Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3656
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
106645
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 069 095
Главная "ISTE'MOLCHI" Ўзбекистоннинг экспорт салоҳияти янада юксалади

meva-va-sabzavot-160Бунда 6-8 сентябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган  II Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси муҳим аҳамият касб этади

Жаҳон бозорига йўл

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, соҳа вакилларини ҳар томонлама рағбатлантиришга, ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга, эмин-эркин фаолият юритишлари учун қулайликлар яратиб, енгилликлар беришга ҳамиша жиддий эътибор қаратиб келинаяпти.

Шу асно ишбилармонларимиз ва  фермерларимиз янги узилган, қуритилган ҳамда қайта ишланган мева-сабзавотларни, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли давлатларда ўтказилаётган йирик халқаро ярмаркаларда, бизнес-форум ва кооперацион биржаларда қатнашишларига, янги-янги харидорлар топишларига кўмаклашиш борасида ҳам диққатга сазовор ишлар амалга оширилаяпти. Алқисса, юртимизда инвестиция ва ишбилармонлик муҳити тобора яхшиланиб, экспортчи корхоналар сафи кенгаймоқда. Масалан, 2015 йили уларниг сони 147 тани ташкил этган бўлса, бултур 298 тага, жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 400 тага етди. Шу тариқа “Made in Uzbekistan” ёрлиғи муҳрланган маҳсулотлар жаҳон бозорида муқим ва ҳар қачонгидан-да мустаҳкамроқ  ўрин эгаллай бошлади.

Албатта, бундай натижаларга эришишда Президентимизнинг охирги пайтлардаги экспортни янада рағбатлантиришга, ташқи бозорларда маҳаллий товарлар рақобатбардошлигини таъминлашга, экспортёр ташкилотларни янада қўллаб-қувватлашга ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштиришга оид фармон ва қарорларимуҳим омил вазифасини ўтамоқда. Бу ҳужжатлар, аввало, экспортчиларимиз мушкулини осонлаштиришга йўналтирилган. Чунончи, 1 июндан эътиборан уларга ўзлари ишлаб чиқарган товарларни умумий миқдори 100 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган шартномалар асосида чет эл валютасида олдиндан тўловсиз, аккредитив очмасдан, банк кафолатини расмийлаштирмасдан ҳамда экспорт шартномаларини сиёсий ва тижорий хавфлардан суғурта полисисиз экспортга чиқаришга рухсат берилди (янги мева-сабзавотлар, полиз ва узум маҳсулотлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси  Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги 1871-сонли Фармони 2-иловасида кўрсатилган хомашё товарлар бундан мустасно). Шу шарт билан экспорт қилинган товарлар бўйича валюта тушумини таъминлаш муддати 90 кун қилиб белгиланди.

Хўжалик субъектлари соҳибларини беҳад қувонтирган навбатдаги янгилик шундан иборатки, муқаддам улар экспорт қилишдан тушган валюта маблағларининг 50 фоизини давлатга сотишга мажбур эдилар. Жорий йил февралида бу миқдор 25 фоизга қисқартирилди, 1 августдан эътиборан эса батамом бекор қилинди. Демак, эндиликда экспортчи корхона-ташкилотлар ўз валюта тушумларини тўлиқ ва эмин-эркин истифода қила оладилар.

Юртбошимизнинг шу йил 21 июндаги “Маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларни янада қўллаб-қувватлаш ва ташқи иқтисодий фаолиятни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга кўтарди.Унинг шарофати ўлароқ, тадбиркорлик субъектлари 1 июлдан янги мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотлари ҳақини олдиндан 100 фоиз тўлаш шарти билан тўғридан-тўғри экспорт қилиш ҳуқуқини қўлга киритишди. Қолаверса, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотлар учун амалда бўлган имтиёзлар ва преференциялар ўзлари эгаси бўлган маҳсулотларни экспорт қилувчи ташкилотларга ҳам татбиқ этилди. Келтирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган товарларнинг мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш муддатлари эса уч иш кунига қадар қисқартирилди. Муҳими, ишлаб чиқарувчи-экспортчиларга берилган имтиёз ва қулайликлардан бундан буён уларнинг маҳсулотларини хорижга етказиб берувчи барча тадбиркорлик субъектлари ҳам фойдаланишлари мумкин бўлди.

Бу ўзгаришлар бевосита ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштириш, экспорт ҳажмини ошириш, маҳаллий экспортчиларнинг рақобатдошлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, ортиқча ва эскирган рухсат бериш тартиботларини бекор қилиш орқали ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш ва мамлакатимизниг экспорт салоҳиятини юксалтиришдек эзгу мақсадларга хизмат қила бошлади.

Ноёб истеъмолбоп хусусиятларга эга ноз-неъматлар 

Ўзбекистон ўрик, олхўри, узум, ёнғоқ, карам сингари талай мева-сабзавотларни экспорт қилиш бўйича дунёдаги ўнта етакчи давлат қаторида туради. Саховатли заминимизда униб-ўсган ва пишиб етилган мева-сабзавотлар, узум ва полиз маҳсулотлари сархиллиги, хуштаъмлиги,фойдали ва тўйимлилиги билан алоҳида ажралиб туради. Қолаверса, айнан шу хусусиятларига кўра жаҳон бозорида юқори нуфузга эга, ўта харидоргир ва рақобатбардошли ҳисобланади. Инчунин, сўнгги уч йил мобайнида экспорт қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми уч бараварга ошди. Ҳозир эса мамлакатимиз 180 турдан ортиқ мева-сабзавотларни ва уларни қайта ишлаш эвазига тайёрланган маҳсулотларни чет эллик мижозларга етказиб бермоқда.

Албатта, тажрибали ишбилармонларимиз, омилкор деҳқонларимиз ва миришкор боғбонларимиз фақат шу билан чекланиб қолишмаётир. Билъакс, турли минтақаларда бўлаётган йирик халқаро кўргазмаларда мунтазам қатнашиб, харидорларини кўпайтиришмоқда. Масалан, “World Food Expo Korea – 2016” кўргазмасида тадбиркорларимиз жами қиймати 200 минг доллардан, “Food Moscow – 2016” озиқ-овқат маҳсулотлари кўргазмасида 2 миллион доллардан зиёд экспорт шартномалари тузишди.Берлинда уюштирилган “GreenWeek – 2017”халқаро ярмаркаси давомидаги келишувларга биноан, Ўзбекистон ўнга яқин мамлакат компанияларига 151,2 миллион долларлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш мажбуриятини ўз зиммасига олди.Москвадаги“Продэкспо – 2017” халқаро кўргазмасида эса ялпи қиймати 64 миллион долларга тенг экспорт битимлари расмийлаштирилди.

Ҳа, айтганча, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 1 июндаги “Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ташкил этиш ва уни ҳар йили ўтказиб туриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори хорижий ҳамкорларни маҳсулотларимиз билан яқиндан таништириш, ўзаро алоқалар ўрнатиб, экспортбоп ноз-неъматлар турларини кенгайтириш ва янги бозорларни ўзлаштириш ниятида қабул қилинганди. Шу асосда бултур авжи ёздапойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуаси (МКМ)да навбатдан ташқари Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди. Унда умумий баҳоси 2 миллиард доллардан зиёд 270 та шартнома имзоланди.

8-10 ноябрь кунлари худди шу мажмуада бўлиб ўтган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасига эса 33 та давлатнинг қайта ишлаш, тижорат ва логистика компаниялари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги бўйича юқори мартабали ташкилот-идораларнинг 300 нафардан кўпроқ вакиллари ташриф буюрдилар. Уларга юртимизнинг барча ҳудудларидан келган 150дан ортиқ мева-сабзавот етказиб берувчилар, қайта ишловчилар, турдош вазирлик-муассасалар ходимлари ўз маҳсулотларини тақдим этишди. Анжуманкунлариумумий қиймати 1,9 миллиард долларлик 1,4 миллиард тоннадан зиёд маҳсулот экспортига доир355та шартнома тузишга эришилди...

Янги имкониятлар омили

Табиийки, бугун “Ўзэкспомарказ” МКМда очиладиган ва уч кун давом этадиган II Халқаро мева-сабзавот ярмаркасидан ҳам умидимиз катта. Чунки “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ва “Ўзвиносаноатхолдинг” холдинг компаниялари, “Ўзэкспомарказ” ва “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамиятлари, “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси, “Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси дирекцияси” масъулияти чекланган жамияти биргаликда ташкил қилган бу тадбир кўлами жиҳатидан мамлакатимизда энг нуфузли саналади. Ундан кўзланган бош мақсад чет эллик талабгорларнидиёримизда экологик тоза, истеъмолбоп ва хушхўр-хуштаъм ноз-неъматлар етиштиришнинг ғоят катта имкониятлари мавжудлигидан, шунингдек, қайта ишланган сифатли маҳсулотлар мўл-кўллигидан кенг бохабар қилишдир. Асосий вазифа эса зироатчилик маҳсулотлари етиштирувчи, қайта ишловчи ва импорт-экспорт қилувчи маҳаллий ҳамда хорижий компаниялар, ташкилот-корхоналар ўртасида узоқ муддатли, истиқболли, ўзаро манфаатли муносабатлар ўрнатиш ва битимлар тузишдан иборатдир.

Шунга кўра,кўргазма павильонларига бу сафар ҳам янги узилган, қуритилган ва қайта ишланган мева, сабзавот, полиз ва дуккакли экинлар маҳсулотлари, қолаверса, овқатни хушбўй ва хуштаъм қиладиган, тансиқ таомлар тайёрлашда ишлатиладиган зираворлар қўйилади. Улар дунёнинг чор тарафидан келган мингдан ортиқ харидорларга намойиш этилади. Тадбир жараёнида меҳмонларга ҳам, экспортёрлар ҳам зарур маълумотлар берилиб, мева-сабзавотларнинг жаҳон бозоридаги йўналишлари ва истиқболларини чуқур таҳлил қилиш имкони яратилади. Бундан ташқари, музокара майдончаларида товар етказиб берувчилар хорижий савдо компаниялари, жумладан, харид қилиш бўйича қарор қабул қилувчи мутахассислар билан тўғридан-тўғри амалий мулоқотга киришадилар. Бу боғдорчилик, сабзавотчилик ва полизчилик билан машғул фермерлар, деҳқон хўжалиги раҳбарлари ва шахсий томорқа эгаларига ҳам жуда қўл келади. Улар ўзмаҳсулотларини тўғридан-тўғри ёки воситачилар кўмагида экспорт қилиш бўйича чет эллик бўлғуси ҳамкорлари билан ўзаро келишиб олишлари мумкин.

Ишончимиз комилки, бу кўргазмада тузиладиган шартнома ва битимлар ўтган сафаргидан анча кўп бўлади. Улар мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларихорижлик ишбилармонлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатишлари, мавжуд алоқаларни янада кенгайтиришлари, маҳсулот ва хизматлар экспорти бўйича фойдали келишувларга эришишлари учун катта имконият туғдиради. Алалхусус, юртимизга хорижий инвестицияларни янада кўпроқ жалб этиш, жаҳон бозори талабларига монанд истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиб амалга ошириш, қишлоқ хўжалиги саноатининг мавқеини том маънода мустаҳкамлаб, Ватанимизнинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"