Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4250
7845
7110

+735
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129681
254685
115635

+139050

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 680 067
Главная "ISTE'MOLCHI" Билимсизлигим сурияга етаклади...

suriya_160_5512Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган маҳбус Фурқат Убайдуллаев (исм-шарифи ўзгартирилган) билан гаплашганимизда унинг яқинларига бўлган соғинчи, қилган жинояти, пушаймонлик ҳислари гирдобида эканини англаш қийин эмасди...

Маҳбус қамоқхонагача босиб ўтган йўлини қисқача бундай ҳикоя қилди:

– Отам сувчи, онам уй бекаси эди. Оилада беш фарзандмиз. Ўрта мактабда 5-синфгача  ўқиганман. 18 ёшимда ўртоғим билан Россияга бориб, қурилиш базасида ишладик. Ўзбекистонгапаспортимни алмаштириш учун келиб кетдим. У ерда мен билан яшайдиган йигитлар намозхон эди. Менга: “Сен мусулмон эмассан, намоз ўқимайсан, кофирсан”, де­йишди. Охири намозни ўргандим. Кейин ўша шерикларим мусулмон ва кофирлар ўртасида уруш бўлаётганини айтишди, Сурия­да бўлаётган воқеалар тасвирланган видео лавҳаларни кўрсатишди. Бир ёш ўзбекистонлик йигитни у ерга юборишди ва мени ҳам ундашди. “Шу ёш болачалик бўлолмайсанми?” дейишди. Қўлимга мўмайгина пул ҳам тутқазишди. Шундан сўнг мен Сурияга қараб йўл олдим. Киев орқали Истанбулга етиб бордим. У ерда бир ўзбек йигити кутиб олди ва мени Туркия – Сурия чегарасига юборди. Тунда бир турк йигити билан чегарани кесиб ўтдик. У мени арабларнинг олдига олиб борди. Бу жойда ўзбеклар ҳам бор эди. Ўн кундан кейин “Шайх” дейилган лагерга олиб боришди. Лагерда турли миллатга мансуб ёш йигитлар бор эди. Улар жангга тайёргарлик кўришаётганди. Мен ҳам уларга қўшилдим. У ердаги одамлар онгида ҳам, гапида ҳам фақат Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, шаҳид бўлиш деган сўзлар... Мен уларга қўшилиб хато иш қилаётганимни билмас эдим. Сурияда бир ой бўлдим ва Россияга қайтиб келдим. Олти ойдан сўнг эса қўлга олиндим. Мен нотўғри йўлга кирганимни, билмай босган қадамим қанчалик хавфли эканлигини, жиноятчи сифатида қидирувдалигимни билмас эдим...

Бугунги кунда билимсизлигим оқибатида шу йўлга кириб қолганимни англаяпман. Онаизорим “Болам, келсанг уйлантираман”, дейди. Агар шу йўлга кирмаганимда, уйланиб, фарзандли бўлардим. Мендан бой одам бўлмасди. Шунча неъматдан маҳрум бўлмас эдим...

Юқоридаги сатрлар 19 ёшли маҳбуснинг ҳаёт йўлидан бир парча эди. Айрим ёшлар нима учун гулдек ҳаётларини ўзлари барбод этишаяпти? Уларнинг билиб-билмай ёки кимларнингдир таъсирида ножўя йўлларга қадам ташлашига сабаб нима? Шу каби саволларимизга жавоб топиш учун Ўзбекистон Миллий университетининг ижтимоий фанлар факультети ўқитувчиси, фалсафа   доктори (PhD) Усмонжон БЎТАЕВга мурожаат қилдик.

 

Диний экстремизм билан кураш – одамлар онгидаги кураш

– Сўнгги йилларда бундай мазмундаги ҳаётий ҳикоялар тез-тез қулоққа чалиниб туради, – дейди Усмонжон Бўтаев. – Бу муаммога ечим қидирар эканмиз, айланиб бир хулосага келаверасан киши: илмсиз нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас! Ҳақиқатан ҳам, шундай. Ватандошимиз, муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий ҳикматни ва нажотни илмдан излаганлар ва бу мўъжизакор сўзларни бизга мерос қолдирганлар. Бу сўзлар қалбимизда экан – дунёга султонмиз, ёдимиздан чиқиши билан эса йўлимизни йўқотамиз...

Мазкур муаммога ечим қидиришда бир нечта муҳим нуқталарга эътибор қаратиш лозим.

Биринчидан, оиладаги моддий етишмовчилик ва ижтимоий муҳит; айнан мана шу жиҳат жуда кўп инсонларни Ватанни тарк этишга мажбур қилади. Тўғри, хорижга чиқиб меҳнат қилишнинг уятли жойи йўқ ва бунга қонунчиликда ҳам рухсат берилган. Лекин шу жойда кўпчилик кичик, бироқ аҳамиятли масалани эътиборсиз қолдиради. Ота-она ҳар қандай қийин шароитда ўзгармас диний, дунёвий устувор ғояларни сингдира олмагани, инсонларнинг яхшисини ёмонидан ажратиб олиш, оқ-қорани танишдек масалада ўрнак бўла олмагани муҳожирга ҳамиша панд бериб келган. Ватанни тарк этаётган ҳар бир фарзанд тез ва тўғри қарор қабул қила олиши, қи­йин шароитларда ҳам маънавий илдизларидан узилмаслиги лозим. Бу сифатлар аслида оилада, ота-она воситасида шаклланади.

Иккинчидан, қарс икки қўлдан чиқади деганидек, давлат ва унинг мутасадди органлари ҳам мамлакатдаги ижтимоий-маиший муаммоларни ўз вақтида ҳал қилиб бориши ва фуқаролар учун ўртача шароитларни яратиб бериши лозим. Ишонинг, Ватанни ташлаб чиқиш жуда оғриқли жараён.

Учинчидан, инсон борки, илоҳий кучга, яъни Аллоҳга эҳтиёж сезади. Эътиқоди, руҳий талаби қондирилмаса, у ўзига йўл қидиради ва айнан мана шу ҳолатдан жиноий кучлар унумли фойдаланади. Шунинг учун давлатда диний таълим олиш ҳамма учун очиқ ва хавфсиз бўлиши лозим.

Юқоридаги таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда, бу борада баъзи илмий қарашларни илгари суриш мақсадга мувофиқдир.

Руҳшунос С.Рошиннинг таъкид­лашича, экстремистик гуруҳларда фаолият кўрсатувчи шахсларни психологик жиҳатдан соғлом деб бўлмайди. Жумладан, экстремистик гуруҳларга қўшилиб қолганларнинг баъзилари “номукаммаллик комплекси”дан азоб чекади ва ўзининг “нимага қодирлигини” кўрсатиш мақсадида шу каби авантюраларга бош қўшади. Яна бир тоифа кишилар эса психологик жиҳатдан беқарор бўлади ва ташқи таъсирларга тез берилади. Бундайлар турли гуруҳларга дарров қўшилиши, жўшқин фаолият юритиши ва яна бирор сабаб билан тезда кўнгли совиб, бу ташкилотга мухолиф ҳам бўлиб қолиши мумкин.

Психологик ишлов беришнинг энг чўққиси – объектда ўлимдан қўрқиш ҳиссини йўқотишдир. Шундагина у ўлимга ҳам тик бориб, ҳар қандай топшириқни адо этади. Масалан, диний экстремистик гуруҳлар ичида ассасинлар (ҳашшошийлар) инсон онгига шундай таъсир этиш воситаларидан фойдаланишгани тарихдан маълум. Энг экстремистик ғояларни ўзига шиор қилган, ҳақиқий ислом дини кўрсатмаларидан энг кўп узоқлашган экстремистик гуруҳлардан ҳисобланувчи ассасинлар ўзини шиаларнинг исмоилия мазҳабида деб билган ҳамда ҳаддан зиёд ваҳшийлиги ва қўрқмаслиги билан машҳур бўлган. Улар салбчилар – тамплиер ва бошқа рицарларга қарши курашган асосий қўшинлардан бири сифатида ҳам Европада ном қозонган. Тарихчиларнинг ёзишича, 1194 йилда граф Анри де Шампань исмои­лийлар ери орқали ўтган. Ўша пайтдаги ассасинлар раҳбари Доъию-л-Кабир уни кутиб олиб қасрида меҳмон қилган. Улар минорага чиқишганда ассасинлар раҳбари меҳмонга эшикдаги икки қоровулини кўрсатиб бундай дейди: “Бу одамлар сизнинг насроний фуқароларингиздан кўра содиқроқ”. У гапини исботлаш учун қоровулларга минорадан ўзларини ташлашни буюради. Қоровуллар шу заҳоти ўзларини ерга отиб, ҳалок бўлишади. Бундан кўринадики, исмоилий Ҳасан ибн Саббоҳ томонидан ҳозирги Сурия ерларида тузилган ассасинлар инсон онгига психологик таъсир қилишнинг самарали усулларини амалда қўллашган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, диний экстремистик ташкилотлар ўз тарғиботларида инсонга хос хислатлар – бойлик ва ҳокимиятга интилиш каби мотивлардан ҳам кенг фойдаланишади. Психологик ва мафкуравий-ғоявий таъсир кўрсатиш имконияти йўқ шахслар сотиб олинади. Диний экстремизм билан кураш – бу одамлар онгидаги курашдир. Онгга эса қалб ва қулоқ орқали кирилади. Диний экстремизм муаммосини бартараф этиш учун ҳозирча энг самарали йўл – одамларда мафкуравий иммунитетни кучайтириш, тарғибот-ташвиқотни сусайтирмаслик ҳисобланади.

Наргиза МАМАЗИЯЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"