Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4355
9611
9649

-38
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
75657
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 180 589
Главная "ISTE'MOLCHI" Табиат хиёнатни кечирмайди

ekologiya_160CITES конвенцияси нималигини биласизми?

Сарлавҳани ўқиганингиз ҳамоно “Ҳақиқатан, бу қанақа ҳужжат?” дея ажаб­ланган бўлсангиз керак. Унда эшитинг: СITES йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо қилиш тўғрисидаги конвенция саналади. У 1973 йил 3 мартда Вашингтонда қабул қилинган ва 1975 йил 1 июлдан кучга кирган. Ушбу ҳужжат иловаларига йўқолиб кетиши эҳтимоли бор ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари намуналари киритилади. Иловалар ҳар уч йилда конвенция иштирокчилари ҳисоб­ланган мамлакатлар конференциясида тасдиқланади.

Ўзбекистон бу битимга 1997 йили қўшилган. Ўз навбатида, ҳайвонот ҳамда ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш, тадбиркорлик фао­лияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонунларимизга мувофиқ, айни йўналиш бўйича алоҳида низом ишлаб чиққан. Унда конвенция иловаларига киритилган ҳайвонот ва наботот турлари намуналарини юртимизга олиб кириш ёки олиб чиқишга рухсат бериш йўл-йўриқлари ва талаб­лари ўз ифодасини топган.

Табиийки, СITES иловаларига киритилган намуналарни божхона чегарасидан олиб ўтишда махсус тартиб-таомилларга амал қилиш керак. Намуналарнинг ҳар бир туркумига СITESнинг махсус рухсатномаси бўлиши лозим.

Биринчи илова йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонот ва ўсимлик турларини ўз ичига олади. Уларни тижорат мақсадида экспорт, реэкспорт ва импорт қилиш тақиқланади (Конвенция котибияти белгилаган тартибда рўйхатдан ўтказилган питомникларда, жумладан, ҳайвонот боғларида кўпайтирилган иккинчи авлод намуналари бундан мустасно). Бу иловадаги намуналарни чет элга олиб чиқиш учун СITESнинг ҳам экспорт, ҳам импорт бўйича рухсати керак. Иккинчи иловадан муайян вақтда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлмаса-да, лекин келгусида шундай бўлиши эҳтимоли бор ҳайвонот ва наботот турлари ўрин эгаллаган. Улардан фойдаланишда тирик қолишига таҳдид солувчи шарт-шароитларга йўл қўймаслик зарур. Айни чоғда, иккинчи ва учинчи иловалардаги намуналар турларини чет элга олиб чиқиш учун СITESнинг экспорт рухсатномаси олиниши лозимлигини унутмаслик жоиз.

Яқинда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси шахсий таркиби билан ўтказилган навбатдаги ўқув семинари CITES конвенцияси иловаларида келтирилган ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларининг божхона расмийлаштирувини амалга ошириш масалаларига бағишланди. Унда тизим ходимларига ёввойи ҳайвонларни, шунингдек, уларнинг қисмларини, яшаш фаолияти маҳсулотларини, зоологик коллекцияларини, ўлжаларни ва тулумларни юртимизга олиб кириш ва олиб чиқиш тўғрисида қўшимча маълумотлар берилди. Айниқса, халқаро савдо қилиш тўғрисидаги CITES келишуви иловаларида қайд этилган, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи ҳайвон ва ўсимлик турлари намуналарини олиб ўтиш тартиб-қои­далари чуқур тушунтирилди.

Лоқайдлик қурбонига айланган ноёб жониворлар

Дарвоқе, экология ва атроф муҳитни, ҳайвонот ва наботот оламини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга божхоначиларимиз ҳам ўз ваколатлари доирасида баҳоли қудрат ҳисса қўшиб келишмоқда. Айниқса, анқонинг урғуга айланиб бораётган баъзи ёввойи жониворлар ва ўсимлик­ларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйиш учун кескин чоралар кўришмоқда.

Бироқ, шунга қарамай, орамизда шахсий манфаати йўлида она табиатга зиён-заҳмат етказишдан заррача ҳайиқмайдиган, саховатли замин бойликлари ва башарият анъаналарига хиёнат қилишдан тап тортмайдиган кимсалар бот-бот учраб турибди. Масалан, Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматидан олинган маълумотга қараганда, яқинда “Тошкент” халқаро аэропортида худди шундай қонунбузарликлардан бири фош этилди. Куала Лумпур сафаридан қайтган йўловчи Бекзод Истамов (исм-шарифи ўзгартирилган) назоратдан ўтиш чоғи тўлдирган декларациясида ўзи билан тўрт турдаги йигирмата ёввойи қушни ва 10 та бенгал ёввойи ўрмон мушугини олиб келаётганини рўй-рост қайд этди. Бу билан гўёки “Мен ҳайвонот олами шайдосиман. Лекин ҳеч қачон пинҳона иш юритмайман, шунинг учун эл олдида юзим ёруғ!” демоқчи бўлди. Аслида-чи?..

Аслида у аллақачон кетма-кет хатога йўл қўйиб, қовун туширганди. Биринчидан, бу ишга жазм қилишдан олдин “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига биноан, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан бериладиган рухсатномани олмаганди. Иккинчидан, мазкур қўмита экспертлари у келтираётган жониворлар орасидаги тўртта тўти ҳамда ўнта бенгал ёввойи ўрмон мушуги боласи йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар сирасига киришини аниқлашди. Демак, уларни божхона чегарасидан ўтказиш учун СIТES конвенцияси рухсатномаси ҳам кўрсатилиши шарт эди. Учинчидан, халқаро меъёрларга кўра, ёввойи ҳайвонлар ташиладиган контейнерлар алоҳида талабларга жавоб бериши лозим. Чунончи, ҳар қайси қафас фақат битта жониворга мўлжалланиши, унда емиш солинадиган охур, сувдон, шамоллатиш тешиклари ва бошқа имкониятлар бўлиши керак.

Афсуски, Бекзод Истамов жорий талабларнинг бирортасига ҳам риоя қилмаган экан. Шу боис, унинг бу борадаги хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди. Нобоп контейнердаги жонзотлар эса тегишли тартибда олиб қўйилиб, масалага ойдинлик киритилгунга қадар сақлаш учун Тошкент ҳайвонот боғига топшириладиган бўлди. Бироқ ташиш қоидалари бузилгани ҳаял ўтмай асоратини кўрсатди – ёввойи тўтилардан иккитаси жон таслим қилди. Ҳаёти таҳлика остида қолган бошқа жониворлардан аксариятининг қисмати ҳам аянчли якун топди. Ҳайвонот боғи ходимлари ҳарчанд уринмасинлар, еттита бенгал ўрмон мушукчаси ва саккизта ёввойи қуш ҳалок бўлди.

Алқиссса, ноёб турдаги беозор мавжудотлар мўмай даромад орттириш илинжида нафсини тия билмаган ва уларнинг уволидан қўрқмаган кимсанинг бепарволиги ва бешафқатлиги қурбонига айланди.

“Менинг нафсим балодир...”

Бир замонлар Марказий ва Ғарбий Осиёнинг чўл ва ярим чўлларида, ўрмон ва даштларида, текислик ва тоғларида жайронлар тўда-тўда бўлиб яшаган. Мўғулистон, Ғарбий Хитой ярим чўлларига, Қозоғистон, Қалмиқ саҳролари, Қуйи Волга бўйлари ва Марказий Осиё шимолидаги биёбонларга эса сурув-сурув сайғоқ (оққуйруқ)лар файз-кўрк бағишлаган. Улар наботот оламига жиддий зарар етказмаган, билъакс, яшаш жойидаги табиий мувозанатни барқарорлаштириб, фаунани бойитишга, биохилмахилликни таъминлашга хизмат қилган. Сайғоқлар, асосан, мазали гўшти ва қимматбаҳо териси учун овланган. Шифобахш шохлари Хитой, Жанубий ва Шарқий Осиё халқлари табобатида азал-азалдан кенг қўлланилган.

Қарангки, айнан мана шу фазилатлари уларнинг бошига бало келтирди. Текин даромадни кўзлаган овчилар ва браконьерларнинг ваҳшийликлари туфайли сўнгги чорак аср мобайнида дунёдаги сайғоқлар 94-97 фоиз камайиб кетди. Ҳозирга келиб, улар фақатгина Ўзбекис­тон, Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Мўғулистонда қисман сақланиб қолди. Шу боис, бутунлай қирилиб кетиши эҳтимолдан йироқ бўлмаган ҳайвон сифатида халқаро ва Ўзбекистон қизил китобларига киритилди. “Саҳро гўзаллари” саналмиш беозор жайронлар ҳам худди шундай оғир қисмат исканжасида қолди.

Тўғри, юртимизда иккала жониворни ҳам асрашга, яшайдиган ва кўпаядиган жойларини муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шунингдек, уларни баногоҳ овчилар тузоғига илинишдан сақлаш чоралари кўриляпти. Аммо браконьерлар ҳам анойи эмас. Назоратчилар шохида юрса, бу устасифаранглар баргида юришади. “Менинг нафсим балодир, ёнар ўтга соладир” қўшиғини мийиғида хиргойи қилиб, жайронлару сайғоқларни ўлжа олишнинг, шохлари ва терисини қиммат нархда пуллашнинг минг бир усулини ўйлаб топишади. Буни сўнгги йилларда фош этилган айни турдаги қатор жиноятлар ҳам исботлайди.

Бундан бирмунча олдин чегарачилар, божхоначилар ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ихтисослаштирилган Амударё инспекцияси назоратчилари Устюртда ўтказилган рейд чоғи сайғоқларнинг 302 шохини олиб кетаётган браконьерларни ушлашди. Водийлик қонун посбонлари Фарғона шаҳрида катта жиноятнинг пайини қирқишди. Улар шубҳа остига олган омборда сайғоқларнинг 468 та шохи ва 72 дона бўлаги, 170 дона териси мавжудлиги аниқланди. Суриштирувлар асноси жами қиймати 148 миллион сўмлик бу маҳсулотлар Сўхда яшовчи фуқарога тегишли бўлиб чиқди. Ёки айтайлик, “Қорақалпоғистон” темир йўл-чегара божхона пости ходимлари Тошкент – Волгоград йўналиши бўйича қатновчи поездни кўрикдан ўтказаётиб, 15 дона сайғоқ ва 11 дона жайрон шохини хуфиёна олиб чиқиб кетмоқчи бўлган икки йўловчининг хомхаёлларини росманасига саробга айлантиришди. Улардан олиб қўйилган қимматбаҳо ва шифобахш ашёвий далилларни Қорақалпоқ давлат ўлкашунослик музейига топширишди.

Агар дўппини бундоқ четга қўйиб, хомчўт қилиб кўрсангиз, юқорида тилга олинган уч ҳолатда жами 796 та сайғоқ шохи аниқланган. Бу оз эмас-кўп эмас, 398 та эркак сайғоқ ўлдирилганини анг­латади. Бундай дейишимизнинг боиси, урғочи сайғоқнинг шохи бўлмайди.

Сал кейинроқ Тошкент ва Хоразм вилоятлари божхоначилари ҳам хорижлик харидорларга етказиб берилиши мўлжалланган катта миқдордаги икки партия сайғоқ шохларини ушлаб қолишди. Жорий йилнинг авжи қишида Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги биоинспeкциянинг Қорақалпоғистон Рeспубликаси, Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудий инспeкцияси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Тахтакўпир туманидаги “Китай-козган” коллeктори ҳудудида тeзкор тадбир ўтказишди. Режа бўйича Т.Нурабуллаев, С.Аримбетов, А.Бердияров, Қ.Изимуратов, С.Искандаров тасарруфидаги “УАЗ – 469” автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Кўз очиб-юмгунча унда ов қуроли билан отиб ўлдирилган 20 бош ёввойи жайрон олиб кетилаётгани аён бўлди. Экспертлар бу ёвузликлар туфайли ҳайвонот оламига 258 миллион 360 минг сўм миқдорида зарар eтказилган деган хулосага келдилар.

Шубҳасиз, бугунга келиб, жиноятчилар қилмишларига яраша жазо олишган, зарарларни тўлашгандир. Лекин бу билан нима ўзгаради? Шафқатсизлик қурбони бўлган жайронларни тирилтириб, ўрнини тўлдириб бўладими?

Сўнгсўз ўрнида

Талай мамлакатларда табиат мутаносиблигига, наботот ва ҳайвонот дунёсига путур етказган киши, кимлигидан қатъи назар, шак-шубҳасиз, жазоланади. Сўзимизнинг тасдиғи сифатида ҳиндистонлик дунёга машҳур актёр – Болливуд юлдузи Салмон Хон билан боғлиқ воқеа­ни бирров эслайлик. Айтишларича, у 1998 йили Рожастон штатида янги бадиий фильм суратга олинаётган дамларда тўрт нафар ҳамкасби билан бирга ножўя ишга қўл уради. Машинаси деразасини очиб, давлат муҳофазасидаги ноёб ки­йиклардан иккитасини ноқонуний овлайди. Кузатувга тушганини илғагач, ўлжаларни ташлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлади. Барибир жавобгарликдан қочиб қутулолмайди. У камёб ва ноёб ҳайвонларни овлашни тақиқловчи “Ёввойи табиат муҳофазаси тўғрисида”ги қонунни бузишда гумон қилинади. Узоқ давом этган музокаралардан сўнг 2006 йили браконьерликда айбланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Ҳеч қанча ўтмай, бу ҳукм бекор қилинади.

Айни ҳолат бултур яна такрорланди. Салмон аввалига ўқотар қуролдан ғайриқонуний фойдаланган деган важ асосида жавобгарликка тортилди, кейин тағин оқланди. Жорий йилнинг 5 апрелида эса иш Рожастон штати раҳбариятининг апелляция шикояти асосида қайта кўрилди. Пировардида Жодҳпур шаҳри суди актёрга нисбатан 5 йиллик қамоқ ҳамда 10 минг рупий (154 АҚШ доллари) миқдорида жарима жазоси тайинлади.

Албатта, Салмон Хон ва адвокатлари бу сафар ҳам суд ҳукмини бекор қилиш учун курашмоқдалар. У қандай якун топиши бизга қоронғи, аммо бошқа бир ҳақиқат кундай равшан. Эҳтимол, биз хом сут эмган бандалигимизга бориб ёки азбаройи раҳмимиз келганидан жиноятга қўл урган кишини афв этармиз. Эҳтимол, тавбасига таянганини, гулдай оиласи, норасида фарзандлари борлигини назарда тутиб, унга меҳр-саховат кўрсатармиз. Лекин табиат-чи?.. У ҳазилни ёқтирмайди, хиёнатни ҳеч қачон кечирмайди, ўзига етказилган қилдай зарар учун филдай қилиб ўч олади. Бу интиқом асорати йилларга, керак бўлса, асрларга татийди, у бизга ҳам, келгуси авлодларга ҳам жуда-жуда қимматга тушади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"