Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7702
8025
7470

+555
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
153971
284189
61841

+222348

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 246 247
Главная "МЕНИНГ МУЛКИМ - ЧАСТНАЯ СОБСТВЕННОСТЬ" “Қаҳвахонамизга марҳамат!”

restoran_160Ишдан сўнг оилавий ўтириб, музқаймоқхўрлик қилайлик, ҳордиқ чиқарайлик, деган ниятда қаҳвахонага бориб эдик. Бу ер ёзги мавсумга мўлжаллангани боис кенг ҳовлига ўт-ўланлар устига стол-стул қўйилган. Гавжум жой. Официантларнинг қўли-қўлига тегмайди. Бизнинг болажонлар эса музқаймоқни кутиб сабрсизлана бошлашди. Ўзиям келганимизга йигирма дақиқа бўлди ҳамки, биров кимсан, демади-да... Ахийри, тоқатим тоқ бўлиб, шу ерда юрган иш бошқарувчи ёнига бордим. Арзимни айтишим билан “ҳозир-ҳозир”лашди ва дарров бир официант йигитни бизнинг стол томон йўллашди.

Йигит тушмагур столга шарбат ва нон қўйди-да, қўлимизга меньюни берди-ю, гапимизни оғзимизда қолдириб, яна кетди-ворди! Айтсам, ишонмайсиз, шундан кейин ҳам роппа-роса йигирма дақиқа кутдик. Бироқ хизматдан дарак йўқ. Жаҳл отига миниб, яна арз учун бордим.

– Опажон, узр, одам кўп, улгуролмаяпмиз. Бироз кутиб туринг ёки шарбат ва ноннинг пулини тўлаб, бошқа жойга бора қолсангиз ҳам майли, – дейди.

Демак, масала ҳал. Мутасаддики, муаммога ечим топиш ўрнига барчасини бўйнидан соқит қилиб тургач, бу ерда ҳордиқ чиқаришдан умидвор бўлиш бефойда. Хуллас, емай-ичмай, қирқ дақиқа сабр қилганимиз учун олти минг сўмни тўладик-у, елкамнинг чуқури кўрсин, қаҳвахонангизни, дея чиқдик-кетдик...

Яширишга ҳожат йўқ, бугун бундай ҳолатга ҳар куни, ҳар қадамда дуч келиш мумкин. Тўғри, тадбиркорлар элга хизмат кўрсатамиз, дея бизнес бошлашяпти, қаҳвахона, ресторан каби хизмат кўрсатиш объектлари фаолиятини йўлга қўйишяпти. Бу яхши. Эплаган қандини урсин! Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам хизмат кўрсатиш одоби, иш юритиш тартиб-қоидаларига амал қилмоқда, мижозга юксак ҳурмат билан қарамоқда, деб бўлмайди. Аслида қаҳвахона бизнеси мижозлар ташрифи билан гуллаб-яшнамайдими? Бу ердаги маҳсулот сифатли хизмат уйғунлигида харидорини топмайдими? Ваниҳоят, шу оддий ҳақиқатни тушуниш мушкулми?!

Гапни норозилик оҳангидан бошлаганимиз бежиз эмас. Зеро, бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг айни йўналиши ҳақида сўз юритмоқчимиз. Мақсад эса битта: янги иш бошламоқчи бўлган тадбиркорлар бу каби хатоларни четлаб ўтишга ҳаракат қилишсин. Омадга эришиш учун энг аввало, мижозни рози қилиш лозимлигини англашсин. Ақлли тадбиркор бунга ишнинг аввалидаёқ киришади. Негаки, қаҳвахона бизнесини яратиш моддий харажатларни теран ҳисоб-китоб қилиш ва аниқ режа тузиб иш кўришни тақозо этади.

Хўш, фаолиятни нимадан бошлаш керак? Энг аввало, ғоя топиш лозим. Пухта ўйланган ва қизиқарли ғоя бизнесда муваффақият келтирувчи бош омил саналади. Умуман олганда, қаҳвахона очиш тадбиркордан тижорат қонун-қоидаларини билишнигина эмас, балки ижодкорликни ҳам талаб қилади. Ана шунда бизнесмен ўз услубига эга бўлади, мижозларни жалб қила олади. Эҳтимол, сиз фаст-фудлар тайёрланадиган қаҳвахона очмоқчидирсиз, балки оқшом ўтиришларига мўлжалланган кичик ресторанчадир. Шундан келиб чиқиб, мос жой ва бино топишингиз табиий. Экспертлар фикрича, тез тайёр бўладиган таомлар учун гавжум ҳудуд, транспортлар тўхтайдиган бекат яқини, йўл юзини танлаш керак. Бу ерда бирор таълим маскани мавжуд бўлса, янада яхши – қаҳвахона доимий мижозларига эга бўлади. Аҳоли пунктларида эса кундузи қатнов кам, чунки кўпчилик ишга боради. Шу боис бу ердаги қаҳвахона оқшом банкетларига мўлжалланган, музқаймоқ ва шифобахш коктейл тайёрланадиган сўлим бир гўша бўлгани маъқул.

Маслаҳатли тўй тарқамас...

Ҳа, бизнес-режа маслаҳатли тўйдек гап. Қаҳвахона фаолиятини йўлга қўйишда пишиқ-пухта режа тузиб олсангиз, шунинг изидан ишингиз юришаверади. Бизнес-режа чиқимларни режалаштириш, барча зарур харажатларни қоплаш ва келгусидаги даромадни аниқ ҳисоблашда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, режалаштириб олинган юмуш ўзимизга ишонч билан ҳаракат қилишга ундайди. Яна бир гап: яхши бизнес-режа инвесторлар иштирокида қаҳвахона очиш ёки кредит олишда қўл келиши аниқ.

Жаҳондаги таниқли тадбиркорларнинг фикрича, қаҳвахона бизнес-режаси қуйидаги омилларни ўз ичига олган бўлиши керак:

- Лойиҳа баёни (жойлашув, бино, штатлар масаласи ва ҳоказо);

- Маркетинг (баҳолаш);

- Молиявий аҳвол таҳлили;

- Хизматлар рўйхати;

- Бозор сегменти таҳлили;

- Даромад ва рентабеллик (ўз-ўзини қоплаш).

Қаҳвахона очиш учун қанча пул керак, деган савол ижара ҳақи, бинони таъмирлаш, махсус асбоб-ускуналар (музлаткич, ўчоқ, печ, савдо-сотиқ учун касса аппарати, идишлар, стол-стул), реклама ҳамда таом учун масаллиқ харажатлари ҳақида ўйлашни тақозо қилади.

– Бу турдаги бизнеснинг энг харажатли қисми ижара ҳақи ва махсус ускуналардир, – дейди тадбиркор Шуҳрат Ҳошимжонов. – Шунинг учун ҳам камхаражат қаҳвахона очмоқчи бўлган одам кўчмас мулк бозорини пухта ўрганиши, қулай ерда жойлашган ва у қадар кўп ижара ҳақи олинмайдиган объектни топиши зарур. Бугунги кунда ускуналарни кредитга олиш ҳам мумкин. Бу тадбиркорга қулайлик туғдиради. Аввалл ҳам қаҳвахона фаолият кўрсатган жойни олсангиз, яна ҳам яхши. Печ, газ плитаси, қаҳва тайёрловчи ускуна кабиларни сотиб олишингизга ҳожат бўлмайди. Бундан ташқари, бўлажак ходимлар ҳақида ҳам ўйлаш керак. Бугун кўпчилик тадбиркорлар ёш, чиройли ташқи кўринишга эга бўлган ходим омад гарови, деб ўйлашади. Аслида бундай эмас. Агар сиз сифатли хизматни йўлга қўймоқчи бўлсангиз, ишчиларнинг тажрибаси ва муомаласига кўпроқ аҳамият қаратинг. Улар махсус мактаблар, коллежлар, ўқув курсларида таълим олган бўлса янада яхши. Энг муҳими, официант вазифасини бажарувчилар асаби мустаҳкам, оёғи чаққон, ҳисоб-китобга уста ва ширинсухан бўлиши керак.

Барқарорликни таъминланг!

Янги ташкилот фаолиятини йўлга қўйишда бир нарсани ёдда тутиш лозим. Сиз ресторан очяпсизми ёки қаҳвахона, бундан қатъи назар, у ишлаб чиқариш объекти саналади. Шу маънода бизнесга тикилган маблағ бозор қонунларига риоя қилсангизгина сизга фойда келтиришини унутманг.

Маълумки, қаҳвахонада барча маҳсулотлар улгуржи нархда сотиб олиниб, қайта ишланади. Яъни у энди товар номини олади. Товар нархи ташкилот харажатларини қоплаши, ходимлар иш ҳақи ва фойдани ўз ичига олиши табиий. Шу боис ишлаб чиқариш зарар келтирмаслиги учун барча юмушларни оқилона йўлга қўйиш керак. Ана шунда харажатларни иқтисод қилиш ва барқарорликни таъминлашга эришиш мумкин. Умуман, бугун тадбиркорлар ҳар хил. Уларнинг айримлари фойда олиш учун нархларни кўтариш усулидан фойдаланишса, баъзилари қаҳвахона обрўсини ўйлаб намунали хизмат кўрсатишга ҳаракат қилишади ва маҳсулот сифатига катта эътибор қаратишади. Аслида ҳам, қаҳвахона нуфузи унинг фақатгина чиройли интерьери билан белгиланмайди. Бу ерда кўп нарсага эътибор бериш керак: маҳсулот ва хизматлар сифати, жой атмосфераси, нархлар масаласи... Шинам ва кўнгилдагидек хизмат кўрсатиладиган қаҳвахонага мижоз қайта-қайта келади. Бу ерни дўстларига ҳам тавсия қилиши аниқ.

Қаҳвахона соҳиби эндигина иш бошлаганда нималардан эҳтиёт бўлиши керак? Бу саволга бизнес-экспертдан жавоб оламиз:

Назокат Иззатова:

– Ҳар қандай бизнеснинг ўзига яраша муаммолари бўлиши табиий. Қаҳвахона ва ресторан бизнесида ходимларнинг ҳар доим ҳам ҳалол ишламаслиги асосий муаммодир. Фаолият жараёнида пул ўмариш ҳар доим мавжуд бўлган. Шу боис видеокузатув имкониятларидан фойдаланиш, синчковлик, ҳушёрликни назардан қочирмаслик, аниқ ҳисоб-китобга эътибор қаратиш шарт. Шу билан бирга жамоада ўзаро ишонч муҳитини шакллантиришга интилиш керак. Бунинг учун ходимларни ишга олишда зийрак бўлган маъқул. Агар тадбиркор психология илмидан бохабар бўлса, бу борада адашмайди. Яъни кўзлари бежо боқадиган, саволга жавоб беришда лўндалик, аниқликдан қочадиган, қўпол феъл-атвор соҳибининг баҳридан ўтиб қўя қолган яхши.

Бу турдаги бизнесда яна бир муаммо ҳар куни ечим талаб қилади. У ҳам бўлса, қаҳвахонадаги санитария меъёрларига эътибор масаласидир. Ошпазларнинг ҳаммаси ҳам озиқ-овқат маҳсулотларини тўғри ишлата билмайди. Улардан доим гигиена қоидаларига риоя қилиш, маҳсулотларни керакли жойда, керакли пайтга қадар сақлашни қатъий талаб қилиш керак. Ана шунда қаҳвахона обрўсига путур етмайди.

Дарҳақиқат, ҳар қандай бизнесда ҳам мижозлар манфаати ҳар недан устун туради. Шу маънода қаҳвахона соҳиби бўлмиш тадбиркорлар мижозни азиз меҳмондек иззат-икром билан кутиб олишлари, тўланган ҳаққа яраша сидқидилдан хизмат кўрсатилишини таъминлашлари лозим. Йўқса, ишлар бароридан келиши, даргумон...

Муборак ОХУНОВА.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"