Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "ISTE'MOLCHI" Қаро кунларимизнинг ҳам ўз қаҳрамонлари бор

 

 

komiljon_otaniyozov_160Улуғ санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг 100 йиллик юбилейи нишонланаётган кунларда таҳририятимизга уч-тўрт талаба амалиёт ўтагани келиб қолди. Суҳбат асносида мен ҳофиз ҳақида гапирдим.

– У ким? – деб сўраб қолди шунда улардан бири.

– Кимлигини билмайсизларми? Ахир у жуда машҳур ҳофиз-ку. Ўзбекистон, Туркманистон, Қорақалпоғистон халқ артисти, – дедим.

– У ҳофиз ҳақида эшитмаганмиз, – дейишди ҳаммаси бир-бирига қараб.

Мен машҳур санъаткорнинг бир-икки қўшиғини хиргойи қилган бўлдим. Лекин улар барибир бундай қўшиқларни ҳам эшитишмаганини айтишди. Шу гапдан сўнг талабалардан Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов, Раззоқ Ҳамроев, Лутфихоним Саримсоқова, Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева, Галия Измайлова, Таваккал Қодиров, Ҳалима Носирова, Наби Раҳимов, Ғани Аъзамов, Ҳамза Умаров каби саъаткорлар ҳақида нималарни билишини сўрадим. Ҳаммалари яна елка қисишди. Айримларининг номини эшитишганини, аммо улар кимлиги ҳақида деярли ҳеч нарса билмасликларини таъкидлашди.

– “Баҳор” ансамбли ҳақида ҳам ҳеч нарса билмайсизларми?

Талабалар йўқ деган маънода елка қисишди.

Бўлажак журналистлар яқин тарихимиздаги машҳур одамларни, ансамблларни билишмагани, тўғриси, мени бироз ранжитди. Фақат улар эмас, бошқа ёшлар билан суҳбатлашсангиз ҳам юқоридаги ҳолатга дуч келасиз. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, ёшларимизнинг жуда катта қисми яқин ўтмишимиздан, яқин тарихимиздан бехабар, айримлари эса оддий тушунчага ҳам эга эмас.

Нега? Нима учун бундай ҳолат юз берди?

Биз 70 йилдан кўпроқ шўролар тузумида яшадик. Албатта, бу тузум ўзининг катта салбий оқибатларини қолдириб кетди ва буни ҳозир ҳам тузатиб улгурганимиз йўқ. Бу, энг аввало, халқимиз тарихини ўрганишда ўз таъсирини кўрсатди. Буюк ўтмишимиз қора рангга бўялди. Дунёга энг улуғ алломаларни берган ўзбек халқи, буюк ёзувчи Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, “Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин” бўлган ўлка аҳолиси энг саводсиз, энг маданиятсиз халқ сифатида кўрсатилди. Бу ерликлар фақат шўролар истилосидан кейин маданийлашди, билимли бўлди, халқ сифатида шаклланди, деган ғоялар олға сурилди. Бундай ҳақоратомуз фикрларни биз ўзимиз ҳам маъқулладик. Албатта, истибдод даврида бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмасди. Зеро, ҳукмрон бўлмоқни истаганлар буюклигингни тан олса, ҳеч қачон сенинг устингдан ҳукмронлик қила олмайди. Хуллас, булар бари шўролар давридаги тарихимизга муносабат.

Энг ачинарлиси, бу хатони истиқлол йилларида яна такрорладик – билиб-билмай шўролар даврини тарихимиздан ўчириб ташлашга ҳаракат қилдик. ХХ асрдаги барча воқеаларга салбий тус бердик, уларни ўрганиш шарт эмас, бу давр бизнинг тарихимиздаги қора кунлар, деб ўйладик.

Ваҳоланки, биз хоҳлаймизми, йўқми, ўша йиллар ҳам бизнинг тарихимиз. Ўша йилларда ҳам ўзбек халқи яшаган, ишлаган, яратган. Ўша даврнинг ҳам ўз қаҳрамонлари, яратувчилари бўлган. Уларни унутишга, улардан воз кечишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Юқорида тилга олган санъаткорларимиз ҳам, улар қайси мафкурага хизмат қилган бўлишларидан қатъи назар, ўзбекнинг фарзандлари эди, ўзбекнинг буюклари эди. Уларни жаҳон саҳналарида олқишлашган, уларнинг истеъдоларига тан беришган. Улар дунё саҳналарга ўзбек халқи номидан чиқишган, ўзбек халқига шон-шараф келтиришган.

Тамарахоним ва Уста Олим Комилов 1935 йилда Лондон аҳлини ҳайратга солганини ёшларимиз биладими? Англия пойтахтида жаҳон халқларининг санъат фестивали ўтмоқда. Навбат ўзбекистонлик санъаткорлар Тамарахоним ва Уста Олим Комиловга берилади. Уста Олим чалган доирага Тамарахоним “Пилла” рақсига тушиб, томошабинларни лол қолдиради. Қарсаклар остида ижрочилар яна саҳнага таклиф қилинади. Бу сафар “Пахта” рақси ижро этилади. Томошабинлар оёқларида қалқиб туришиб, иккала санъаткорни олқишлашади. Лондонлик­лар бутун томошагоҳни ларзага келтирган чилдирмани бугун биринчи бор кўришлари, унинг гумбурлаган овозини биринчи бор эшитишлари эди. Рақсдан сўнг олдинги қаторда ўтирган Буюк Британия қироличаси саҳнага чиқади. Уста Олимнинг чилдирмасини қўлига олиб кўради. Бу доира созидан юракни тўлқинлантирувчи садо чиқарган панжаларни мўъжиза деб атайди. Ушбу мўъжизакор панжалардан гипсга нусха олиб, Лондон музейига қўйишга фармон беради. Ўзбек санъаткорларига қойил қолган қиролича ўз қўли билан Уста Олим Комилов, Тамарахонимга фестиваль олтин медалини тақиб қўяди. Уста Олим Комиловнинг гипсга олинган панжа нусхаси ҳозиргача Лондон музейида сақланмоқда.

Тамарахоним умри давомида 60 дан кўпроқ давлатда бўлиб, 70 дан зиёд тилда қўшиқ куйлаб, рақсга тушган.

Ўтган асрнинг ўрталарида, аниқроғи, 1941 йилда Ҳамза номидаги ўзбек давлат драма театрида (ҳозирги Миллий театрда) Шекспирнинг “Отелло” пьесаси саҳналаштирилганда ватанимиз ва чет эллардан келган санъат мухлислари спектаклга, актёрлар талантига, уларнинг ижросига юксак баҳо берадилар. 1945 йилда инглиз парламенти делегацияси театрнинг таассуротлар дафтарига бундай деб ёзган эди: “Биз пьесанинг бундай яхши қўйилганини ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳатто Лондонда ҳам кўрмаган эдик. Биз, айниқса, Отелло билан Дездемона ролини ўйнаган артистлар маҳоратига қойил қолдик”. Отелло ролини Аброр Ҳидоятов, Дездемона ролини эса Сора Эшонтўраева ижро этгани, улар 18 йил давомида саҳнада Отелло ва Дездемонага айланганини ёшларимиз билишадими?

Ёки Мукаррама Турғунбоева раҳбарлигидаги “Баҳор” рақс ансамбли дунёнинг юзлаб мамлакатларида миллий ва жаҳон халқлари рақсларини ижро этиб, олқишларга сазовар бўлганини, бу билан шундай халқ, унинг ўзига хос рақслари борлигини дунёга тараннум этганидан фарзандларимиз хабардорми? Йўқ. Чунки, назаримда, бу менинг шахсий фик­рим, ёшларимизни истиқлол ғоялари билан тарбиялашни рўкач қилиб, яқин тарихимизни унутдик. Тўғри, юқорида тилга олинган санъаткорларнинг кўпчилигига, вафот этиб кетган бўлса-да, Президентимиз фармони билан юксак орденлар берилди. Лекин улар ким, нима учун бундай мукофотларга сазовор бўлганини авлодларимизга тушунтирмадик.

Ўтган йиллар давомида Миллий театрда ёшлар иштирокида Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурхонов ёки яна бошқа бирор буюк актёрни хотирлаб биронта тадбир уюштирилдими? Уюштирилган бўлса, кечирим сўрайман, аммо мен шахсан эшитганим йўқ. Ҳеч бўлмаса, бирор олий ўқув юртида ўша актёрлар ижодига бағишланган кеча ўтказилдими? Нега ўтказмадик?

Масалан, мен Миллий театр қошида Аброр Ҳидоятов ёки бошқа бирор улуғ актёр мактаблари очилишини таклиф қилган бўлардим. Тўғри, бугун у актёрлар йўқ, лекин уларнинг шогирдлари ҳали тирик-ку. Муқимий номидаги мусиқали драма театрда Раззоқ Ҳамроев ёки Ҳамза Умаров хотирасига бағишланган кеча уюштирилиб, уларнинг шогирдлари билан учрашувлар ўтказилса, бу актёрлар ижоди эсланса, зал лиқ тўлишига ишонаман.

Яна бир таклиф. Юқорида “Баҳор” рақс ансамбли ҳақида гапириб ўтдик. Уни қайта тиклаш вақти етмадимикин? Бугун юртимизда рақс дасталари кўп. Лекин уларнинг ҳеч бири “Баҳор”нинг ўрнини боса олмаяпти, боса олмайди ҳам. Шундай экан, бу масалага Маданият вазирлиги ўз муносабатини билдирар деган умиддамиз.

Биз мақоламизда кейинги йигирма беш-ўттиз йиллик тарихимизда биргина санъатимизга бўлган эътиборнинг айрим томонларига тўхталиб ўтдик, холос. Афсуски, шу йилларда барча соҳалар – илм, фан, маданият, тарих, ҳатто ишлаб чиқариш соҳасидаги ютуқларимизни ҳам инкор этдик. Аслида, юқорида айтиб ўтганимдек, бизнинг қаро кунларимизнинг ҳам ўз қаҳрамонлари бор эди. Улар бизнинг боболаримиз, оталаримиз, сафдошларимиз. Улар ҳам, қайси тизимда яшашидан қатъи назар, шу юрт, шу халқ манфаати йўлида меҳнат қилган, яшаган. Зарур бўлганда қаҳрамонлик кўрсатган. Уларни шўролар тузумида яшагани учун тарихимиз саҳифаларидан ўчириб ташлашимиз ўринлимикин? Яхшиси, уларнинг тарихини, босиб ўтган йўлларини ёшларимизга ўргатайлик, хатоларидан хулоса чиқарайлик, ютуқларни ҳаётга татбиқ этайлик. Шунда ҳақиқат қарор топган бўлади, назаримда.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"