Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4607
10266
8853

+1413
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
176334
230255
93412

+136843

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 472 035
Главная "ISTE'MOLCHI" Шохлашиш ҳам саломлашишми

salomlashish_160Бундан ўн беш йилча муқаддам Иккинчи жаҳон уруши ветерани, Янгийўл шаҳри марказий шифохонасида 45 йил бош врач сифатида фаолият юритган Ойбек Болтабоев билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлганман. Ойбек ака нафақада бўлишига қарамай, элга нафим тегсин, деган мақсадда ҳафтада икки кун пойтахтдан қатнаб, бизнинг бўлимда касалларни қабул қиларди. Биз, ёшлар учун у киши келадиган кун байрамга айланиб кетарди гўё. Бу инсонни ҳаммамиз ўз отамиздек яхши кўрардик. Узоқ йил юқори лавозимда ишлаган бўлса-да, феълида кибрдан заррача асар бўлмаган, юмшоқ табиатли, хушчақчақ, юз-кўзларидан меҳр порлаб турадиган табаррук инсон эди у киши!

Ойбек Болтабоев ҳар сафар беморлар қабулидан олдин хонага бирров бош суқиб, ҳол-аҳвол сўрашни канда қилмасди. Мен у кишининг келишидан воқиф бўлардим, чунки “санитарка” қизимизга Ойбек Болтаевич келиши биланоқ менга хабар беришини тайинлаб қўйгандим ва салом беришга шай турардим. Лекин ҳеч қачон бунинг уддасидан чиқолмасдим. Одатда у киши мендан олдин “Ассалому алайкум! Ишлар билан чарчамаяпсизларми? Оилангиз тинч, соғлиғингиз дурустми?” дердилар. Ҳар сафар аввалроқ салом беришга улгурмаганимдан хижолатда қолардим...

Баъзан ўзимдан ёши анча кичик, аммо амали борлар ёнимдан салом бермай, гердайиб ўтиб кетган пайтларда ёхуд телефон билан андармон бўлиб, атрофидагиларни унутиб қўйганларни ёки берган саломимга эъти­борсиз, алик олишга энсаси қотган ёши катта кишиларни кўрганимда Ойбек ака ёдимга тушаверади.

Манбаларда қайд этилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ҳеч ким у кишидан аввал салом бермаган экан. Расули акрам ҳамиша хоҳ ёши катта, хоҳ ёш бола бўлсин, барчасидан олдин салом берар эканлар. Нақадар чиройли, гўзал ҳолат! Бу нафақат камтарлик нишонаси, балки чин инсоний фазилат, юксак маданиятдан даракдир.

Баъзи ёши улуғ инсонларнинг саломга алик олиш ўрнига бош силкиб қўйишлари ҳам яхши одат эмас.

Саломлашиш одобига кўра, кимларнинг мартабаси баланд бўлса, у олдин салом бериши лозим. Чунки саломни аввал бериш кибрни кетказади. Ота аёлига ва болаларига салом бериб, уйга киради. Агар уйда ҳеч ким бўлмаса ҳам “Ассалому алайкум!” дейиш лозим. Саломлашишда қўлни кўтариб, турли бемаъни ҳаракатлар қилиш ножоиз саналади. Афсуски, бугунги кунда саломлашиш одоби бузилишининг турли кўриниш­лари учраб туради. Шунингдек, “Ассалому алайкум!” калимасини “Ас-сому алайкум!”, “Сомалайкум” тарзида бузиб айтувчилар ҳам йўқ эмас. Алик олишда ҳам яна бир хунук одат урфга кирмоқда: “Валекум салом”...

Глобаллашув жараёни дунё халқлари маънавияти, урф-одатларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Айрим йигитлар ўртасида қўл сиқишиб, табассум билан сўрашиш ўрнига бир-бири билан бош, елка ёки оёқ уриштириб кўришиш одатга айланиб боряпти. Бу ҳолатни мен одобсизлик, миллий қадриятларимизга ҳурматсизлик, деб атаган бўлардим.

Баъзан узоқ вақт кўришмасдан учрашиб қолган ошна-оғайнилар ёки дугоналар саломдан олдин “э, бормисан?”, “тирикмисан-ей?!” қабилида ҳазил-ҳузул қилиб, сўнг саломлашадилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Саломдан аввал сўз бошламанг. Ким саломдан аввал сўз бошласа, унга жавоб берманг”, деб буюрганлар.

Тошкент Ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмасида чоп этилган “Мусулмонларнинг одоб китоби”даги баъзи сатрлар мени беҳад суюнтирди. Мазкур китобда ёзилишича, мусулмонлардан йигирма кишига салом берган мўмин жаннатга киришга ҳақли бўларкан. Китобда эътиборга молик яна бир жиҳат ҳам қайд этилган: “Икки мусулмон учрашганда улардан қай бири аввал салом берса, ўша Аллоҳга севимлироқдир”.

Миллат маънавиятига алоқадор ҳолатларга лоқайд қараб бўлмайди. Саломлашиш – маънавият белгиси. Бир-биримиз билан учрашганда юракка меҳр-муҳаббат улашувчи каломни тўлиқ айтайлик. Айниқса, фарзандларимизга одоб-ахлоқ қоидаларини ўргатиб, маънавий юксалиш “Ассалому алайкум”дан бошланишини англатайлик.

Оддий бўлиб кўринган саломлашиш одоби атрофдагиларга қандай инсонлигимизни кўрсатибгина қолмай, бизни эзгулик ва зафарларга етказувчи амаллардан эканини унутмайлик!

Зулфия АМИНОВА,

шифокор.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"