Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2231
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
123299
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 085 748
Главная "ISTE'MOLCHI" Синовда синмагин, сўм!

 

sum_160Ниҳоят, узоқ кутилган бу ўзгариш юз берди! Ўзбекистон Президентининг фармони билан мамлакатимизда 5 сентябрдан валютанинг эркин конвертациясига ўтиш сари йўл очилди. Иқтисодчилар, ишбилармонлар, таҳлилчилар мазкур янгилик Ўзбекистон иқтисодий-молиявий ҳаётида жуда катта ўзгартириш ясашини башорат қилмоқда.

Фармонга кўра, эндиликда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари турли хилдаги жорий халқаро операциялар бўйича тўловларни амалга ошириш учун тижорат банкларидан чет эл валютасини чекловларсиз сотиб олиш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, мамлакатимиз фуқаролари ҳам банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчалари ва конверсион бўлимлари орқали валюта харид қилиши мумкин. Бу маблағлар уларнинг халқаро тўлов карталарига ўтказиб берилади. Энг асосийси, улар бу валютани чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатиши мумкин. Қолаверса, бундан буён фуқароларимиз халқаро тўлов карталари ва банк ҳисобқарақларидаги хорижий валютадаги маблағларидан хорижда ўқиш, даволаниш ва бошқа мақсадларда бемалол фойдаланиши мумкин бўлади.

Фармонда валюта сиёсатини либераллаштиришга қаратилган яна қатор чора-тадбирлар ҳақида сўз борадаки, бу саъй-ҳаракатлар натижасида иқтисодий ислоҳотлар кўламини кенгайтириш, инвестиция муҳитини кескин яхшилаш, молиявий тизим шаффофлигини ошириш, эркин бозор механизмларининг самарали ишлашини таъминлашга хизмат қиладиган улкан имкониятлар эшиги очилади.

Таъкидлаш керакки, валютанинг эркин конвертациясига ўтиш сўнгги вақтларда турли-туман доираларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб келаётган эди. Бу муҳокамалар давомида турфа фикрлар янграётган, хилма-хил саволлар ўртага ташланаётганди. Конвертация тўғрисидаги фармон эълон қилингандан кейин бу саволларнинг айримларига жавоб топилди, баъзи масалалар атрофидаги баҳс-мунозаралар эса янада кучайди.

Бугун расмий ва норасмий ОАВларда конвертация тўғрисида кўплаб чиқишлар қилиняпти. Мутахассислар, ишбилармонлар мавзу ҳақида ўз фикрларини билдирмоқда. Энг кўп баҳс эса “Оддий халқ эркин конвертациядан зарар кўрадими”, деган савол атрофида бўлмоқда. Буни тушуниш мумкин. Чунки ўзига тўқ доиралар кўпчиликка маълум сабаблар туфайли шу пайтгача ҳам бу масалада сезиларли қийинчиликларга дуч келмаган. Оддий халқ эса...

Молиячи эксперт Мансур Тангишовнинг электрон ОАВлардан бирида эълон қилинган мақоласида мазкур масалага эътибор қаратилган. Унинг фикрича, агар дастлабки икки-уч ойни ҳисобга олмаганда оддий халқ фойда кўрса кўрадики, ҳеч қандай зарар кўрмайди.

“Дастлабки ойларда, дарҳақиқат, нархларнинг ўзгариши (ташкилотлар ҳали нарх сиёсатини тўлиқ белгилаб олмагунча) харажатлар бирмунча кўпайишига олиб келиши мумкин. Бироқ кейинчалик бир маромга тушиб олгач, барча соҳаларда жуда кўп қулайликлар юзага келади. Эндиликда иш ўринлари ва иш ҳақи миқдорлари кўпайиши кузатилади, тўловларда узлуксизлик, янгидан-янги хизматлар жорий қилинади, жуда қулай бўлган электрон ҳамёнлар амалиётга кириб келади. Буларнинг барчаси, умуман, жамият ҳаётига жуда катта ижобий таъсир ўтказади”, деб ёзди М.Тангишов.

Таниқли ишбилармон, “Корзинка.уз” супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов валюта бозорининг эркинлаштирилиши билан истеъмол товарларининг нархи ошадими, деган саволга “йўқ”, деб жавоб берган ва бу фикрини асослашга ҳаракат қилган.

“Энди барча тадбиркорлик субъектларига ўз банкларидан бозор нархида валюта харид қилиш учун тенг шароитлар яратилгач, бозорда қатнашувчилар сони ортади, рақобат ошади, бу операциялар учун самарадор курс рухсатнинг енгиллаштирилгани ва шаффофлик туфайли ҳаттоки бироз тушади ҳам”, дейди ишбилармон.

Унинг айтишича, истеъмол товарларининг импорти анчадан буён расмий конвертация билан молияланмаётган эди ва уларнинг нархи параллел (қора) бозор курсида шакллантирилаётганди. Бундан ташқари, импортни амалга ошираётган корхоналар турли комиссион тўловлар ва биржа курси туфайли бозор курсидан ҳам ортиқроқ тўлашга мажбур эди. Қолаверса, муайян бир тузилма ва шаффофлик йўқлиги туфайли ҳамма ҳам бундай операциялардан фойдалана олмасди. Шунинг учун савдо корхоналари раҳбарлари савдо операцияларини такомиллаштириш ва нархларни пасайтириш ўрнига импортни молиялаштириш учун валюта манбаларини топиш мақсадида кўп ресурс ва вақт сарфларди.

Ўз фаолиятидан келиб чиқиб, соҳадаги тартиб-таомилларни, амалиётда қандай, расман қандайлигини беш қўлдай биладиган йирик савдо тармоғи раҳбарининг бу сўзларига қўшилмаслик қийин. Қолаверса, Президент фармонига эълон қилинган шарҳда ҳам “мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилаётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжуд”лиги тан олинган.

Шарҳда, жумладан, шу пайтгача валютани тартибга солишга ҳаддан зиёд маъмурий аралашув, ташқи савдо фаолияти учун айримларга алоҳида имтиёз ва преференциялар тақдим этилгани оқибатида тадбиркорлик субъектлари орасида бизнесни юритишда нотенг шарт-шароитлар пайдо бўлгани ва чет эл валютасининг параллел бозори вужудга келгани таъкидланади.

“Валюта курси сиёсатининг ташқи савдони рағбатлантиришдаги роли сусайиши маҳаллий ишлаб чиқарувчилар товар ва хизматлари нархларининг ташқи ва ички бозордаги рақобатдошлигини пасайтирди”, дейилади шарҳда.

Президентнинг валютанинг эркин конвертациясига оид фармони нафақат мана шу мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилгани, балки нархлар барқарорлигини таъминлаш чоралари белгилаб берилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Экспертлар ва ишбилармонлар эркин конвертациянинг жорий этилиши истеъмол товарлари ва хизматлар нархи ошиб кетишига олиб келмаслигига ишонч билан қараётганига асосий сабаб, назаримизда, мана шу омилдир.

Фармонда ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар учун нарх ва тарифларнинг асоссиз равишда ошиши ҳамда уларнинг тақчиллиги олдини олиш, импорт қилинадиган истеъмол товарлари нархлари барқарорлигини таъминлашда йирик улгуржи импортчи ташкилотлар билан биргаликда чора-тадбирлар кўриш каби бошқа масалалар ҳам белгилаб берилган.

Кўпчиликни ўйлантираётган навбатдаги масала жисмоний шахсларга валютанинг халқаро пластик карточкаларга ўтказиб берилиши белгиланганидир. Тижорат банкларимизда шу пайтгача мавжуд бўлган амалиётдан келиб чиқсак, айримларнинг бу борадаги хавотирлари сабабини тушуниш мумкин. Чунки эски амалиётга кўра, халқаро пластик карточкаларга бир амаллаб 2000 АҚШ долларигача пул ўтказиб берилар, уни ҳам ишлатишда чеклов бор эди. Масалан, кунига 100 доллардан кўп ечиб олиш имконияти бўлмагани, баъзи давлатлардаги терминалларда ишлашига чеклов қўйилгани шулар жумласидандир.

Бундай чекловлар кўпчиликни безиллатиб қўйгани бор гап. Молиячи эксперт Мансур Тангишов масаланинг айни шу жиҳатига эътибор бериб: “Аслида бизда хорижий валюта, хусусан, АҚШ долларига нисбатан кўпроқ жамғариш воситаси сифатида қаралади. Унинг қиймати ҳам расман, ҳам “қора бозор”да ошиб бораётгани учун нақд АҚШ доллари васвасасига барча бирдай чалинган”, дейди.

Президент фармонида жисмоний шахсларга сотилган валюта халқаро пластик карточкаларига ўтказиб берилиши белгилангани айримларни иккилантириб қўйганини юқоридаги ҳолатлар билан изоҳлаш мумкин. Энди бундай хавотирларга умуман ўрин йўқ, деб бемалол айтсак бўлади. Чунки фармонда жисмоний шахсларнинг халқаро тўлов карталаридаги валюта маблағлари чет элда ҳеч қандай чекловларсиз ишлатилиши аниқ белгилаб берилган.

“Бу чет элда нақд пул олиб юргандан минг марта афзал. Ахир банкдан хорижий валютани сотиб олаётган инсоннинг асосий мақсади ёки хориждан бирор нарса харид қилиш, ёки хорижда хизматлардан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш бўлиши керак. Ўзбекистон ичидаги ҳар қандай нарсани сўмда ҳам олиши мумкин-ку?” дейди эксперт.

Масаланинг бошқа бир жиҳати ҳам бор. Халқимиз ҳали ҳам “кўз билан кўрса, қўл билан ушласа бўладиган нақди яхши”, деган “ҳикмат”га амал қилади. Шунинг учун валютани бирданига нақд бериш йўлига ўтилса, айирбошлаш шохобчалари олдида ур-тиқилинч, турнақатор навбатлар юзага келмаслигига кафолат йўқ. Мазкур ҳолат эса охир-оқибат яна таниш-билишчиликка, коррупцияга имкон яратади. Натижада яна эски ҳаммом, эски тосимиз билан қолиб кетишимиз ҳеч гап эмас. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ҳозир жисмоний шахслар томонидан харид қилинган валютани халқаро электрон карточкаларга ўтказиб бериш айни пайтдаги энг оқилона қарордир. Аста-секин валюта муомаласи ўз йўлига тушиб олгандан кейин нақд валюта сотишгача буёғи бир қадам қолади. Кейинчалик банклар жисмоний шахс сотиб олган валютани унинг хоҳишига кўра карточкага ўтказиши ёки нақд бериши масаласи ҳам ўз-ўзидан ҳал бўлади.

Ўзбекистон Марказий банки 5 сентябрдан долларнинг расмий курсини 8100 сўм этиб белгилади. Айрим нашрлар бу ҳолатни сўмнинг кескин девальвацияси сифатида баҳоламоқда. Долларнинг расмий курси бир ҳафта илгарига нисбатан 3889 сўм 65 тийинга ошгани яна шундай хулосага олиб келиши табиий. Расмий жиҳатдан олиб қаралганда, ҳақиқатан ҳам бу сўм кескин девальвация қилинганини англатади.

Одатда девальвация нархларнинг жиддий ўсишига сабаб бўлади. Ўзбекистондаги иқтисодий-молиявий вазиятдан келиб чиқсак, бундай хавотирлар ўринсиз, деб айтиш учун асослар бор. Чунки шу вақтгача мамлакатимиз ички бозорида нарх-навонинг шаклланиши айнан валютанинг “қора бозор” курсига боғлиқ бўлиб келган. Юқорида айтганимиздек, валюта бозорида айни пайтгача мавжуд бўлган шарт-шароит шундай вазият юзага келишининг асосий сабабчисидир. Соддароқ айтганда, иқтисодиётимиз реал ҳаётда биз бугун сўмнинг девальвация сифатида баҳоланаётган қийматига мос шароитда фаолият кўрсатиб келаётган эди. Халқ шу пайтгача ҳам “қора бозор” курси билан яшаётганди.

Шу жиҳатдан олиб қаралганда, Марказий банк долларнинг сўмга нисбатан расмий курсини кескин ошириш орқали аслида расмий курсни “қора бозор” курсига тўғрилаб қўйди, холос. Яъни буни девальвацияни мавжуд ҳақиқатни расмийлаштириб қўйиш сифатида талқин қилган тўғрироқ бўлади назаримизда.

“Қора бозор” алоҳида мавзу. Кўпчиликни қизиқтираётган ва кўп масалаларнинг ечими бўлган мавзу. Шунинг учун “Энди “қора бозор” йўқоладими?” деган савол бугун тобора кўпроқ янграмоқда.

Эксперт Мансур Тангишов бу масалага ҳам тўхталиб, “қора бозор”даги пул айланмалари ҳажми бирданига эмас, балки аста-секинлик билан камайиб боришини башорат қилмоқда.

Унинг фикрича, юртдошларимиз руҳиятига ҳали собиқ иттифоқ давридан буён қаттиқ ўрнашиб, яшаб келаётган нақд пулга бўлган ишонч масаласи “қора бозор” умрини узайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, яширин иқтисодиёт иштирокчилари ҳам “қора бозор” мавжуд бўлишидан манфаатдор кучлардир. Зеро, “қора бозор” уларга пулларни банклардан ташқарида айлантириш орқали солиқдан қочиш, назоратсиз фаолият юритиш имкониятини тақдим этади.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш зарур. Айни пайтда “қора бозор”да долларнинг қиймати расмий курсга нисбатан бироз пастроқ (мақола тайёрланаётган пайтда кўча саррофлари долларни 7600-7700 сўмдан харид қилиб, 7800 сўм атрофида сотаётганди). Табиийки, бундай нархларда одамлар долларни “қора бозор”да эмас, тижорат банкига давлатнинг расмий курсида сотишни афзал кўради. Натижада банклар долларни сотиб олиш учун жуда катта миқдордаги нақд сўмга эҳтиёж сезади. Энг муҳими, банклар айнан шу вазиятда панд бериб қўймаслиги керак. Яъни қанча доллар таклиф этилса, у чекланмаган миқдорда харид қилиниши шарт.

Яқинда Марказий банк тижорат банкларини етарли миқдорда сўм билан таъминлашга оид муҳим қарорни қабул қилди. Энди мана шу ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлар сўзсиз бажарилиши амалда таъминланиши керак. Чунки тижорат банкларида хорижий валютани сотиб олишда сўм тақчиллиги вужудга келса, “қора бозор” бундан унумли фойдаланади. Ҳатто валюта фирибгарлари айрим нопок шахслар билан тил бириктириб, сўмнинг сунъий тақчиллигини юзага келтиришга уриниб кўриши ҳам мумкин. Зеро, валюта фирибгарлигидан келадиган улкан даромад жозибаси нималарга қодирлигини яқин ўтмишимизда кўп ва хўп кўрдик. Давлат курсида валюта олиб, “қора бозор”да сотганлар ҳали ҳам фойда илинжида тамшаниб турмаганига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Энди улар аввалги фирибгарликнинг тескари усулини қўллаши мумкин. Яъни “қора бозор”да валютани арзонга олиб, банкларга давлат курсида сотиш орқали мўмай даромадни кўзламаётганига ким ишонади?

Хуллас, айни пайтда Ўзбекистоннинг миллий ваютаси – сўмимиз ва молиявий-иқтисодий сиёсатимиз улкан синов қаршисида турибди. Бу синовдан эсон-омон ўтиб олиш эса мамлакатимиз молиявий тизимининг соғломлашуви, иқтисодиётимизнинг янада улкан одимлар билан олға силжиши учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

 

Анвар КАРИМОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"