Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4256
7845
7110

+735
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129687
254685
115630

+139055

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 680 072
Главная "ISTE'MOLCHI" Журналистика ҳангомалари

jurnalist_160_1Унутилмас сабоқ

Ўшанда 1974 йилнинг кузи, аниқроғи, эндигина мактабни битириб, туман газетасида ишлаётган кезларим эди. Бир сафар илғор механизатор ҳақида мақола ёзиш юзасидан топшириқ олдим. Шунга кўра, йиғим-терим авжига чиққан далага бордим, механизаторни иш устида учратиб суҳбатлашдим. Ҳатто, тракторчиликдан хабарим борлиги боис, унга қўшилиб машинада пахта тердим. Кейин шу асосда лавҳа ёздим. У газетанинг шанба сонида чоп этилди.

Албатта, бу мен – бошловчи журналист учун катта ютуқ эди. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Душанба куни эрталаб хонада ишлаб ўтиргандим, эшик шаҳд билан очилди-ю, остонада қаҳрамоним кўринди. У мен билан номигагина сўрашди-да, қўққисдан муддаога ўтди.

– Ҳов, ука! – деди кўзларимга қаттиқ тикиларкан, зардали оҳангда. – Мен отим Итолмас эканлигини айтгандим, сен нега Етолмас деб ёздинг? Хўш, нимага етолмас, нимадан қуруқ қолар эканман?..

Кутилмаган саволдан аввалига эсанкираб қолдим, сўнгра олдимда турган газетага шоша-пиша кўз югуртирдим. Қарасам, исми ростданам Етолмас ёзилибди. Уни ким, қачон ўзгартирганини билолмай, тасодифан хонага кирган бўлим мудирига илтижоли боқдим.

– Ҳа, тинчликми? – Бўлим мудири механизаторга юзланди. Унинг дардини эшитгач, масалага ойдинлик киритди. – Айб бу укамизда эмас, – деди менга кўз қирини ташлаб. – Аслида сизнинг исмингиз эскича ва ножоизроқ экан. Шунинг учун газетага қўл қўйишдан олдин муҳаррир билан маслаҳатлашиб, сал ўзгартирдик.

– Нега?!. – Механизатор баттар жаҳл отига минди. – Ахир, эскичами-янгичами, ёқимлими-ёқимсизми, бу раҳматли ота-онам қўйган исм-ку! Улар мендан олдинги беш фарзанди турмагани учун шундай қарорга келишган. Бу боламиз яшаб қолсин, уни Худо ўз паноҳида ва ёмон кўзлардан асрасин, лоақал ит ҳам дахл этолмасин деган маънода шундай йўл тутишган. Сизларга бировнинг отини бузиб ёзишга ким ҳуқуқ берган? – У бир зум тўхтаб нафас ростлагач, пичинг аралаш сўзида давом этди. – Унда, ана, бир ҳамқишлоғимнинг исми форсчада Зарима, ўзбекчаси – “паст, тубан, ёмон”, эҳтимол, униям ўзгартириб берарсизлар?!.

Хуллас, Итолмас ака узоқ тортишди. Охири бизни тавбамизга таянтириб, узр сўраттирди.

Бу воқеа мен учун бир умрлик катта сабоқ бўлди. Шу-шу мудом одамлар исмини тўғри ва тўлиқ ёзишга, мазмунига эътибор беришга одатландим. Кейинчалик република миқёсидаги нуфузли газеталарда ишлаган чоғларим айнан шу мавзуда бирмунча чиқишлар қилдим. Энг муҳими, исмларга қизиққаним сайин барчаси ўзига хос теран маъно-мазмунга ва “таржимаи ҳол”га эгалигини чуқурроқ англай бошладим.

 

Тепада “суриштирув”, пастда “уриштирув”

Журналистикада иш куни, иш ҳафтаси деган гаплар нисбий тушунча. Чунки бу касб эгалари учун вақт олтиндан-да қиммат. Аксарияти кечқурун уйи­га боргач, апил-тапил овқатланади-ю, ярим тунгача ижод билан шуғулланади. Шанба-якшанба кунлари ҳам дам олиш ўрнига долзарб мавзуга бағишланган яхши мақола ёзиш илинжида қоғоз-қаламга ошно тутинади. Таҳририятдаги аҳвол эса маълум: ишга эрта келиш бору, эрта кетиш йўқ!..

Ҳамон эсимда, ўшанда авжи ёз чилласи эди. Соат саккиздан ошган, аммо газетанинг эртанги сонини тайёрлаш ҳали ниҳоясига етмаганди. Шу боис раҳбарлар, навбатчилар ва мусаҳҳиҳлар ўз ўринларида эди. Мен эса ижодий ходимларга ажратилган ҳайҳотдек залда танҳо ўзим ишлаб ўтирардим. Бир маҳал ўртадаги чор тарафи очиқ даҳлиздан котибият томонга ўтаётган Аббосхон ака мени кўриб, юришдан тўхтади:

– Ҳа, Абдунаби, бугун навбатчимисиз?

– Йўқ, – дедим ҳозиржавоблик билан, – сизнинг топшириғингиз бўйича бир ҳафтадан  буён навбатдаги “журналист суриштируви”ни ёзаётгандим. Ҳозир шуни давом эттиряпман. Ҳар қалай, ҳеч ким йўқ, тинчгина. Хаёл бўлинмайди...

– Ҳм-м, тушунарли, – Аббосхон ака негадир лаб­ларини қимтиб, сирли жилмайди. – Демак, бугун тепада суриштирув, пастда уриштирув экан-да.

Бу “хушхабар”дан илкис ҳушёр тортдим. Чунки боя маош олаётганимизда кимдир “Бугун бир отамлашамиз. Ҳар ким атаганини чиқаради. Учрашув жойи – пастдаги ошхона, вақти – ишдан кейин!” дегандай бўлувди. Шуни эсладиму, оромим йўқолди. Аббосхон ака котибият томонга бурилиши биланоқ компьютерни ўчириб, лаш-лушларимни йиғиштирдим-да, пастга шошилдим.

Лифтнинг олдига етганимда ортимдан таниш овоз янгради:

– Ҳов, афанди, йўл бўлсин? Ё пастдан “ваҳий” келдими, бунчалар шошмасангиз...

Мен “Йўқ, уйга кетяпман! Кутилмаганда меҳмонлар келиб қолишибди. Ҳозиргина келинингиз телефон қилиб айтди!” дедиму, эшиги ланг очилган лифтга ўзимни урдим.

 

Бобом раҳматлининг “васияти”

2001 йил кўкламида “Халқ сўзи” – “Народное слово” газеталарининг ўша даврдаги Бош муҳаррири Аббосхон Усмонов ажойиб ташаббусга қўл урди: дебочасига таҳририят ижодий ходимларининг барчасига биттадан компьютер олиб берди. Сўнгра соҳа мутахассисларини  ёллаб, бир ой давомида бу технологиядан қандай фойдаланиш лозимлигини ўргатди.

Табиийки, ёшлар компьютер сабоқларини тез ўзлаштириб олишди. Мен тенги қирчиллама ёшлиларнинг ҳам кўп ўтмай қўллари анча келишиб қолди. Фақат йиллар оша қўлёзмаларини ёзув машинасида ишловчи аёлларга тердиришга ўрганган ёши улуғларга қийинроқ бўлди. Улар ҳадеганда бу янгиликка кўника олишмади. Жумладан, 38 йиллик бой тажрибага эга, кўпчилик учун устоз мақомидаги бир оқсоқолимиз ҳам анча мушкул аҳволда қолди. Аммо қарта ўйнашни қойиллатадиган, унга азбаройи ружу қўйганидан кўпинча шошилинч материалларни ҳам вақтида туширмайдиган, баъзан тушликка чиқмайдиган бўлди.

Охири аҳвол шу даражага бориб етдики, Аббосхон ака унинг компьютерини олдиртириб қўйди. Барибир фойдаси бўлмади. Энди оқсоқол қўли ишдан бўшади дегунча, ўзи бошқараётган бўлим ходимларининг компьютерини эгаллаб олиб, “қартавозлик” қиладиган одат чиқарди.

Бир куни ўша хонага бош суқсам, оқсоқол ҳар доимгидек аъло кайфиятда берилиб компьютер ўйнаяпти. Бош­қалар ўз юмуши билан банд. Фақат компьютернинг эгаси – ёши мендан сал каттароқ “акахон” бурчакдаги стулда қўлини қовуштириб, қуролини йўқотган суворийдек хомуш ўтирибди. Мен “Тинчликми?” дегандай кўз уриштирдим. У “Кўрмаяпсизми, ҳар кунги аҳвол”, деган маънода тес­кари ўтирган оқсоқол томонга журъатсизгина ишора қилди. Бояқишнинг ич-этини мушук тирнаётганини сезиб, аввалига раҳмим келди, кейин қитмирлигим тутди.

– Менинг бобом раҳматли хўп ажойиб одам эди, – дедим хонанинг ўртасида ғоз туриб олганча, овозимга тантанавор тус бериб. – У 1975 йил 5 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда жон бериши олдидан бир этак набиралари орасидан шахсан мени қошига чақириб, бир гап айтган. Аниқроғи, “Болам, компьютер баччағарнинг олдида кўп ўтирма, соғлиғингга зарар!” деган.

Бу гапимни эшитиб, бошқалар ми­йиғида кулиб қўйишди. “Акахон” эса “Қачон?.. Қачон дедингиз?” дея ўрнидан туриб кетди. Мен яна такрорладим:

– 1975 йил 5 февраль куни эрталаб соат ўндан ўн беш дақиқа ўтганда, қор уриб ёғаётган пайтда!

– И-е! – “Акахон” баттар таажжуб­ланди. – Ахир у вақтларда бунақа нарсалар йўқ эди-ку?!.

– Э, менга қаранг, қанақа овсарсиз? – Ўзимни аччиқланганга солиб, унинг сўзини чўрт кесдим. – Ўша пайт­да нима бўлган-бўлмаганининг ҳозир қандай аҳамияти бор? Муҳими, сизга  манави компьютерингизни олиб берсам бўлдими?..

Илмоқли гапим оқсоқолга энди бориб етди, шекилли, тўсатдан ўрнидан қўзғалди-ю, “акахон”га “Ана, олинг, матоҳингиз бошингиздан ордона қолсин”, деди. Сўнгра менга хўмрайиб, “Билдик, бобонгиз жа-а ақлли бўлган экан!” деди-да, лабига сигарета қистирганча, ташқарига чиқиб кетди.

Хонада гур-р этиб кулги кўтарилди...

 

“Чунончи” дорисини биласизми?

Қайсидир ёзда таҳририятимизга амалиёт ўташ учун бўй-басти келишган, қошу кўзлари попукдек икки нафар талаба қиз келди. Уларга раҳбарлик қилиш менга топширилди. Дастлаб иккаласини газетамиз йўналиши, таҳририятнинг иш тартиби, бўлимларнинг вазифалари билан таништириб, мақола ёзиш ва таҳрир қилиш маҳоратидан баҳоли қудрат сабоқ бердим. Аммо орадан ҳеч қанча ўтар-ўтмас, сездимки, бу қақажонларнинг касбимизга қизиқишлари ҳаминқадар. Чамамда, улар журналистика факультетига адашиб кириб қолишганга, амалиётни ҳам номигагина ўташ учун келишганга ўхшайди. Ўзларига қўйиб берсангиз, эртадан кечгача компьютер ўйнаш-у телефонда чақ-чақлашишдан бўшамайдилар.

Шу боис уларни вақтни беҳуда ўтказмасликка, ишга масъулият билан ёндашишга, жилла қурса, жамоамиздаги таниқли қаламкашлар тажрибасини ўрганишга ундадим. Ўз навбатида,  танишиб чиқиб, фикр билдиришлари учун қўлларига биттадан мақола бердим. Қизлар маслаҳатларимни тўғри қабул қилиб, ўқишга киришдилар.

– Домла, – деди бир маҳал новчароғи хаёлимни бўлиб, – “чунончи” қанақа дори?

Мен унинг дабдурустдан берган саволидан ҳайрон бўлиб қолдим. Шу асно “чунончи” асли форсча сўз бўлиб, шундай, шундай қилиб, шунчалик, шунча, шу қадар, роса маъноларини англатиши, грамматик жиҳатдан сўзловчининг баён қилинаётган фикрга муносабатини, гап кимга тегишлилигини, фикрнинг умумий баҳосини ёки олдинги фикр билан алоқасини билдирувчи “дарҳақиқат”, “дарвоқе”, “ҳақиқатан”, “менимча”, “сизнингча”, “айтгандай”, “айтганча”, “албатта”, “шубҳасиз”, “сўзсиз”, “шекилли”, “чоғи”, “чамаси”, “афтидан”, “эҳтимол”, “балки”, “хуллас”, “умуман”, “демак”, “ниҳоят”, “зеро”, “бинобарин”, “қисқаси”, “аксинча”, “аввало”, “авваламбор”, “зотан”, “хусусан”, “айниқса”, “зора”, “кошки”, “яхшиямки”, “хайрият”, “аттанг”, “афсус”, “ажабо”, “таажжуб”, “яъни”, “эҳтимол”, “балки” сингари гап бўлаклари билан синтактик боғланмаган кириш сўз вазифасини ўташи, унинг “жумладан”, “масалан” каби арабча муқобиллари борлиги ёдимга тушди. Шу боис эндигина “Чунончи” – дори номи эмас”, дея гап бошламоқчийдим, талаба қиз шошқалоқлик қилди:

– Йўқ, бу дорининг номи экан. Ишонмасангиз, мана, кўринг, шунақа деб ёзилибди...

Мақолада “Қон қуюқлашганда уни суюлтирувчи дори воситалари, чунончи, индапамид, метокард, аторис, кардиомагнил истеъмол қилиш тавсия этилади”, деган жумла битилган экан. Демак, қизи тушмагур гап маъносини фаҳмламай, шошилинч хулоса чиқарган. Бир ниятим бу кетишда ундан журналист чиқмаслигини айтиб, танбеҳ бермоқчи ҳам бўлдиму, аммо дугонасининг олдида уялтиргим келмади.

– Агар шубҳалансангиз, – дедим босиқлик билан, – ўша сўз ўрнига тире қўйиб қўя қолинг.

Шу пайт иккинчи қиз ажабланган кўйи суҳбатга аралашиб:

– И-я, унда беморлар бу доридан бехабар қолишади-ку, домла! – деди.

“Фотима-Зуҳро”ларнинг саводи бунчалар ғовлаганига кулишимни ҳам, куюшимни ҳам билолмай, бирпас жим қолдим. Пировардида йўлини топдим.

– Бўлмаса, бундай қиламиз, – дедим жиддий оҳангда. – Ҳозир сизлар бирор кутубхонага бориб, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” ҳамда “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”дан шу “дори” номининг асл маъносини билиб келасизлар. Кейин уни мақолага киритиб, газетада эълон қиламиз. Қарабсизки, одамлар оламшумул янгиликдан бир зумда воқиф бўлишади. Қани,  энди шахдам қадамлар билан олға!

Гапимдаги пичингни ҳам, коса тагидаги нимкосани ҳам илғамаган қизлар сумкачаларини елкаларига илиб, кутубхонага шошилишди. Мен чуқур хўрсиниб, ишимга тутиндим.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.
 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"