tuy_160Мухбиримиз 2-Тошкент юридик коллежида бўлиб, ушбу ўқув мас¬канидаги таълим ва тарбия жараёни, битирувчиларнинг банд¬лик масаласи, 3-босқичда таҳсил олаётган бўлғуси ҳуқуқшуносларнинг тўйлар, эрта никоҳ, оиладаги ажралишлар хусусидаги фикр-¬мулоҳазалари билан танишди.

Акрам ТОШҚУЛОВ – коллеж директорининг касбий таълим бўйича ўринбосари:

– 2016-2017-ўқув йилида коллежимизни 581 нафар ўқувчи битирди. Ҳозирги кунгача 495 нафар йигит-қизимиз ишга жойлашди. Айни пайтда улардан 350 нафари ўз мутахассислиги бўйича фаолият юритишяпти. Коллежимизнинг иш берувчи ташкилотлар, масалан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Олий суд ҳудудий бўлимлари, жиноий, фуқаролик, иқтисодий ишлар, янги ташкил этилган маъмурий ишлар бўйича судлар билан ҳамкорлик келишувимиз бор. Ўқув юртимизни битирган йигит-қизларимиз кичик ҳуқуқшунос сифатида ташкилот ва муассасаларда ишламоқда.

Ижтимоий муҳофаза, ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича, асосан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳудудий бўлимларига ҳамда Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази таркибидаги барча ташкилотларнинг кадрлар бўлимларига кичик мутахассислар тайёрлаймиз. Ҳозирги кунда битирувчиларимизнинг 70 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашиб, фаолият юритишмоқда. Қолган 30 фоизини ҳам коллежимизга бириктирилган банк муассасаси ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳалар бўйича ишга жойлаштириш масалаларини кўрмоқдамиз. Битирувчиларимизнинг айримлари эса олий ўқув юртларида таҳсилни давом эттиришади.

Ҳозирги давр талабига кўра, бирор корхона ёки ташкилот ҳуқуқшуноссиз ишламайди. Ҳар бир ташкилотда, ҳатто кичик фирмада ҳам юристларга эҳтиёж бор. Шундай экан, ўқув юртимизни битирганлар корхона, ташкилот, муассасаларда ҳуқуқшунос бўлиб ишлашлари мумкин. Коллежимизда вилоятлардан келиб ўқийдиганлар ҳам бор. Ахир, жойлардаги фермерлардан тортиб тадбиркорларгача юристларга муҳтожлик сезишади. Демак, ёш мутахассисларимизга талаб бор ва улар ишсиз қолишмайди.

Сўз коллеж ўқувчиларига

Моҳинабону БОЙМУРОДОВА:

– Аввало, қизларни оилавий, яъни келинлик ҳаётига ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёрлаш лозим. Мутахассислар фикрича, 21 ёшда қиз боланинг организми тўлиқ ривожланиб бўлади. Шу боис, 21 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги қизларнинг турмуш қуришини қўллаб-қувватлайман. Чунки бу ёшда фарзандли бўлса, гўдак ҳам соғлом дунёга келади.

Оилада вужудга келаётган салбий муносабатларга эса нафақат қайноналар, балки келинлар ҳам сабабчи бўлишмоқда. Қизларнинг ёш турмушга чиқиши асносида келинлик вазифасини кўнгилдагидек уддалай олмаслиги, тушунмаслиги, муомала-муносабатни жойи¬га қўя олмаслиги ҳам нохушликлар келтириб чиқармоқда.

Тўйларни дабдабали ўтказиш эмас, тўйдан кейинги ҳаётнинг қандай ўтиши муҳимдир. Сўнгги пайтларда орзу-ҳавас дея, “мен сендан қолмайман” қабилида тўй ўтказиб, қарзга ботиб қолаётган оилалар кўпайди. Натижада қарз тўлайман деб, маоши катта иш излаб чет элларга кетган ва турли муаммоларга дуч бўлаётганларни ҳам эшитиб, кўриб турибмиз. Мен тўйларимиз меъёрида, камчиқим ўтказилиши тарафдориман. Масалан, келин 5 миллион сўмлик эмас, арзонроқ кўйлак кийса ҳам бўлади-ку. Турмушга чиқсам, ўртача тўй бўлишини, ҳар икки тараф келишиб иш юритишини хоҳлайман.

Шуни ҳам айтишни истардимки, тўйда машиналарнинг кўплиги йўлларда турли салбий оқибатларни келтириб чиқаряпти. Яқинда бир тўйнинг азага айланиб кетишига оз қолди. Чунки тезликни оширган, видеокамералар билан ҳаракатланаётган машиналар карвони автоҳалокатга учради.

Юлдуз ОКТАЕВА:

– Тўйларимизда ҳашамат кўпайиб кетган. Ортиқча дабдаба, катта чиқимлар ортидан ота-оналар, қуда-андалар ўртасида (ҳали тўй бўлмай туриб) келишмовчиликлар келиб чиқяпти. Мисол учун, мебелнинг арзонини олибсиз, чет элникини келтиринг, дегандек. Мен бу ҳолни ёқламайман. Тўйдаги чиқимларни камайтириш лозим. Катталар тушуниши керак: бахт мебель ёки бошқа нарсаларнинг қийматида эмас, балки меҳр-оқибатда, муҳаббатда!

Биз кўп ҳолда қизларнинг эрта турмуш қуриши ҳақида гапирамиз, ваҳоланки, йигитлар ҳам жуда эрта “бошини иккита қиляпти”. Ёш йигитлар бир оилани боқа оладиган даражада молиявий таъминотга эга бўлмай, яъни ўзи ишлаб пул топмай туриб, коллежни битирди дегунча уйланишяпти. Эътибор берсангиз, ҳозирги аёлларимиз, яъни бўлғуси қайноналар ҳали қариб қолишмаган, шундай бўлса-да, “келиннинг ҳузурини кўрсам, қўлимдан ишни олса,” деб ўғлини жуда вақтли уйлантириб қўйишмоқда.

Биз бўлажак юристлармиз. Инсонлар ўртасидаги муносабатларни қонуний жиҳатдан кўриб чиқишимизга тўғри келади. Бунинг учун алоҳида фанлар бўйича сабоқ оляпмиз. Давлатимиз қонунчилигида ажралиш¬ларнинг олдини олишга қаратилган махсус бўлимларбор. Унга кўра, ажралишга ариза берган кишига маълум муддат вақт берилади. Бу муддат орасида оила вакиллари ярашиб ҳам кетиши мумкин. Шунингдек, қонунчилигимизда, қизлар 17 ёшдан, йигитлар 18 ёшдан турмуш қуриши белгиланган. Бугунги кунда мана шу меъёрга қонуний тарзда ўзгартириш киритиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки оила қуриш учун 17–18 ёш жуда эрта, йигит-қизлар ҳали коллежни битирмаган ҳам бўлади. Айрим ота-оналар коллеж ёки лицейда ўқиётган қизини ёки ўғлини турмуш қуришга ундар экан, қонунни рўкач қилади. Ҳали ҳаётнинг баланд-пастини кўрмаган ёш келин эса оилада муаммога дуч келса, уни енгишга қийналади.

Салтанат ҲАКИМОВА:

– Қизимни тезроқ эгасига узатиб қутулай ёки тўй қилиб роҳат кўрай, деяётган ота-она¬лар қизи ёхуд ўғлини ёш, ҳатто коллежни битирмай туриб турмуш қуришга ундашаётгани айни ҳақиқат. Мен эса ўз ота-онамдан розиман ва жуда хурсандман, чунки улар ўқишни давом эттириб, олий маълумотли бўлишимни исташяпти. Ахир, соғлом оила барпо этиш учун йигит ҳам, қиз ҳам муайян ёшга етиши, ҳаётда оқ-қорани таниши, оила нима эканини англаши керак-да. Бир кунлик тўйга улкан харажатлар қилинишига ҳам қаршиман. Шунингдек, мустасно ҳолатда, 16 ёшдан турмуш қуриш мумкинлигига ҳам чек қўйиш керак. Чунки бу ҳол эрта никоҳларнинг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Катталардан кимдир ҳаётдан кўз юмяпти деб, тезроқ тўй қилиб, икки ёшнинг бўлғуси орзу-умидларини, ҳаётини пароканда қилиш тўғрими?! Энг ёмони, бугунги кунда фарзандини уйлантириб қўйиб ҳам уни боқиб юриш одат тусига кириб қолди. Бунинг оқибатида йигитлар боқимандаликка ўрганиб қоляпти. Аслида йигитлар ишлаб, ўзини моддий томондан таъминлаб, сўнг турмуш қуриши, мус¬тақил ҳаётга қадам ташлаши керак эмасми? Тўйдаги харажатларни ҳам ёшларнинг ўзи ишлаб топса, ажралишлар камайган бўларди, назаримда.

 

Робия АДҲАМОВА – “Қизларжон” тўгараги сардори:

– Мамлакатимиз Президентинингтўйларни дабдабасиз ўтказиш, сарф-харажатларни камайтириш, ёшларга эътиборни янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Таъбир жоиз бўлса, оила – бу жамиятнинг дуру-гавҳари. Бироқ келинларимиз қўлидаги телефон уларнинг катта душманига айланяпти десам, муболаға эмас. Айрим ёшларнинг оиласи бузилишига айнан телефондаги сўзлашувлар сабаб бўляпти. Қизлар оила қургач, телефондан камроқ фойдалансин, бир умр яшашга аҳд қилишдими, никоҳга хиёнат қилишмасин!

Ажралишларга сабаблардан яна бири: айрим ёш келинлар алоҳида уй-жойда яшашни хоҳлайди, қайнона-қайнотага хизмат қилишдан қочади. Баъзиларга кексаларнинг феъл-атвори ёқмайди. Ёшларнинг беуқувлиги, пулга, кийим-кечакка ўчлиги ортидан ҳам низолар келиб чиқяпти. Кўп ҳолда қайнона-қайнота ноҳақ кўрингани билан уларнинг ёши, ҳаёт тажрибаси катталигини эътиборга олиши керак-да.

 

Муниса ШОДМОНОВА:

– Айрим ота-оналар ёш болаларини “менинг қизим келин бўлади, ўғлим куёв бўлади,” деб эркалайди. Бу билан улар гўдаклигиданоқ фарзандлари онгига, аввало, келин ёки куёв бўлиш муҳимлигини сингдиради. Истардимки, ота-оналар болаларига гўдаклигиданоқ китобга меҳр қўйишни ўргатишса. Шунда ёшларнинг турмушга чиқишга ёки уйланишга эмас, билим олишга қизиқиши ортади. Билимли, маънавияти юксак инсон эса ортиқча дабдабаларга йўл қўймайди. Мен қизларнинг 22-23 ёшда, йигитларнинг эса 25 ёшда турмуш қуриши тарафдориман. Чунки шу пайтда олий ўқув юртини тамомлаган бўлишади. Йигитлар бир касбни эгаллаб, ўзини моддий таъминлай олади. Турмуши тезда бузилиб кетмайди, чунки бу ёшда ҳаётни, оила нима эканини анг¬лай бошлайди.

Ҳозирги кунда тўйларимизда дабдабавозликнинг ошгани етмаганидек, ғарбдан кириб келган “келиннавкар” урф бўлмоқда. Келиннавкарни, яъни келиннинг дугоналари бир хилда кийим кийишини мен урф эмас, иллат деб ҳисоблайман. Бу эса камчиқим оилада жанжал кўтарилишига, оила тинчи бузилишига, ота-онага қўпол муносабатнинг юзага келишига олиб келмоқда. Масалан, бир қиз турмушга чиқаётганида дугоналарига оқ рангли кўйлак кийишни тайинлайди. Ҳар хил шароитда яшайдиган қизларнинг бирига ота-онаси айтилган кўйлакни олиб беролмайди. Натижада яқинлари билан жанжаллашган қиз уйдан чиқиб кетади...

Илҳом САҒДУЛЛАЕВ:

– Ёшларнинг эрта турмуш қуришига оила аъзолари соғлиғи ёки бошқа турдаги сабаблар туртки бўлиши мумкин. Тарихга назар ташласак, эрта турмуш қурган боболаримиз, бувиларимиз бахтли яшаган. Бунинг сабаби нимада? Ҳозирги ёшлар оила деган муқаддас тушунчанинг асл моҳиятини англаб етмаяпти. Статистик маълумотларга кўра, 2013 йилда Тошкент шаҳри Юнусобод туманидаги мингдан ортиқ ажралишнинг 70 фоизи 1 йилдан 3 йилгача бўлган ёш оилаларга тўғри келган. Аксарият ёшлар оиланинг, эр-хотиннинг вазифаси нимадан иборат эканини билмайди. Юқорида қайнона ва келин муносабатлари ҳақида гапирилди. Айтиш мумкинки, улар ўртасидаги кўприк вазифасини эр бажаради. Қайнона-келин муносабатининг ёмон ёки яхшилигида, ўзаро келишувида ҳам эрнинг таъсири катта. Шу боис, бугунги оилаларда эрнинг ролини ошириш керак. Эркакнинг маънавий салоҳияти ҳам устунроқ бўлиши лозим. Чунки у оилани бошқараётган шахс, оила таянчи ҳисобланади. Шунинг учун йигитлар оила қурмасдан олдин барча соҳалардаги билимларини юксалтириши, нафақат дунёвий, балки диний билимлардан ҳам хабардор бўлиши керак. Эркак оилада ўз масъулиятини ҳис қилиб турмас экан, турли нохушликлар юз бераверади.

Яна бир гап. Кейинги пайтда йигитларимиз орасида бадавлат жойдан қиз олиш, сўнг “машина, алоҳида уй олиб берсин, ишга жойлаштириб қўйсин” каби талаблар қўядиганлари ҳам пайдо бўлди. Бундай йигитларнинг мақсади қайнона-қайнотанинг ортидан мол-дунёга, обрў-эътиборга эга бўлишдир. Сабаби, уларнинг маънавияти қашшоқ, оилада яхши тарбия кўрмаган. Аслида юқоридагидек талаблар қўйиш йигитлик шаънига мутлақо тўғри келмайди. Айниқса, келин томоннинг куёв томонга қиладиган сарполари, мебеллари... йигитлар учун уят! Ахир, азалдан аёлини, фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлайдиган эркак саналади-ку. Қиз ўстирган ота-она турмушга узатаётган жигарбандига қўшиб мол-давлатини ҳам берсинми?!

Зоҳида ҒОФУРОВА:

– Эрта турмуш қуришга қаршиман. Чунки бу ҳолат қизларга ҳам жисмонан, ҳам руҳан зарба бўлиши мумкин. Айниқса, қариндошлар ўртасидаги никоҳ яхши оқибатга олиб келмайди: фарзандлар ногирон туғилади, ўртада зиддиятлар вужуд¬га келади. Амма, хола, амакиваччалар ўртасидаги никоҳ жамиятда носоғлом фарзандларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Бу каби иллатларнинг, жумладан, эрта никоҳларнинг олдини олиш учун коллежимизда турли тадбирлар, йиғилишлар ўтказилиб турилибди. Шунингдек, “Қизларжон” тўгараги ҳам фаолият юритади. Унда ҳар сешанба куни йиғилиш ўтказилиб, қизлар ўртасидаги ёки дуч келиши мумкин бўлган муаммолар ҳақида баҳс-мунозаралар юритилади. Йиғинларда турли соҳа вакиллари, хусусан, тиббиёт ходимлари, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари қизларга тушунтиришлар беради. Биз ўзимизни қийнаётган саволларга жавоб оламиз. Муаммоларга ечим топамиз.

Тўйларнинг кимўзарга ўтказилаётганининг асосий сабаби эса маънавий саёзликдан деб ўйлайман. Ёшлар кўпроқ китоб ўқиши керак. Китоб инсон маънавий дунёсини бойитади, юксалтиради, натижада у ўз хатоларини англай бошлайди. Президентимизнинг китобга, китобхонликка алоҳида эътибор қаратгани замирида ҳам юқоридаги каби иллатларнинг олдини олишга интилиш мужассам.

Нилуфар МАМАСОЛИЕВА, – коллеж хотин-қизлар қўмитаси раҳбари:

– Коллежимизда таълим жараёни билан бир қаторда, маънавий-маърифий, ахлоқий-тарбиявий ишларга ҳам алоҳида эътибор берилади. Ўқувчиларимиз ўртасида одам савдоси, гиёҳвандлик, диний экстремизм, ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, эрта никоҳ, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилиб турилади. Йигит-қизларимизнинг давомати ҳам доимий назоратимизда.

Ўқувчиларнинг юқорида айтилган фикрлари билан танишар эканман, ўқув даргоҳимиздаги таълим ва тарбия жараёнининг уларга кўрсатаётган ижобий таъсиридан жуда қувондим. Бугунги йигит-қизларимиз эркин фикрловчи, тарбияли, билимга чанқоқ ёшлардир. Шу билан бирга, улар Президентимиз ва ҳукуматимизнинг қарор ва фармонларидан доимо хабардор бўлиб турадилар. Гувоҳи бўлаётганингиздек, бўлғуси ҳуқуқшуносларимизнинг тўйлар, эрта никоҳ, оила ҳамда қайнона-келин муносабатлари хусусида ўз мулоҳазалари мавжуд. Ўқувчиларимиз коллежимизни битиргач, ўз фаолиятлари давомида адолатли, мулоҳазали ҳуқуқшунос сифатида муваффақият қозонишига, бахтли оила бошлиқлари ва бекалари бўлишига ишонаман.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА

ёзиб олди.