Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2468
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105457
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 067 907
Главная "ISTE'MOLCHI" Қарздорликнинг ортиши – мол-мулкнинг йўқолиши

 

mib_160Маълумки, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 29 майда “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 30 май куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори имзоланди.

Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш сифатини янада яхшилаш халқимиз фаровонлигини оширишнинг муҳим омилидир. 2017 - 2021 йилларда электр тармоқларини модернизация қилиш, истеъмолчиларнинг энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 835,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги ишларни амалга ошириш белгиланган. Айни пайтда соҳадаги жиддий муаммо ва камчиликлар ҳам ўз ечимини кутмоқда.

Ўрганиш ва таҳлилларга кўра, шартнома мажбуриятларини бажармаётган истеъмолчиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилмаётгани, ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиши пайсалга солинаётгани дебитор қарздорликларнинг кескин ортишига сабаб бўлган. Шунингдек, талон-тарожлик, фойдаланилган энергия учун тўловлардан бўйин товлаш ҳолатлари юзага келгани ҳам сир эмас.

Мазкур камчиликларни бартараф этишнинг комплекс чора-тадбирларини назорат қилиш учун Президентимиз Фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-тарож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.

Мазкур бюрога энергия ресурслари етказиб берилиши ва истеъмолини ҳисобга олишнинг тўлиқлиги, ҳаққонийлиги, ҳисоб-китобларнинг ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан текширишлар ўтказиш ваколати берилган. Ушбу бюро ижрочиларига суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатлари ижросини, давлат инспекторларига эса етказиб берилган энергия ресурслари учун тўловларни ўз вақтида ва тўлиқ ундиришни амалга ошириш юклатилган.

Фармонга асосан 2017 йил 1 июлдан бошлаб, истеъмолчи-жисмоний шахслар ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтган ойда фойдаланилган энергия ресурслари учун тўлиқ ҳисоб-китоб қилишлари шарт. Тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганда истеъмолчи тармоқдан мажбурий тарзда узилади. Қайта уланиш учун жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробари, юридик шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида тўлов ундирилади.

Фармонда энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Прокуратура органларига ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига сўзсиз риоя этилиши устидан назорат самарадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар юклатилган.

Ушбу Фармон ва қарорнинг изчил бажарилиши истеъмолчиларни энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилиши билан бирга, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлашга олиб келишига умид уйғотмоқда.

Қарздорликлар қандай ундирилади?

Мутахассисларнинг фикрига кўра, сўнгги йилларда энергия ресурсларидан дебитор қарздорликни камайтириш, улардан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш борасида талабга жавоб берувчи ишлар олиб борилмаган. Электр ҳамда газ тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, ҳисобга олиш асбобларига шикаст етказиш ва уларнинг кўрсаткичларини ўзгартириш каби ҳуқуқбузарликлар нисбатан ошган. Бу каби талон-тарожликка йўл қўйиш ҳолатлари охирги икки йилда 48 фоизга ортган. Суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг амалдаги ижроси 2016 йилда атиги 45 фоизга бажарилган, холос.

2017 йилнинг биринчи чорагида “Ўзбекэнерго” ҳамда “Ўзтрансгаз” компаниялари тизимидаги 665 нафар, суд ижро департаментининг 36 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган.

– Бугунги кунда мажбурий ижро бюроси томонидан хатлов ўтказилмоқда, – дейди Мажбурий ижро бюроси директори Б.Қудратхўжаев. – Ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш мақсадида хатлов натижалари бўйича бир тўхтамга келинади. Шунингдек, “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” томонидан бизга қарздорлик ҳақида маълумот тақдим этилади. Биз шу маълумотлар асосида қарзларни ундириш чораларини кўрамиз. Бундан кейин “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” ходимлари хонадонма-хонадон юрмайди. Агар борадиган бўлса ҳам, уларга пул тўлаш мумкин эмас. Фақат махсус кийим ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатган бюро ходимларигагина тўловни амалга ошириш керак. Бюро ходимлари жойлардаги ҳисоблагичлар назоратини ҳам амалга оширади. У ердаги кўрсаткичлар асосидаги маълумотлар электрон тартибда махсус жиҳозлар воситасида биллинг тизимига  уланади. Шунингдек, тўлов имкониятлари ҳақида маълумот берилади ёки тўлов жойида амалга оширилади. Юридик шахсларнинг газ тўловлари эса ўзаро далолатномаларга асосан амалга оширилади.

Бош прокуратура қошидаги Мажбурий ижро бюроси раҳбари ўринбосари Жасур Ариповнинг маълум қилишича, айни пайтда Ўзбекистон бўйлаб электр энергияси ва газ учун умумий қарздорлик суммаси 5 трлн. сўмдан ошган. Унинг сўзларига кўра, автоматлаштирилган назорат-ҳисоб тизимига уланмаган электр таъминоти фойдаланувчилари шу ойнинг 10 санасигача қарзларини тўлашлари мумкин. Қолган ҳолатларда эса олдиндан тўлаш тизими ишга туширилган.

Хатланган мол-мулкни сотиш

Юқоридаги ҳужжатларга кўра, қарздорликлар белгиланган пайтда тўланмаса, ижро бюроси ходимлари томонидан истеъмолчининг мол-мулки хатланади ва аукцион савдосига қўйилади.

Айни пайтда Президентимизнинг 27.07.2017 йилдаги ПҚ-3149-сон қарори билан Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни сотиш бўйича аукцион савдолари E-IJRO AUKSION ягона электрон савдо майдони орқали, фақат электрон онлайн-ким ошди савдолари шаклида ўтказилади.

Мол-мулк электрон онлайн-аукционга қўйилишидан олдин қарздор ва ундирувчи ўтказиладиган баҳолаш ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинади. Баҳолаш натижалари юзасидан шикоят қилиш учун 10 кун муддат берилади. (Давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича сотилаётган мол-мулк бундан мустасно.)

Онлайн-аукционда иштирок этишга буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг порталида автоматик тарзда қабул қилинади ва электрон онлайн-аукционни ўтказиш кунидан олдинги кун соат 9-00 да якунланади.

Буюртма ЭРИ билан имзоланади. Унга закалат пули тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатнинг электрон (сканер қилинган) нусхаси илова қилинади. Унинг миқдори мол-мулк баҳоланган қийматининг 5 фоизини ташкил этади ва операторнинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Бошланғич нарх – аукцион объектининг баҳоланган қиймати. Аукцион бошланғич нархни ошириб бориш услубида ўтказилади.

Аукциондаги биринчи 4 қадамда – аукцион объекти баҳоланган қийматининг 5 фоизи миқдорида;  5- ва ундан кейинги қадамларда эса аукцион объекти баҳоланган қийматининг 3 фоизи миқдорида белгиланади.

Энг кам иш ҳақининг 2000 бараваридан юқори бўлган мол-мулк реализация қилинган тақдирда, аукцион қадами объект баҳоланган қийматининг 2 фоизи миқдорида белгиланади.

 

Г. МУРОДАЛИЕВА.

Biznes Daily”. 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"