Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2611
5648
5319

+329
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105050
159783
185137

-25354

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 879 730
Главная "ISTE'MOLCHI" Дабдабали тўй: кимда нима ўй?!

 

tuy_160Бундан чамаси 15 йиллар аввал Бекободдаги бир қишлоқда битирувчи синф ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Ундан бир парчагина хатдаги сўзлар дилингни зирқиратиб юборади: “Менинг битирув оқшомига кийишга ҳашамдор кийимим ҳам, дабдабали машинам ҳам йўқ. Ўзимни осишимга сабаб шу нарсаларнинг менда йўқлиги. Ўртоқларим нега шу дабдабаларни ўйлаб топишаркин-а?!!!

 

Афсуски 16 ёшли ўсмирнинг дабдаба-ю ҳашамга бўлган нафрати бугун ҳам бизни ўзгартира олгани йўқ. Айниқса, тўйларимизда, улардан сўнг қилинадиган маросимларимизда бизнинг халқ сифатида нақадар ҳашам ва дабдабага ўчлигимизда намоён бўлмоқда.

“Ақчаси йўқни ҳайрон этти тўй”

Ўрганишларга кўра, айни пайтда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги тўйхоналар бир киши учун 15 мингдан то 150 минг сўмгача ҳақ олиши қайд этилган. Одатда, ўзбек тўйига камида 300 чоғли одам чақирилади. Мазкур рақамлар чўтга солиб кўрилса, ойига ўртача 600 минг сўм топадиган фуқаро киши бошига 150 минг сўм оладиган катта ресторанда 300 кишига тўй бериш учун 45 миллион сўм сарфлаши маълум бўлади. Агар ўша тўй соҳиби маошга қаноат қиладиган юпқақўл одам бўлса-чи? У “элдан қолмай” битта маросим ўтказиш учун неча йил қозонни тўнкариб қўйиши керак?..

“Горько, горько!” Ҳавас қилдикми сенга!

Горько, горько... ҳуштагу қичқириқлар муҳитида ёшлар шу маросимни гоҳ уялиб, гоҳ ҳадиксираб адо ҳам этишди. Эмишки, Россия Федерациясида ишлаб пул топиб тўй қилаётган баъзи бир йигитларимиз ўз тўйларида “горько”ни одат тусига айлантиришга улгуришибди. Қарангки, “горько” одати йигитларнинг Россияда ишлаб келганлигини билдириб тураркан... Келинларнинг гул отиш маросимида қизларимизнинг ҳаё қилмасдан гулни биринчи бўлиб илиб олишга бўлган интилишини ҳам, уларнинг биринчилардан бўлиб эрга тегишга бўлган даъвосини ҳам, “орзу ҳавасим бор дея қайлиғини вальс тушишни ўргатадиган жойларга олиб боргувчиларнинг иддаосини ҳам тушундик, қабул қилдик ва амалда қўлладик!!! Эндиги навбат “горько, горько”гами?! Тўйларимизнинг ҳамма интиқиб, ҳузур қилиб кутадиган кульминацион палласи ёшларнинг “горко”си бўлиб қолса-чи?! Ва бундан ҳеч ким ажабланмаса-ю буни “ҳа, энди тўйда қилиниши лозим бўлган қонуният-да деб алқасак... Ўпичини қўл кафтига босиб кейин аҳли аёли, қизи ёки келинларининг пешонасига кафтини қўйиб меҳри муҳаббатини билдирган ўзбек эркаклари, йигитларимиз бугун ўз тўйларида “горько”га ҳавасманд бўлишдими?!

Бундан икки аср олдин рус ҳарбий қўшинлари Ўрта Осиё ҳудудини эгаллаб борар экан, қаршилик қилаётган халқларни қандай қилиб маҳв этиш борасида машҳур генераллардан бири фон Кауфман шундай деган эди:

– Бундай исёнкор халқларни куч билан маълум бир пайт енгиш мумкин. Уларни бутунлай яксон қилиш ва енгиш учун уларнинг энг азиз одатларини, қадриятларини йўқ қилиш даркор. Тўйларимизда ғарб дунёсига хос баъзи бир амалларнинг урфга айланиши, ростини айтганда, бизни бир кун еб битирадиган кемирувчига ўхшайди. “Кемирувчи” бизни эмас, биз “кемирувчини” бартараф этайлик!

Бувимнинг тўй кўйлаги

Яқинда турмуш остонасида турган икки ёшнинг фотиҳаси бузилди. Катталар иштирокида муқаддас никоҳнинг бир қисми бўлган фотиҳага путур етди. Сабаб оддий: келин бўлмиш 16 миллион сўмлик оқ кўйлакни ёқтирган ва шу кўйлакни кияман, пулини сиз тўлайсиз, дея йигитга шарт қўйган... “Турмушимиз бошланмасдан шу шартни қўйган хотиндан мен нени кутай дея, ўқитувчи йигит бу бўлажак никоҳдан воз кечиб қўя қолган. Шлефлари 3 метрдан кам бўлмаган оқ кўйлаклар бахтимизни ҳам ўзи каби узун ва бардавом қила олармикин?!

– Буви, тўйингиз қанақа бўлган?

– Хотинлар чилдирма чалиб, мени узатиб келишган.

– Қанақа кўйлак кийгансиз?

– Қанақа бўларди, оддий чит-да...

Оддий гулдор читни тўй кўйлаги қилган бувим бобом билан салкам 60 йил қўша қариди, улар 60 йил турмушнинг залворли юкини бирга кўтариб елкадош бўлишди. Орқаси узун, шлефли 16 миллион сўмлик оқ кўйлак можаросининг “қаҳрамон”и бўлган қиз турмушнинг 60 йиллик залвори тугул 60 сониялик заҳматига тоб бера олмади...

Тўй индустрияси: жабрдийда ким?

Президентимизнинг Олмалиқ шаҳрига ташрифида ҳам тўй мавзуси кўтарилди. Ушбу учрашувлар мобайнида жонкуярлик билан айтилган, беҳуда одатлардан воз кечган ҳолда аввало, юртдошларимизнинг соғлиғини, моддий ва маънавий дунёсини асрашга қаратилган сўзлар айтилди. Аммо, таассуфки, баъзи бир манбаларда тўйларимизни соддалаштириш ва ихчамлаштириш ортидан тўй индустрияси талафот кўраётганлиги дастак қилинмоқда. Бу яна қанақа индустрия бўлди? Ўша тўйларимизда пайдо бўлаётган ярамас одатларни урчитаётганлар, янгидан-янги одатларни жорий этаётганлар норозими энди бу тавсиядан?

Чиндан ҳам, ўша “келиннавкар”, “Love story”, ўнлаб машиналардан кортеж ясаш, одамлардан ортиб қолиб чиқиндига ташланадиган улкан торт кесиш каби янгича одатлар қадриятларимиз, ўзбекчилигимизга мутлақо ёт нарсалар эмасми, аслида? Ахир, ноннинг увоғини ҳам увол қилишни катта гуноҳ деб биладиган халққа ярашадиган нима бор бунда?! Ўзларини жабрдийда деб билаётган тўй индустрияси ўзларининг гуллаб-яшнаган бизнеслари аслида халқнинг ҳақиқий жабри ва шўри эканлигини ҳис этишармикин?

...Мен сўзимни машҳур ёзувчи Тоҳир Маликнинг ўз ҳаётидан олинган мана бу воқелик билан якунлашни лозим топдим:

“Ўғлимизни уйлантирганимизда баъзи бир нокерак, ёшлар учун ҳеч бир қиммати бўлмаган одатлар, масалан, куёв томоннинг келин томонга машиналар кортежини юбориши каби ўзимиз тўқиган урфлардан биз воз кечдик. Келин томонга ҳам шуни маълум қилиб қўйдик. Ўғлим ҳеч бир эътирозларсиз қароримни маъқуллади. Тўй чиройли ўтди. Йиллар ўтгач келинимдан “ўшанда уйингизга машиналар кортежини юбормаганлигим учун мендан хафа бўлгандирсиз-а, дугоналарингиз сизни изза қилишгандир ...”дея сўрадим. Мулоҳазали келиним мен кутгандан зиёда қилиб жавоб берди:

-Тўй кортеж келмаслигини эшитиб бироз ўйланиб қолдим, бироз ранжидим ҳам. Аммо катталар мени тўғри йўлга ундашиб, бу тўйни ихчамлаштириш дейилишини айтишди. Ўшанда ортиқча сарф-харажатлардан биз ёшларни тийган катталардан миннатдорман, жуда...

...Афанди 5 сўм пулга ёнғоқ олиб сал нарироқ бориб 5 сўмга пуллаётганлигини кўрганлар ундан нега бундай қилаётганлигини сўрашибди.

– 5 сўмга ёнғоқ олиб яна 5 сўмга уни пуллаяпман. Тўғри чўнтагим бундан ортиқча манфаат кўраётгани йўқ. Лек ўзим бу ишимдан ҳузурланаяпман... Нега дейсизми? Мен ёнғоқнинг шақир-шуқурига ишқибозман-да!

Мантиқсиз, келажагимиз учун ҳеч бир нафи бўлмаган дабдаба ва ҳашамлардан ўзимизни асрасак жаноб афанди каби кулгуга қолмасмидик...

Дилафрўз ЭГАМБЕРДИЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"