Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3066
8944
8267

+677
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105579
165551
205121

-39570

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 732 855
Главная "ISTE'MOLCHI" Чинозликлар илтижоси: тоза ҳаво ва сув керак



kran_suv_160Чинозда болалар кўп қаватли уйлар канализация тармоғидан ариққа очиқдан-очиқ оқизиб қўйилган оқова сувларда ўйнаб, қўл ювиш ва ҳатто ичиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Бу ҳақда агентлигимизга Тошкент вилояти Чиноз тумани фуқаролари томонидан канализация тармоғи ва тоза ичимлик сув муаммоси зикр этилиб йўлланган мурожаатни ўрганиш жараёнида Янгиобод маҳалласи аҳолиси маълум қилди.

Бадбўй ҳидга кўникдик, аммо...

Эски Тошкент йўли бўйлаб Чиноз шаҳрига кираверишда йўлнинг ўнг томонида Ёшлик, чап томонида Янгиобод маҳалласи жойлашган. Ушбу маҳаллаларда жами 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллий аҳоли тилида “1-микрорайон“ деб аталувчи Ёшлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 17 та кўп қаватли уй мавжуд. Уйларнинг канализация тармоғи тортилганига ярим аср бўлган ва ўтган вақт мобайнида қувурлар ҳар томонлама эскирган. Муаммо шундаки, тармоқ бутунлай яроқсиз ҳолга келгач, оқова сув шунчаки ариққа чиқарилиб, бирмунча пастда жойлашган Янгиобод маҳалласи бўйлаб оқизилган. Оқибатда оқова сувдан таралаётган бадбўй ҳид ҳар икки маҳалла аҳлини безовта қилмоқда.

– Икки кам саксондаман, умримнинг 60 йили мана шу ҳовлида ўтди, – дейди Янгиобод маҳалласидаги 21-уйда яшовчи Насиба ая Холмуродова. – 20 йиллар бўлди чоғи, уйимизнинг шундоққина ёни ва олд томонидан оқова сув оқиб ўтади. Биз-ку, унинг бадбўй ҳидига кўникиб қолдик, аммо ҳид сабаб пайдо бўлаётган муаммолар оғирлик қиляпти. Масалан, маҳалламиздан меҳмонлар қадами камайди. Таксичилар ҳам ё кўча бошида, ёки охирида тўхташади. Булар-ку, майли-я, оқованинг тоза ҳавога, у орқали соғлиғимизга етказаётган зарарига чидаб бўлмайди.

Аҳолининг айтишича, чамаси 2-3 йиллар олдин маҳаллада канализация тармоғи учун чуқур қазилиб, қувурлар олиб келинган. Афсуски, ушбу хайрли иш бош­ланар-бошланмас тўхтатилиб, чуқурлар кўмилган ва қувурлар олиб кетилган.

– Ўша пайтдаги хурсандчилигимизни бир кўрсангиз эди, чек-чегараси йўқ унинг, – дейди 22-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Саодат Эшмуродова. – Ноқулай ша­роит, қўланса ҳид, болалардан хавотир олиш – буларнинг барчаси бир муддат унут бўлиб, ҳамма қатори тоза ҳаводан нафас олиш ҳақида ўйлай бошлагандик. Афсус, орзуларимиз хаёллигича қолиб кетди. Ҳаёт эса давом этмоқда. Доим болалардан хавотирдамиз. Минг тушунтирсанг ҳам бола-да, кўзингни пана қилиб оқова сувда ўйнайди, қўл ювади ва ҳатто ундан ичади. Оқибати эса маълум – касал бўлади.

Янгиободдан кейинги манзил сари йўл олар эканмиз, оқова сув тўлиб оқаётган ариқ бўйлаб ўйнаб келаётган ўқувчиларга дуч келдик. Саодат опанинг юқоридаги гапи эсга тушиб, ўқувчиларни оқова сувда ўйнамасликка чақириш мақсадида тўхтадик. Афсуски, тарғиботга бироз кеч қолдик. Ўзини 1-синф ўқувчиси Жаҳонгир деб таништирган бола етиб боргунимизга қадар оқова сувга қўл ювишга улгурди. Хайрият, қўлини ювди, холос...

– Шаҳар маҳаллаларидаги канализация тармоғи фойдаланиб бўлмайдиган даражада эскирган, – дейди Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодиёт ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Мамажонов. – Тармоқни янгилаш учун 79 миллиард сўм маблағ талаб этилади. Айни пайтда канализация тармоғини янгилаш лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Зарур маблағ ажратилиши билан иш бошланади ва бу муаммога барҳам берилади.

Қарийб 2 минг 200 киши истиқомат қилувчи Гулзор­обод маҳалласи аҳолисини ҳам оқова сувлардан таралаётган бадбўй ҳид муаммоси қийнамоқда. Маҳалланинг кўп қаватли уйларидан чиқаётган оқова 3-уйдан 20-25 метрлар чамаси нарида жойлашган ариққа оқизиб қўйилган.

– Қўланса ҳиди камдек, иссиқ кунларда бу жойлар касаллик тарқатувчи пашша-ю чивинлар маконига айланади, – дейди 3-уйнинг 9-хонадонида истиқомат қилувчи фуқаро Зулхумор Ортиқова. – Улардан қочиб қутулиб бўлмайди. Кўчага чиқсангиз ҳам, уйга кирсангиз ҳам талайди. Биз катталар-ку, майли-я, болаларга қи­йин. Шундоққина рўпарамизда 7-умумтаълим мактаби жойлашган. Бунинг устига, бадбўй ариқдан 10-15 метр нарида янги боғча қурилмоқда.

Дард устига чипқонми?

Туманнинг Ёввош маҳалласи аҳолиси ҳам қўланса ҳиддан азият чекмоқда. Бу ердагиларни Ёшлик, Янгиобод ва Гулзоробод маҳаллаларидан фарқли ўлароқ, “Чиноз балиқчилик омихта ем тайёрлаш“ корхонасидан чиқаётган бадбўй ҳид безовта қилади.

Маҳалла оқсоқоли Калмон Эргашевнинг қайд этишича, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, бу турдаги корхоналар аҳоли яшаш жойидан минг метр узоқликда жойлаштирилиши лозим. “Чиноз балиқчилик омихта ем тайёрлаш“ масъулияти чекланган жамияти ва Ёввош маҳалласи ўртасидаги масофа эса нари борса 600 метр масофани ташкил этади ва шу боис бадбўй ҳид маҳаллагача етиб бориб, одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда.

– Бу масала юзасидан жуда кўп ташкилот ва идораларга мурожаат қилдик, – дейди оқсоқол К.Эргашев. – Лекин муаммо муаммолигича қолиб кетмоқда. Туман табиатни муҳофаза қилиш инспекциясига бориб, “Нега корхона қурилишига рухсат берасизлар, маҳалламизгача 1 километр чиқмайди-ку“ десам, қишлоқдан корхонагача бўлган айланма йўл орқали қарийб ўша масофани чиқариб беришди. Ахир, бадбўй ҳиднинг маълум йўли бўлмаса, инспекциядагиларнинг гапини тушунмаса!? Дала орқали тўғри ўтиб келаверади-да у, қайси йўлдан юришни бировдан сўраб ўтирармиди?

Корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид Гулзоробод маҳалласига ҳам етиб боради. Боиси, бу маҳалла ҳам корхонадан 600-700 метр чамаси узоқликда жойлашган.

Қатъий тавсия: “Қайнатиб ичилсин!”

3 минг 700 нафар аҳоли истиқомат қилувчи Хўжа маҳалласи аҳли эса тоза ичимлик сув муаммосидан азият чекмоқда. Маълумотларга кўра, ичимлик сув қувурлари ўрнатилганига ҳам 50 йил бўлган. Бу муддат ичида улар жисмонан эскириб, жуда кўп ёриқлар пайдо бўлган. Табиийки, мазкур ёриқлардан қувур ичига туп­роқ ва ичимлик сув сифатига таъсир кўрсатувчи бошқа нарсалар кириб қолган.

– Сувни ўчириб ёқишганида босим ҳисобига лойқа ва ҳатто баъзан сувга қўшилиб чувалчанглар ҳам оқиб келади, – дейди Хўжа маҳалласи фаоли Икром Тошматов. – 2 йилча бурун сувимизнинг сифатини текширтирдик. Туман СЭСдагилар уни истеъмолга мутлақо яроқсиз, деб топишди ва қайнатиб ичишни қатъий тавсия қилишди. Шу-шу сувни қайнатиб ичамиз.

Туман “Сувоқова“ давлат унитар корхонасидан маълум қилишларича, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, туман марказий сув иншоотида чуқурлиги 330 метр бўлган 2 та сув қудуғи қазилди. Улар 2019 йил январь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳа шаҳар аҳолисининг тоза ичимлик сувга бўлган талабини тўлиқ қаноатлантириш имконини беради.

Шунингдек, Деҳқонобод маҳалласида 4 минг 400 метр, Дўстлик маҳалласида 6 минг 700 метр, Бунёдкор маҳалласида 4 минг 600 метр, Бешкапада 2 минг 400 метр, Боғбонда 2 минг 800 метр, Истиқлолда 4 минг 100 метр, Маданият маҳалласида 120 метр сув тармоғи тортилиб, бир қанча сув миноралари таъмирланган.

– Аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда кенг кўламли ишлар бажарилди, – дейди туман “Сувоқова“ ДУК раҳбари Нодиржон Қудратов. – Биргина Тонг юлдузи маҳалласидан мисол. Маҳаллага айни пайтга қадар ичимлик сув тармоғи тортилмаган эди. Жорий йилда 9 минг метр тармоқ тортилиб, тоза ичимлик сув олиб борилди. Мурожаатга келсак, тўғри, ҳали камчиликлар бор ва уни бир-икки кун ёки ойда ҳал этиб бўлмайди. Боиси, шаҳарнинг марказий сув қувурлари жуда эскирган. Уни босқичма-босқич янгилаш учун эса вақт ва маблағ талаб этилади.

Авазбек Худойқулов.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"