Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6530
10251
10205

+46
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
198713
230255
71033

+159222

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 494 414
Главная "ISTE'MOLCHI" ГМО ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари

gmo_160_2212Замонавий босқичда ривожланиб бораётган янги агробиотехнологиялар, анъанавий селекция ютуқларидан самарали фойдаланиш ҳамда қишлоқ хўжалигида инновацион технологияларнинг самарали қўлланилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда асосий омил вазифасини ўтаб келмоқда. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ўзига хос инқилоб вазифасини ўташи назарда тутилган ген муҳандислиги ҳамда генетик модификацияланган организмлар (ГМО) озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етиштириш жараёнларига кенг миқёсда татбиқ этилаётгани мамлакатимизда мазкур воқеликнинг салбий ва ижобий жиҳатларини ўрганиш заруратини вужудга келтирмоқда. Таъкидлаш жоизки, тиббиёт соҳасида муваффақиятли қўлланилаётган ген муҳандислиги жаҳон ҳамжамияти томонидан қарама-қаршиликларга учрамаса-да, мазкур тажрибанинг қишлоқ хўжалиги соҳасида қўлланилиши кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда.

Дунё олимлари томонидан озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни бартараф этиш ва аҳолини етарли даражада озиқ-овқат билан таъминлашга эришишда истиқболдаги асосий омил сифатида ген муҳандислигига эътибор қаратилди. Ушбу фаолият асосида ўсимликлар ҳосилдорлигини ошириш ва ташқи салбий таъсирларга чидамлилигини таъминлаш масалаларини ҳал этиш ғоялари илгари сурилди. Бунга эришиш учун салмоқли маблағлар ажратилди, улкан илм-фан ресурслари жалб этилди.

Умуман олганда, генетик ўзгаришларни тадқиқ этишга оид илм-фаннинг ривожланиш тенденцияларига эътибор қаратилса, қисқа даврда юқори натижаларга эришилгани кузатилади. АҚШ 1982 йилда трансгенли организмларнинг дала синовларига илк маротаба мурожаат қилди. 1994 йилда эса трансген ўсимликлар етиштириш учун рухсатнома олинди.

Хусусан, илк маҳсулот помидорнинг “Flavr-Savr” нави бўлиб, у “Monsanto” компанияси томонидан етиштирилган. 1996 йилдан трансген ўсимликларни оммавий етиштириш даври бошланди, 2000 йилга келиб эса мазкур жараёнга оид хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича норозиликлар кучайиб кетди. Шу билан бирга, трансген организмлардан фойдаланиш ва биологик хавфсизликни таъминлаш бўйича халқаро меъёрларга қаратилган Картахен баён­номаси имзоланди.

Тадқиқотлар давомида ГМО билан боғлиқ жараёнларнинг ривож­ланишини 4 босқичга ажратган ҳолда ўрганиш мумкин.

Дастлабки босқич илмий тадқиқотлар даври бўлиб, у 1970-1983 йилларни қамраб олади. Бу даврда генетик модификациялашга асос бўлган ДНК ҳужайраларини тадқиқ этиш, уларни ўсимлик ва бош­қа организмларда қўллаш истиқболлари илмий жиҳатдан ўрганилди.

1983-1996 йилларни ўз ичига олган иккинчи босқич ўсимликларда ген муҳандислиги қўлланилиши даврининг бошланиши бўлиб, шаклланиш даврини ифода этади. Бу давр­да экинларининг зараркунандалар ва ҳашоротларга чидамли ҳосилдор навлари, маҳсулдор ҳайвон зотлари ҳамда озиқ-овқат саноатида турли қўшимчаларнинг модификация қилиниши билан боғлиқ жараёнлар деҳқончилик, чорвачилик, тиббиёт ва озиқ-овқат саноати соҳаларида кенг қўлланилди.

Шунингдек, ГМОни яратиш зарурияти пайдо бўлишига сабаб сифатида ХХ асрнинг иккинчи яримида юзага келган бир қатор омилларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Аввало, аҳоли сонининг ортиб бориши – сўнгги асрда дунё аҳолиси сони қарийб икки баробар кўпайи­ши озиқ-овқат хавфсизлиги масаласини долзарблаштирди. Бу эса ресурслар чекланган шароитда интенсивлаштириш асосида максимал миқдордаги маҳсулот етиштириш заруриятини пайдо қилди.

Фан-техника тараққиё­ти – илм-фан ривожланиши фауна ва флора оламининг энг кичик ҳужайра ҳамда тўқималарини ўрганиш имкония­тини берди. Бу эса ген муҳандислиги технологиялари ривожланиши учун ўзига хос шарт-шароит яратди.

Тиббиёт-фармацевтика ривожи – узоқ муддат давомида олиб борадиган муваффақиятли тадқиқотлар, хусусан, инсулин ихтиро қилиниши бўйича эришилган ютуқлар, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида ген муҳандислиги тадқиқотларига салмоқли молиявий маблағларнинг ажратилиши ва ривожланишига туртки берди.

Иқтисодиётнинг глобаллашуви – глобал иқтисодиёт кучли рақобатни вужудга келтириб, иқтисодиёт субъектларининг бозорда ўз ўрнига эга бўлиши учун маҳсулот таннархини туширишга ҳамда технологик устунлик орқали монопол шароитларни қўлга киритишга интилишларни кучайтриб борди.

ISAAA агентлиги маълумотларига кўра, 2015 йилнинг бошида дунё бўйича экиладиган 111,0 млн. гектар соя майдонларидан 90,7 млн. гектари ёки 82 фоизи, 37,0 млн. гектар пахта майдонларининг 25,1 млн. гектари ёки 68 фоизи, 184,0 млн. гектар маккажўхори майдонларининг 55,2 млн. гектари ёки 30 фоизи, 90,0 млн. гектар рапс экин майдонларининг 36,0 млн. гектари ёки 25 фоизига, умумий ҳисобда 368 млн. гектар экин майдонларининг 181,5 млн гектарига, яъни 49 фоизига генетик модификацияланган экинлар экилган.

Дунёда генетик модификацияланган (ГМ) маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошланган 1996-2016 йиллар оралиғидаги даврда ГМ-ўсимликлар билан банд бўлган экин майдонлари ҳажми 100 баробар ортиб, 1,7 млн. гектардан 181,5 млн. гектарга етган. Бу дунё бўйича экин майдонларининг 13 фоиздан ортиғини ташкил этади. Мазкур кўрсаткич 2017 йилда 185 млн. гектарни ташкил этиб, умумий бозор ҳажми 150 млрд. АҚШ долларига тенг маблағни ташкил этган. Қайд этилган даврда истеъмол қилинган ГМ маҳсулотлар миқдори бир трлн. тоннадан ортиқ. Бугунги кунда бундай ўсимликлар дунёнинг 27 дан ортиқ давлатида етиштирилади. Хусусан, ҳозир ер юзидаги жами суғориладиган ерларда ГМО етиштириладиган ҳудудлар улуши 13 фоизни ташкил қилиб, шундан 40,3 фоизи (73,1 млн. гектар) АҚШ, 23,3 фоизи (42,2 млн. гектар) Бразилия, 13,4 фоизи (24 млн. гектар) Аргентина ҳисобига тўғри келади (жами 77 фоиз). Бундан ташқари, Ҳиндистон ва Канада 6,5 фоиз (11,6 млн. гектардан), Хитой ва Парагавай 2,1 фоиз (3,9 млн. гектардан), ЖАР, Покистон ва Уругувай юқори ўнликни якунлаган.

Шу йўналишда “Сигента”, “Монсанто”, “Байер Кроп Сайенс”, “Дюпон”, “Адванта” каби ТМКлар жаҳон бозорининг асосий қисмини эгаллаб олган. Бу борадаги монополияга илмий технологияларни молиялаштириш, мутахассислар, лабораториялар ва тажриба майдонлари моддий-техник базаси имкониятлари кенглиги орқали эришилган. Ушбу компаниялар томонидан асосий таъкидлар сифатида озиқ-овқат борасидаги муаммоларнинг глобал ҳал қилиниши, ўсимликлардаги турли касалликлар ва зараркунандаларга чидамлилик, ҳосилдорликнинг максимал даражада ошиши, маҳсулотдаги меҳнат сиғими камайиши ва даромаднинг ошиши каби жиҳатлар қайд этилади.

Мазкур соҳада етакчилик қилувчи “Монсанто” ТМК биотехнологиялар, уруғчилик ва минерал ўғитлар борасида монополия яратган. Дунё бўйлаб 500 филиал, 66 давлатда 404 заводга эгалик қилиб, йиллик молиявий айланмаси 15 млрд. долларни, соф фойдаси эса 2,7 млрд. долларни ташкил қилади. Маккажўхори, соя ва пахта уруғларининг бир қанча турларини, шунингдек, энг кўп тарқалган “Раундап” гербициди компаниянинг асосий маҳсулотлари ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигида ген муҳандислиги технологияларининг қўлланилиши озиқ-овқат хавфсизлигидаги кўрсаткичлардан маҳсулот етказилиши барқарорлиги, озиқ-овқат билан таъминлашнинг доимийлиги ҳамда унга эга бўлиш кабиларга ижобий таъсир кўрсатади. ГМО омилининг вужудга келиши ва ривожланиш тенденцияларининг озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқлигини ушбу маҳсулотлар истеъмолидаги салбий таъсирларга нисбатан сақланиб қолаётган мавҳумлик билан ифода этиш мумкин.

Озиқ-овқат хавфсизлиги элементлари билан ГМО омилининг ўзаро боғлиқлиги борасида шуни қайд этиш мумкинки, аҳолининг озиқ-овқат истеъмоли хавфсизлигидаги рисклар бошқа элементларга нисбатан кўпроқ аниқ аҳамият касб этади. Мазкур таҳдидлар тўғридан-тўғри инсон саломатлиги ва аҳоли генофондига салбий таъсирлар эҳтимолини юзага келтиради. Бир қатор нуфузли илмий марказлар ва экспертлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижалари мазкур муаммо бўйича ягона хулосага келиш имконини бермайди. Айни босқичда мазкур жараёнга нисбатан қарама-қарши фикрлар сақланиб қолмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ген муҳандислиги ва ГМОнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирини чуқур ўрганиш зарур. Шунингдек, бу борада истиқболда мамлакатимиздаги ҳуқуқий-ташкилий жиҳатдан самарали механизмлар орқали вужудга келиши мумкин бўлган рискларни минималлаштиришга эришиш лозим.

Зокир ФАЙЗИЕВ,

мустақил тадқиқотчи.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"