terminal_160“Терминалимиз тўлиб қолди”, “Батарея қуввати тамом бўлди”, ”Терминал чек чиқармаяпти” – айрим сотувчилар томонидан қўлланиладиган бундай баҳоналар кўпчиликка яхши таниш.

Самарқанд туманида яшовчи Ғ.Эргашев ҳам шифер харид қилиш учун Гулобод савдо мажмуасида жойлашган дўконга борганида, сотувчидан “терминал ишламаяпти” деган жавобни олди. Харидор ўз ҳақини тала7б қилиб, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига қўнғироқ қилди. Мазкур оғзаки ариза кўриб чиқилиши учун федерациянинг Самарқанд шаҳри жамиятига юборилди.

Мутахассисларнинг ўрганиши жараёнида ўша куни “Умар проф савдо” дўкони терминали қуввати тугаб қолгани боис, мижоз билан савдо-сотиқ ишларини амалга ошира олмагани маълум бўлди. Сотувчига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Аризачининг жамиятга ёзган миннатдорлик хатида ҳуқуқи тикланиб, банк пластик картасига 23 дона шифер харид қилгани билдирилган.

Бахтигул ҚАРШИЕВА,

Самарқанд шаҳри ИҲҲҚЖ мутахассиси.