Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1190
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
104179
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 066 629
Главная "ISTE'MOLCHI" “Кимёвий”си ҳақиқатдан икки баробар арзон

 

ketchup_160Кетчуп аталмиш маҳсулот бугун ўзбек ошхонасининг ҳам бир қисмига айланиб улгурди. Айрим таомларни кетчупсиз танаввул қилмайдиганлар тоифаси ҳам пайдо бўлди. Ошхонага кириб, хўрандаларни бир кузатинг, бунга амин бўласиз. Кетчуп дунёдаги энг оммавий ва кенг тарқалган соус турларидан бири. У салат, газак, иссиқ ва совуқ таомлар тайёрлашда ишлатилади. Таркибидаги табиий ингредиенти боис кетчуп соғлиқ учун фойдали маҳсулотлардан бири ҳисобланади.

Шунинг учун бугун бозор истеъмолчилар эҳтиёжидан келиб чиқиб кетчупнинг хилм-хил турларини таклиф этмоқда. Афсуски, савдодаги арзон кетчупларнинг аксарияти таркибида уни тайёрлаш учун энг зарур маҳсулот – томат пастаси кам. Унинг ўрнини тўлдириш учун бўёқ берилган крахмалдан фойдаланилади. Чунки яхши томат пастаси қиммат туради, крахмал ва ҳар турли кимёвий қўшимчалар эса арзон.

Биз эзиб ишлов берилган ёки пюре шаклига келтирилган помидорни томат деб биламиз. Томат аслида итузумдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, унинг ватани Жанубий ва Марказий Америка ҳисобланади. Помидор эса мана шу ўсимликнинг мевасидир. Кўпчилигимиз помидордан тайёрланадиган озуқа маҳсулотларини айнан томат деб тушунамиз.

Асоси томат пастасидан иборат ҳақиқий кетчуп ҳам, табиий бўлмаган крахмалли кетчуп ҳам Ғарбда ўйлаб топилган. Лекин ривожланган мамлакатлар компаниялари крахмалли кетчупни ички бозор учун эмас, балки учинчи дунё мамлакатларига экспорт қилиш учун ишлаб чиқарган. Бу салбий анъана тез орада бутун дунёга тарқалиб, эндиликда ҳар қандай мамлакатда мазкур ҳолатни учратишингиз мумкин. Чунки “кимёвий” кетчупни ҳақиқий кетчупдан кўра икки баробар арзон сотиш мумкин, шунда ҳам фойда жуда катта бўлади. Демак, ишлаб чиқарувчиларни бундай маҳсулот билан бозорни тўлдириб ташлашдан тийиб туриш қийин.

Дўконларда сотилаётган кетчуп табиий ва нотабиий бўлади. Биринчисини ейиш мумкин. Иккинчисини ҳам. Ҳеч ким сизга буни тақиқламайди. Аммо... Агар нотабиий кетчупдан бирорта фойда бўлмаса, аксинча зарарли жиҳатлари ҳам бўлса, уни ейишдан нима наф?!

Қайд этганимиздек, ҳар қандай кетчупнинг асоси томат пастасидир. Паста қиммат ва сифатли хомашёдан ҳам, гени ўзгартирилган помидорлардан ҳам олиниши мумкин. Табиий кетчуп сифатли томат пастасидан қайнатиб тайёрланади. Бу паста махсус технология қўлланилиб тайёрлангани сабабли томатдаги фойдали моддалар – пектин ва ликопинни ўзида сақлаб қолади.

Арзон томат пастаси 85 даража ҳароратда 40-45 дақиқа қайнатилади. Бу арзон ва оддий усулдир. Бироқ мазкур усулда қайнатиш жараёнида помидордаги бор фойдали элементлар – пектин, ликопин ва витаминлар йўқолади. Бу моддалар инсон саломатлиги учун жуда зарур. Жумладан, улар саратон касалликларининг олдини олади. Ликопин табиий бўёқ бўлиб, айнан у томатнинг қизил бўлишини таъминлайди. Пектин эса табиий қуюқлаштирувчи вазифасини бажаради. Сифатсиз пастани қайнатганда пектин чиқиб кетгани сабабли нотабиий кетчупларда қуюқлаштирувчи ўрнида модификацияланган крахмал қўлланилади.

Крахмал суюқликни пектиндан кўра ёмонроқ тутиб туради. Шунинг учун нотабиий кетчупларда кўпинча у сувда парчаланади ва идиш тубида қуюқ чўкинди ҳосил қилади. Модификацияланган крахмал тез углевод ҳамдир. Мутахассислар бундай углеводларни инсон организми учун зарарли деб билади. У овқат ҳазм қилиш тизимини бузади ва семиришга олиб келади.

Арзон кетчуп, асосан, сув ва ўзига хос таъми бўлмаган модификацияланган крахмалдан иборат бўлгани учун унга турли ароматизаторлар, бўёқлар ва зираворлар қўшилади. Бу кимёвий тажриба натижасида номи кетчуп бўлган, аслида эса шубҳали компонентлар асосидаги қизил гелга эга бўлинади. Ҳар хил аралашмалар кўп бўлгани учун унда кимёвий моддалар ҳидини ҳам сезиш мумкин.

Сифатсиз ва сунъий бўёқ модда қўшилган нотабиий кетчуп болалар ва катталарда ошқозон-ичак тизими касалликларининг кучайишига, аллергик реакциялар зўрайишига, ошқозоности бези шамоллашига (панкреатит) сабаб бўлиши эҳтимоли бор. Организмида моддалар алмашинуви бузилган ва семиришга мойил кишилар ҳам кетчупни кўп истеъмол қилиши тавсия этилмайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сифатли ва табиий хомашёдан тайёрланган томат пастаси энг олий навли кетчуп умумий таркибининг 40 фоизини ташкил этиши керак. Навига қараб бу кўрсаткич ўзгариб боради. Аммо табиий деса бўладиган, турли кимёвий аралашмалар қўшилмаган кетчупда томат пастаси миқдори камида 15 фоиз бўлиши лозим.

Замонавий кетчупларни турли зираворларсиз тасаввур қилиш қийин. Улар таркибида пиёз, саримсоқпиёз, булғор қалампири, сабзи, қўзиқорин, зайтун, ҳар хил фойдали ўтлар, маринадланган бодринг кабилар бўлади. Олий навли кетчупга қўшилган бу каби қуритилган табиий маҳсулотлар миқдори 27 фоиздан кам бўлмаслиги керак.

Фастфуд ошхоналар сони кескин ошиб бораётган замонамизда кетчупнинг ҳам бозори чаққон бўлиб қолаверишига шубҳа йўқ. Хусусан, бозорларимизда табиий кетчуп танлаш имконияти бор. Аммо улар бироз қиммат бўлиши мумкин.

Ўзбекистон тўкин-сочин бозорлар мамлакати. Бунинг сабаби – иқлимимиз қуёшли, еримиз баракотли, халқимиз меҳнаткаш. Кетчуп учун асосий маҳсулот бўлмиш помидор ҳам ҳар доим бор, мўл-кўл. Айтмоқчимизки, ҳақиқий, табиий кетчуп ишлаб чиқариш учун бизда ҳар доим имконият бор.

Саноат усулида ишлаб чиқариладиган кетчупларга ишонмасангиз, уни уй шароитида ўзингиз ҳам тайёрлашингиз мумкин. Қуйида кетчуп тайёрлашнинг осон ва арзон усулини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Аввал 1,5 килограмм помидорнинг ҳар бири тўртга бўлиб чиқилади. Иккита пиёз ҳалқа қилиб тўғралади. Улар қозонга солиниб, тўрт чойқошиқ зайтун ёғи аралаштирилади. Аралашма 30-40 дақиқа давомида ўртача оловга қўйилади ва ҳар замонда қориштириб турилади.

Кейин аралашма миксер ёрдамида қуюқ ҳолатга келгунича айлантирилиб, бироз дам берилади. Сўнг унга икки чойқошиқ сув, 125 грамм қизил узум сиркаси, 150 грамм шакар қўшилади. Яна 30 дақиқача кучсиз оловда қайтарилади. Қозон газ плита (ўчоқ)дан олиниб, маҳсулотга бир ошқошиқ хантал (горчица), бир чойқошиқ қизил ширин қалампир, янчилган занжабил (имбирь), туз, бошқа керакли зираворлар қўшилади ва аралаштирилади.

Аралашма сузгич (сито)дан ўтказилади ва яна оловда қиздирилади ҳамда қуюқлаштириш учун бир қошиқ крахмал қўшилади. Охирида банкаларга қуйилади.

Ўзингиз тайёрлаган кетчупни камида бир ой сақлаш мумкин. Унинг ранги сизга ёқмаслиги ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки уни тайёрлашда томат пастаси эмас, помидордан фойдаланилади. Бунинг устига, тус берувчи бўёқ моддалар ҳам қўлланилмайди. Аммо турли табиий моддалар қўшиш орқали кўнглингиздаги тусга эга кетчупни тайёрлашингиз ўз қўлингизда!

Анвар КАРИМОВ тайёрлади.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"