Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "ISTE'MOLCHI" Масъуллар масъулиятсиз бўлганда...

tarbiya_160_22541Масъулиятнинг юки жуда оғир. Айниқса, жамият тараққиётининг эртанги куни қандай бўлишини белгилаб берувчи инсонлар — ёшлар тарбияси борасида сўз кетганда, бу юк янада залворлироқ тош боса бошлайди. Чунки тарбия — жуда мураккаб жараён. Гарчи бу борада жилд-жилд китоблар битилган бўлса ҳам, бизга алломалардан кўплаб ҳикматли сўзлару ўгитлар қолган бўлса ҳам, у халқимизнинг минг йиллик қадриятлари асосида шаклланган бўлса ҳам ҳали-ҳануз унинг долзарб жиҳатлари, қаламга олишга, ўрганишга ва изланишга ундайдиган қарралари ҳам йўқ эмас.

Ўсиб-улғаяётган ҳар бир ниҳол жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши учун зиммасига масъулият юкланган инсонлар рўйхатини ҳам жуда узоқ давом эттириш мумкин: ота-она, ака-опа, қўни-қўшни, маҳалла фаоллари, дўстлар, устоз-мураббийлар, жамиятнинг зиёли қатлами... Хуллас, санайверсак, адоғи кўринмайди. Муҳими шундаки, унда қайд этилган ҳар бир шахснинг тарбия жараёнида ўзига хос ўрни, вазифаси ҳамда масъ­улияти мавжуд. Бу рад этиб бўлмас ҳақиқатдир.

Бироқ, минг афсуски, кимлардир замона зайлини, кимлардир тараққиёт шиддатини, кимлардир эса инсон ҳуқуқларини рўкач қилган ҳолда бу рўйхатдан кимларнидир чиқариб ташлашга уринаётганига, айрим ҳолатларда масъулларнинг ҳам масъулиятсизлик қилаётганлигига гувоҳ бўлиб қоляпман ҳам. Бугун мен айни бир тоифа инсонлар, яъни маънавият ва маърифат соҳасида фаолият юритаётган айрим зиёлиларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали тарқатаётган баъзи фикрлари борасидаги ўз мулоҳазаларимни билдириб ўтмоқчиман.

Ортга қайтмас сўзлар

Халқимиз бежиз “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, демайди. Негаки айтилган ҳар фикр атрофдаги инсонлар онгида озми-кўпми ўз инъикосини қолдиради. Биргина жумла таъсирида кимнингдир дунёқараши бироз ўзгариши, кимгадир у мулоҳаза юритиш учун манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Лекин шуниси ҳам борки, хато фикр билдирилган айнан биттагина жумла ҳам ким учундир “фаолият учун йўриқнома” даражасида қабул қилиниши эҳтимолдан холи эмас. Айниқса, гап ёшлар тарбиясига боғлиқ бўлганда, фикр билдираётган инсондан кучли билим билан бирга катта масъулият ҳам талаб этилади.

Бугунги кунда аксарият соҳа вакилларининг, шу жумладан, кўплаб зиёлиларимизнинг ўз фикрларини кенг оммага етказишда ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётгани, албатта, таҳсинга сазовор. Зеро, уларнинг бу саъй-­ҳаракатлари айрим тоифа кишилар наздида шунчаки бекорчиликда вақт ўтказиш воситаси бўлиб кўринган ижтимоий тармоқларни фикр алмашиш ва баҳс юритиш майдонига айлантиришга ўзига хос улуш бўлиб хизмат қилмоқда. Лекин...

Фикр “занжир”идаги “лекин”лар “ҳалқа”си

“Ёзма манбаларда таъкидланишича, ота ўғли билан у етти ёшга тўлгунича ўйнаши, кейинги етти йил давомида уни интизомга ўргатиши, ундан кейинги етти йил ичида ўғлига дўст бўлиши, шундан ке­йин бундан буён мустақил бўлишига йўл қўйиб бериши лозим. Демак, фарзанд, хусусан, ўғил  тарбияси уч босқичда амалга оширилиши лозим”.

Бу маънавият соҳасида фаолият юритаётган бир мутахассис аёлнинг ижтимоий тармоқда ёзиб қолдирган, қарийб 150 та сўздан иборат фик­ридан кўчирма, аниқроғи, матннинг бош­ланиш қисми. Эътибор берсангиз, тарбия босқичлари борасида ёш чегараси (0-7, 7-14, 14-21) берилганига гувоҳ бўласиз. Аслида бу қанчалик тўғри экан? Асли баҳсли бўлган бу фикр борасида айни вақтда ўз мулоҳазаларимни билдиришдан тийиламан, зотан мазкур мақолани қоралашдан кўзланган асл мақсад бошқа, шунинг учун ҳам юқоридаги матннинг давомига қайтамиз:

“Болалар ёшлигида ўйинга ўч бўлар экан, бунга йўл қўйиб бериш керак. Керак бўлса, ота-она улар билан бирга ўйнасин. У шўхлик қилсин, ўйинчоқлар билан ўйнасин, уларни синдирсин, хуллас, кўнгли тусаган ишни қилсин. Бу ишларда халақит бериш, тақиқлаш, чекловлар қў­йиш болалар ақлининг чархланишига тўсқинлик қилади, эркин ривожланишига йўл қўймайди. Натижа аён – бола тафаккури тор бўлиб қолади”.

Тўғри, болаларнинг эркинликларини чеклаш шарт эмас, балки эркинликнинг чегарадан чиқиб кетмаслигини назорат қилиш кифоя. Жан Жак Руссо: “Агар сиз болаларнинг шўхликларига йўл қўймасангиз, унда ҳеч қачон донишмандларни дунёга беролмайсиз”, — деганда айнан шуни назарда тутгани шубҳасиз. Лекин ўзи қаламга олган “кўнгли тусаган ишни қилиш” биланРуссо тилга олган “шўхлик” тушунчалари ўртасида қанчалик тафовут борлигини мутахассис билмасмикин? Бундан ташқари, тинмай ўз ўйинчоғини синдирувчи ва ҳадеб янгисини талаб қилувчи (ахир боланинг кўнгли шуни тусайди-ку) фарзандингиз кўнглида нафақат ўйинчоққа, балки инсонларга нисбатан ҳам қадр туйғусини уйғота олишингизга қанчалик амин бўла оласиз? Шахсан мен бунга мутлақо ишонмайман. Негаки, боланинг инсонларга, табиатгаю жониворларга бўлган меҳрининг ибтидоси ўз ўйинчоқларига бўлган мунобатида намоён бўлади.

Мутахассис фикрининг давомига эътибор қаратсангиз, ҳайратда қоласиз. У бу тавсияларининг оқибатини тўла англаган ҳолда яна нотўғри фикр­га эргашади:

“Табиийки, бу ишлари натижасида бола интизомсиз бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шу боисдан ҳам  уларни интизомга солиш иккинчи босқич вазифасидир. Ўз навбатида, қатъий интизом эркинликни чеклайди. Одатларни ихтиёрий танлаш унинг бардавомлиги, сифатини таъминлайди. Шунинг учун бола вояга етгач, унга тўғри йўл танлаш учун тавсиялар берилади, мустақил ҳаётга тайёрланади”.

Мутахассис ўз тавсиялари орқали тарбияланганда бола интизомсиз (7 ёшгача бўлган босқичда) бўлиб қолишини ўзи ҳам эътироф этган ҳолда интизомга ўргатиш иккинчи босқич (7 ёшдан бошлаб) вазифаси эканлигини таъкидламоқда. Тасаввур қилинг, 7 ёшда бола мактаб остонасига қадам қўяди. Шу вақтгача интизом нималигини билмаган, мутахассис таъбири билан айтганда, “кўнгли тусаган ишни қилган” ва ота-онаси томонидан бу хатти-ҳаракати доимий равишда рағбатлантириб келинган болада мактаб тартиб-интизомига ихтиёрий тарзда бўйсуниш истаги мавжуд бўлармикин? Бунинг устига, “қатъий интизом эркинликни чеклайди”, дея таъкидлаётган мутахассис “интизом — жамиятнинг ёки маълум жамоа аъзоларининг амал қилиши, бўйсуниши лозим бўлган қатъий тартиб, қоида” эканлигидан мутлақо бехабарми? Ёки унинг наздида “қатъий бўлмаган” қатъий тартиб-қоидалар ҳам мавжудмикин?

Шуни ҳам унутмаслик керакки, мутахассис таъкидлаган “қатъий бўлмаган интизом” “эркинлик бериш” ва “ортиқча эркалатиб юбориш” тушунчалари ўртасидаги чегарага дахл қилишдир. Айрим ота-оналар шуни фарқлай олмай, ўз фарзандларини жуда талтайтириб юборадилар. Бу эса унинг дилида худбинликнинг томир отишига олиб келади. Натижада фарзандга эзгуликнинг моҳияти қанчалик уқтирилмасин, у кутилган самарани бермайди. Чунки худбинлик ўз ортидан ҳасадгўйлик, иззатталаб­лик, такаббурлик каби иллатларни эргаштириб келади. П.Буастнинг “Болага кўп сажда қилманг, улғайганда у кўп қурбон беришларини талаб қилади”, — деган ҳикматини ёдга олар эканмиз, унинг нақадар ҳақ эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз мумкин. Зеро, биргина худбинлик ортидан туғилувчи иллатларнинг ҳар бири учун биттадан қурбонлик беришга тўғри келса, уларнинг саноғига етиб бўлармиди?!

Афсуски, тарбия борасидаги битилган ҳикматли асарлардаги фикрлар ижтимоий тармоқларда зиёлилар томонидан худди юқорида қайд этилгандек масъулиятсизлик билан талқин қилиниши ҳолатларига жуда кўп гувоҳ бўлишингиз мумкин. Аслида бу тарбия ўзагига катта зарар етказишини айнан масъул инсонлар ҳис қилмаслиги ўта ачинарли. Шундай экан, масъулиятсиз масъулларнинг фикр билдиришидан кўра, уларнинг сукути жамиятга кўпроқ наф келтирармикин, деган “аҳмоқона” фикрга келдим-у... мақолани шу ерда мухтасар қилишни афзал билдим.

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"