Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4574
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
107563
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 070 013
Главная "ISTE'MOLCHI" Боқимандалик – иллат

 

halq_qabul_160Халқ қабулхонасига келган мурожаатлар билан танишиб...

2014 йил 29 октябрда Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни янгидан қабул қилинган бўлсада, унинг ижроси эскича ҳолда қолаверди. Шу боис 2016 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳузурида мурожаатлар билан ишлашнинг янги, замонавий усули – интернет электрон виртуал кабулхона ташкил этилди. Виртуал қабулхона қисқа муддат ичида ўзининг ижобий натижасини кўрсатгани туфайли бутун республика бўйича мурожаатлар билан ишлашнинг янгича усули – Халқ қабулхоналари ташкил этилди.

Халқ қабулхонасида мурожаатлар билан ишлаш мобайнида уни қонуний ҳал этишда нуқсонлар, қонун талабларини бузиш, ушбу талаблар моҳиятини тўлиқ англаб етмаслик, лоқайдлик, камбағаллик психологияси, боқимандалик, мурожаат қилиш маданиятига риоя қилмаслик каби салбий иллатлар мавжудлиги кўзга ташланмоқда. Бу каби иллатларни бартараф этмасдан туриб, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда ижобий натижаларга эришиш даргумон.

Хусусан, жорий йилнинг бошидан 15 июнга қадар Шаҳрисабз туман халқ қабулхонасига жами 520 та мурожаат келиб тушгани қайд этилган ҳолда, шундан 120 дан зиёди уй-жой ва ер масаласи, 32 таси электр энергиясидан қарздорлик, 66 тадан ошиғини боқимандалик кайфиятидаги аризалар ташкил этади. Айниқса, бу каби салбий ҳолатлар маҳалла фуқаролар йиғинларидан келаётган мурожаатларда яққол кузатилаяпти. Бу эса  фуқаролар йиғинлари маъсул ходимлари ўз ҳудудларидаги вазиятдан воқиф эмас ёки воқиф бўлсаларда, уни тегишли йуналишга йўналтириш қобилятига эга эмаслар, деган фикр уйғонади.

Жойлардаги фуқаролар йиғинлари ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни етарли даражада бажарганда эди, 15-20 фоиз ариза ўз жойида ҳал бўларди. Яна 10-20 фоизни ташкил этувчи боқимандалик, текинхўрлик, камбағаллик психологияси кўринишида ёзилган мурожаатлар бўлмас эди.

Маълумки, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда масъул котиблари ишга кираётганда ушбу йиғин фаолиятини яхшилайман, аҳолининг дарду-ташвишлари билан яшаб, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши учун керакли чораларни кўраман, деб катта ваъдалар беришади. Ваъда берилдими, бурч зиммага олиндими, демак, уни бажариш лозим! Ҳудудлардаги аҳоли билан асоссиз, боқимандалик, текинхўрлик кайфиятидаги мурожаатлар бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга эътибор қаратиш вақти келди, деб ўйлайман.

Аҳолига ҳаёт – бу ҳаракат эканини, ҳаракатда эса барака борлигини, Президентимиз фуқароларимизнинг фаровон яшаши учун жонбозлик кўрсатаётгани, қонуний асосларда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани, шу боис Халқ қабулхоналарига тадбиркорлар деярли мурожаат қилмасдан ўз фаолиятлари билан шуғулланаётганини, бир сўз билан айтганда, қўл билан берганга қуш тўймаслигини, муқаддас каломларимизда ҳам боқимандалик қораланишини одамлар онгига етиб борадиган тарзда тушунтириш МФЙ фаолларининг вазифаси саналади.

Юқоридаги каби МФЙнинг ўзида ҳал қилиниши мумкин бўлган мурожаатларнинг юқори идораларга чиқиб кетиш ҳолати фуқаролар йиғини раислари, масъул котиблари ва бошқа тегишли ходимларнинг ўз вазифаларини лозим даражада бажармаётганлиги, тарғибот-ташвиқот ишлари, иймонли-эътиқодли, юксак маънавиятли инсонларни тарбиялашга қаратилган фаолият етарли даражада ташкил этилмаганлигини англатади.

Назаримда, кўнглида шукроналик туйғуси бўлган, ўзини ва атрофидагиларни, қолаверса, қонунчилигимизни ҳурмат қилган ҳар бир инсон ўзи дуч келган муаммони белгиланган чора-тадбирларни қўллаш орқали, маҳалла-кўй билан бамаслаҳат, масалага ойдинлик киритиш йўли билан ечишга ҳаракат қилади. Биз ана шуни аҳолимизга тушунтиришимиз зарур. Қолаверса, ҳар бир мансабдор шахс шу мансабда ишлаётгани учун шукрона қилиши, ўзига юклатилган вазифани жон-дилдан, аъло даражада бажариши керак. Халқнинг орзу-умидлари ижобати, дарду-ташвишлари камайиши учун елиб-ёниб яшаш бизнинг ҳаётий шиоримизга айланиши лозим.

Инсон қайси мансабни эгалламасин, тараққиёт даври ва замонга мослашмас, давлат раҳбари ҳамда халқ талабига тўлиқ жавоб бермас экан, яхшиси эгаллаган мансабини, жойини муносиб кадрга бўшатиб қўйиши керак, деб ўйлайман. Шу ўринда, айрим мансабпарастларнинг халқ дардини тинглашни истамаслиги ҳам ариза ва шикоятлар салмоғи ошиб кетишига туртки бўлаётган сабаблардан бири эмасмикан, деган савол туғилади.

Ариза, шикоятлар билан ишлашда масъул ходим, раҳбарлар аввало ўзини севиши, ҳурмат қилиши керак. Чунки ўзини ҳурмат қилган инсонгина ўзгага ёмонлик қилмайди, ёрдам беради, керак бўлганида тўғри ва қонуний йўлни кўрсатиб, ёмон йўлдан қайтаради. Давлат, жамият томонидан юкланган вазифани, мансабни сидқидилдан бажаради ва бундан ўзи ҳам роҳатланади.

Юқорида таъкидлаганимдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашдаги яна бир оғриқли нуқта – бу боқимандалик кайфиятидаги мурожаатлар салмоғининг юқорилиги (10-20 фоиз). Қабулга келган баъзи фуқароларни кўриб, ҳайрон қоласан киши: кам таъминланганлик улар учун унвон ёки юқори мартаба, гуё... “Мен кам таъминланганман”, ”менга уни бер, буни бер” дея талаб қилишади улар. Бу каби мурожаатлар муаллифига қонун талабларидан келиб чиқиб гапирсанг, эшитишни исташмайди ёки оғизларидан “боди кириб шоди чиқади”. Демак, жойларда фуқароларимизга мурожаат қилиш одоби, маданиятини ҳам тушунтирмоқ лозим экан.

Фикримча, жойлардаги раҳбарлар бу каби боқиманда инсонлардан ҳақиқий муҳтож кишиларни ажратиб, аниқлаб олиши зарур. Чунки муҳтожларга ёрдам бериш асосий вазифамиз, бурчимиздир. Айни пайтда текинхўр, боқимандалик кайфиятидаги мурожаат муаллифларини фаол ва фойдали меҳнатга йўналтириш, уларни мамлакатимизда кенг қулоч ёзаётган тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш пайти келган.

Нега аризабозлик, боқимандалик кайфиятига берилиб қолмоқдамиз?

Менимча, бу саволнинг жавоби аниқ: фуқаролар йиғинлари аҳолидан узоқлашиб кетган, тарғибот-ташвиқот, қонун ва қонуности норматив ҳужжатларни тушунтириш ишлари ўлда-жўлда. Халқ дарду-ташвиши, муаммолари ечими йўлида ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Ҳали бирор фуқаролар йиғини раиси асоссиз, уйдирма, туҳмат мурожаат учун у ёки бу фуқарони маъмурий жавобгарликка тортгани ҳақида эшитмадим. Афсуски, бу каби мурожаатлар ҳам талайгина тушиб турибди.

Шуни ҳам қайд этиш лозимки, маҳалла фуқаролар йиғинларида илдиз отган яна бир иллат – кам таъминланган оилаларга ажратиладиган нафақа ва моддий ёрдамларга кўз олайтириш ҳолати ҳам шикоятларнинг ошишига сабаб бўлмоқда. Келиб тушаётган маълумотларда фуқаролар йиғинлари масъул ходимлари нафақа ва моддий ёрдамларнинг маълум қисмини олгандан сўнггина фуқароларга нафақа ва моддий ёрдам пулини бераётгани айтилмоқда. Унутмангки, бундай юзсизлик, ҳаромхўрликларга чек қўйиладиган пайт аллақачон келган!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев кўрсатмаси асосида ишни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан қонун талаблари бўйича шуғулланиш, адолатли тарзда иш юритиш барчамизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиб қолиши керак.  Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек: фуқароларнинг ҳар қандай муаммоларини ҳал этиш давлатнинг халққа нисбатан асосий мажбуриятларидан бири эканини унутишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

 

Тўйчи ТОШЕВ,

Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани

“Халқ қабулхонаси” мудири.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"