Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
201
7798
8223

-425
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
122482
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 379 086
Главная "ISTE'MOLCHI" Тўй шахсий ишми?..

tuy_160_552214Юртимизда ёзнинг айни пишиқчилик ойлари тўйлар мавсуми ҳам ҳисобланади. Халқимиз энг яхши кунларини тўю тантаналар билан боғлаши ҳеч кимга сир эмас. Ҳаммани тўйга етказсин!

Афсуски, кейинги пайтларда халқ орасида урф-одатлар ниқоби остида тўй-ҳашам ва маърака-маросимлар дабдабага айлантирилиб, шаҳарларда, айниқса, пойтахтда келин-куёв тўйлари катта асъасалар билан ўтказилаётганини кузатиш мумкин. Ҳатто тўй кунини, унинг тартибини белгилаш ҳам кичкина тўйга айлантирилиб юборилмоқда. Айрим оилалар томонидан кимўзарга, яъни “мен сендан қоламанми?” қабилида иш кўришлар кўпайгани кўзга ташланяпти. Ўзига тўқ, маблағи етарли оилаларнинг бу каби хатти-ҳаракатларини кўрган айрим ота-оналар қийналса ҳам “қизимнинг шароитини яхшилаб бераман, куёвиникига борганида гап эшитмасин”, деган мулоҳаза билан қарз-қавало қилиб, ўзларини, шу оиладагиларни қийнаб қўйишаётгани ҳам бор гап. Тўйдан кейин эса, олган қарзларидан вақтида қутулолмай, турли нохуш ҳолатларга дучор бўлаётганлар ҳам топилади.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда Тошкентда ўтказиладиган битта ўртача тўй харажатлари 50 миллион сўмдан 120 миллион сўмга қадар етмоқда. Ахир, тўй маросимидаги жуда кўп янги урфларни қуда-андаларнинг ўзлари ўйлаб топганлари аён-ку! Бироқ нимагадир уларга қатъий амал қилинади. Бунга ҳам қаноат ҳосил қилинмай, ёнига янгидан янги одатлар қўшиляпти.

Пойтахтимизда ўтказиладиган келин-куёв тўйлари учун сарф-харажатлар шу қадар кўпайиб кетдики, бу ортиқча чиқимлар пулининг ўзига яна битта кичик тўйни бемалол ўтказса бўлади. Масалан, бир кунлик автомобиль карвони (йўллардаги тирбандликни келтириб чиқариши, бунинг оқибатида одамлар кайфияти, асабига салбий таъсир кўрсатишини айт­май қўя қолайлик) учун “жип”, “лимузин” машиналарининг хизмат ҳақи соатига 100 доллардан 500 долларгача, яъни 800 мингдан 4 миллион сўмгача, вилоятларга чиқиш яна алоҳида нархланади.

Қизларимиз ўз тўйларини замонавий тарзда ўтишини хоҳлашаркан, Европа услубидаги оқ фата ва оппоқ узун кўйлак кийишни шарт деб ҳисоблашади. Келин кўйлакларнинг бир кунлик ижара пули – хорижники 4 миллион сўм ва ундан юқори, ўзимизда тикилганлари эса 2 миллион сўм атрофида. Битта кўйлакни фалон пулга, яна ижарага олгандан кўра, ўзимизнинг миллий матоларимиз бўлмиш атласу адраслардан бежирим кўйлаклар тиктириб кийиш ҳам кўркам, ҳам арзонга тушади-ку! (Айтгандай, тўйдаги янгича урф-одатларни ўзимиз ўйлаб топаётган эканмиз, нега келин кўйлакни миллий матолардан, шарқона либос тарзида урф­га киритмаяпмиз? Дизайнерларимиз, модельерларимиз, тикувчиларимиз бунга эътибор қаратишлари лозим бўлган вақт аллақачон келган)

Келин-куёвга ажратилган хоналарни жиҳозлаш Тошкентда қиз томоннинг вазифасига киради. Ёш оилага аталган икки-уч хонани безаш учун мебеллар, дарпардалар, гиламу қандиллар, идиш-товоқлар, шу билан бирга, дизайнерлик учун сарфланадиган маблағ каттагина суммани ташкил этади. Энг ачинарлиси ва ажабланарлиси шундаки, тошкентликларнинг ҳам қиз бериб, ҳам куёвнинг уйини мебелдан тортиб, гиламу дарпардаларгача тўлдиришдек номаъқул одатига чек қўйилиши ўрнига, у бугунги кунда бошқа вилоятларга ҳам тарқамоқда.

Сўнгги йилларда тўйни ресторанда ўтказиш одат тусини олди. Айни пайтда ресторан нархи бир киши учун 50 мингдан 200 минг сўмгача. 200-250 одамни чорлаб, ўртача 12-15 миллион сўм сарфлаш, “бирров”чи ва “навбатчи” хонандаларга яна талайгина маблағ харжлаш шу қадар зарурми?

Тўйда 100 килограмм ош дамлаш, тоғоралар, қариндош-уруғларга сарполар, санъаткорлар, видео ва фото хизмати учун харажатлар ва бошқа кўпдан-кўп чиқимлар ҳисоб-китоб қилинганда, пойтахтда тўй ўтказиш учун жами 100 миллион сўм атрофида маблағ сарфланиши аён бўлади.

Хўш, айтинг-чи, бир кунда ўтадиган тўй учун шу қадар катта маблағни кўкка совуриш шартми?!

Яқинда бир танишим: “Бир тўйни кўриб, ҳавасим келди. 60 чоғли одам таклиф қилинган тўй, шу қадар гўзал ўтдики, бўларкан-у икки қуда келишиб, ихчамгина тўй қилса?! Тежалган пулга эса келин-куёвни тўй саёҳатига юборишди”, деб қолди. Демак, ақлли одам ҳар қандай вазиятда ақлни ишлатиб иш юрита олади.

Миллий урф-одатларни эл қатори амалга оширмоқни ният қилган ота-оналар чақалоқ туғилгандан бошлаб келин ёки қизларига атаб сандиққа сарпо йиға бошлашади. Табиийки, савол туғилади: фарзанд­лари ризқидан қийиб, ўзлари ва оила аъзолари соғлиғига беэътибор бўлган ҳолда тўпланадиган бундай “бойлик” қанчалик ўзини оқларкин?

Ҳозир бўлғуси келин ёки куёвлар тиббий текширувдан ўтиши шарт. Ота-оналари яхши емай-ичмай, топган пулларига сарпо йиғиш билан овора бўлган оила фарзандларининг кўп ҳолда носоғломлиги аниқланмоқда. Организмда витамин етишмаслиги, камқонлик, буқоқ ва бунинг асоратида келиб чиқадиган бошқа турли касалликлар шулар жумласидандир.

Мустақиллик йилларида тўй-маъракаларни тартибга солишга бир неча бор уриниб кўрилди. 1998 йили давлатимиз раҳбарининг тўй-маросимларни миллий урф-одатларга мос равишда, камчиқим қилиб ўтказиш хусусида алоҳида фармони эълон қилинди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг тўй-маърака ва маросимларни тартибга солиш ҳақидаги қарори, сўнгра Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тўй-маросим ва маъракалар ўтказиш ҳақида фатво эълон қилинганди. Ундан кейинроқ эса Ўзбекистон оқсоқоллар кенгаши, “Маҳалла” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси биргаликда тўй-маърака ва бошқа маросимларни тартибга солишга қаратилган тавсиялар ҳам ишлаб чиққан. Бироқ нега ҳамон тўй-маъракалардаги сарф-харажатлар, ортиқча чиқимлар халқни қийнаб келяпти?!

Наманганлик ўқитувчи танишим бундан бир неча йил аввалги тўй-маросимлар ҳақидаги ҳукумат қарори ва тавсиялар уларни ўтказиш борасида халққа бир қадар енгилликлар туғдирганини айтиб қолганди. Бироқ кейинги йилларда яна ўзи бўларчиликка, тўй-маъракаларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганидан нолиди.

– Илгари маросимларда “уч”, “пайшанба”, “етти”, “йигирма”, “қирқ” деган йиғинлар бор эди. Марҳумнинг қирқи ўтгунча тинимсиз одам келарди. Ўша пайтдаги ҳукумат қароридан кейин маросимлар уч кунлик бўлганди. Илгари ўғил тўйлар бизда етти кун бўларди, ҳозир эса икки кунда якунланади. Бир кун катталар учун худойи ҳисобланса, иккинчи куни ҳамма учун ош берилади. Шу жуда яхши эди-да. Биз тўй қилишдан қутулдик, деб хурсанд бўлмадик, лекин ҳарқалай одамлар учун енгил бўлганди. Шароити оғирларга маҳалла йиғини фаоллари маслаҳатлашиб, кўпчилик бўлиб ёрдамлашиб, тўйни камтарона тарзда ўтказамиз. Марҳумнинг маъракасида эса ҳолига қараб, у оиланинг ўзига билдириб ўтирмай, дафн маросими сарф-харажатини халқ кўтаради. Бироқ кейинги пайтларда бўлаётган тўйларимизда яна исрофгарчиликлар, манмансирашлар кўзга ташланиб қолмоқда, – дейди суҳбатдошим.

Бугунги кунда барча маросимлар камтарона, ортиқча дабдабасиз ўтказилиши лозимлигини ҳамма билади. Аммо, ажабланарлиси шундаки, мана шу “билиш”га амал қилиш қийин кечмоқда.

Кейинги пайтларда, айниқса, пойтахтимизда маҳалла фуқаролар йиғини идорасининг, маҳалла фаолларининг қарши чиқишларига қарамасдан, тўй-маросимларни дабдабали ўтказиш кучайиб боряпти. Кўрпага қараб оёқ узатмаслик оқибатида эса тўй эгаларининг турли нохушликларга учраётганлари ҳам топилади.

– Маҳалламизда бир қўшнимиз сендан мен қоламанми, деб дабдаба билан тўй қилди. Тўйдан кейин қарзини униси сўраб келди, буниси сўраб келди. Қарзга ботиб, пулини вақтида қайтаролмаган хонадон бошлиғи қайғуравериб, охири ётиб қолди. Икки ойдан кейин инфарктдан қазо қилди. Биз, маҳалладошлари: “Нима керак сенга ўзингни қийнаб, тайёр участканг бор, тўйни уйингда қилавергин”, дедик. Унамади. “Менинг бошқалардан қаерим кам?” деди-да, ресторанда тўй қилди. Фалон пулга чет эл мебелидан олди, барча тадбирларни дабдаба билан ўтказди. Бу яхши эмас-да! Одам ўз ҳолига, оиласининг бюджетига қараб иш қилиши керак-ку. Манманлик қиламан деб, бу дунёдан беш кун олдин кўз юмиш шартми? – дея куйиниб гапиради маҳалла фаоли Моҳидил опа.

Дабдабали тўйлар қилиш нафақат шаҳарликларга, балки туман ва қиш­лоқларда яшовчи аҳолига ҳам хос бўлиб бормоқда. Бир томондан хурсанд бўласан киши. Демак, бу ҳол одамларнинг иқтисодий аҳволи, топиш-тутиши яхшиланганидан, имкониятлари даражаси кенгайганидан дарак бермоқда, деб.

– Ўртоғимнинг акаси уйланди, – дея гапириб қолди сурхондарёлик Ботир исмли талаба йигит. – Тўйни ўзлари хоҳлаганча, “шоҳона” қилиб ўтказишди. Нима ҳам дердим, тўй жуда зўр бўлди. Кейинчалик маълум бўлишича, тўй эгалари қариндош-­уруғлар, таниш-билишлардан катта қарз кўтаришган экан. Озгина вақт ўтгандан сўнг куёв бўлмиш тўйнинг қарзларини қоп­лаш учун чет элга ишга жўнади. Бу ерда янги келин куёвини кузатганча қолаверди. Орадан икки йил ўтди ҳамки, куёвдан дарак йўқ. У фақат пул юбориб туради, холос. Ҳозир келиннинг ота-онаси қизини ажратиб олиш пайига тушган...

Албатта, тўйни камчиқим ўтказишдан асосий мақсад, оилаларнинг бир текисда ҳаёт кечириши, кейинчалик икки қуда ўртасида туғиладиган эҳтимолий жанжалларнинг олдини олиш, келин-куёвлар учун қилинадиган сарполарнинг, тўй харажатларининг меъёридан ошмаслиги учундир. Ёшларимизга қўша-қўша гиламлар ёки қиммат мебеллар эмас, энг аввало, бахтли-саодатли ҳаёт зарур.

Тўй-маросимларни қай тартибда ўтказиш ҳар бир кишининг шахсий иши, дегувчилар ҳам топилади. Бироқ унинг қандай ўтказилиши атрофдаги одамлар ҳаётига, уларнинг руҳиятига, қолаверса, шу оиланинг бугуни ва келажагига салбий таъсир кўрсатар экан, энди бу шахсий иш эмас, балки жамиятнинг иши ҳисобланади. Узоқ йиллардан буён ўғли ёки қизининг тўйини ўзи орзу қилгандек ўтказмоқ ниятида юрганлар бу хусусда яна бир карра мулоҳаза юритсалар, яхши бўларди, назаримда.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.

“Biznes Daily”.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"