meva_sabzavot_180Юртимиздаги носоғлом рақобат, озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг айрим хўжалик юритувчи субъектлар томонидан монополлаштирилиши, сунъий тақчилликни юзага келтириш ва баъзи товарлар учун нарх-навонинг асоссиз оширилиши жиддий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бозорда айрим импорт қилувчиларнинг устун мавқега эга

бўлиши учун индивидуал имтиёз ва преференциялар берилганлиги, уларнинг фаолияти учун эксклюзив шароитлар яратилганлиги эса бошқа тадбиркорлик субъектларининг бозорга кириш имкониятини чеклаб қўйяпти. Булар, сўзсиз, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ва мамлакат инвестициявий жозибадорлигини пасайтиради.

Президентимиз томонидан шу йил 16 январь куни қабул қилинган “Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ушбу носоғлом вазиятга бутунлай чек қўйишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Фармонда таъкидланишича, жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига озиқ-овқат товарларини импорт қилиш бўйича айрим хўжалик юритувчи субъектларга тақдим қилинган индивидуал божхона, солиқ ва бошқа имтиёзлар, шунингдек, бошқа преференциялар бекор қилинади. Бундан буён бундай ҳужжатлар қабул қилинишига йўл қўйилмайди. Ушбу талаб бузилган ҳолларда айбдор шахслар қонунчиликда белгиланган жиноий жавобгарликкача бўлган жазога тортилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2018 йил 1 февралдан бошлаб истеъмол товарларини республика товар-хом ашё биржаларида сотиш ва сотиб олишга тақиқ бекор қилинади, шакар ишлаб чиқарувчилар эса 2019 йил 1 январгача импорт хом ашёси асосида ишлаб чиқарилган ҳажмлар қисмига қўшилган қиймат солиғи тўлашдан озод этилади.

Шунингдек, истеъмол товарларини товар-хом ашё биржаларининг очиқ электрон савдоларида сотиш ва сотиб олиш учун улгуржи савдони амалга оширишга лицензия мавжудлиги талаб этилмайди. Улгуржи савдога лицензия олишда энг кам иш ҳақининг 3500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда, шундан пул маблағлари энг кам иш ҳақининг 1200 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинади.

Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари турларини Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан импорт қилиш истисно ҳолларда ва фақат товар-хом ашё биржалари, жумладан, хорижий биржаларнинг очиқ электрон савдолар тизими орқали амалга оширилади. Озиқ-овқат маҳсулотларининг режалаштирилаётган хариди, юқорида тилга олинган жамғарма маблағлари тушуми ва харажатлари тўғрисидаги маълумот ҳар ой Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилиб борилади.

Биржа брокерлари тижорат банкларига мижоз – норезидент номидан товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш ва сотишга талабнома бериш, норезидент – юридик шахслар эса республикамиз тижорат банкларида ҳисоб рақамлари очиш ва товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида маҳсулотларни сотишдан олинган маблағлар ҳисобидан хорижий валютани сотиб олиш ва сотишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармонда Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Давлат рақобат қўмитаси, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идораларга уч ой муддатда бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аграр комплексни ривожлантириш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, озиқ-овқат бозори барқарорлигига таҳдидларни ўз вақтида бартараф этиш, озиқ-овқат товарлари импортини қулай божхона-тариф тартибга солиш бўйича чораларни белгиловчи “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юкланган.

Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, Бош прокуратура озиқ-овқат товарларига божхона тўловлари ставкаларини оптималлаштириш, ортиқча тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, жумладан, тартиб-таомилларни “ягона дарча” тамойили асосида расмийлаштиришга ўтиш орқали товарларнинг божхона расмийлаштируви тартиб-таомилларини максимал соддалаштириш ва экспорт-импорт операцияларини амалга ошириш харажатларини қисқартириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, фармонда таъкидланганидек, озиқ-овқат товарлари нархини пасайтириш ва барқарорлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишдаги сансалорлик ва бюрократияни бартараф этиш, тадбиркорлик субъектлари, жумладан, аҳамиятга молик озиқ-овқат товарларини экспорт ва импорт қилувчилар, чет эллик инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар билан мунтазам очиқ ҳамда тўғридан-тўғри мулоқотлар ташкил этиш ҳам, сўзсиз, юқорида айтиб ўтилган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.

Б. ЭГАМҚУЛОВ.