Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5053
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102614
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 065 064
Главная "ISTE'MOLCHI" Реклама ҳам санъат

 

reklama_160У репортёр бўлмоқчи эди

Реклама бизнесининг бошланиш даврида, маҳсулотларни бозорга олиб чиқиш қоидаларига кўп ҳам аҳамият берилмаган бир вақтда, АҚШда бу борада Альберт Ласкерга тенг келадигани бўлмаган. Унинг раҳбарлигида Lord-and-Thomas реклама агентлиги бир талай инновацияларни ҳаётга жорий этиб, узоқ вақтларгача шу индустриянинг пешқадами бўлиб турди. Ласкер радиода реклама тамойилларини жорий этди (улар кейинчалик телевидениеда ҳам урф бўлди), сиёсат ва катта спортга ҳам таъсир кўрсатди.

Реклама тарихида, ушбу соҳа юлдузлари – Эдвард Бернейс, Дэвид Огилви ҳамда Лео Барнетлар қаторида Альберт Ласкернинг ҳам салмоқли ҳиссаси тилга олинади.

1880 йили Техаснинг Галвестон шаҳрида таваллуд топган Альбертни болалигидан мухбирлик касби ўзига ром этарди: Galveston Morning News деган маҳаллий газетада оз-моз пул ишлаб юрар ва репортёр бўлишни орзу қиларди.

Унинг отаси, банкир Морис Ласкер фарзанди танлаган йўлни унча маъқулламади. Отасининг фикрича, реклама агентлиги – айни эркак киши меҳнат қиладиган жой. Морис Чикагодаги Lord and Thomas реклама фирмаси билан гаплашиб, ўзини оддий клерк лавозимига ишга жойлаб қўяди. Ўспирин эса, отасининг талабларига ён босиб, агентликда фақат уч ойгина ишлашга рози бўлди.

Бу муддат тугагач, 18 яшар Альберт эндигина уйига қайтмоқчи бўлиб турганида, казинода катта пул ютқазди ва отасининг қаҳридан чўчиб, фирма эгаларидан бири – Эмроз Томасдан қарз сўради. Ундан олган 500 доллар (ҳозирги 10 000 доллардан ортиқ) эвазига, Альберт Ласкер ишлаб беришни ваъда қилди. Шу кўйи Lord and Thomas фирмасида уч ой ўрнига қирқ уч йил қолиб кетди ва энди ҳеч қачон мухбирлик касби тўғрисида хаёл ҳам қилмади.

Маҳсулотни кўз-кўз қилиш санъати

 

Ўша вақтлардаёқ Чикаго АҚШ реклама индустриясининг маркази ҳисобланар, бироқ рекламага ёндошув анчагина содда эди. Масъуллар буюртма берган фирманинг номини оммавий ахборот воситаларида кўп-кўп такрорлашнинг ўзи кифоя, деб ўйлашар, реклама агентликлари эса асосан мижозларга матбуотда реклама жойларини сотишар эди. Аммо бозор ўсиб борар, рақобат кучаяр, шу билан бирга, фирма ёки маҳсулотнинг номини газеталарда кўпроқ чоп этиш билан чекланмай, балки сотиш санъатини ўрганишга ҳам эҳтиёж туғилиб борарди.

Альберт Ласкер Lord and Thomas фирмасида бир йил ишлагач, илк мижози – Wilson Ear Drum Co. номли эшитиш мосламалари ишлаб чиқарувчи билан ҳамкорликда иш бошлади. Ласкер ўрганиб, тушуниб етдики, бу фирманинг муаммоси – ўз маҳсулотини сотишни билмасликда. Фирманинг рекламаларида қулоқнинг ички тузилиши ва мосламанинг ўзи – кичиккина ва кўримсизгина буюм схематик равишда тасвирланган эди. Ласкер назарида, бу ҳолда рекламага қизиқарлилик, яъни, ўқувчиларнинг эътиборини жалб этадиган нимадир етишмаётган эди. Шунинг учун у ўзининг дўсти – мухбир Южин Катцни ишга жалб этди. Улар биргаликда  “Карликка барҳам берилди” деган умумий шиор ва қўлини қулоғига тутган инсон тасвири остидаги рекламалар сериясини яратишди. Натижада Wilson Ear Drum Co. савдоси бир неча ой давомида ўсиб кетиб, реклама берувчи Lord and Thomas реклама бюджетини уч баробар кўпайтирди, бу эса ёш мутахассис Альберт Ласкернинг обрўсини ошириб юборди.

Тез орада агентликда яна бир машҳур копирайтер Жон Кеннеди пайдо бўлиб, Ласкер у билан бирга асосланган реклама ғоясини ўйлаб топди. Унинг моҳияти – истеъмолчи айнан реклама қилинаётган маҳсулотни танлашига сабаб ва далилларнинг тушунтириб беришида эди. Бунинг сабаблари эса, маҳсулотнинг сифати, баҳоси, фойдаланишда жўнлиги ва ҳоказо бўлиши мумкин. Муҳими, сабаб аниқ кўрсатилиши ва танлов дадил ва ишонч билан тавсия этилиши керак эди. Шу билан бирга, реклама даъвати ҳам ижобий, ҳам шиддатли бўлиши керак, деган хулосага келишди.

Бу ғояни ҳаммуаллифлар илк маротаба The 1900 Washer Co. кир ювиш машиналарини оммага таништираётиб қўллашди. Улар тоғора устида мункайган аёлни намойиш этган расм тасвирланган эски рекламанинг ўрнига, тебранма курсида мамнун ҳолда ўтирганча, ўша вақтда замонавий ҳисобланган агрегатнинг ишлашини кузатаётган аёл тасвирланган ва “Машинангиз кирни бепул ювади” деган ёзувли расмни чиқаришди. Бу тадбир шунчалик муваффақиятли чиқдики, мижоз ўз реклама бюджетини йилига 15 000 доллардан ойига 30 000 долларгача оширди. Шунинг шарофати ила, ярим йил ичида Lord-and-Thomas фирмаси Қўшма Штатлардаги энг йирик реклама агентликлари учлигидан жой олди.


Апельсин шарбатининг фойдаси

 

1903 йилда Альберт Ласкер Lord-and-Thomas фирмасининг шеригига айланди: фирма асосчиси Дэниэл Лорд нафақага чиқишга қарор қилиб, унга бизнесдаги улушини сотди. Яна тўққиз йил ўтгач 32 яшар Ласкер қолган улушни ҳам сотиб олиб, агентликнинг якка эгаси ҳамда раҳбари бўлди.

Шу вақтга келиб у тушундики, реклама фирмасининг қудрати – унинг ижодий ходимларида экан ва шу сабаб янги копирайтинг бўлимини очди. Жон Кеннеди ўзининг барча илғор ғояларини реклама бўйича услубий қўлланмада тўплади, Ласкер эса бир неча нафар ёш мухбирни ишга ёллаб, уларга шу услубларга мувофиқ сабоқ берди. Аслини олганда эса, АҚШда илк маротаба реклама мутахассисларини ўқитишга тартибли ёндошув қўлланган эди.

1906 йили, Кеннеди фирмани тарк этиб, Нью-Йоркка жўнаб кетгач, унинг ўрнига Ласкер яна бир реклама матнлари даҳоси – Клод Хопкинсни ишга олди ва унга ҳафтасига 1000 долларлик улкан маош тайинлади. Дарвоқе, Хопкинс бу пулни тўлиқ оқлади.

Альберт Ласкер узоқ йиллар ўзи ҳам матнлар ёзиб, фотосуратлар танлаб юрди, аммо у реклама стратегияларни ишлаб чиқишни яхшироқ уддаларди. Мисол учун, у америкаликларнинг апельсин шарбатига ошиқ бўлиб қолишларига ҳисса қўшди. 1908 йили Lord and Thomas агентлиги California Fruit Growers Exchange билан шартнома тузди. Ўша даврда цитрус меваларига талаб пасаяётган эди, шу сабабли калифорниялик фермерлар плантацияларни чопиб ташлашга ҳам мажбур бўлардилар.

Вазиятни ўрганиб чиққан Ласкер англадики, истеъмолчилар апельсинни фақатгина озуқа мева, деб тасаввур қилишар экан. У шу заҳотиёқ апельсин шарбатини реклама қилишни таклиф этади. У олти мингта апельсин етказиб берувчиларни Sunkist бренди остида бирлашишга даъват этди, ишонтирди, сўнгра эса улар учун маркетинг стратегиясини ишлаб чиқди. Бу стратегиянинг моҳияти асосан С витамини манбаи сифатида реклама қилинган апельсин шарбатининг фойдасига урғу беришдан иборат эди. Бу ғояга шунчалик киришиб кетдики, апельсин шарбати американча нонуштанинг ажралмас қисмига айланди, АҚШда апельсинлар истеъмолининг ҳажми эса кейинги чорак аср давомида икки баробардан ҳам  ошиб кетди.

Қизиқишлар доираси

 

Маълум вақт ўтгач, Альберт Ласкернинг қизиқувлари ҳар томонлама қулоч ёзди. 1916 йили ишбилармон ўзининг севимли жамоаси - Chicago Cubs акцияларини сотиб олди, тез орада эса назорат пакетининг эгасига ҳам айланди.

Ласкер шунингдек сиёсий тадбирлардаги иштироки билан ҳам машҳур эди. Аммо, эҳтимол, Альберт Ласкер АҚШ рекламаси тарихида қолдирган энг катта иши – бу оммавий ахборот воситалари фаолиятини юксалтириш бўлса керак. Lord and Thomas совунли опералар, полиция фожиалари, спорт ўйинлари ва концертларнинг радиотрансляциясида ҳомийларни топган илк агентлик бўлди. Эфирнинг тижоратлаштирилиши тингловчилар ва реклама берувчилар ўртасидаги киши билмас келишувнинг асосига айланди: сифатли радио ва теледастурлардан завқ олишни хоҳлаяпсизми – демак, рекламасига ҳам чиданг. Бу режа, маълумки, ҳозир ҳам иш бераяпти.

1938 йилга бориб, Альберт Ласкер ўз фаолияти ортидан жудаям бойиб кетди, миллионлаб долларларни ошна-оғайниларга улашар ва ҳатто кредитга – ўз пулига реклама тадбирларини уюштирар эди.

Бироқ, бироз муддат ўтгач, у йўқотишлар ва тушкунликка учради. Унинг ҳаётидаги энг катта армони – фарзандларининг ота изидан бормаганликлари бўлди. Қизи Мэри кўп ичар, ўғли Эдвард эса бахтини синагани Голливудга йўл олиб, муваффақиятсизликка учради.

1942 йили Ласкер рекламага қизиқишини батамом йўқотди ва тўсатдан ўз ишини фирманинг уч нафар топ-менежерига сотиб юборди. Унинг инвестициялари йилига 13 миллион доллар соф даромад келтирарди. Ласкер реклама бизнесини бутун умрга тарк этди ва рафиқаси билан бирга санъат буюмларини тўплаш ва хайр-эҳсон ишлари билан шуғуллана бошлади. 1952 йилда у 72 ёшида, ҳаётидан мамнун ҳолда вафот этди.

 

Дилшод ҚОСИМОВ тайёрлади.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"