guvohnoma_180Сўнгги вақтларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, соҳани янада такомиллаштириш, ҳайдовчи ва пиёдаларга турли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бу борада бир қатор муҳим ҳужжатлар тайёрланиб, амалиётга тадбиқ этилди ва мазкур йўналишдаги ишлар ҳамон давом этмоқда. Яқинда амалиётган киритилиши  кутилаётган пластик гувоҳномалар бунга мисол бўлади. Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББдан бу ҳақидаги айрим маълумотларни  олдик.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йил 8 ноябрда қабул қилинган Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқликни таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида тайёрланган бўлиб, махсус ҳимоя қатламларига эга. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида, ўзбек тилида ёзилган.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. У қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.

 

ЯНГИ ҲАЙДОВЧИЛИК ГУВОҲНОМАСИНИНГ АФЗАЛЛИГИ

Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида А,В,С,Д ва Е тоифалари бор. Янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида эса бироз ўзгартириш киритилади. Яъни унда А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари акс эттирилади. Авваллари А-мототранспорт воситаларини бошқаришга, В- А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни бошқаришга, С- Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини бошқаришга, Д- йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни бошқаришга ва Е-тиркамали транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берган бўлса, янги нусхадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасида Е тоифаси учга бўлинди. Бунда ВЕ- А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ- Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ- йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи 8 тадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради.

АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИ ҚАНЧА?

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.

Янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 10 йил муддатга берилади. Ҳайдовчи ундан фойдаланганидан сўнг ҳар ўн йилда алмаштириб туриши керак. Чунки ўн йилда инсоннинг ташқи кўриниши ўзгаради. Бу эса унинг ҳужжатларини текшириш жараёнида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш муддатлари ҳам белгилаб берилган. Унга кўра, 2019 йил 1 январдан  2020 йилнинг 31 декабрига қадар  эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари, уларнинг берилган санасидан қатъи назар, мажбурий тартибда янгисига алмаштирилади. Шундан кейин, яъни  2021 йил 1 январдан бошлаб эски намунадаги барча ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳақиқий эмас, деб топилади ва бу ҳайдовчилик гувоҳномалари билан автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий чора кўрилади.

 

АЛМАШТИРИШ ТАРТИБИ ҚАНДАЙ?

Эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини алмаштириш учун ҳайдовчилар ўқув ташкилотини тамомлаганликлари тўғрисидаги имтиҳон варақасини, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва унинг талонини, тиббий кўрик маълумотномасини, тўлов чиптасини, транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномасини ёки ишончномани ва шахсий паспорти, корхона ёки ташкилотларда ҳайдовчи бўлиб ишловчилар иш жойларидан маълумотномани тақдим этишлари лозим.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳам янгиланди. Бу гувоҳнома ҳам ўлчами 54х86 мм.ли пластикдан тайёрланади.

 

ГУВОҲНОМАНИНГ ЯНГИЧА КЎРИНИШИ

Гувоҳноманинг олд томонида “Avtomototransport vositasi ro‘yxatdan o‘tkazilganligi to‘g‘risida guvohnoma” ёзувлари  давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган, “Ўзбекистон Республикаси” сўзлари автомототранспорт воситасининг давлат рақам белгиси, ишлаб чиқарилган йили, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома берилган сана, автомототранспорт воситасининг эгаси тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, отасининг исми ёки ташкилотнинг номи, манзили), Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг бўлими мажбурий тартибда кўрсатилади.

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг орқа томонида автомототранспорт воситаси тўғрисидаги маълумотлар: русуми, модели, тури, кузов/шоссе рақами, тўла вазни, юксиз вазни, двигателнинг тоифаси ва қуввати, ёнилғи тури, ранги, ҳайдовчининг ўриндиғи билан биргаликда ўтириладиган ўринлар сони, тик туриладиган ўринлар сони, алоҳида белгилар мажбурий тартибда кўрсатилади.

 

ТЕХНИК КЎРИК ТАЛОНИНИНГ АҲАМИЯТИ НИМАДА?

Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш ишлари 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич амалга оширилади. Ҳайдовчилар автомототранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказишга тақдим этганларида эски намунадаги автомототранспорт воситасини қайд этиш гувоҳномалари янгисига алмаштириб берилади. Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги эски намунадаги гувоҳномалар  2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, янги нусхадаги пластик гувоҳномаларда автомототранспорт воситасининг техник кўрикдан ўтганлигини акс эттирувчи белги қўйиладиган жой йўқ. Шуни инобатга олган ҳолда автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон ҳам жорий этилди. Техник кўрик натижаси ана шу талонда акс этади. Айтиш жоизки, юқоридаги маълумотларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

 

Н. МАМАЗИЯЕВА.