Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2010
7012
6845

+167
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
157456
238474
104071

+134403

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 946 316
Главная "ISTE'MOLCHI" Шукрона айт, аввал парча нон учун

keksa_30Инсониятга ато этилган энг олий неъмат – тириклик саодати. Инсонни комиллик сари бошлайдиган бебаҳо туйғулардан бири эса шукроналикдир.

Халқимиз “Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр”, дея бежиз айтмайди.

Хориж оммавий ахборот воситаларидан бирида: ўзбеклар яхши кунига ҳам, ёмон кунига ҳам шукр қилаверади, деб иддао қилинибди...

Ҳа, ўзбеклар Яратган томонидан бандаларига берилган сиҳат-саломатлик, фаровонлик, бахт-саодат, тинчлик ва осойишталик каби бебаҳо неъматларга шукр қилиб, қадрига етиб яшашни севади. Қуръони каримда ҳам “Шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлаймиз” (Оли Имрон, 145), дейилган.

Биз тинч-осойишта ҳаётимиз, ўтаётган кунларимизга шукр қиламиз. Тинчлик бор экан, кўнглимиз хотиржам. Ҳар тонг қушларнинг чуғури билан уйғонамиз, эмин-эркин нафас оламиз, ишга, ўқишга отланамиз. Қорнимиз тўқ, устимиз бут, дастурхонимиз тўкин. Кундан кунга ҳаётимиз, турмушимиз фаровонлашяпти, юртимиз обод, кўркамлашяпти. Минг шукр!

Бироқ атрофимизда мана шу неъматларга қаноат қилмайдиган инсонлар ҳам учраб турадики, уларнинг асоссиз нолишларини эшитиб, ношукурлик шу бўлса керак-да, дея ўйлаб қоласан киши. Ахир, оилангиз, фарзандларингиз, ишингиз бор, нега нолийсиз? Маошингиз озроқ кўриняптими? Лекин сиз ҳар куни ширинликлару егуликлар тўла халталар билан уйга чопасиз-ку. Кунда, кунора қаддингизга ярашиб турган янгидан-янги либосларни намойишкорона кийиб юрасиз-ку. Авваллари фақат тўй-томошаларга боргандагина гўзаллик салонларига кириб, фалон пулга юзингиз ва сочларингизга зеб берган бўлсангиз, энди бундай жойларга ҳар ҳафта қатнаяпсиз-ку. Яна нега нолийсиз?..

“Шукр қилувчиларни, албатта, мукофотлаймиз”. Бу Аллоҳнинг ваъдаси. Яратган эса ўз ваъдасини бажарувчидир.

...1994-95 йиллар эди чамаси. Тожикистоннинг Ленинобод (Ҳозирги Сўғд) вилоятида иқтисодий аҳвол анча таранглашган пайтлар. Мен ҳар 15 кунда, баъзида эса ойда бир маошимни уйга – ота-онамга олиб бораман. Қарамоғимда ота-онамдан ташқари яна опамнинг катта қизчаси ҳам бор – 7-8 ёшли.

Оддий ун, ёғ, нон каби озиқ-овқат маҳсулотлари танқис кунларнинг бирида қўшни аёл онамдан нон сўраб чиқибди. Кечки пайт даладан чарчаб келса, уйида ейишга ушоқ ҳам қолмаган (икки ёш боласидан ортмаган-да). Бизникида эса онам ўзи ёпган бир дона нон қолган экан. Онам қўшни аёлни ичкарига чорлаб, нон олиш учун ошхонага йўл олибди. Аёл “Қозон осай десам, уйимда бир дона пиёзим ҳам йўқ”, деб кўзига ёш олгач, онам уйдаги охирги  нон билан бирга пиёз, картошка, бир коса гуруч, бир пиёла сўнгги ёғни ҳам қўшни аёлга берибди. Аёл кўзида ёш билан дуо қиларкан, “Энди ўзингиз нима қиласиз?” деб сўрабди хижолат бўлиб. Шу пайт сингилчам: “Йўқ, бермаймиз, ўзимизда ҳеч нарса қолмади-ку, эртага дадам нима ейдилар?!” дебди жон ҳолатда. (Дадам қанд касалига дучор бўлган, оч қолсалар ёмон аҳволга тушиб қолардилар) Онам эса: “Бизга Худо беради, шукр қил, қизим”, деб жавоб берибди.

Эртаси куни ҳовлимизга кириб борарканман, сингилчам югурганча келиб мени маҳкам қучаркан: “Опажон, Худо бор экан! Бизни кўриб тураркан, ҳамма ишимизни кўраркан!” дерди ҳаяжонини босолмай ва осмонга қараб-қараб қўярди. Онамнинг юзида эса сирли табассум...

Маълум бўлишича, қўшни бева хотинга бор-будини бериб юборгани учун қаттиқ ранжиган синглимни онам: “Мана, кўрасан, яхшилик ерда қолмайди, эртага Худо бизни оч қолдирмайди”, деб юпатибди. Чунки қўшни аёл ёғ, нон сўраб маҳалладаги барча хонадонларга кирган, бироқ эркаги, ўғиллари ишлаб пул топаётганлар ҳам  уни қуруқ қўл билан чиқариб юборишган экан... “Менинг битта ноним, икки дона пиёзим, икки дона картошкам бир пиёла ёғим ва бир коса гуручим бор эди, Худо кўриб турган нарсаларни мен қандоқ қилиб йўқ деб айтаман? Қизим, борига ҳам, йўғига ҳам шукр қил, Худо ҳамма нарсани кўриб, билиб тургувчидир”, дебди онам.

Эрталаб, ҳали дадам уйқудан уйғонмай туриб, соч-соқоли оппоқ, истарали, кўзлари қисиқ, бақувват гавдали киши ”Дўхтур, уйдамисиз?!” деганча,   ҳовлига кириб келибди. Дадамнинг тоғлик қирғиз ошналари елкасига ортмоқлаган қопни сўрига қўяркан, “Шу кеча негадир тушимга кирдингиз, бир бориб кўриб келай, дедимда, келавердим” деганча, яримта қўй гўшти, тўрт-беш килоча гуруч, бир банка сариёғ, нон ва яна топган-тутганини қопдан олиб, синглимга бераверибди. У эса кўзлари ғилт-ғилт ёш билан осмонга боққанча, “Художон, ўзингга шукр!” дермиш...

Айрим оилалар ҳам борки, аёли ишлаб, пул топиб келади, қўл-оёғи бутун,  соғлом эркак эса ишламайди, тўғрироғи, ишлашни хоҳламайди, дангаса. Аслида оила аъзоларини боқиш эркак зиммасидаги бурч. Бироқ  эркакларнинг дангасалиги тўрт мучаси бут қилиб яратилганига нисбатан ношукурликдир.

Тўкин-сочин, осойишта, фаровон юртга тўйлар ярашади. Аммо сўнгги пайтларда “тўқликка шўхлик” қабилида иш кўриб, кимўзарга тўй қилувчилар ҳам кўпайди. Кўрпага қараб оёқ узатмай, ношукрлик қилганлар эса қарзга ботиб, турли салбий оқибатларга гирифтор бўлаётганларини ҳам кузатяпмиз.

Баъзида ишларимиз юришмаётганидан, муваффақиятларга эриша олмаётганимиздан  нолиймиз. Шундай пайтда аҳволи биздан-да ночор, лекин шукроналик билан ҳаёт кечираётганларни, тўкин дастурхон атрофида ўтирганча, яна нималарнидир истеъмол қилишни хоҳлаган пайтимизда эса соддагина ҳаёт кечириб, тани соғлиғу хотиржамликни барча неъматлардан устун қўядиган инсонлар борлигини унутмайлик.

Арзимаган нарсадан муаммо ясаб ёки бирданига бой ва бахтли бўлишни истаган айрим хотин-қизлар катта пул топиш илинжида турли йўллар билан чет элга кетиб, одам савдоси қурбонига айланишяпти. Бу ҳам борига қаноат қилмаслик, ношукурликнинг бир кўриниши эмасми?

Дунёнинг турли мамлакатларида юз бераётган нотинчликлар, иқтисодий-сиёсий низолар, хунрезликлар, миллатлараро келишмовчиликлар ҳам аслида ношукурлик оқибатидир.

Қарияларимиз дуога қўл очиб, дориламон кунларимизга шукрона айтиб, тинч, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин, дея ният қилишади. Зеро, бугунги таҳликали замонда, ён-атрофимизда турли таҳдид ва хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда энг катта ва бебаҳо бойлигимиз тинчлик ва осойишталикдир. Шунингдек, миллатлар ва фуқаролараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб, тинчликнинг қадрига етиб яшаш барчамизнинг бурчимиз.

Сўнгги пайтларда дунё руҳшунослари шукрли бўлишни маслаҳат беришмоқда. Уларнинг фикрича, шукроналик ҳисси атрофингиздаги авваллари сезилмаган тўкинликни кўришга ёрдам беради.  Мутахассислар шукроналикни турмуш, оила, иш фао­лияти ва бошқа жабҳаларга уйғунлик берувчи фазилат, дея эътироф этишмоқда.

Шукроналик туйғуси инсон тақдирини тубдан ўзгартириши мумкинлигини, кишини ҳатто оғир касалликдан фориғ этиши ҳақида эшитганмисиз? Тиббиёт изоҳ топиб беролмайдиган ҳолатлардан бири айнан шукроналик билан боғлиқ экан. Машҳур олим Жо Витале бундай ҳикоя қилади: “Жонатан исмли беморнинг иккала ўпкаси шамоллаган, унга ҳеч нарса ёрдам беролмайдигандек эди. Аммо у тушкунликка тушмади. Қоғозга битта гапни ёзиб уйининг ҳар бир бурчагига илиб, шу жумлани тинмай такрорлайверди, тасмага ёзиб сон минг марта эшитди. Бу сўзлар унинг шуурига сингиб кетди: “Худойим, етказганингга ва энди етказадиган неъматларингга шукр”. Натижада у 24 соат ичида дардидан фориғ бўлди”.

Шукр айтиб яшаётган элга қут-барака, ўзаро меҳр-оқибат, инсонпарварлик, самимият йўлдош бўлади. Қаранг, қандай ажойиб даврда, ажойиб мамлакатда яшамоқдамиз. Яратиш, ижод қилиш даври, онг-шууримиз, тафаккуримизда кескин истилоҳлар рўй бераётган давр бу. Давлатимиз ҳаётига доир ҳар бир қарор халқимиз билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя кундалик турмуш тарзимизга айланяпти. Юртимизда жуда қисқа муддат ичида халқ билан яқиндан мулоқот қилиш, унинг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммоларини самарали ҳал этиш бўйича янги тизим яратилди.

Маънавий ҳаётимизда ҳам улкан воқеликлар юз бермоқда. Дейлик, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ислом академияси каби илмий-маърифий муассасалар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Буюк алломаларимизнинг ёдгорлик мажмуалари қошида ҳадисшунослик, ислом ҳуқуқшунослиги, тасаввуф, калом ва ақида илми каби диний-маърифий йўналишларни ўрганиш бўйича махсус мактаблар ташкил этилди. Булар учун ҳар қанча шукрлар айтсак арзийди.

Ёхуд юртимизда сўнгги чорак аср давомида биринчи марта аҳоли учун арзон, барча қулайликларга эга бўлган кўпқаватли уй-жойлар қуриш бошланди. 2017 йилнинг ўзида 800 минг квадрат метрдан зиёд ана шундай уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 420 минг квадрат метр кўп қаватли уй-жой қурилди. Бу 2016 йилга нисбатан қарийб 3 баробар кўпдир. Булар шукроналик сабаблари эмасми?

Келинг, шукр қилиб яшайлик...

Халқимизнинг севимли шоири Абдулла Орипов ёзганидек:

Шукрона айт, аввал парча нон учун,

Сўнг қултум сув учун шукрона такрор.

Чунки бу оламда, яширмоқ нечун,

Сенга шуларни ҳам кўп кўрганлар бор...

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.

Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"