Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1452
5372
5739

-367
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
66577
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 528 302
Главная "ISTE'MOLCHI" Норпошшо ҳасанова: “Баҳор нашидаси тотли, ёқимли...”

norposhsho_160Мусиқали театр... Бу ерда ёқимли овоз эгаларининг жонли ижроси – дилга яқин қўшиқлар ҳар куни янграб туради. Бошқа театрлардан фарқи ҳам, жозибаси ҳам шунда. Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрининг жонкуяр актрисаси, ўзининг хуш овози билан мухлислари эътиборини қозонаётган Норпошшо Ҳасанова бугун таҳририятимиз меҳмони.

– Норпошшо опа, сиз билан гўзал баҳор фаслида дийдорлашиб турибмиз.

– Ҳа, ўзининг тотли, ёқимли шаббодаси билан шижоатни, ғайратни уйғотиб, борлиқни яшнатиб баҳор кириб келганида учрашганимизнинг ўзи ажойиб! Ҳар фаслнинг ўз таровати бор. Мен бошқа фасллар каби баҳорни ҳам жуда яхши кўраман. “Қиш уйқусидан уйғониб” яшилликка бурканаётган замин, лолақизғалдоқлардан қирмизи тус олаётган қир-­адирлар, қуёшли-булутли осмон, қушлар чуғуриғи, қалдирғочларнинг айвонларимизга ин қуриши, турналар учиши... Сумалак, ҳалим, кўк сомсалар иси...
8 март байрами, Наврўз айёми сайиллари... Агар исмим Баҳорой бўлганида, яна яхшийди, деб ҳазиллашгим ҳам келади. Аммо менинг исмимниям ўз тарихи, залвори бор. Бу исмни менга онам томондан бобом, аммам қўйишган экан. Асли Раъно исмини бермоқчи бўлишган, аммо кўзимнинг бир четида кичкинагина нор борлигини кўриб, Норпош­шо деб аташган. Уруш пайтида бир қишлоқ одамларини Норпошшо исмли забардаст аёл очликдан эсон-омон асраб қолган экан. У отда эркаклардай виқор билан юрар, элга ўз болаларидай ғамхўрлик қилиб, уларга доим бош-қош бўларкан. Шу аёлга меҳр-муҳаббатлари кучлилигидан менга унинг исмини беришган.

– Демак, ўша забардаст Норпошшо буви эндиликда отахон театрда етук актриса экан-да! Ахир сиз ҳам шиддатли, эркакларга хос кучли характерга эгасиз.

– Менга кўпчилик шундай таъриф беради ва бу менга янада ғурур бахш этади, ғайратим жўшади. Кўпинча ўйлайман, агар имконим бўлсайди, энг аввало, етим болаларнинг, ногиронларнинг яхши яшаши, ўқиши учун маб­лағимни сира аямас эдим. Умуман, қийин аҳволда қолганларни кўрсам, юрагим эзилади. Билмадим, негадир дардли ролларни яхши кўриб ижро этаман. Айниқса, ария айтганимда бутун вужудим куйлайди, қалбим йиғлайди, ҳис-ҳаяжоним ошиб кетади. Болалигимда шифокор бўлишни хоҳлаганман, қўғирчоқларимга “укол қилардим”. Сўнг юрист бўлишни, адвокат бўлиб ишлашни орзу қилганман, актриса бўлиш хаё­лимгаям келмаган. Зеро, мактабда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, мактаблараро ўтадиган турли бадиий танловларда фаол қатнашиб, ҳар доим юқори ўринларни олардим, ўзбекча, ҳиндча, тожикча қўшиқларни берилиб куйлардим, ҳамма жон қулоғи билан эшитарди. Ўн тўрт ёшимда телевизорда мусиқали театрнинг “Ўжарлар” спектаклини кўрдим. Ушбу спектакль, унда роль ижро этган артистлар юрагимни шундай забт этдики, дабдурустдан “Мен актриса бўламан, худди мана шу театрда ишлайман!” дея ўзимга ўзим аҳд қилдим. Эътибор қилсам, онам телевизорда бериб бориладиган ҳамма спектаклларни киприк қоқмай кўрар, Наима Пўлатова, Суръат Пўлатов каби санъаткорларнинг арияларини севиб тинглар, тасаннолар айтарди. Балки шунгадир, менинг артистлик касбини танлашимга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаган. 1978 йили санъат олийгоҳининг талабаси бўлганман ва 1983 йили ўқишни тамомлаб, худди ўзим орзу қилганимдай, ушбу муқаддас даргоҳга ишга келдим. Мана, ўттиз беш йилдан буён бу ер менинг иккинчи уйимга, ҳамкасбларим эса қадрдонларимга айланишган. Институтда актёрлик маҳоратидан сабоқ берган раҳматли устозларим – профессор Абдураҳим Сайфутдинов, Жаббор Жумақулов ва ҳозирда театримиз режиссёри, кўплаб машҳур спектакл­ларни саҳналаштирган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Аҳад Пармонов менинг актриса бўлиб шаклланишимда катта ҳисса қўшган устозларим бўлади. Умуман, барча улуғ санъаткорлар, театр остонасини мендан олдин ҳатлаган актёр-актрисалар мен учун устоздир, улар олдида ҳамиша таъзимдаман. Янгидан янги кириб келаётган ёшларимизга эса жуда ҳавасим келади: хушфеъл, ақлли, зукко... Улар шеърхонлик қилиб қолишса борми... Ёки кўпчилиги спортчи десам адашмайман, чаққон, эпчил... Мана шундай ёшлар билан биз катталар ҳам ёшариб юрамиз-да! Ролларимга келсак, хоҳ ижобий, хоҳ салбий, хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, танламайман, ўйнаб кетавераман, табиий чиқаришга бор имкониятимдан фойдаланаман. “Антиқа совчилар”даги Ҳакима, “Хонима”даги Хонима, “Олифта”даги Сора, “Асл хазина”даги Эркиной ролларини севиб ижро этаман.

– Сизни театрнинг жонкуяри, ўз касбининг фидойиси деб айтишади...

– Бундай сўзларни эшитиш... Мукофот олгандай бир гап, хурсандман. Биласизми, жамоамизда ҳамма фидойи, десам муболаға бўлмайди, театрда ҳамманинг ўзига яраша ўрни бор. Қандай соҳа, касб бўлмасин, масъулиятни талаб этади. Мен кўпинча тушларимда ишга кеч қолган бўламан ёки ролимнинг сўзларини унутиб қўйиб, ҳадеганда ёдимга келавермагач, уятдан қийналиб ёки қўрқув билан уйғонаман. Мен ишга доим вақтида бораман, театрни, ролларимни биринчи ўринга қўяман, шу сабаб телевизион кўрсатувларга, кино ёки сериалларга унчалик ҳам вақт топавермайман. Бошимдан жуда кўп оғир кунларни ўтказганман, жонажон театрим, азиз ҳамкасбларим менга умид бахш этган, руҳиятимни кўтарган, ўзимни топишимга кўмак берган. Атрофингда яхшиларнинг бўлиши – бу чинакам бахт.

– Нималар сизни изтиробга солади?

– Мен мана шундай гўзал, осуда ватанда туғилганимдан фахрланаман, шукроналар қиламан. Аммо шундай юртнинг фарзанди бўла туриб, ношукурлик қиладиганларнинг ишидан изтиробга тушаман. Орамизда ватанфурушлар, гиёҳвандлар, порахўрлар, умуман, ёмон иллатларга ўралашиб қолганлар бўлмаслигини истайман. Театрни бежиз кўзгуга қиёслашмайди. Ҳар бир спектаклда ибрат ётади. Мени яна изтиробга соладигани... ҳар йили 8 март кунида табриклай десам, онам раҳматлининг йўқлиги... Онаси борларга ҳавасим келади... Турмуш, бола-чақа, иш ташвиш­лари билан бўлиб онагинамдан тез-тез хабар ололмасдим, бу менга катта армон бўлиб қолди. Онамнинг икки ўрим сочи, худди эртакдаги гўзалларникидай, жуда узун ва қалин эди, ҳамма ҳавас билан боқарди... Оналар ҳақидаги шеър, қўшиқларни яхши кўраман, билганларимни тилимдан қўймайман, тадбирларда, учрашувларда албатта ижро этаман.

– Ҳар йили баҳорда театрда анъанавий сумалак, Наврўз тадбирлари ўтса керак? Сиз санъаткорларники ўзгача бўлади-ёв...

– Ҳа, ҳадемай театримиз ҳовлисида сумалак бошлаймиз, барчамиз яна бир оиладек жамулжам бўламиз. Тадбиримиз тўйдек бўлиб кетади! Етказганига шукр, буларнинг бари тинчлигимиздан. Тинчлигимизга кўз тегмасин!

– Агар кузатаётган бўлсангиз, ҳозирги одамлар истеъмолчи сифатида анча зийрак бўлиб қолишган. Сиз ҳам ўзингизни ана шундай истеъмолчиман деб айта оласизми?

– Албатта! Бир мисолни айтсам. Дўкондан қуюлтирилган сут харид қилдим ва уйда уни очиб кўрсам, рангиям, ҳидиям айниган. Дарҳол сотувчига рўбарў бўлдим, “эскирган маҳсулотни сотишга уялмайсизми?” дедим ва пулимни қайтариб олдим. Бошқа қайтиб бу дўкондан нарса олмай қўйдим. Шу ўринда айтмоқчиманки, сотувчида ҳам, дўкон эгасида ҳам виждон уйғоқлиги бўлиши керак, пулни ҳалол топ­ган яхши-ку. Одамлар ҳаётига хавф туғдирадиган маҳсулотларни қўрқмай сотишнинг ўзи жиноят аслида! Мен фарзандларимга ҳам харид қилаётган маҳсулотининг санасига, янгилигига катта эътибор қаратиши лозимлигини доим уқтираман.

– Норпошшо опа, сизни ва жамоан­гизни яқинлашиб келаётган баҳор байрамлари – 8 март ҳамда Нав­рўз айёми билан табриклаб, омад ва бахт ҳамиша ёр бўлишини тилаймиз. Самимий суҳбат учун раҳмат.

Суҳбатдош: Роҳат ҚУРБОНОВА.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"