moshennik_160ёхуд замонавий “бизнесмен”лар

Бугунги глобаллашув жараёни, техника асри ҳамма имкониятлардан унумли фойдаланишимизни тақозо этмоқда. Бундан кўринадики, ҳам вақтимиз, ҳам нақдимиз тежаляпти. Ҳатто саховатпеша халқимиз учун эҳсон қилиш жараёни ҳам бирмунча осонлашди, десам адашмаган бўламан.

Сизга ҳам ижтимоий тармоқлар орқали “Фалончи жияним касал, дорига пул йўқ” ёки “Менинг фарзандимга зудлик билан қон керак,” деб ёзиб, хабар остига манзил, банк пластик карточка сурати, телефон рақамини қолдириб, “саховатпеша инсонлар кўмагига муҳтожмиз” мазмунидаги маълумотлар келиб турибди, шундай эмасми? Келмаган бўлса, бу ҳақда эшитгандирсиз, қулоғингизга чалингандир...

Аммо бирор лаҳза бўлсин ўйлаб кўрдингизми: хабар тарқатаётган “беморлар” ҳақиқатан ҳам беморми?

Аввалига мен ҳам соддалик қилиб бундай хабарларга ишондим, қани энди қўлимда бўлса-ю ёрдам берсам, деб ўйлаб юрдим. Бир пайт қўл телефонимга “Ўн саккиз ёшли ўғлим авто ҳалокатга учради, унга зудлик билан қон керак” мазмунидаги хабар келди. Рости, укам кўз олдимга келиб кетди ва “укам тенги йигит экан” дедим-у, қон бериш мақсадида кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилдим. Гўшакни олган йигит мендан қизамиқ, “сариқ касал” бўлмаганмисиз каби саволларни берди. Саволга жавоб олганидан сўнг, соат ўн бирларга янги ТошМИга келишимни айтди. Белгиланган вақтда айтилган жойга бордим. Яна сим қоқиб, мен келдим десам, “узр, вақтим йўқ эди, эртага келоласизми?” деди-ю, гўшакни қўйиб қўйди... Ичимга шубҳа оралади. Агар ҳақиқатан ҳам ўғлига қон керак бўлганида бугун келинг, эртага келинг, деб вақт ўтказармиди ота деган зот, жигаргўшасининг тезроқ шифо топиши учун ҳар қандай нарсага тайёр бўлмасмиди?! Хулоса чиқаришга шошилмай, бу борада ўзгаларнинг фикрига қулоқ тутишни истадим.

Шоира ИСОҚОВА, психолог:

– Ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган бу каби хабарлар кўпчиликнинг янгича бизнес қилиш усулидир. Тўлиқ манзилни жойлаштиради ва ғойибдан мўмайгина пул келишини кутиб туради. Аммо хабар тарқатганларнинг ҳаммасини фирибгарликда айблаб бўлмайди. Яқинда “Фейсбук” орқали ўзим ҳам шахсий постимда Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшовчи, юрагидан жарроҳлик муолажасини ўтказган ёш йигитга моддий ёрдам берилишини сўраб ёзганман. Бироқ ундан аввал йигитнинг уйи, маҳалла фуқаролар йиғини, туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, ҳақиқатан ҳам касал эканини аниқлаб, оилавий аҳволини тўлиқ ўргандим.

Тахминан икки ой аввал талабалардан бири: “Биз ҳам пахтага борар эканмиз. Яна қаерга денглар, фалон вилоятнинг энг чекка туманига” деса, хонада ўтирган бир йигит: “Ҳа, бир ўйнаб келарканмизда, ижтимоий тармоққа касалман, ёрдам керак, деб ёзсанг, ўз-ўзидан пул оқиб келаверади-да”, дейди. Баданим жимирлаб кетди... Наҳотки бўлажак олий маълумотлилар шундай фикрласа, ростдан касал бўлиб қолса-чи, унда нима бўлади?! Умуман, кейинги пайтларда тенгдошларимнинг “маънавий касаллик”ка чалинишининг сабаби нимада?

Мунира ИСОМИДДИНОВА, педагог:

– Аввало, инсоннинг феъл-атворидаги, табиатидаги ҳар қандай ноқислик оиладаги тарбияга боғлиқ. Айни пайтда талабаларнинг аксарияти бўш вақтини мазмунли ўтказмайди. Сабаби, хонадонида болага эътибор, назорат кам бўлган. Бекорчиликдан, дангасаликдан эса турли ишлар, нохушликлар келиб чиқаверади.

Юқоридаги мазмунда ижтимоий тармоқлар орқали ёрдам сўраган Гулнора Ғуломова (исми ўзгартирилган)нинг хатида юқори ташкилотларга хабар берилгани ёзилган. Ариза муаллифидан айнан қайси ташкилотларга ва қачон мурожаат қилганлигини сўрасак, аниқ бир гап айта олмади. Демак, бундан ҳеч қандай ташкилотга мурожаат қилинмаган, деган хулоса чиқади. Одамларнинг раҳмини келтириш мақсадида, ҳеч қайси мутасадди ташкилотга хабар бермай, аммо ташкилотлар номига лой чаплаётган юртдошларимиз ҳам, афсуски, йўқ эмас.

“Мурожаат қилсак ҳам юқори ташкилотлардан жавоб хати келмайди барибир”, дегувчилар ҳам топилади. Хўш, нега жавоб келмайди? Аввало, муаммо юзасидан қайси ташкилотга хабар беришни биламизми ўзи? Менимча, ҳамма вақт ҳам эмас. Жавоб талаб қилишга ҳаққимиз бор-ку, нега талаб қила олмаймиз? Бу эса бизнинг ҳуқуқий саводхонлигимиз етарли эмаслигидан далолатдир.

Ҳуқуқини яхши билган, керакли жойга мурожаат қилган беморлар аста-секин шифо топмоқда. Масалан, Қашқадарё вилоятида яшовчи Бахтинисо Маҳмудова Тошкент шаҳрига келтирилиб, керакли муолажани олиб, ўз вилоятига юборилди. Демак, имкониятлари тобора кенгайиб бормоқда.

Тенгдошларим, акалар, опалар! Соғлом, тўрт мучамиз бут бўла туриб, ижтимоий тармоқларда ўзимизни “бемор” қилиб кўрсатишни бас қилайлик. Бу каби пул топишдан, аниқроғи, виж¬донсизлик қилиб, бир сахий инсон ишончини оёқости қилишдан уялайлик!

Моддий ёрдам бермоқчи, ночор қолган одамга ёрдам қўлини чўзмоқчи бўлган азиз юртдошлар, аввало, кимга кўмак бераётганингизни билиб олинг. Зеро, ҳақиқий ёрдамга муҳтож инсонлар қолиб, замонавий “бизнесмен”ларнинг текинхўрлик қилиб бойишига хизмат қилманг!

 

Шоҳсанам НИШОНОВА,

ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси.