Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4276
6255
6555

-300
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
77586
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 212 992
Главная "ISTE'MOLCHI" Хоразм қовунларининг довруғи

qovun_160Шу йилнинг январида Хоразмга сафар қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан танишар экан,  кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги, жумладан, полизчилик борасидаги катта имкониятлардан оқилона фойдаланиш юзасидан ҳам қимматли тавсиялар берганди. Давлатимиз раҳбари Боғот туманида бўлганида “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси тизимидаги “Хоразм узум тайёрлов савдо” МЧЖ томонидан барпо этиладиган боғда йилига 3 минг тонна узум, шунингдек, 200 гектар майдонда гурвак, кичкинтой гулоби, зар гулоби каби экспортбоп қовун навларини етиштириш билан боғлиқ истиқболли ғояларни қўллаб-қувватлаган эди.

Томорқада замча бор

Хоразм қовунчилиги узоқ тарихга эга. 1333 йили Хоразмга ташриф буюрган араб сайёҳи Ибн Баттута ўзининг “Саёҳатнома” асарида “Хоразм қовунининг дунёда тенги йўқ. Қовун қоқисини савдогарлар ҳатто Хитойга, Ҳиндистонга Хоразмдан олиб кетишади”, деб ёзган.

Воҳа қовунлари тури ранг-баранглиги, хушбўйлиги, оғизда қоладиган ўзгача мазаси билан ажралиб туради. Серқуёш, турли микро ва макроэлементларга бой бу замин тилими тилни ёрадиган ширин-шакар қовунлар етиштиришга қулай. Хоразмликлар томорқасининг бир қисмини албатта қовун, масалан, эртапишар замча экиш учун ажратади. Улар ўзлари ва болалари тўйиб қовун ейиши учун шундай қилади.

Оддийгина мисол. Ўзимиз ҳар йили ёз чилласида бироз муддат дам олиш масканига чоғланар эканмиз, турмуш ўртоғим фарзандларимизни қовун-тарвуз билан “таъминлаб” кетишга ҳаракат қилиб, бозор харажатлари рўйхатига, албатта, қовун-тарвузни киритади. Хоразмда яна шундай ажойиб одат бор. Дўсту биродарини меҳмонга таклиф қилар экан, “Уйда ширин қовун бор, еб кетинг”, ёки шошилиб турган биродарини қуруқ қўл билан юбормаслик мақсадида “Қовундан болаларга олиб кетинг!” дея мулозамат қилади. Айниқса, гурвак пишган паллада бундай олди-бердилар жуда кўп кузатилади. Поезд ёки бошқа транспорт воситасидами, қопларга жойланган 8-10 дона гурвакни узоқ жойдаги яқинига илиниш мақсадида жўнатаётган юртдошларимизни кўрганда уларнинг саховатпешалигидан фахрланиб кетасан киши.

Фойдали элементларга бой

Қовун фойдали моддаларга бой. Унинг таркибида сувдан ташқари 8-15 фоиз қуруқ модда, 0,8 фоиз оқсил, 1,8 фоиз бириктирувчи тўқима ва 2 фоиз турли углеводлар, шунингдек, 0,9 фоиз мой, 0,6 фоиз кул, 20-30 мг С витамини ва бошқа кўплаб микроэлементлар, органик ва минерал тузлар мавжуд. Ўрта Осиё қовун навлари таркибидаги қанд моддаси миқдори 14-16 фоизни ташкил қилади.

Фруктоза миқдори ортиқлиги сабабли қовуннинг эти ўта ширин, глюкоза кўпроқ бўлганда эса ним ширин таъмга эга бўлади. Парҳезбоплиги боис халқ табобатида турли мақсадларда кенг қўлланилади. У овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди. Организмни ортиқча салбий моддалар ва хилтлардан тозалайди. Таркибидаги фолий кислотаси эса қон айланиш тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, атеросклероз, камқонлик хасталикларида фойдали саналади.

Воҳада етиштириладиган қовун навлари хилма-хил. Оқ гурвак, ола гурвак, зар гулоби, қариқиз, гулоби хоразмий, амири, маҳаллий ширин пўчоқ, сариқ замча кабилар кўп экилади.

Сариқ замча - эртапишар нав. Унинг вазни 0,5-2 кг бўлиб, таркибидаги қуруқ модда миқдори 8,5-10 фоиз, жами қанд моддаси миқдори 6-7,8 фоиздир. Ҳосилдорлиги гектарига 18-20 тоннани ташкил қилади.

Оқ гурвак ўртапишар нав бўлиб, думалоқ ёки саватсимон шаклда, йирик. Вазни - 5-6 кг. Ҳосилдорлиги - 25-30 т/га.

Гулоби хоразмий кечпишар нав бўлиб, шакли цилиндрсимон, йирик ҳажмли. Вазни - 4-7 кг. Ҳосилдорлиги - 35-40 т/га.

Соҳа илмий асосда ривожлантирилади

Бугунги кунда Хоразм қовунлари довруғини қайта тиклаш, йўқолиб бораётган навларни асраб, воҳа тупроқ ва иқлим шароитларига мос, касалликларга чидамли, экспортбоп қовун турларини илмий асосланган ҳолда кўпайтиришга жиддий киришилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 январдаги “Хоразм вилояти ҳудудларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорига асосан, Урганч давлат университетида Қовунчилик илмий маркази ҳамда кимёвий технологиялар факультетида махсус қовунчилик илмий лабораторияси фаолият бошлади.

Ўқув-тажриба хўжалиги майдонида қовунчилик бўлими учун алоҳида ер ажратилган бўлиб, бу ерда йўқолиб бораётган навлар уруғларини Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар фан-техника ютуқлари ҳамда илғор тажрибаларни қўллаган ҳолда етиштириш юзасидан илмий тадқиқотлар олиб бориш кўзда тутилмоқда. Соҳани янада такомиллаштириш мақсадида агротехника жараёнини механизациялаш, меваларни сақлаш ва қайта ишлаш, ўсимлик касалликлари ва зараркунандаларига қарши уйғунлашган кураш тадбирлари ўтказиш, долзарб ҳисобланган масала ва муаммолар юзасидан ўқув-услубий қўлланмалар ишлаб чиқиш ва талабаларнинг танишув, ўқув ҳамда ишлаб чиқариш амалиётларини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон сабзавот-полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтининг Гурлан туманидаги вилоят таянч пунктида ҳам ишлар қизғин.

– Хоразм қовунлари довруғини янада ошириш, қадимий навларни қайта тиклаш билан бирга турли касалликларга чидамли янги навлар яратишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, – дейди таянч пункти раҳбари Ғайрат Гулимов. – Бизга ажратилган майдонларда гурвак, бешак, сурхон бешаги, суюнчи, ширинпечак, қариқиз, оқноввот, жийда япроқ, нонигўшт, сариқ гулоби, гулоби хоразмий, ширинпўчоқ кабилар билан бирга касалликка чидамли саховат, амударё, зар гулоби навлари экиб кўпайтириляпти. Таянч пункти далаларида ҳозирги пайтда қовуннинг 35 дан ортиқ тури етиштирилмоқда.

Гурвак – хоразм қовунчилиги  бренди

Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш дастурига асосан, воҳа қовунларини туристик бренд сифатида оммалаштириш учун Хивада “Гурвак – Хоразм қовунчилиги рамзи” деб номланган анъанавий қовун сайли ўтказиш йўлга қўйилди. Мақсад серқуёш заминимизда етиштирилган ушбу маҳсулотни хорижлик сайёҳларга кенг тарғиб этиш, тармоқда илғор технологияларни жорий қилиш, соҳанинг экспорт салоҳиятини оширишдан иборат.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган бу сайлда вилоятдаги деҳқон ва фермер хўжаликларида, аҳоли томорқаларида етиштирилган қовун турлари кенг намойиш қилинмоқда. Жумладан, Шовот туманининг Шовотқалъа қишлоғидаги Руслан Бекжонов бошлиқ “Асал, Лобар” фермер хўжалиги, Ҳазорасп туманидаги “Ғофур-Руҳия”, Урганч туманидаги “Давлат Раҳматулло”, “Фаррух”, Янгибозор туманидаги “Раҳимбой Қўчқоров” фермер хўжаликларининг полизчиликдаги тажрибасини кўпчиликка ибрат қилса арзийди.

Истиқболдаги улкан режалар

Хоразмликлар деҳқончилик соҳасида ўзига яраша тажрибага эга. Вилоятда пахта, ғалладан ташқари гуруч, узум, қовун экспорт қилиняпти. Ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган мева-сабзавот ярмаркасида фаол иштирок этган воҳа миришкорлари ҳам турли ҳамкорлар билан кўплаб шартномалар тузди.

Маълумотларга кўра, 2017 йилда Хоразм вилоятида барча тоифадаги хўжаликлар бўйича 2835 га ерга қовун экилади. Ялпи ҳосилдорлик эса 74654 тоннага етказилиб, шундан 4205 тоннаси уруғликка, 500 тоннаси қайта ишлаш корхоналарига, 2601 тоннаси озиқ-овқат ярмаркаларига, 56 минг 599 тоннаси ички истеъмол бозорига, 10 000 тоннаси экспортга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Тузилаётган режалару кўрилаётган тадбирлардан кўзланган мақсад эса битта. У ҳам бўлса, қовунчилик соҳасини замон талаблари даражасида кўтариш, маҳсулотларни экспорт қилишни кўпайтириш, қайта ишлаш  саноатини ривожлантириш. Бунинг учун вилоятда етарли имкониятлар мавжуд.

Меҳрибон ИСМОИЛОВА.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"