Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1814
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
99985
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 356 589
Главная "ISTE'MOLCHI" Дардинг бўлса-бўлсин, қарзинг бўлмасин!

qarz_160_1Афсус, мана шу тантилигимиз ва кўнгилчанлигимиз баъзан бошимизга бало бўлади. Чунки гуруч курмаксиз, карвон хатосиз бўлмаганидек, сафимизда яхшиликка ёмонлик билан жавоб қайтарувчи сурбетлар, ўзгалар ҳақига хиёнат қилувчи бебурдлар ҳам истаганча топилади. Улар қарзни қайтариш фарзлигини унутиб қўйи­шади. Охир-оқибат турли можаролар келиб чиқишига сабабчи бўлишади. Бундай низолар туфайли кечагина орасидан қил ҳам ўтмаган “мингйиллик” дўстлар ўртасига совуқлик тушади, ҳатто қариндошлар, ака-укалар ва опа-сингиллар ҳам юзкўришмас бўлиб кетишади. Энг ачинарлиси, қарздорлик билан боғлиқ можаролар баъзан фожиали якун топади. Мана, бир мисол (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган).

Қотилликка доялик қилган минг доллар

Равшан Ниёзов тоғли туман маҳаллаларидан бирида оқсоқол вазифасини бажарарди. 2015 йили у ҳамқишлоғи Саи­да Қосимовадан 1000 доллар қарз олди. Аммо турли баҳоналарни рўкач қилиб, қайтаришни роса пайсалга солди. Бора-бора тили қисиқлиги туфайли бу аёл нима деса, сўзсиз бажарадиган бўлиб қолди.

Саида қишлоқ четидаги данғиллама уйда 5-синфда ўқийдиган қизи билан бирга истиқомат қиларди. Эри ва ўғли эса Россияда ишлаб, топганларини пешма-пеш уйга жўнатиб туришарди. Шу боис, у ҳеч нарсага муҳтожлик сезмасди, аксинча, сўраганларга қарз бериб турарди.

Ким билсин, узлуксиз келиб турган пул қутуртирдими ёки анчадан буён бева аёл янглиғ яшаётгани жонига тегдими, ишқилиб, охирги пайтда Саида “айниди”. Таъбир жоиз бўлса, шайтон васвасасига учиб, хиёнат кўчасига кирди. Хусусий машинасида киракашлик қилувчи қирчиллама ёшли Ихтиёр Бегматов билан ўйнаш тутиниб, тез-тез дон олиша бошлади.

Ихтиёр аввалига унга яхши муомалада бўлди. Кейин дам-бадам маст ҳолда келиб, пул сўрайдиган, ундиролмаса, тилига эрк бериб, уни аёвсиз ҳақоратлайдиган одат чиқарди. Охирида таз­йиқ ўтказишнинг нозик усулини танлади. “Айтганимни бажармасанг, жазманим эканингни ҳаммага айтиб, шармандангни чиқараман!” дея дўқ-пўписа қилишга ўтди.

Табиийки, Саида қилар ишни қилиб, аллақачон аёллик ва оналик шаънига доғ туширган бўлса-да, эларо бадном бўлишни истамади. Инчунин, Ихтиёрнинг дағдағаларидан қаттиқ хавотирга тушди. У билан алоқани бутунлай узиб, ишқий муносабатларига нуқта қўйишга уринди. Фойдаси бўлмагач, энг қалтис ва энг муд­ҳиш йўлни танлади – хушторини ўлдиришга чоғланди. Бу аҳдини пайт пойлаб, маҳалла оқсоқолига айтди.

Равшан унинг гапини қўпол ҳазилга йўйиб, мийиғида кулди. Чинлигини билгач, даҳшатга тушиб, ҳайрат ичра қотиб қолди. Саида эса совуққонлик билан сўзида давом этди:

– Агар менга ёрдамлашиб, шармандагарчиликдан қутқарсангиз, сизга берган пулимдан воз кечаман. Истасангиз, қўшимча “хизмат ҳақи” ҳам тўлайман.

Нафс балоси хом сут эмган бандани ҳар кўйга сола олишини қарангки, Равшан пул ёнида қолишини билгач, илкис ҳушёр тортди. Саидани қалтис йўлдан қайтариш, кўнмаган тақдирда, тегишли идораларни унинг шум ниятидан воқиф қилиш ўрнига тескари йўл тутди. Сабил қолгур минг долларни деб, бир инсоннинг умрига зомин бўлишдан, ота-онасини қон қақшатиб, норасида гўдакларини етим қолдиришдан ҳайиқмади. Бундай ваҳшийликка қўл урса, ўз ҳаётини издан чиқариб, оиласи ва қариндошлари шаънига бир умрлик иснод келтиришини ўйламади.

Алқисса, инсон қиёфасидаги бу худбин жаллод ўз манфаатини инсон ҳаётидан устун қўйди. Ширакайф бўлишига қарамай, “Нексия” русумли автомобилида кечаси Саиданинг уйига келиб, жанжал қилаётган Ихтиёрнинг бошига ортидан болта урди. У типирчилай-типирчилай жон бергач, уй бекасининг кўмагида жиноят изини яширишга киришди. Ҳали совиб улгурмаган жасадни кўрпача ва гиламга ўради-да, ҳовли этагидаги хонада компьютер ўйнаётган қизалоққа сездирмай, “Нексия” юкхонасига жойлаштирди. Сўнгра рулга ўтириб, зулмат оғушидаги дала сари ошиқди. Анча йўл босиб, хилват жой топгач, мурдани пишқириб оқаётган каналга улоқтирди. Машинани эса каналнинг юқори қисмида жойлашган шаҳарга олиб бориб, одам сийрак жойда қолдириб кетди.

Эҳтимол, қотиллар шундай қилсак, марҳумнинг ўлигини топганлар у чўмилаётиб чўкиб кетган деган хулосага боришади, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолади, деб ўйлашгандир. лашгандир. Бироқ чучварани хом санашган экан. Кўп ўтмай иккиси ҳам изқуварлар томонидан ушланиб, қилмишларига яраша жазога тортилди. Шу тариқа атиги минг долларлик қарз бир йигитнинг умрига зомин бўлиб, икки кишининг узоқ муддатга қамалишига, учта оила барбод бўлишига доялик қилди...

Шартнома – лафз, уни бажариш – фарз!

Олдиндан айтиб қўяй, бир-икки субутсиз ва бетайин кимсани деб, қарздорларни ёппасига ношукур-ноинсоф дейишга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Чунки уларнинг аксарияти олимсоқ кечикса, оёқ чиқаришини, яъни қарзни вақтида элтиб бермаса, эгаси сўраб келиши мумкинлигини, бу хижолатпазликка ёки ўзаро “сан-ман”га сабабчи бўлишини яхши билади. Шу боис лафзида туриб, олган пулини ёки нарсасини вақтида қайтаради. Узрли сабабларга кўра, ваъдасини бажаролмаса, икки ўт орасида қолади, оғир дамларда корига яраганлар олдида мулзам тортиб, қаттиқ изтироб чекади.

Гоҳида қарз берган киши ҳам ўзига ниҳоятда керак бўлиб қолган пулини сўролмай ва ололмай қийналади. Худо кўрсатмасин, шунақа вазиятда иккинчи тараф ҳамма нарсадан тониб, “Сендан ҳеч нарса олмаганман!” деб туриб олса, дард устига чипқон бўлади. Бировга яхшилик қилиб, ўзи чув тушган одам учун мол аччиғи жон аччиғига айланади. Бундай нохушликлар келиб чиқмаслиги учун қарз бераётганда уни қонунан расмийлаштириб қўйиш асло зарар қилмайди, балки ўзаро олди-бердиларга доир можароларни ижобий ҳал этишда жуда қўл келади. Бунга қуйидаги воқеа мисолида ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Ўн йилча бурун бахтсиз ҳодиса туфайли умр йўлдошидан жудо бўлган Шои­ра Тўраева вилоят марказига туташ қиш­лоқдаги чоғроққина ҳовлида икки ўғли, икки қизи ва келини билан бирга яшаб келаётганди. Охирги пайтларда кенжасини ҳам уйлантириб, алоҳида бошпана олиб бериш ҳозирлигини кўраётганди. Шундай кунларнинг бирида кутилмаган воқеа рўй берди – холасининг куёви Сарвар умрида илк бор уни йўқлаб келди.

Бу ташриф бежиз эмасди. Сарвар узоқ йиллар йирик корхонага раҳбарлик қилди. Аммо охирги пайтларда хорижлик ҳамкорлари ноғорасига ўйнаб, катта хатога қўл урди. Алалоқибат жуда кўп миқдордаги камомадга йўл қўйган мансабдор шахс сифатида судланди.

У Шоира билан ҳол-аҳвол сўрашгач, дарҳол муддаога ўтди.

– Опа, ҳойнаҳой, бошимга тушган савдодан хабардор чиқарсиз, – деди унинг кўзларига синчков боқиб. – Бунақа пайтда кўпчилик ўзини четга олиб қочар, саломингизга алик ҳам олмай қўяр экан... Ҳа, майли, ўтган ишга салавот, қолганига Худо подшо! Сизнинг олдингизга бошқа масалада келдим. Мен корхонага етказилган 150 миллион сўмлик зарарни тўрт ҳафта ичида тўлашим керак. Тўғри, қўшалоқ уйим бор, биттасини сотсам, олам гулистон! Аммо улар ўзимга керак. Чунки уч ўғлим кетма-кет вояга етаяпти...

Сарвар чуқур хўрсиниб, бир зум тин олди. Сўнгра дилидагини оҳиста тилига чиқарди.

– Эшитишимча, сиз ҳам Ҳошимжоннинг бошини иккита қилиш ташвишида юрган экансиз. Шунинг учун бир илтимосим бор: йиққан пулингизни вақтинча менга бериб турсангиз, мен қарзимдан қутулиб олсам. Кафолати учун икки хонали квартирамни гаровга қўяман. Бу ҳақда нотариусда шартнома тузамиз, пулингизни вақтида қайтараман. Мабодо, сўзимнинг устидан чиқолмасам, сиз уйни ўз номингизга хатлаб олаверасиз...

Шоира аввалига унинг таклифини рад этмоқчи бўлди. Аммо гаровга уй қўйилишини эшитгач, жиддий ўйга толди: “Ҳали ўғлимни унаштирганим йўқ. Тўйи қачон бўлиши номаълум, ортиб қоладиган маб­лағ уй олишимга етиши ҳам даргумон. Бас, шундай экан, пулни сандиқда бекор сақлагандан кўра, Сарварга бериб турсам, ютқазмайман. Ҳар қалай, у бегона эмас – ўзимизники, алдаб кетмас. Қолаверса, шартнома тузишини айтаяпти-ку...”

– Опа, гапимга ишонаверинг, мен омонатингизга хиёнат қилмайман...

Сарвар бу гапни худди унинг хаёлидан кечаётган фикрларни уқиб олгандай қатъият билан айтди. Шоира ҳам гардкамига иш тутди. Сарвар билан нотариал идорага бориб, ипотека шартномасига имзо чекди. Унга кўра, Сарвар 130 миллион сўм пулни беш ойда қайтариш шарти билан фоизсиз қарзга олди. Ўз мажбуриятлари ижросини таъминлаш учун квартирасини гаровга қўйди. Лекин пулни муддатида қайтаролмади. Бунинг учун дебочасига Шоирадан чин дилдан узр сўради, “Жон опажон, пича сабр қилинг, топишим биланоқ келтириб бераман”, дея ялиниб-ёлворди. Вақт ўтгани сайин масъулиятни унутиб, қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида иш тутишга ўтди. “Мунча қистайсиз?.. Қочиб кетаётганим йўқ-ку, бир кун оласиз-да, ўша матоҳингизни!” дея осмондан келадиган бўлди. Шоира келин топиб, тўй тараддудини бошлаб юборган кезларда эса у умуман қорасини кўрсатмай қўйди. Лоақал телефон қўнғироқларига жавоб беришни ҳам ўзига эп кўрмади.

Шоиранинг сабр-тоқатига қойил! У Сарвар инсофга келишини яна 14 ой кутди. Охири қўл билан берганини оёқ билан ҳам ололмаслигини англаб етди. Пичоқ суякка бориб қадалгандан сўнг саломга яраша алик олишга жазм этди. Бу борада ишни аввалбошданоқ пухта қилиб, битим тузиб қўйгани жонига аро кирди.

Дарвоқе, шартноманинг 5-бандида қарздор пулни муддатида қайтармаса, ундирув гаровдаги мулкка қаратилиши қайд этилганди. Шоира шуни назарда тутиб, фуқаролик ишлари бўйича туманлар­аро судга даъво-ариза ёзди. Шундаям, юзхотир қилди. Сарварга орқаваротдан “Судгача қарзни узсангиз, аризамни қайтариб оламан, давлат божини тўлаттириб, сизни ортиқча харажатга туширмайман!” деган хабар йўллади.

Таажжубки, Сарвар бу ҳимматнинг қадрига етмади. Шоирани-да, судни-да менсимади. Жорий йилнинг май ойида уч бор суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида огоҳлантирилган, ҳар сафар чақириқ қоғозини шахсан ўзи имзо чекиб олган бўлса-да, бирор мартаям бормади. Судья эса қонун бўйича иш юритди. Жавобгар узрли сабабларга кўра келмаганини маълум қилмагани боис ишни сиртдан кўриб чиқишга киришди. Тўпланган ҳужжатларини чуқур таҳил қилиб ва Шоиранинг важларини тинглаб, даъво талаби асосли эканлигини аниқлади.

Зеро, Фуқаролик кодексининг 279-280-моддаларига биноан, қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгаp бўлган вазиятларда бажармаган ёки лозим даpажада адо этмаган тақдирда, гаровга олувчи (кредитор)нинг талабларини қондириш учун ундиpув гаровга қўйилган мол-мулкка қаратилиши ва суд қарорига мувофиқ гаровдаги кўчмас мол-мулк қийматидан қондирилиши мумкин. Бундай талабни судга мурожаат этмай ўша мол-мулк ҳисобидан қондиришга эса, агар бу гаров шартномасида назарда тутилган бўлса ёхуд ундирувни гаров нарсасига қаратиш учун асослар вужудга келганидан кейин гаровга олувчининг гаровга қўювчи билан тузилган, нотариал тасдиқланган келишуви асосида йўл қўйилади.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, қарз шартномаси бўйича ўз хонадонини гаровга қўйган Сарвар мажбуриятларини бажармаган эди. Суд масаланинг барча жиҳатларини ҳисобга олиб, даъвогар талабини қаноатлантиришни лозим топди. Пировардида Шоира қарзга берган 130 миллион сўм миқдоридаги пул ундирувини Сарвар гаровга қўйган кўчмас мулкка қаратиш юзасидан ҳал қилув қарор чиқарди. Шунингдек, Шоира судга даъво аризаси тақдим этиш чоғида тўлаган 2,6 миллион сўмлик давлат божини жавобгар ҳисобидан унга ундириб бериш зарур, деган тўхтамга келди.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"