Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3509
5648
5319

+329
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105948
159783
185137

-25354

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 880 628
Главная "ISTE'MOLCHI" Вақтинча ва доимий қайд қилиш қоидалари

 

passport_160Шайхонтоҳур пойтахтимизнинг бундан 88 йил муқаддам ташкил этилган дастлабки туманларидан бири. Ўтган давр мобайнида у ҳар томонлама ривожланиб, том маънода гуллаб-яшнаган  гўшага айланди. Зеро, ҳозир туманда кўплаб йирик саноат корхоналари, кичик ва ўрта бизнес субъектлари, турли ташкилот-идоралар, нуфузли вазирликлар ва давлат қўмиталари, илм-фан ва касб-ҳунар даргоҳлари, маданият ва санъат кошоналари, соғлиқни сақлаш муассасалари, савдо-сотиқ мажмуалари, тарихий-маданий обидалар ва бошқа иншоотлар мавжуд. Энг муҳими, ҳудудда 52 та маҳалла бўлиб, уларда ҳар хил миллатга мансуб 310 мингдан зиёд киши аҳил-иноқ, тинч-тотув яшамоқда.

Бунда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш йўлида хизмат қилаётган ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда қонунлар ижроси учун масъул идораларнинг ҳам ҳиссалари катта бўлмоқда. Сўзимизнинг исботи сифатида туман ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими (ХЧК ва ФРБ) фаолиятига бирров назар ташлайлик.

Ҳозир бўлимда 18 нафар ходим хизмат қилаяпти. Улар тўққиз йўналишда иш олиб боришаяпти. Аниқроғи, биометрик паспорт бериш, фуқароликка кириш-чиқишни, турли шаҳар-қишлоқлардан келган юртдошларимизни, шунингдек, чет эл фуқароларини ва фуқаролиги бўлмаганларни Тошкентга вақтинча ёки доимий рўйхатга қўйиш, йўқолган паспортларни тиклаш, хорижга чиқаётганларга рухсат ёзувлари расмийлаштириш, ҳамюртларимизнинг пойтахтда бўлиши юзасидан назорат олиб бориш, алиментни ёки давлатдан қарзни тўлашдан бўйин товлаганларга қидирув эълон қилиш вазифалари билан шуғулланишаяпти.

Шубҳасиз, бу жараёнларда паспорт тизими қоидаларига қатъий риоя қилиниши муҳим аҳамиятга эга. Чунки миллий паспорт мамлакатимиз фуқаролигини ва эгаси шахсини тасдиқловчи асосий ҳужжат ҳисобланади. Моҳиятан ёндашганда, у фуқароларимизнинг Ватанимиз ва халқимиз тақдирига дахлдорлигининг ўзига хос рамзи бўлиб, барчамиз давлат ҳимоясида эканлигимизни кафолатлайди. Айни чоғда, зиммамизга ўша юксак номга муносиб бўлиш масъулиятини юклайди.

Ушбу ҳужжатни бериш ва ундан фойдаланиш, қайд этиш, рўйхатдан чиқариш тартиб-қоидалари, уларни бузганлик учун жавобгарлик “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низомга биноан белгиланади. Унда қайд этилишича, юртимизнинг 16 ёшга тўлган барча фуқаролари бу паспортга эга бўлишлари шарт. Хорижлик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаганлар диёримизда қонунан қабул қилинган ҳужжатлар асосида яшайдилар.

Бу паспорт 16 ёшга тўлган фуқароларимизга, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонун кучга киргунга қадар юртимизда доимий яшаб турганларга ва Ўзбекистон фуқаролигини олганларга ички ишлар органлари томонидан берилади. Хорижда доимий яшовчи ҳамюртларимиз ҳамда мамлакатимиз фуқаролигига лойиқ кўрилганлар уни давлатимизнинг чет элдаги дипломатия ваколатхонаси ёки консуллик муассасасидан олишади.

Ташкилотлар, корхоналар, муассасалар ва ўқув юртлари, меҳмонхоналар, санаторийлар, пансионатлар, қариялар ва ногиронлар уйлари, бошқа шундай муассасалар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари, хусусий уй эгалари ва шахсий мулк ҳуқуқи билан уйларга эгалик қилувчилар паспорт тизими қоидаларига риоя этилишини таъминлашга масъул саналадилар. Бу талаблар бажарилишини эса ички ишлар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари назорат қиладилар.

Паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан қайд эттирмай яшаган, уни атай яроқсиз ҳолга келтирган, авайлаб сақламай йўқотган, паспортлардан ғараз мақсадларда фойдаланган, чегара зонасига, шунингдек, вақтинча чекланган жойларга кириш ёки унда яшаш қоидаларини бузган фуқаролар қонунан жавобгар бўладилар. Ўз навбатида, баъзи кишилар хусусий уй-жойларида паспорти йўқ шахсларнинг қайдсиз яшашига ижозат беришгани, паспорт тизими қоидаларига риоя қилинишига масъуллар фуқароларнинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан ёхуд қайд этмай яшашига йўл қўйишгани, мансабдор шахслар ўша кишиларни ишга қабул қилишгани, ўзгалар паспортини қонунсиз олиб қўйишгани ёки гаровга олишгани учун тегишли жазога тортиладилар.

Албатта, кўпчилик бу қоидалардан яхши хабардор. Шунга қарамай, уларга амал қилмайдиганлар ҳам бот-бот учраб туради. Бундай қоидабузарликлар кўпинча паспортни вақтида олмаслик ёки алмаштирмаслик, амал қилиш муддатини ўтказиб юбориш, эҳтиётсизлик оқибатида йўқотиш, яроқсиз ҳолга келтиришг билан боғлиқ бўлмоқда. Устига-устак, баъзи қизлар турмушга чиқиб, куёвнинг фамилиясига ўтсалар-да, паспортларини вақтида янгиламаяптилар. Айрим қайнона-қайнота ва куёвлар эса келинни ўз хонадонларига рўйхатга қўйишга шошилмаяптилар. Мана шундай лоқайдликлар ва “узоқни кўзлаб” зимдан иш тутишлар  туфайли жорий йилнинг дастлабки чорагида туманимиз бўйича паспорт қоидаларига оид 350 та қоидабузарлик аниқланди. Табиийки, ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди. Пропискани қалбакилаштиришга тааллуқли битта ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Дарвоқе, сўнгги пайтларда бўлимимизга прописка масаласида мурожаат қилувчилар кўпайди. Янги йил бошидан бугунгача улардан 4830 нафари вақтинча, 420 нафари доимий пропискага қўйилди. Бу ишлар “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонун, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби ҳамда Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби ҳақидаги низомлар, соҳага доир йўриқнома ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда. Бас, шундай экан, уларда ўз ифодасини топган тартиб-тамойилларни яна бир бор эслатсак, юртдошларимиз учун фойдадан холи бўлмайди, деб ўйлаймиз.

Жорий низомга кўра, фуқаро юқорида тилга олинган Қонун билан тасдиқланган рўйхат асосида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилинади. Бунинг учун у шу шаҳар ва вилоятдаги туман ИИБнинг ХЧК ва ФРБга ариза ёзиб, паспортини, контракт бўйича ҳарбий хизматчи ёки ҳарбий офицер шахсий гувоҳномасини (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшайдиган ҳарбий хизматчилар учун), уй-жой мулкдорининг турар жой майдони бериши тўғрисидаги нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги)ни, никоҳ тузилгани ёки болалар туғилгани ҳақидаги гувоҳномаларнинг, турар жой учун ҳужжатларнинг, васийлик ёки ҳомийликни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нотариал тасдиқланган нусхаларини, биргаликдаги никоҳдан болалари бўлмаган эр-хотин камида бир йил бирга яшагани хусусида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи раиси ва профилактика инспектори имзолаган маълумотномани, прописка учун давлат божи тўлангани тўғрисидаги квитанцияни тақдим этади. Бундан ташқари, Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Президенти ёки ҳукумати томонидан, қолаверса, Президент билан келишган ҳолда лавозимга тайинланганлик, тасдиқланганлик, сайланганликни, давлат ҳокимияти вакиллик органига сайланганликни исботловчи ҳужжатларнинг кадрлар бўлими тасдиқлаган нусхаларини, давлат ҳокимияти тегишли органи, давлат ва хўжалик бошқаруви органи, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилоти раҳбарининг ишга таклиф этилаётган шахснинг ишончлилиги хусусидаги кафолати билан биргаликда илтимосномасини, лавозимга тайинлаш буйруғидан кўчирмани, ҳарбий хизматчи эса бурчини ўтаётган жойдан берилган турар жой олгани тўғрисидаги маълумотномани топширади.

Бу ҳужжатлардан айримларини тегишли органлар ёки ташкилотларнинг кадрлар хизмати  фуқаро вақтинча яшайдиган ёки яшашни мўлжаллаётган жойдаги ХЧК ва ФРБга расмий алоқа йўллари орқали юборади. Ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика миқёсидаги бошқа давлат ташкилотлар рўйхати ҳукуматимиз томонидан тасдиқланади (Ҳозир уларнинг сони 60 та).

ХКЧ ва ФРБ уч иш кунида тақдим этилган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва ҳақиқийлигини текширади. Фуқаро Рўйхатда назарда тутилган шахслар тоифасига мувофиқ бўлса, унга белгиланган тартибда доимий пропискани расмийлаштиради. Аксинча ҳолатда, шунингдек, ҳужжатлар қалбакилаштирилган тақдирда доимий прописка ички ишлар органлари томонидан бекор қилиниб, материаллар тергов органларига юборилади.

Фуқарони Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш уни доимий яшаш жойидан пропискадан чиқармасдан беш кундан олти ойгача муддатга (шунингдек, ўқиш даврига) амалга оширилади. Бироқ бу шу ҳудудда турар жой сотиб олиш, доимий ишга ва ижтимоий кафолатларга эга бўлиш учун асос ҳисобланмайди. Рўйхатдан ўтган фуқаро фақат ҳисобга олиш муддатидан ортиқ бўлмаган даврда вақтинча ишга эга бўлиши мумкин. Тошкент шаҳри ёки вилоятидаги меҳмонхона, шифохона, санаторий, дам олиш уйи ва уларга ўхшаш бошқа масканга келган фуқаро бу ерда бўлиш муддатидан ва келишининг даврийлигидан қатъи назар, шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида ўша муассасалар маъмурияти томонидан ҳисобга олинади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳисобда туриш истагидаги фуқаро томонидан у келган кунидан эътиборан беш кун ичида вақтинча яшаш жойидаги ХЧК ва ФРБга белгиланган шаклдаги ариза, паспорт, контракт бўйича ҳарбий хизматчи ёки ҳарбий офицернинг шахсий гувоҳномаси (казармалар, корабллар ва кемалардан ташқарида яшовчи ҳарбий хизматчилар учун), 16 ёшга тўлмаган шахслар учун – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ва 35х45 мм ўлчамли иккита фотосурат, уй эгасининг турар жой бериш борасидаги аризаси (розилиги), турар жой учун ҳужжатлар нусхалари, ҳисобга олинганлик учун давлат божи тўлангани квитанцияси, турар жойни ёхуд бир қисмини ижарага олишга ёки улардан текин фойдаланишга оид нотариал тасдиқланган шартнома нусхаси топширилади. Мабодо, мурожаат қилувчи турар жой мулкдорининг яқин қариндоши бўлса, текин фойдаланиш шартномаси нусхаси талаб қилинмайди. Унинг ўрнига тарафларнинг қариндошлиги даражасини тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилади.

Ҳужжатлар ХЧК ва ФРБда ўрганилиб расмийлаштирилгач, ўша куниёқ аризачига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида турган жойи бўйича ҳисобга олиш тўғрисидаги қайд варағи берилади. Охирги ҳисобга олиш амалга оширилгандан бошлаб бир йил мобайнида уни қайта расмийлаштириш учун фуқаро ўзи вақтинча яшаётган жойдаги ХЧК ва ФРБга ҳисобга олиш муддати тугашидан ўн беш кун олдин ариза ва керакли ҳужжатларни топширади. Бўлим ўн беш кун давомида қайта расмийлаштиришга рухсат бериш ёки рад этиш бўйича қарор қабул қилади. Хулоса ижобий бўлса, фуқарога қайд варағини такроран беради, салбий бўлса, рад этиш қарорини аризачига етказади ва уни ички ишлар бўлими томонидан белгиланган муддатда Тошкент шаҳри ёки вилоятидан чиқиб кетиш юзасидан огоҳлантиради.

Таълим муассасаларига ўқишга келганлар муайян шартлар асосида шу давр учун ҳисобга олинадилар. Ижара шартномаси бўйича вақтинча пропискага қўйиш учун эса томонларнинг паспортлари, истиқомат жойларидан маълумотномалар, уй дафтари ҳамда нотариал тасдиқланган ижара битими талаб қилинади..

Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаганларни Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий ёки вақтинча прописка қилиш, шунингдек, бошқа давлатлардан келаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан доимий яшаш учун рухсатномалар олиш Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом орқали белгиланади. Ўзбекистон фуқаросига мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиш чоғида 5 йил муддатга дипломатик паспорт паспорт берилади.

Дилшод ҚОДИРОВ,

Шайхонтоҳур тумани ИИБ

ХЧК ва ФРБ бошлиғи,

подполковник.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"