Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3765
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
101326
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 063 776
Главная "ISTE'MOLCHI" Топталаётган сўз

 

gazeta_160бу ҳам истеъмолчи ҳуқуқини бузишдир

Бир латифа бор, ундан кўпчилик яхши хабардор ҳам бўлса керак. “Имтиҳонда берилган саволга жавоб қайтаришга қийналган талабадан домла “Савол қийин эканми?” деб сўраганда, талаба шундай дейди: “Домла, савол-ку қийин эмас, аммо жавоби...” Тан олиб айтишим жоизки, саволнинг жавобини билмаслигини ана шундай устомонлик билан хаспўшлаган талабага айрим вақтда ҳавасим ҳам келади.

Сабаби талаба устомонлик билан жавобдан қочиши мумкин, аммо дилида ҳақли саволлар туғилган ижодкор ўз виждонидан қаерга қочсин? Ачинарлиси шундаки, бир қарашда амалдаги қонун ҳужжатларида бу саволга ижобий жавоб мавжуд бўлса-да, аммо воқеликда у баҳсли кўриниш олади. Бундай ҳолатда истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдиган газетхон ёки китобхонга (шунингдек, биринчи навбатда ўқувчиси манфаатини ўйлайдиган ижодкорга ҳам) бу каби саволларга қониқарли жавоб топиш хийла мушкул.

Аслида бу борада савол туғилишининг ўзи маълум маънода мантиққа зид. Зотан икки тилда бир маъно ифодаловчи сўзлар сифатида қўлланилса ҳам, луғавий маъноси “яхши хулқ” бўлган “Адабиёт”нинг асл моҳияти “босма сўз” деган маънони билдирувчи “Литература”дан фарқ қилади. Чиндан ҳам адабиёт инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турувчи унсурга, яъни унинг онгига ижобий таъсир этиши, унга ибрат бўла олиши даркор. Сўз воситасида, сўз жозибаси орқали мазкур мақсадни амалга ошириши зарур бўлган китоб ва оммавий ахборот воситаларининг аксарияти айни шу нуқтада “оқсаётгани” эса ачинарли ҳолатдир...

Сўз сеҳрига кўз тегдими?

“Сўзни эшитамиз, сўзлашни қотирамиз, лекин Сўз мағзини чақиш аксар хаёлимизга келмайди”, дея ёзган эди таниқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов. Талабалик вақтларимизда “Услубият ва таҳрир” фанидан назорат ишларини топшириш учун кўплаб газета ва журналлар тахламларини бесамар титкилаганим ҳамон ёдимда. Боиси биздан уларда чоп этилган мақолалар ва хабарларда йўл қўйилган услубий хатоларни топиш, манбани кўрсатган ҳолда матнни айнан кўчириш ҳамда тагида таҳрир қилинган вариантини келтириш талаб этиларди. Сўнгги вақтларда эса аксарият оммавий ахборот воситалари бўлажак журналистларни ана шундай “бошоғриғидан” юз фоиз қутқарди, десак муболаға бўлмайди. Чунки даврий нашрларда ҳам, радио ва телевидениеда ҳам, ҳаттоки бадиий китобларда ҳам бу каби хатоларни истамасангиз ҳам бемалол топа оласиз.

Хўш, сўз олдидаги масъулият нега, нима сабабдан унутилиб боряпти? Бунга “ахборот асри” дея аталмиш XXI аср талаб этаётган тезкорлик сабабми ёки “замонавий журналистика” ва “тезкор ахборот” деган тушунчаларни ҳар ким истаганча талқин қилиши оқибатида журналистикадек мураккаб соҳага ҳам худди қўшиқчилик мисоли енгил муносабатда бўлаётганлар кўпайиб кетяптими?

“Она тилимни севмасам, сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам менга шоирлик қайда эди!” Бу ҳам Эркин Воҳидовнинг айтганлари. Чиндан ҳам ёзувчи ва шоирларимиз, журналистларимиз сўз сеҳридан маст, фикр, таҳлил ва мантиқ қудратига ошно эдилар. Ҳозирчи? Афсуски, бугун ўқувчи ва мухлислар эътирофига сазовор бўлганлардан кўра ўзини ижодкор дея, журналист дея атаётганлар кўпроқни ташкил этади. Майли, агар улар ўз ишига масъулият билан ёндашганларида, нокамтарликдек кўринувчи бу жиҳатдан кўз юмиш ҳам мумкин эди, аммо... Келинг, мисолларга мурожаат этайлик:

“Бироқ, у юқори (?) маълумотли эканини яшириб, Навоий кончилик коллежи дипломи билан Қорақалпоқ давлат университетининг “Электротехника” йўналишига ҳужжат топшириб, ҳаракатдаги (?) қонун талабларининг тегишли бўлим ва бандидаги талабларини била туриб, қўпол равишда бузишга йўл қўйган”.

Юқоридаги парча электрон оммавий ахборот воситасида берилган хабардан олинди. Матн рус тилидан таржима қилингани яққол сезилади. Аслида-ку, таржима дейишга ҳам тил бормайди. Гўёки вазифа тил меъёрлари билан кўпда ҳисоблашавермайдиган махсус дастур ёрдамида амалга оширилгандек. Йўқ, ундай эмас экан, бу “буюк”ликка “даъвогар” бир таржимоннинг иши (компьютер бундан ҳам баттар хатолик билан ўгиришини текшириб кўрдим). Рус тилида қўлланиладиган “Высшее образование” сўз бирикмасидаги сифат (высшее) нинг матнларда “юқори” маъносида қўлланиладиган ўринлари ҳам бор, албатта. Бироқ тил қоидасига кўра айни шу матнда “олий” сўзи ишлатилиши кераклигини кўпчилик яхши билса керак. “Матнни шу кўринишда таржима қилган шахс мазкур оммавий ахборот воситасига ишга кираётганда тақдим этган ҳужжатларида ҳам ўз маълумотини ўзбек тилида айнан “юқори маълумот” дея кўрсатганмикин”, деган ҳақли савол беихтиёр кўнглингиздан ўтмай илож йўқ. Шундай хато “действующее законодательство” сўз бирикмасида ҳам айнан такрорланган. “Таржимон” “ҳаракатдаги қонун талаблари” деган сўз бирикмасини ишлатган. Аслида эса “амалдаги қонунчилик талаблари” тарзида қўлланилиши керак эди.

Қуйидаги матн билан танишсангиз, “таржимон”нинг “маҳорати” кундан-кунга “сайқаллашиб” бораётганига беихтиёр тан берасиз.

“Техник-иқтисодий кўрсаткичлари (афзалликлари) бўйича силикат ғишт керамик ғиштлардан юқори тўради (?). Силикат ғиштни ишлаб чиқиш (?) учун 2 баравар кам ёқилғи, 3 баравар кам электр энергияси, 2,5 баравар кам ишчи кўчи (?) ишлатилади (?) ҳамда силикат ғиштнинг ўзига тушар баҳоси (?) 25-35% фоизга (?) камаяди (?)”.

Ундаги имло ва услубий хатоларни кўриб ҳайратдан беихтиёр ёқа тутамлайсиз: иккита жумлада нақ еттита хато... Имло хатоларгаку, майли, тўхталмаймиз, уларни саводи ҳаминқадар бўлган “юқори маълумотли” “таржимон”дан фарқли равишда ўзбек тили қонун-қоидаларидан хабардор бўлган мактаб ўқувчиси ҳам қийналмай топган бўлса ажаб эмас. Аммо маҳсулот айнан ишлаб чиқарилишини (меъёрий ҳужжат, қонун, низом кабилар эса ишлаб чиқилишини), ёқилғи, электр энергияси ва ишчи кучи одатда сарфланишини, таннарх эса (ўзига тушар баҳо эмас!) арзонлашишини яна бир карра ёдга солиб ўтиш мақсадга мувофиқ, шекилли, акс ҳолда аксарият “ижодкор”лар, “журналист”лару “таржимон”лар соҳанинг тезкорлиги туфайли тилнинг ана шу “арзимас икир-чикир”ларига эътибор қаратишга вақт тополмай қоляптилар, чамамда. Ўзбек тилида “таннарх” сўзи мавжуд бўлса-да, “себестоимость”ни “ўзига тушар баҳоси” тарзида таржима қилиш ҳамда ҳам фоиз сўзини, ҳам белгисини биргаликда қўллаш орқали “таржимон” ўзбек тилини “бойитиш” баробарида қонун-қоидаларни “янгилаётган”ини ҳам англаб етармикин?

Ўйланиб қоласан киши... Бу каби “таржимон”лар чет тилларни ўзлаштираман деб, ўз она тилини унутишганми ёки икки тилни сал-пал билиб олиш билан таржимонликка даъвогарлик қилишяптими? Ахир таржимон бўлиш учун икки тилни мукаммал билишнинг ўзи ҳам камлик қилади баъзан. Бу йиллар давомида, тинимсиз ўз устида ишлаш, изланиш орқали қўлга киритиладиган маҳорат, ҳатто санъат десак ҳам муболаға бўлмайди. Шундай эътирозларга соҳамизнинг айрим вакиллари “йиллар давомида маҳорат оширишга вақт етмай қоляпти”, дея жавоб қайтарса, асло ажабланманг, унутманг, ахир биз тезкор асрда яшаяпмиз...

Таърифга тил, таҳрирга қалам ожиз...ми?

Майли, бошловчи таржимонларнинг интилишини қўллаб-қувватлаш ҳам керак дерсиз, баҳслашмайман, бу фикрда ҳам жон бор. Лекин таржимонлик ва журналистлик билан бир қаторда таҳририятларда яна бир лавозим бор — у ҳам ўта масъулиятли. Бу — муҳаррирлик. Шу каби хатолар муҳаррирнинг нигоҳидан четда қолмаслиги ва унинг ўткир қалами ёрдамида бартараф этилиши керак эди, албатта. Шу боис ҳам юқоридаги ҳолатлар сабаб кўнглингизда ҳақли саволлар туғилади: шундай хатоликлар “урчиётган” нашрларда муҳаррир борми, унинг саводи ҳам “таржимонлар” кабими ёки шунчаки масъулиятсизми? Унда айрим электрон нашрларнинг пастки қисмида учрайдиган қуйидаги жумлага эътибор қаратинг:

“Расмий хабарларда ва блогларда кетган маълумот - мақолаларга муаллифлар ва блогерларнинг ўзлари масъулдирлар”.

Мана сизни ўйлантираётган саволларга “конкрет” жавоб...

Юқорида келтирган мисоллардаги таржима қилинган ахборотлар остида ҳеч қандай исм-шариф йўқлигини ҳисобга олсангиз, масъулият тўғрисидаги саволингизга ҳатто Шерлок Холмс ҳам тайинли жавоб қайтара олмаслиги шубҳасиз.

Муҳаррирлар эса босма нашрларда бор, лекин уларнинг айримларида сўзга ҳамда ўз ишига масъулиятсизлик яққол кўзга ташланади. Қуйидаги мисолга эътибор қаратинг:

“Ўзбек тарихий фильмлари деганда ёдимизга қайси кинолар тушади? Албатта, “Ўтган кунлар”, “Зулматни тарк этиб” (“Меҳробдан чаён”)... шундай эмасми? Биз бу фильмларни тарихий фильм деб қабул қилганмиз, ваҳоланки, уларда бирорта ҳам тарихий шахсни учратмаймиз”. 

Бир қарашда бу ерда имловий ва услубий хато йўқ. Лекин мантиқ... Бу муаллиф эътиборидан четда қолиши табиий, сабаби у устозларнинг маҳорат мактабидан эндигина сабоқ ола бошлаган талаба (эҳтимол, у вақти келиб кучли ижодкорга ҳам айланар). Лекин муҳаррир-чи? Нега бу мантиқий хатони беэътибор қолдирган? Балки бу икки асарни ўқимаган, фильмни кўрмаганмикин? Ишонгингиз келмайди бунга. Лекин хато “мана мен” деб кўзга ташланиб турибди. Бу икки асар тарихий эмас, тўғри, Абдулла Қодирий асарига муайян тарихий воқеани ҳам, тарихий шахсни ҳам асос қилиб олмаган. Лекин асар воқеалари XIX асрда кечиши туфайли унда тарихий шахслар образлари мавжуд. Худоёрхон, Мусулмонқул, Ўтаббой қушбеги, Нормуҳаммад қушбеги шулар жумласидан, демак, “уларда бирорта ҳам тарихий шахсни учратмаймиз”, деган фикр мантиққа мутлақо тўғри келмайди.

Яна бир мисол:

“— Ҳаётда ва актёрлик соҳасидаги устозингиз ким?

— Аниқ бир кишини айта олмайман. Санъаткорнинг устози бўлмайди. Чунки у ҳар бир инсондан ниманидир ўрганади. Устозларим кўп”.

Бу бир актрисанинг (исми-шарифини ошкор қилмай қўя қолайлик) интервьюсидан олинган. Эътибор беринг, бу ерда ҳам мантиқий хато бор. Иккинчи жумласида “Санъаткорнинг устози бўлмайди”, деган актриса бироздан кейин “устозларим кўп”, дея таъкидламоқда. Бу, очиғини айтганда, актрисадан кўра кўпроқ муҳаррирнинг хатоси, дейиш юз фоиз ҳақиқат. Биринчи жумлада санъаткорнинг устози битта бўлмаслигига яққол ишора бор, демак, актриса билиб-билмай “Санъаткорнинг устози бўлмайди”, деган тақдирда ҳам муҳаррир томонидан мантиқ нуқтаи назаридан жумла тўғрилаб қўйилиши керак эди.

Ана шундай таҳрирталаб жумлаларга турли оммавий ахборот воситаларида деярли ҳар куни дуч келиш мумкин. Энг ачинарлиси, уларнинг айримлари матннинг бутунлай бошқа маъно касб этишига сабаб бўлмоқда. Бу қуйидаги мисолда ўз аксини топган:

Яшнобод туманида 31 июль куни соат 01.00 да, 1992 йилда туғилган муқаддам судланмаган, Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон туманида яшовчи Ю.Н., 1986 йилда туғилган Табибий кўчасида яшовчи З.Д.нинг уйига томидан ошиб кириб, жиноятни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етказа олмасдан, уй эгаси томонидан ушланган”.

Энди матн юзасидан ўқувчиларга савол билан мурожаат этамиз, 1986 йилда ким туғилган, жиноят содир қилишга уринган шахс кирмоқчи бўлган уй эгаси — З.Д. ми ёки Табибийми? Тўғри, кимдир ушбу хабарни кенг оммага тақдим этаётган “журналист”нинг ниятини мантиқ кучи билан пайқаб, тўғри жавобни айта олиши мумкин, лекин матн Табибий шу йили туғилганини таъкидлаб турганини “ижодкор” каби муҳаррир ҳам пайқамай қолганми?

Эркин Воҳидовнинг “Она тили умуммиллат мулкидир, демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий”, деган жумласи елкасига ижодкорлик, журналистлик ва муҳаррирликнинг номинигина олиб, унинг масъулиятини зиммасидан соқит қилганларга ҳам тегишли эмасми, деган андиша туғилади. Шундай бўлгач, китобхон ва газетхоннинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқи тўғрисида саволга жавобни қаердан излаш керак?

Сўнгсўз ўрнида

“Адабий ижод ҳамиша Сўз оламига саёҳатдир. Ижодкор Сўзни тирик жон деб билади ва Сўз билан сўзлашади. Менинг бу ёзганларим ана шундай жонли тил билан жонли суҳбат бўлишини истайман. Умрини яшаб бўлган ва барҳаёт, мен англаган ва англаб етмаган соҳир хилқат билан кўнгил боғларида кезиб, хаёлан Сўз билан сўзлашсам, Тил билан тиллашсам, дейман”. Эркин Воҳидовнинг дил қатидан чиққан мазкур жумлаларини бежиз шу ўринда келтираётганимиз йўқ. Агар ижодкор сўзни тирик жон деб билиши ва сўз билан сўзлашиши керак бўлса, биз СЎЗ аталмиз тирик жонни нега бунчалик топтаб, яна ўзимизни “ижодкор” деб аташдан истиҳола қилмаяпмиз?

Маъруф ТОШПЎЛАТОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"