Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "ISTE'MOLCHI" Абитуриентларнинг пулини ким шиляпти?

abiturent_160_22154415 июль – олий таълим муассасаларида ҳужжатлар қабул қилишнинг охирги санаси ҳисобланади.

Жорий йилда қабул жараёнларидан кўпчиликнинг умиди катта. Ўтказилган сўровномаларда ҳам аввалги йилларга қараганда биринчи марта тест синовлари адолатли ўтишига ишонганлар сони нисбатан кўпроқни ташкил қилмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Энди барчаси ижрочиларга боғлиқ. Халқнинг умиди ва ишончини, Президентнинг ташаббусини бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам қуйи бўғиндаги ижрочилардир. Ҳозирча тест ўтадиган павильонларни тайёрлаш, тест жараёнидаги кузатув ва қаттиққўллик билан қилинаётган ташкилий жараёнлар шахсан мени тўлақонли қаноатлантирмоқда. Менимча, бу йил қизиқ бўлади. Интиқлик билан кутяпмиз.

Лекин шу ўринда айрим камчилик­лар ҳақида ҳам айтмасак бўлмайди. Бундай танқидлардан шахсий манфаатимиз йўқ, бор-йўқ мақсадимиз кириш имтиҳонлари жараёнидаги айрим қонунбузилиш ва ортиқча оворагарчилик ҳолатларига барҳам беришда кўмаклашиш, холос.

Аслида айтиладиган гап кўп, лекин ушбу мақолада фақат айримларига тўхталмоқчиман.

086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома керакми?

Аввалги йилларда ҳам бу масала ҳақида фикр юритган эдим. Яъни барча абитуриентлардан сўраладиган 086-У шакл бўйича тиббий маълумотнома нимага керак? Ушбу ҳужжатсиз ҳам қабул жараёнларини ташкил қилиб бўлмайдими? Бунга нима халақит беради?

Сабаби – кўпчилигимиз яхши биламиз, тиббиёт муассасаларидан бундай маълумотномани олиш яхшигина азоб. Тасаввур қилинг, жорий йилда 800 мингга яқин абитуриент ҳужжат топширади, бу эса 800 минг инсон қисқа вақт ичида тиббий кўрикдан ўтишга мажбур дегани. Ҳали биз абитуриент бўлмаган яна юз минглаб инсонни қўшмаяпмиз.

Навбат кутиш, хонама-хона юриш, асаббузарлик ва бошқа ортиқча қоғозбозликлар шубҳасиз коррупция томон етаклайди. Чунки тест синовларига тайёрланиб юрган абитуриент учун ҳар бир дақиқа тиллога тенг. Шу тиллони 10-15 минг сўмга алмаштиришга ҳар қандай инсон жон дейди. “Соғлиғингиз ўзингиз учун керак”, “Бу сиз учун фойда”, деган қуруқ гап­лар уларнинг қулоғига кирмаслиги аниқ.

Ижтимоий сўров:

84 фоиз абитуриент тиббий кўрикдан ўтмайди

Келинг, фикримизни фактлар билан тўлдирсак.

Телеграмдаги шахсий каналимда худди шу мавзу бўйича сўровнома ўтказдим.

Унда қуйидаги савол билан мурожаат қилдим:

Абитуриентлик пайтингизда 086-У шаклдаги тиббий маълумотнома олиш учун ҳақиқатдан тиббий кўрикдан ўтганмисиз ёки ...? (яқинларингиз мисолида ҳам жавоб беришингиз мумкин).

Сўровномада 1556 киши қатнашди. Уларнинг 1041 нафари, яъни 67 фоиз иштирокчи “Йўқ, қанчадирга сотиб олгандим”, дея жавоб берди.

267 киши, яъни 17 фоиз овоз берувчи эса “Ия, деярли ҳеч ким тиббий кўрикдан ўтмайди-ку”, деган вариантни танлашди.

248 киши, яъни 16 фоиз респондент “Ҳа, тўлиқ тиббий кўрикдан ўтганман”, дея таъкидлашди.

Энди сўровномаларни умумлаштириб хулоса қиламиз. Демак, 84 фоиз аҳоли бундай маълумотнома учун тиббий кўрикдан ўтмаган. Улар ёки танишлар орқали ҳал қилишган ёки энг кенг тарқалган усул, яъни сотиб олишни маъқул билишган.

Янгича фирибгарлик турлари

Ушбу ўзига хос “бизнес” шу даражага етдики, ўтган йили ўнлаб абитуриент сохта тиббий маълумотномалар билан қўлга тушгани ҳақида хабар берилганди. Сохта тиббий маълумотномалар оригиналининг сканерланган ва рангли принтерда чоп этилган варианти бўлиб, ҳар бир абитуриентнинг расми алоҳида ёпиштирилган эди. Ҳали бу фақат аниқлангани, балки маълум бўлмаган яна минглаб шундай маълумотнома бордир.

Кўряпсизми, биргина кераксиз ҳужжатни деб қанча қонунбузилиш ҳолатлари юзага келмоқда.

Маълумотномалар учун ҳар йили қанча пул кетади?

Ўрганишлар натижасида тиббий маълумотномалар ўртача 10 минг сўмдан 20 минг сўмгача сотиб олиниши маълум бўлди. Албатта, 800 минг нафар абитуриентнинг барчаси сотиб олмайди, бу табиий. Сўровномада 67 фоиз абитуриент сотиб олганини ҳисобга олиб, шу рақамда тўхталамиз.

800 мингнинг 67 фоизи 536 минг бўлади. Ҳар бир маълумотномани ўртача 15 минг сўм деб олсак, 536 минг абитуриент жорий йилда 8 миллиард сўм пулни ноқонуний равишда тиббий маълумотнома сотиб олишга сарфлайди! 8 МИЛЛИАРД СЎМ!

Албатта, бу рақамлар тахминий чиқарилган, балки кам, балки ҳатто кўп бўлиши ҳам мумкин.

Фотосуратга нима учун қайта тушишмоқда?

Тиббий маълумотнома каби яна бир миллиардлар манбаи бор. Бу ҳам бўлса абитуриентларни қайта фотосуратга тушириш.

Вазирлар Маҳкамасининг 393-қарори билан тасдиқланган низомда абитуриент тақдим этиши керак бўлган ҳужжатлар рўйхатида 3,5×4,5 см ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат ҳам белгиланган. Бироқ низомда фотосуратга бошқа бирорта талаб қўйилмаган.

Аммо бир неча йилдан буён ОТМлар абитуриентлар томонидан олиб келинган фотосуратларни қабул қилишдан бош тортиб келмоқда. Яъни абитуриент ўзи билан низомда кўрсатилганидек 6 дона 3,5×4,5 см рангли фотосурат олиб келса, қабул комиссияси пинагини ҳам бузмасдан, ушбу фотосурат ўтмаслигини, ОТМнинг ўзида ташкил қилинган фотостудияда қайтадан расмга тушиши кераклигини айтишади. Буни эса ўзларича хавфсизлик билан боғлашади.

Яъни расмнинг четига қандайдир нақшлар, ОТМ номи ва QR-код тушириб беришади. Худдики шу усул билан улар катта қинғирликларнинг олдини олаётганига одамларни ишонтиришга ҳаракат қилади. Аслида эса бу зиғирча ҳам хавфсизликка таъсир қилмайди. Қиламан деган одам рангли принтердан бемалол худди шунақа форматда чиқариб олаверади, жуда бир хавфсизлик даражаси юқори бўлган сув белгиси юритилган ўта қийин механизм йўқ. Оддий фотошопда амаллаш мумкин. Ва ўзи ушбу расмлар бирор қинғирликнинг олдини оладиган даражада аҳамиятли ҳам эмас. Энг аҳамиятлиси абитуриент тушадиган электрон расм аслида. Буни кўпчилик билмайди, холос.

Фотосуратлар учун ҳар йили қанча пул кетади?

Худди шу масала бўйича фейсбукдаги Maslahat.uz гуруҳида абитуриентларга савол билан мурожаат қилдим.

Унда абитуриентларнинг гувоҳлик беришича, ОТМга қараб 6 дона расм учун 4 минг сўмдан 15 минг сўмгача пул олинаётган экан. Биз буни майли, кўп эмас, ўртача 6 минг сўм деб оламиз (чунки қиммат жойлар кам экан).

Демак, 800 мингга яқин абитуриент фотосурат учун 4 млрд. 800 млн. сўм пул сарфлаяпти. Яна миллиардлар...

Барибир пулга расмга тушади-ку, нима қилибди шунга?

Яхши савол. Мантиқий савол. Барибир абитуриент кўчада ҳам текинга расмга тушмайди-ку, тўғрими? Шу пулни ОТМ олса нима қилибди?

Аммо бу ерда бошқа масала ётибди. Агар ҳали суратга тушмаган абитуриентга 6 дона расм ишлаб беришса, ҳечқиси йўқ, лекин ўзи расм кўтариб келган абитуриентга қандай асосга кўра рад жавоби беришади? Қонуний асоси борми? ЙЎҚ!

Бу шунчаки хавфсизлик ниқоби остида айримларнинг чўнтагини қаппайтириш учун ўйлаб топилган усул, холос. Сабаби, жуда кўп жойларда ОТМдаги фотосуратчилар ректор ёки шу каби бош­қа амалдорларнинг қариндоши, таниши бўлади ёхуд бошқача манфаатдорлик ҳам мавжудлиги сир эмас.

Агар ҳақиқатдан ОТМнинг ўзида расмга тушиш шунчалик муҳим бўлса, унда марҳамат, Вазирлар Маҳкамаси қарорига ўзгартиш киритилиб, бу бўйича тегишли тартиб жорий қилиниши керак. Ва бу ҳақда қабул жараёнларидан олдин барча абитуриентларга маълум қилиниши шарт. Яъни “расм олиб келманг, бунинг ўрнига фалонча сўм пул билан келинг”, деб. Бундан ташқари, нархларни ҳам бирхиллаштириш лозим эди. Ҳозиргига ўхшаб ҳамма ўзи истаган нархни қўйиб олавермаслиги лозим.

Хуллас, қабул комиссиясининг ҳар бир қадами қонун ҳужжатларига асосланиши шарт. Ахир ОТМлар айримларнинг шахсий томорқаси эмас-ку, исталган тартибни ўзбошимчалик билан жорий қиладиган. Ҳозир қонун ҳужжатларида фотосуратлар учун бундай тартиб йўқми, демак қабул комиссияларининг бу иши ноқонунийдир!

Солиқларни ким тўлайди?

Ўша ОТМлардаги олғир фотосуратчиларнинг фаолиятини бирорта солиқ органлари текшириб кўрганми ўзи? Шунча миллиард пул кирим қилиняптими? Чек бериляптими? Бу миллиардлардан давлат бюджетига солиқ тўланадими? Ва ўзи ўша фотосуратчиларнинг гувоҳномаси борми? Ёки айримлар уйидаги 2 та рангли принтер ва битта ноутбукни олиб келиб, ўзи билганича фойда қилиб ётишибдими? ОТМ ва фотосуратчи тадбиркор ўртасида қандайдир ҳуқуқий шартнома борми?

Хуллас, саволлар кўп, буни жиддий текшириш керак.

Папка, ариза ва ксеронусха

Юқорида фақат тиббий маълумотнома ва фотосурат ҳақида гапирдим, холос. Иккаласини қўшганда тахминан 13 миллиардга яқин пул бўляпти. Ҳали буёқда ҳар бир абитуриентга низомда кўрсатилмаган 2 дона “папка-скоросшиватель”, ариза бланкини сотиб олиш ва ҳужжатлардан ОТМнинг ўзида мажбурий нусха кўчирилганлик учун олинадиган ҳақ ҳақида гапирмаяпман. Уларни ҳисоблаганда абитуриент қабул комиссиясида тахминан 10-20 минг сўм пул қолдириб кетади. Бу дегани назорат қилинмайдиган харажатлар 20-30 миллард сўмга бориб қолади.

Тўғри, ҳеч нарса текинга битмайди, қилинган хизмат учун ҳақ олиш нотўғри эмас. Аммо бу фаолият қанчалик қонуний? Бу пуллар қаерга кетяпти? Шунинг ҳисоби борми? Мени шу ўйлантиради, холос.

Ўзбекистондаги амалиёт

Қабул комиссияси учун тиббий маълумотнома албатта керак, фотосуратга албатта ОТМда тушиш керак, деб мени ишонтира олмайсиз. Буларсиз ҳам бемалол қабулни ташкил қилиш мумкин. Аниқ мисоллар айтаман.

Ўзбекистонда миллий ОТМлар орасида илк марта тиббий маълумотнома ва чоп этилган фотосуратдан Тошкент ахборот-технологиялари университети воз кечган эди. Шунда ҳам тўлиқ эмас, қисман.

2017 йилда ТАТУ илк марта Ягона портал орқали электрон ҳужжат қабул қилишни йўлга қўйганди. Ўшанда электрон ҳужжат топширганлардан 086 шаклдаги тиббий маълумотнома ҳамда ҳарбий хизматдан вақтинча четлаштирилганига доир маълумотнома сўралмаслигини маълум қилишган эди. Табиийки, ўз-ўзидан, чоп этилган фотосурат ҳам керак бўлмаган. Ушбу маълумотномалар абитуриентдан фақат талаба бўлгандан кейингина сўралиши белгиланганди.

Минг афсуски, нима учундир ТАТУ бу йил электрон қабулни бекор қилибди, яна барча абитуриентлар Тошкентга келган ҳолда ҳужжат топширмоқда.

Жорий йилда эса Тошкент давлат юридик университети майдалашиб ўтирмасдан бира тўла бир нечта кераксиз ҳужжатларни қабул қилишни бекор қилди.

Хабарингиз бор, жорий йилда абитуриентлар ҳужжатлари ТДЮУда қабул қилинмаяпти, балки Давлат хизматлари агентлигининг туман   ва шаҳарларда фаолият юритаётган давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилмоқда.

Бунда эса қуйидаги ҳужжатларни сўраш тартиби бекор қилинди:

086 шаклидаги тиббий маълумотнома;

35×45 мм ҳажмдаги фотосурат;

ҳарбий алоқадорлик тўғрисида ҳужжат;

ректор номига ариза;

ҳужжатлардан нусха (паспорт, дип­лом, шаҳодатнома).

Мана, демак кераксиз ҳужжатлардан бемалол воз кечса бўлар экан-ку. Ҳеч қандай муаммо ёки қандайдир қинғирлик юзага келмас экан. Фақат бунинг учун озгина журъат ва қатъийлик керак, холос.

Таклифим

Жорий йилда ТДЮУ томонидан жорий қилинган тартиб барча учун қўлланиши керак. Яъни юртимиздаги ҳамма ОТМларга Давлат хизматлари агентлигининг туман ва шаҳар марказларида ҳужжатлар қабул қилишни ташкил этиш, худди жорий йилда бўлганидек, ортиқча қоғозбозликни йўқотиш, умуман керак бўлмайдиган ва фақат қўшимча харажат ҳамда коррупцион тизимни яратишга шароит яратадиган маълумотномаларни сўрашни бутунлай бекор қилиш керак.

Шунда қабул жараёнлари янада шаффоф ва ҳақиқатда ТЕКИН бўлади. Ўша миллиардлар халқнинг ўзида қолади. Вилоятлардагилар ҳам Тошкентга овора бўлиб келиб юрмайди, транспорт ва ётоқ харажатлари учун ҳам яхшигина пул тежалади. Яхши томонлари кўп, санасак мақола яна чўзилиб кетади. Шу жойда тўхтадим.

Хушнуд ХУДАЙБЕРДИЕВ,

ҳуқуқшунос. 

kun.uz

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"