logo_federasiya_160Ёз ойларида уйини таъмирлаш ишларини  ниҳоясига етказа олмаган, Кегайли тумани, Халқобод посёлкаси, Ж.Бекмуратов кўчасида истиқомат қилувчи Узилдик Эрежепова тумандаги “Кегайли” гузарида жойлашган, Света Дилмановага тегишли савдо марказидан икки  қоп (ҳар бири 50 кг.дан)  цемент сотиб олади. Лекин бир қоп цемент яроқсиз бўлиб чиқади. Сифатсиз маҳсулотни бошқасига алмаштириб бериш ҳақидаги талабига  сотувчи рози бўлмайди.

Узилдик Эрежепова мазкур масала бўйича Кегайли тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этди. Жамият ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, истеъмолчининг ҳақ экани исботланди. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддасида нуқсонли товарни бошқасига бепул алмаштириб бериш тартиби белгиланган бўлиб, унга асосланган ҳолда истеъмолчи харид қилган  бир қоп яроқсиз цемент сифатлисига алмаштириб берилди.