Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1853
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
100024
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 356 628
Главная "ISTE'MOLCHI" Ойнинг кўринмас томони

mib_160_2ёхуд МИБ фаолияти борасидаги мулоҳазалар

Биз Ердан туриб нега Ойнинг фақатгина бир томонини кўришимизни биласизми? Албатта, кўпчилик бундан жуда яхши хабардор. Заминимизнинг табиий йўлдоши Ер атрофида ҳам, ўз ўқи атрофида ҳам бир хил вақт ичида, яъни 29,5 сутка давомида тўла айланиши сабабли Қуёш Ойнинг орқа тарафини ёритганда у бизга кўринмайди, аксинча ўз қиёфасини кўп марта ўзгартираётганга ўхшаб туюлади.

Табиатнинг бу ҳодисасига ўхшаш ҳолатга юртимизда фаолият юритаётган бир ташкилот мисолида сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқда деярли ҳар куни гувоҳ бўлишингиз мумкин. Тўғри, адашмадингиз, бу Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси. Унинг фаолиятига бўлган салбий муносабатлар кунда-кунора ижтимоий тармоқларни “портлатиб” юборяпти.

Хўш, бу ташкилот фаолиятига нега бунчалик эътирозлар туғиляпти? Чиндан ҳам МИБ фаолияти қонунбузарлик билан шу қадар тўлиб-тошиб кетганми? Ходимларида муомала маданияти умуман йўқми? Ёки айрим юртдошларимиз таъкидлаганидек, мазкур ташкилотнинг ташкил этилиши аввалбошдан тўғри бўлмаганми?

Бу саволлар туғилишининг бир қатор сабаблари бор. Аксарият ҳамюртларимиз МИБ ходимлари ўз хизмат вазифасини бажараётган вақтида истеъмолчилар томонидан уларга қаршилик кўрсатилаётганидан, тан жароҳати етказилганидан, ҳатто андижонлик фуқаро ўз вазифасини бажараётган давлат хизматчисини пичоқлаганидан ҳам ОАВ орқали хабардор бўлишди. Бу хабарлар ижтимоий тармоқларда улашилди, муҳокама қилинди, турли фикрлар билдирилди. Шахсан мен учун ҳайратланарлиси, билдирилаётган кўплаб салбий фикрларнинг бирёқлама қарашга асосланганлигидир. Шу боис, бугунги фикрларни қоғозга туширар эканман, ўз касбимни вақтинча унутишга, ҳолатни айнан истеъмолчи тарзида таҳлил қилиш ва баҳолашга интилдим.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 8 август куни “Ozodlik radiosi” сайтининг “Sizdan Telegram” тезкор тармоғига жойлаштирилган “39 минг қарз учун 370 минг жарима солиш инсофданми?!” сарлавҳали хабар, унга МИБ томонидан берилган раддия ҳамда бу икки чиқишга айрим юртдошларимизнинг муносабати менинг фикр билдиришда айнан истеъмолчи сифатида ёндашишга қарор қилишим учун ўзига хос туртки бўлди.

Воқеанинг қисқача баёни қуйидагича: Хўжайли туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг электр энергиясидан қарзи бўлгани боис унинг хонадони Мажбурий ижро бюросининг Хўжайли тумани бўлими ходимлари томонидан тармоқдан узилади. Шундан кейингина истеъмолчи қарзни (ортиғи билан!!!) тўлайди, аммо тармоққа уланмайди...

Сарлавҳадан бир томоннинг воқеага ёндашуви мутлақо равшан, яъни истеъмолчининг қарзи ва жарима (?) миқдори айнан шу ерда келтирилиши орқали муносабат аниқ билдирилган. МИБ эса раддиясида маълумотларни асоссиз, бир томонлама ёндашилган ва объектив фактлар билан тасдиқланмаган, деб ҳисоблашини баён қилган.

Биз МИБ раддиясидан кўчирма келтиришни лозим топмаганимизнинг боиси воқеага истеъмолчи нуқтаи назаридан ёндашиш вақтида, шубҳасиз, ўша маълумотлардан фойдаланишимиз сабабли улар  такрор бўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида шундай йўл тутдик.

Агар тегишли ҳужжатлар асосида воқеага ёндашадиган бўлсак, бу ўринда МИБ ходимлари хатти-ҳаракатининг барчаси қонуний. Биринчидан, истеъмолчи истеъмол қилинган электр энергияси учун ойнинг 10-санасигача тўловни амалга ошириши шарт. Ҳудудий кўрик 21 июлда ўтказилган, истеъмолчининг электр энергиясидан 59 436 сўм қарздорлиги мавжудлиги аниқланган. Истеъмолчи 11 кун аввал тўловни амалга ошириши шарт бўлгани ҳолда мазкур санагача қарздор бўлиб келган, табиийки унга қарздорликни бартараф этиш ҳақидаги талабнома берилган. Шунингдек, талабнома талаб­лари бажарилмаган тақдирда тармоқдан ажратилиши ва қайта уланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган. Лекин 30 июлда (орадан 9 кун ўтса ҳам) истеъмолчи талабни бажармаган. Натижада тармоқдан узилган. Хонадон тармоқдан ажратилганидан сўнг (30 июль куни), фуқаро фойдаланган электр энергияси учун 90 000 сўм пул тўлаган. Аммо энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги тўловни амалга оширмаганлиги сабабли тармоққа қайта улаб берилмаган.

Шу ўринда яна бир далилга эътибор қаратамиз, хонадоннинг қарздорлиги ҳақидаги талабнома истеъмолчининг турмуш ўртоғи имзоси билан қабул қилиб олинган, тармоқдан узиш ҳақидаги далолатнома нусхаси ҳам тақдим қилинган.

Аксарият фойдаланувчилар истеъмолчидан тармоққа қайта уланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида тўлов ундирилишини жарима (дастлабки хабар сарлавҳасини ёдга олинг) тарзида қабул қилиши вазиятга баҳо беришдаги нохолис ёндашувнинг дастлабки омили бўлиб хизмат қилади.

2018 йилнинг 15 июлидан бошлаб юртимизда энг кам иш ҳақи 184 300 сўм этиб белгиланган. Энг кам ойликнинг 2 баравари эса 368 600 сўмни ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида истеъмолчилар – жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шартлиги, муддат ўтгандан кейин қарздорлик мавжуд бўлганда, жисмоний шахслар белгиланган тартибда электр ва газ тақсимлаш тармоқларидан мажбурий узилиши, электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган шахс­ларни қайта улашда жисмоний шахс­лардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, юридик шахс­лардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баравари миқдорида тўлов қайта улашни амалга оширган ташкилот ҳисобига ундирилиши ёзиб қўйилган.

Аксарият фодаланувчилар томонидан берилаётган “Нима учун тармоқдан узиш керак, нима учун судга қарзни ундириш учун даъво аризаси киритиш эмас”, деган саволга эса жавоб топиш учун юқорида қайд этган фармонга эътибор қаратиш жоиз, унда соҳада тўпланиб қолган жиддий камчилик ва муаммоларга тўхталиниб, қуйидаги сабаб­лар кўрсатилади:

– таъминотчи корхоналар томонидан етарли чоралар кўрилмаганлиги оқибатида истеъмолчиларнинг шартнома мажбуриятларига риоя этиши лозим даражада таъминланмаган, уларнинг аксарияти истеъмол қилинган энергия ресурслари учун тўловларни мунтазам равишда амалга оширмаган;

– қарздорларни электр ва газ тармоғидан узиш бўйича амалий чоралар кўрилмасдан, аслида мавжуд бўлмаган қарздорликни ундириш ҳақида судларга аксарият “бир хил қолипдаги” аризаларнинг киритилиши таъминотчиларнинг энергия ресурслари учун ҳақ ундириш борасидаги ишларни ташкил этишга расмиятчилик билан ёндашаётганлигидан далолат бермоқда.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунда эса “истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товар(иш хизмат)ни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш (иш бажариш, хизмат кўрсатиш) мажбуриятини, истеъмолчи эса шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар”, дея қайд этилган. Шартнома эса товарни олиш-сотишни амалга оширишда, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатишда сифат, миқдор, муддат, нарх ва бошқа шартлар тўғрисида истеъмолчи билан сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) ўртасидаги оғзаки ёки ёзма келишувдир...

Табиийки, энергия етказиб бериш ҳам томонлар ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Унда эса етказиб берилган энергия ҳақини ўз вақтида тўламай, қарздорликка йўл қўйган истеъмолчи қарз бартараф этилмагунга қадар тармоқдан узилиши борасидаги банд киритилган. Ҳар бир истеъмолчи эса бундан бохабар, албатта.

Яна бир фойдаланувчининг изоҳига эътибор берайлик: “МИБ судга мурожаат билан чиқади, суд фуқарони чақириб, сабабини сўрайди. Шунда ҳам тармоқдан узилсин деган қарор чиқармайди. Сабаб – битта инсоннинг айби билан унинг бола-чақаси қоронғуда ўтириши инсонийлик нормаларга тўғри келмайди. Агар пичоқланган МИБ ходими судга мурожаат қилганда эди, бу фожиа юз бермас эди”.

Энди яна юқоридаги фармондан кўчирма келтирамиз. Фармонда МИБнинг асосий вазифаларидан бири сифатида “суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш” эканлиги қайд этилган.

Табиий савол туғилади: вазифаси суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашдан иборат ташкилотнинг муайян корхона ҳужжатлари ижросини таъминлаш ўрнига судга мурожаат қилиши борасидаги фикр мантиққа қай даражада тўғри келади? Фойдаланувчининг “битта инсоннинг айби билан унинг бола-чақаси қоронғуда ўтириши инсонийлик нормаларга тўғри келмайди”, дея айбдор сифатида МИБ ходимини кўрсатиши ҳам ғалати. Аслида оила кимнинг айби билан электр энергияси таъминотисиз қолди? Бунга кўрсатилган хизмат учун ўз вақтида тўловни амалга оширмаган истеъмолчи сабабчими ёки Президентнинг тегишли қарори асосида истеъмолчидан ўз мажбуриятини ўз вақтида бажаришни талаб қилаётган давлат идораси ходимими?

Яна бир жиҳати, фойдаланувчи “пичоқланган МИБ ходими” дея тилга олган ҳолатда истеъмолчининг электр энергиясидан 650 минг сўм қарзи борлиги қайд этилган. Инсоф билан айтайликчи, бу миқдорда қарз бўлиш учун неча ой фойдаланилган энергия учун пул тўламаслик керак?

Яна бир фойдаланувчи эса “давлатнинг куни шу 59000 сўмга қолибди-да”, дея истеҳзо қилади. Яна бири эса “берарди-да шу қарзини, камбағални туянинг устида ит қопибди, дегани шу бўлса керак”, дея уни қўллаб-қувватлайди.

Келинг, оддий арифметика амалига мурожаат қиламиз: юртимизнинг ҳар битта вилоятида 500 тадан оила шунча миқдордан қарз бўлди, дейлик… Биз эса МИБ ундан кўз юмишини талаб қиламиз, бизнинг талабимиз қондирилади, хўш, қарздорликнинг умумий миқдори қанча бўлишини биласизми? Эринманг, бир ҳисоблаб кўринг, аввал бир ҳудуд бўйича, сўнг эса республика миқёсида…

Табиийки, каминанинг нафақат истеъмолчиларга, балки МИБ фаолиятига ҳам айрим эътирозларим йўқ эмас. “Энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги ҳамда ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан, шу жумладан, хўжалик юритувчи субъектларда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши билан келишмаган ҳолда текширишлар ўтказиш” ҳуқуқига эга бўлган бюро энергия етказиб берувчи ташкилот айби билан ноқонуний ёзилган қарзларга ёхуд нотўғри маълумот берган ходимларга нисбатан ҳам чора кўра оладими? Дейлик, қарздор истеъмолчи мажбурий тарзда тармоқдан узиляпти. Демак, унга нисбатан таъсир чораси бор, лекин истеъмолчи қилган тўловнинг маълумотлар базасига киритилмай қолишига сабабчи бўлган ёки бюрога нотўғри маълумот етказган ходим айни шундай хатоларни яна такрорламаслиги учун унинг иш берувчисига ҳам бажарилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиладими? Бу саволни бежиз ўртага ташламаяпмиз, айрим вақтларда шундай ҳолатларда истеъмолчининг сансалор қилинаётганлиги, амалга оширилган тўловларнинг базага киритилиши учун энергия етказиб берувчи ташкилотга шахсан боришга мажбур бўлаётганлиги тўғрисидаги фикрларни ҳам эшитяп­миз. Ҳолбуки, биз бугун кўп бора қайд этаётган фармонда сотилган энергия ресурслари ҳажми ҳақидаги ҳисобот ва ахборотлар, дебитор ва кредитор қарздорлик ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги учун “Ўзбекэнерго” АЖ ва “Ўзтрансгаз” АК жавобгарлиги қайд этилган. Демакки, қарзи йўқлиги исботлангач, истеъмолчи эмас, балки айнан МИБга нотўғри маълумот берганлар мазкур хатоликни бартараф этиш учун масъул бўлиши шарт. Демак, ҳали бу борада амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўплиги, биринчи навбатда, истеъмолчини ортиқча оворагарчиликлардан ҳимоя қилувчи, маълумотларнинг аниқ, шаффоф бўлишини таъминловчи тизимга эҳтиёж борлиги ойдинлашмоқда.

Албатта, бу борада ҳали қаламга олиш талаб этилувчи яна кўплаб жиҳатлар бор-ки, келгусида уларни ҳам атрофлича ўрганиб, мавзуга яна қайтамиз...

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"