Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4333
4961
5935

-974
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
86258
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 547 982
Главная "ISTE'MOLCHI" Ўзи ёққан “ўт”га ўзи исинганлар

huquq_160_6ёхуд қисмати аянчли якун топган ихтирочилар ҳақида

Башарият тарихида давлатчилик қарор топганидан буён барча жиноятлар учун  қонуний жазо тайинланади. Улар орасида энг олий ва энг даҳшатлиси айбдорни ўлимга маҳкум этиш саналади. Бу ҳақдаги ҳукмларни эса муқаддам махсус тайинланган кишилар, халқона тилда айтганда, жаллодлар ижро этишган. Улар баъзи доираларда беқиёс ҳурмат-эътибор қозонган ёки аксинча, чексиз нафратга учраганлар. Гоҳо ўзлари ҳам истаган-истамаган, билган-билмаган ҳолда сиртмоққа бўйин тутишга ёхуд кундага бош қўйишга мажбур бўлганлар. Қуйидаги ҳикояларимиз шу хусусда, аниқроғи, қайтар дунё­нинг кўпинча одам зотининг тушига ҳам кирмайдиган ажаб савдолари тўғрисида.

Маҳкумларга  “ғамхўрлик”нинг ёрқин намунаси

Парижлик сансонларнинг етти авлоддан иборат сулоласи олий жазога оид ҳукмлар ижрочилари сифатида бутун дунёга донг таратгандилар. Улар 1688 йилдан 1847 йилга қадар маҳкумларни дорга осиш, чархпалакка тортиш, қозиққа ўтқазиш, гулханда ёқиш, суякларини мажақлаш, қўл-оёқлари ва бошини танасидан жудо қилишдек ваҳшиёна ишларни маҳорат билан бажариб, жаллодлик касбининг чинакам “пири”га айлангандилар.

XVIII асрнинг иккинчи ярмида бу вазифа сулола вакили Шарль Анри Сансон чекига тушди. Салкам 40 йил шу юмуш билан шуғуллангани боис унинг дийдаси қотиб кетди. Бироқ кексайгани сайин тез-тез дилгирликка бериладиган бўлиб қолди. Пировардида жазо ижросини айбдорни жисмонан ва руҳан ортиқча қийнамай, тез тугатиш йўлларини қидира бошлади.

Серёғин куз кунларидан бирида унинг уйига мудом башанг кийиниб юрадиган маҳаллий шифокор Жозеф Гильотен кириб келиб, стол устига бир нечта қоғоз ўрамини қўйди. Сўнгра биттасини шошмай очди. Бу қатл ускунаси чизмаси эди. Оппоқ қоғозда иккита тик тахта ва уларнинг тепа қисми ўртасига жойлаштирилган дами ўткир, шакли тўғри тиғ акс эттирилганди.

– Бу матоҳ сизга яхши таниш бўлса керак? – ўсмоқчилаб сўради Жозеф мезбондан.

– Албатта! – Шарль Анри уни ортиқча маҳтал қилмай, дарҳол жавоб қайтарди. – У алмисоқдан қолган манайя! Шундай эса-да, ҳамон итальян ва олмон князликларида қўлланилмоқда. Ҳолбуки, камчилиги кўп. Энг катта нуқсони тиғида. У ҳар доим ҳам пастга бир туширилишда бошни кесмайди. Баъзан икки-уч марталаб ишлатишга тўғри келади. Оқибатда жиноятчи омонатини топширишда қийналади. Масалага шу жиҳатдан қарасак, қилич ва болта манайядан анча афзал.

– Фикрингизга тўлиқ қўшила олмайман, – шифокор унинг гапини оғзидан олди. – Негаки, болта кўтарган жаллод ҳам одам. Муайян важлар туфайли бехос ҳаяжонга тушиб, мўлжалдан адашиши эҳтимолдан холи эмас. Оқибатда болта маҳкумнинг елка умуртқасига ёки энса суягига қадалиб, унинг ортиқча азоб чекишига сабабчи бўлиши тайин. Бу жиноятчига нисбатан ўта шафқатсизлик ҳисобланади.

Шарль Анри меҳмоннинг сўнгги сўзидан илкис ҳушёр тортди.

– Муҳтарам доктор! – деди бир оздан сўнг мамнун жилмайиб. – Адашмасам, иккимиз маслакдошга ўхшаймиз, аслида мен ҳам қатл ишлари ёвузларча ўтказилишига қаршиман.

– Унда жуда соз! – Гильотен шундай дея навбатдаги қоғоз ўрамини қўлига олди. – Малол келмаса, манави лойи­ҳага бир назар солинг, – деди уни очаркан, илтимос оҳангида. – Балки менинг кашфиётим сизга ҳам маъқул тушиб, иккимиз ҳамкорликда иш юритармиз...

Бу манайянинг анча такомиллаштирилган тури чизмалари эди. Янги дастгоҳ, юзаки қараганда, аввалгисига ўхшаш эди: худди ўшанақа иккита ёғоч устун, худди ўшанақа ўткир пичоқ. Фарқи  аввало, тиғ ярим ой шаклига келтирилган, устига эритилган қўрғошин қуйилиб, вазни оғирлаштирилганди. Иккинчидан, тик устунлар ошиқ-мошиқлар орқали ўзаро бириктирилиб, пастки қисмига бўйинни маҳкам қисадиган тахтакач қотирилган. Бинобарин, маҳкумни зўрлик билан кундага бош қўйдиришга ҳожат қолмасди, уни дастгоҳ олдига элтиб, кўндаланг ўйиқли жойи томоққа тақаладиган тахтакачга рўбарў қилиш кифоя эди. Тахтага боғланган бояқиш лаҳза ўтмай, узала тушар, бўйни ўз-ўзидан кунда устида бўлар, боши қимирламайдиган ҳолатга келарди. Жаллодга мўъжазгина дастакни бурашдан бошқа иш қолмасди. Тепадан зарб билан тушган ўткир ва оғир тиғ кўз очиб-юмгунча ўз вазифасини бажарар, маҳкумнинг ҳаёт шами шу ондаёқ сўнарди.

– Ана, кўрдингизми, янги ускуна ҳеч қандай озор етказмайди, – деди Жозеф сўзига якун ясаб. – Жиноятчи жон таслим қилар чоғи оғриқни ҳис этишга улгурмайди. Нари борса, гарданига майингина шабада текканини илғагандай бўлади, холос.

Врач ғояси Шарль Анри дилидаги орзу эди. Шу боис икковлон маҳкумларга нисбатан бағоят “инсонпарварлик” руҳи билан йўғрилган лойиҳани тасдиқлатишга шошилишди. Сарой мулозимларидан мамлакат ҳукмдори Людовик XVI қабулига киришга изн беришни сўрашди...

Ўлимга тик боққан қирол

Ихтирочиларни чоғроққина хонада қаршилаган қирол эгнига қора чакмон, қора камзул, қора кўйлак, оёғига узун қора пайпоқ кийган, бўйнига бурма ҳошияли қора ёқа тақиб олганди. Фақат бошмоқларигина ўзгача – қондек қип-қизил рангда эди. Бу ҳолат Шарль Анри назаридан четда қолмади. Чунки ҳар сафар суд ҳукми ижросига киришганида ўзи ҳам шундай кийинарди.

– Жаноблар, мен лойиҳангизни маъқуллайман, – деди қирол “улуғ ғоя” соҳибларига қарата. – Ўз навбатида, битта эътирозимни ҳам айтмоқчиман. Менимча, дастгоҳ тиғи ярим ой кўринишида эмас, механика қонунларига кўра, қия шаклда бўлиши шарт. Шунда ҳукм ижроси пайти кутилмаган машмашалар келиб чиқмайди. Бу масалага алоҳида эътибор қаратишингизни сўрайман. Ихтиронгизни синовдан ўтказиш учун эса 20 минг ливр ажратиш тўғрисида фармойиш чиқараман. Натижаси ҳақида бир ойдан сўнг менга ҳисобот берасизлар.

Кўп ўтмай лойиҳадаги дастгоҳ яратилди. Синов майдони сифатида ҳибсхона ҳовлиси танланди. Тунда учта майит келтирилиб, яширинча тажриба ўтказилди. Қарангки, ёшлигида механика асосларини пухта ўзлаштирган қирол тўғри айтган экан. Яримойсимон тиғ марҳум бўйнининг лоақал ярмигача ҳам ботмади. Қия шакллиси эса бир туширилишидаёқ бошларни сапчадек узиб ташлади. Қирол лойиҳани тасдиқлар экан, янги ажал машинасига “раҳмдил” доктор исмини назарда тутиб, гильотина деган ном берди.

Бу қурилма Тюильри саройи яқинидаги майсазорга ўрнатилгач, бетўхтов ва бенуқсон ишлаб, кўплаб маҳбуслар умрига зомин бўлди. Аммо фурсати етиб, фалакнинг гардиши тескари айланди – Буюк француз инқилоби рўй берди. Конвент (1792-1795 йилларда Францияда жорий этилган сайланадиган олий давлат идораси) Людовик XVI Капетни ва рафиқаси Мария Антуанеттани гильотинада қатл этиш юзасидан ҳукм чиқарди. Қирол бундан заррача эсанкирамади. 1793 йил 21 январь куни эшафотга, яъни олий жазо омма кўз ўнгида ижро этиладиган тахтасупага дадил кўтарилди. Ўзи такомиллаштирган тиғга мағрур боқди-да, кундага жимгина бош қўйди. Малика Мария ҳам ўша йили октябрда ҳаёт билан видолашди.

Энг ажабланарлиси, уларни ва инқилобнинг Дантон, Робеспьер каби арбобларини ҳукмрон кучлар тазйиқи остида Шарль Анри қатл қилди. 1796 йил кузида 57 ёшга тўлар-тўлмас, ўрнини катта ўғлига бўшатиб бериб, истеъфога чиқди. Сўнгра яна ўн йил минг бир изтироб-ла кун кечирди. Сабаби – у жаллодлик фаолияти давомида, оз эмас-кўп эмас, роппа-роса 2918 кишини яшаш бахтидан мосуво қилганди. Баски, ажал остонасидаги маҳкумларнинг мунгли боқишлари-ю оҳ-нолаларини, қариндош-уруғларининг қарғишлари-ю нафратларини  унутиш осон эмасди. Шунга қарамай, у ҳеч кимга сир бой бермасди. Масалан, бир куни буюк саркарда Наполеон унга “Юзлаб-минглаб одамларни бежон айлаган жаллодлар тинч ухлай оладими?” дея пичинг қилибди. Эвазига “Қонхўр подшолар, диктаторлар ва ҳоқонлар бемалол пинакка кетганда ўз бурчини ўтаганлар нега хотиржам ухлай олмас экан?” деган жавобни эшитибди.

Машҳур сиртмоқчининг мудҳиш хатоси

Америкалик Жон Вуднинг номи “XX асрнинг энг машҳур сиртмоқчиси” сифатида тарих саҳифаларига битилган. У 1945 йилга қадар қадрдон шаҳарчаси Сан-Антониода суд ҳукмларига биноан, 350 жиноятчини дорилбақога равона қилганди. Шунданми, 50 миллион кишининг ёстиғини қуритиб, охири ўзи ҳам мағлубиятга учраган фашизм раҳнамолари устидан Нюрнбергда бўлган Халқлар суди ниҳоясига етгач, унга катта ишонч билдиришди. Сержант унвонини бериб, махсус самолётда Нюрнбергга етказиб келишди.

Моҳир сиртмоқчига Риббентроп, Кейтел, Йодл, Калтенбруннер, Розенбах, Франк, Фрик, Штрейхер, Заукел, Зейес-Инкварт каби ашаддий нацистларни дорга осиш вазифаси топширилганди. Қамоқхона ҳовлисида унинг режаси бўйича қурилган дор “узун сиртмоқ” деб аталди. Илгари бундай вазиятда жиноятчининг бўйнига арқон солингач, оёғи тагидаги курси зарб билан тепиб юбориларди. Жон Вуднинг иш тутуми ўзига хос эди: дор остига курси эмас, ер баравари текис қопқоқли туйнук ўрнатилганди. Жаллод маҳкумнинг бошига қора қопчиқ кийдириб, бўйнига сиртмоқни илгач, учи тугун тизимчани тортса, қопқоқ ланг очилади-ю, жусса пастга осилиб тушади. Айни сонияда сиртмоқ уни ғиппа бўғади. Ўлим жуда тез содир бўлади. Аммо кекса фельдмаршал Кейтелнинг жони қаттиқ экан, омонатини топширишда анча қийналди. Осилган кўйи ярим соатча хириллаб турди...

Жон Вудни Сан-Антониода анвойи гуллару дафнали гулчамбарлар билан кутиб олишди. Қутлов маросими шу даражада дабдабали-тантанавор кечдики, дунё дунё бўлиб, ҳали бирон-бир жамият ёки мамлакатда жаллод зотига бу қадар юксак иззат-икром кўрсатилмаганди.

Ўзига билдирилган ишонч ва ҳурматдан руҳланиб кетган Жон Вуд “узун сиртмоқ”ни янада такомиллаштириш ва замонавийлаштириш пайида бўлди. Бора-бора масъулларни қатлни “энг илғор усул”да – электр курси ёрдамида бажариш ўнғай эканлигига ишонтирди. Қолаверса, одатдагидан бир ярим баравар ортиқ кучланишли токда ишлайдиган электр курси яратди. Тайёргарликлар поёнига етгач, уни синаб кўришга чоғланди. Ўриндиққа ясланиб ўтириб олиб, энг яқин дастёрига “Қўл-оёқларимни тасмалар билан маҳкам боғла... Ҳа, баракалла, энди электродлардан бирини чап оёғимга, иккинчисини ўнг қўлимга ула!” деб буюрди.

Аслида электродлар маҳкумнинг бошига теккизилиши лозим эди. Буйруқни бажарса, оқибати хунук тугашини яхши билган ёрдамчи иккиланиб қолди. Унинг “иродаси бўш”лигидан ранжиган Жон Вуд жаҳл аралаш қўл силтади-да, давлат электригига ўгирилиб, бояги гапини такрорлади. Электрик ўта гўл-содда эканми, итоаткорона иш тутиб, ток улагични шартта босиб юборди. Шу лаҳза ҳеч ким ўйламаган фожиа рўй берди. Кўзга кўринмас куч исканжасида қолган Жон Вуд бир зумда қоп-қорайиб, аъзои баданидан тутун бурқсий бошлади. Шогирдлари ва дастёрлари турган жойларида донг қотиб қолишди. Алқисса, янги қатл курсисининг илк қурбони олий жазога тортилган жиноятчи эмас, балки шу ускуна яратувчисининг  ўзи бўлди.

Қўлбола ўқдон касофати

Петербург фавқулодда комиссияси Кронштад қўзғолони қатнашчиларини қирғинбарот  қилишни кун-бакун авж олдираётганди. Жазо гуруҳига Бутман деган кимса бошчилик қилаётганди. Унинг буйруғи билан асирлар ўнта-ўнта қилиб ёғоч нишон олдига қўйиларди. Шунча аскар уларни мўлжалга олиб, тепкини беаёв босарди.

Хуллас, ўлим конвейери узлуксиз ишлаб турганди. Жавобсиз ўқ узишда оддий аскар –питерлик собиқ ишчи Соловьёв ҳам фаол қатнашаётганди. Бир сафар нимадир бўлди-ю, нагани отмай қолди. Ҳамма бало ўқдонда эди. Аскар темир ўқдонини йўқотиб қўйгани туфайли ўз билгича ёғочдан янгисини ясаб олганди. Бундан бехабар Бутман унга бақира кетди:

– Сен ярамас, оқ унсурларга раҳм-шафқат қилаяпсанми? Инқилоб душманларига-я?... Ҳозир сенга кўрсатиб қўяман!

Соловьёв ҳам анойилардан эмас экан, бўш келмай дўққа дўқ билан жавоб қайтарди:

– Кекирдагингни кўп чўзаверма. Яхшиси, менга бошқа қурол бер, манависи ишламаяпти.

– Нега ишламас экан? Қани, бу ёққа бер-чи! – Баттар ғазабланган Бутман шундай дея аскарнинг қўлидан наганни юлқиб олди. Ўқдонни шир-р эткизиб айлантирди-да, ствол оғзини ўзининг чаккасига тўғрилаб, тепкини босди. Шу он ўқ овози янгради. Бутман ортига кескин қалқиб, чалқанчасига йиқилди. Шафқатсиз қўрғошин ўз ишини қилган, жаҳли чиққанида ақлини йўқотган қатағон ташкилотчиси бош суягининг орқа томонидан ўпириб чиққанди.

Чекистлар қироли Феликс Дзержинский фожиадан огоҳ топгач, арзандаси учун ўч олишни пайсалга солиб ўтирмади. Ёғоч ўқдон эгасини шахсан ўзи ҳамманинг кўз ўнгида отиб ташлади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"