Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5975
5836
6238

-402
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
91359
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 226 766
Главная "ISTE'MOLCHI" Мурожаат, ўрганиш ва натижа

murojaat_180141 кишининг шикояти бир кунда ҳал қилинди

“Саракўл” овул фуқаролар йиғинининг маҳалла посбони Гурбанглич Мухатов Хўжайли тумани Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига йўллаган аризасида шу ҳудуддаги 189 та хонадон эгаларининг электр энергияси тўловидан жами 56 миллион 875 минг 313 сўм қарзи борлиги ҳақида рўйхат келганини баён этганди.

Шунингдек, бундай ҳолат олдин ҳам бир неча марта рўй берганини, туман электр тармоқлари корхонаси масъуллари ҳар сафар истеъмочилар гарданига сунъий қарз илиб қўйиб, кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлишганини эслатиб, можарога аниқлик киритишда ёрдам сўраган эди.

ИҲҲҚЖ ходимлари айни ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари олиб боришди. Шу асно   рўйхатга қайд этилган қарзнинг 52 миллион 579 минг 111 сўми мутлақо асоссиз эканлигини аниқлашди. Пировардида 141 нафар фуқарони емаган сомсага пул тўлаш хавфидан халос қилишди...

Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ... ми?

Бугунги кунда талай ишлар гаджетлар, яъни қўшимча технологиялар ёрдамида амалга оширилаяпти. Бу қурилмалар ҳеч қачон ўзидан ўзи адашмайди. Борди-ю, улар орқали бажарилган ҳисоб-китобларда қандайдир чалкашлик ёки хатолик бўлса, бунинг учун ўша воситаларни бошқарган ходимлар айбдор ҳисобланади. Лекин улар хатоларини тан олмасалар-чи? Одамларни ҳуда-беҳуда ташвишга қўйганлари учун узр сўраш ўрнига “Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ!” қабилида  иш тутсалар-чи, оқибати нима бўлади?

Бу саволнинг жавобини, яхшиси, Беруний туманининг “Азад” овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Халжан Муратовадан сўранг. Негаки, у электр энергияси  ҳақини олдиндан ортиғи  билан тўлаб, кўнгли хотиржам бўлиб юрганди. Шунданми, кутилмаганда “Яна 415 минг 150 сўм тўлашингиз шарт. Акс ҳолда, хонадонингизни таъминотдан узиб қўямиз. Ўзингиз эса ҳам қарзни, ҳам жаримани тўлашга мажбур бўласиз!” деган баландпарвоз иддаоларни  эшитганида қулоқларига ишонмади. Сўнгра тўлов патталарини кўрсатди. Барибир фойдаси бўлмади, ўжар назоратчилар ўз фикрларида муқим туриб олишди.

Бу адолатсизликдан қаттиқ ранжиган Халжан Муратова ҳам бўш келмади, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда кўмак сўраб, туман ИҲҲҚЖга ёзма шаклда ариза топширди. Унинг шикоятини ўрганишлар чоғи 286 минг 272 сўм ортиқча тўлов мавжудлиги, электр тармоқлари корхонасининг компьютер базасида эса бу истеъмолчи номига иккита ҳисоб рақами очилгани аён бўлди. Шунга кўра, Қорақалпоқ ҳудудий ва туман электр тармоқлари корхоналарига йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш зарурлиги хусусида хат киритилди. Кўп ўтмай ҳаммаси жой-жойига тушди. Ноқонуний очилган 82-399 кодли ҳисоб рақами ёпилиб, сунъий қарз можароси Халжан Муратова фойдасига ҳал этилди.

Ўтин ёқиб, газга пул тўласанг, алам қиларкан...

Германияда табиий газни ҳавода ёнаётган бойлик деб аташади. Зеро, жаҳонда бу бебаҳо неъматнинг қиймати юқори баҳоланади. Бизнинг мамлакатимизда эса фуқаролар учун ҳамёнбоп нархлар белгиланган, уларга имкон қадар қулайликлар яратиш мақсадида газ қувурлари тортилган. Лекин баъзан босим пастлиги туфайли газ ҳисоблагич кўрсаткичлари ўзгармай туравериши эҳтимолдан холи эмас. Ана шундай дамларда таъминотчи идораларнинг айрим  ходимлари масалага холисона ёндашиш ўрнига тескари йўл тутишмоқда. Истеъмолчини ҳисоблагични атай бузганликда айблаб, ортиқча тўлов ундириш пайида бўлишмоқда. Мана, бир мисол.

Нукус туман Баханшақли овул фуқаролар йиғинининг Маданият бўлимида яшовчи Гулшат Қонисбаева хонадонида охирги пайтларда газ босими кескин даражада пасайиб кетганди. Шу боис у ўчоққа ўтин қалаб, чой қайнатишдан ва овқат пиширишдан ўзга илож тополмади. Ана шундай бир пайтда туман газ таъминоти назоратчиси Рамет Ерназаровнинг хурмача қилиғи ўлганнинг устига тепгандай бўлди. Чунки у вазиятни холисона баҳолаш, газ босимини оширишда хонадон эгаларига кўмаклашиш ўрнига уларни газ ҳисоблагични ғараз мақсадда ишдан чиқарганликда айблади. Ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйиш учун  ҳисоблагични Давлат стандарт қиёсловидан ўтказишга юбориш, истеъмолчидан эса норматив бўйича 162 минг 353 сўм миқдорида қарз ундириш хусусида далолатнома тўлдирди.

Табиийки, Гулшат Қонисбаева бу ноҳақликка чидай олмади. Бор гапни қоғозга тушириб,  туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Шу асосда олиб борилган ўрганишлар жараёнида унинг уйидаги газ қувурида босим деярли йўқлиги, ҳисоблагич эса маромида ишлаши, оила аъзолари ўтин ёқиб кун кечиришаётгани тасдиқланди. Алқисса, аризачининг даъволари ўринли деб топилиб, назоратчи Рамет Ерназаров тузган далолатнома бекор қилинди...

Уч ярим бараварга кўпайтирилган қарз

Курраи заминимиз юзасининг учдан икки қисми сувдан  иборат. Шунга қарамай,  ичимлик сув ниҳоятда кам. Бу аҳолига ва турли ташкилот-корхоналарга обиҳаёт етказиб берувчилар гарданига катта масъулият юклайди. Айни чоғда, ўзи фойдаланган сув учун тўловни вақтида амалга ошириш ҳар қандай истеъмолчининг бурчи ҳисобланади.

Хўп, буниси тушунарли. Аммо тўлов суммаси нотўғри ҳисобланган, боз устига, уч-тўрт ҳисса кўпайтириб кўрсатилган бўлса, турган гап, ҳеч ким уни тўлашни хоҳламайди. Тўрткўл тумани, Тинчлик кўчаси, 49-уйда истиқомат қилувчи Рўзигул Ҳакимова ҳам айнан шундай ҳолатни бошидан кечирди. Аввалига сув таъминоти корхонасидан 1 миллион 772 минг сўмлик қарзи борлиги ҳақида огоҳлантиришнома келганида ҳайратга тушиб, ёқасини ушлади. “Наҳотки, қарзим шунчага етган бўлса?!.” дея қаттиқ хавотирга тушди. Ҳаяжонини босиб олгач, муаммонинг илдизини топишга аҳд қилди. Шу илинжда 10-91 рақамли ишонч телефони орқали Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига сим қоқди. Унинг оғзаки шикояти ёзиб олиниб, ўрганиб чиқиш ва тегишли чора кўриш учун Тўрткўл тумани ИҲҲҚ жамиятига юборилди.

Кейинги жараёнларда онахоннинг қарзи аслида 500 минг 638 сўмдан ошмаслиги, таъминотчи корхона ходимлари эса унга 1 миллион 271 минг 362 сўм миқдоридаги сунъий қарзни қўшиб, уч ярим бараварга ошириб кўрсатишгани юзага қалқиб чиқди. Рўзигул опа қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклашда амалий ёрдам кўрсатишгани учун жамият ходимларига миннатдорчилик билдириб, ҳақиқий қарзини дарҳол тўлади.

Албатта, иш бор жойда хато-камчиликлар ҳам бўлади. Уларнинг иссиғида бартараф этилиши эса кўп жиҳатдан истеъмолчиларнинг ҳушёрлигига ва ҳуқуқий саводхонлигига боғлиқ. Бу демак, улар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун билан яқинда танишиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини пухта билиб олсалар, фойдадан холи бўлмайди.

 

Дилшода ДАУЛЕТБАЕВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш жамиятлари федерацияси

мутахассиси.
 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"