
Янакоча
Перу
30.2
28.6
7
Карлин
АҚШ
28.2
27.6
8
Пеньяскинто
Мексика
17.7
26.8
9
Лихир
Папуа Янги Гвинея
20.3
25.0
10
Боддингтон
Австралия
21.6
24.7

 

Шу ўринда дунёнинг энг йирик олтин конлари қайсилар, деган савол пайдо бўлиши табиий. Бу борада Ўзбекистондаги Мурунтов олтин конига тенг келадигани йўқ. Қизилқум саҳроси бағрида жойлашган мазкур кон 1958 йилда очилган ва 1967 йилдан маҳсулот бера бошлаган. Бугунги кунда у дунёдаги энг йирик очиқ карьер ҳисобланади. Чуқурлиги жиҳатдан эса жаҳонда бешинчи ўринда туради (580 м).

Кўплаб геологлар Мурунтовни дунёда энг йирик олтин захирасига эга кон сифатида эътироф этади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, конда 2500 тоннадан 5300 тоннагача қимматбаҳо металл захираси мавжуд.

Мурунтовдан кейинги ўринларда Грасберг (Индонезия), Голдстрайк, Кортес (АҚШ), Пуэбло Вьехо (Доминикан), Янакоча (Перу) каби конлар туради. Бу конлардан ҳар йили ўнлаб тонна қимматбаҳо металл қазиб олинади.

Ҳозир олтин конлари фаннинг энг илғор ютуқлари, замонавий техника ва юксак заковатли мутахассисларга таянган ҳолда ўзлаштирилмоқда. Чунки нисбатан осон ўзлаштириладиган конлар даври ўтиб бораётир. Ер юзасига яқин жойлашган олтинли қатламларни топиш тобора қийинлашяпти. Шунга қарамай, янги технологиялар ривожи ҳали она замин бағрида яшириниб ётган олтиннинг катта захиралари топилишига умид беради.

Анвар КАРИМОВ тайёрлади.

Дунёдаги энг йирик 10 та олтин кони

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"