Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3808
5215
4582

+633
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
110005
121104
111250

+9854

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 075 505
Главная "ISTE'MOLCHI" Эрта никоҳ ва ажримлар фақат ёшларга боғлиқми?

arjim_160...Эндигина 17 ёшга кирган қиз турмушга узатилди. Тўй ҳавас қиладиган даражада, дабдаба билан ўтказилди. Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай ёш келиннинг ажрашиб, уйига келиб ўтирганини  эшитдик. Қўни-қўшниларнинг айтишича, қайнонаси “Менга қўлидан “сотка” тушмайдиган, иш қилишни, рўзғор тебратишни, муомалани билмайдиган келин керак эмас!” деганмиш...

Қадимдан халқимиз учун никоҳ  риштаси муқаддас ҳисобланган ва қадрланиб келинган. Бироқ сўнгги йилларда фарзандлари орзу-ҳавасини тезроқ кўриш ниятида бўлган ота-оналар ёшларни эрта турмуш қуришга ундашлари оқибатида ҳали рўзғор тутиш, оила ҳақида муайян дунёқарашга эга бўлмаган, ҳаётнинг “ўнқир-чўнқири”га дуч келганда ожизлик қилиб қолаётган ёшлар ажримлари кўпаймоқда.

Баъзи ота-оналар ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошининг қизи бегона бўлишини истамай, ўғил уйлантириш тараддудига тушишади. Натижада қизларни 16 ва ҳатто ундан кичик ёшда ҳам турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб турибди. Бироқ бу ҳолат  бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, туғилажак фарзанд соғлиги, шунингдек, ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир этаётгани кузатилаяпти.

Албатта, ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли бўлишини истайди. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, хотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш ҳам мавжудки, бу ҳол ёшларнинг ўқишни давом эттириши, эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қилмоқда.

– Маълумотларга кўра, кейинги ойларда ажримлар сони бўйича Наманган шаҳри юқори ўринга кўтарилган, – дейди ҳамкасбларимдан бири. – Текширишлар жараёнида маълум бўлишича, бу ерда қизларни эрта турмушга узатиш, йигитларни вақтли уйлантириш урфга айланган экан. Ҳатто 14-15 ёшли йигит-қизларни яширинча никоҳ ўқитиб, турмуш қурдириш кўпайгани маълум бўлган. Манбаларга кўра, 15 яшар ҳомиладор қиз туғруқхонада фарзандини дунёга келтира олмай вафот этган. Ўрганишлар жараёнида уни ота-онаси яширин тарзда никоҳлаб, эрга бергани аниқланган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти мутахассислари фикрига кўра, турмуш қуриш учун энг қулай давр қизларга 20-22 ёш, йигитлар учун эса 23-25 ёш экан.

– Йигирма бир ёшда бош мия тўлиқ ривожланиб, инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолати барқарорлашади, – дейди шифокор Гулноза Ҳасанова. – Шунинг учун 21-27 ёш оралиғида она бўлиш аёллар учун қулай давр ҳисобланади. Эрта ҳомиладорлик эса кўп ҳолда бола тушиши ёки ўлик туғилишига олиб келади. Шунингдек, ҳомила нуқсонли ривожланиши мумкин, бу ҳолат нафақат боланинг, балки онанинг ҳам саломатлигига хавф туғдиради. Айрим ота-оналар фарзандларини эрта ҳамда қариндошларга турмушга бериши оқибатида ёш оилаларда носоғлом фарзанд дунёга келаяпти. Бу ҳолат эса ёш келин-куёвнинг руҳий тушкунликка тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Натижада ёш оила бузилиб кетаяпти, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқаяпти. Шундай экан, қизларнинг физиологик ҳолатини инобатга олмай эрга бериш уларнинг келгусида ҳам жисмонан, ҳам руҳий жиҳатдан мажруҳ бўлишига, оқибатда ўртада келишмовчиликлар кучайиб, ажримлар кўпайишига олиб келишини катталар тушуниши, англаши лозим.

Яна бир ҳолат. Ёш йигитларнинг оила қуришга тайёр бўлмай туриб, эрта уйланиши ҳам ажримлар сонининг ортишига боис бўлмоқда. Ҳали ҳаёт ташвишини билмаган, пешона тери билан пул топмаган, кўпроқ ота-онасига суяниб қолган ёш йигитлар дабдабали тўй билан уйланишгач, ҳаёт машаққатларига дуч келганда уни енгишга қийналишаяпти. Афсусланарли томони шундаки, кейинги пайтларда ота-онаси ёки қайнота-қайнонаси, қуда-андалар ёрдамида нималаргадир эришмоқчи бўлишга уринаётган йигитлар ҳам кўпаяётгани кузатилаяпти. Айниқса, бу ҳол Тошкент шаҳрида урф бўлмоқда.

– Куёвнинг келин тарафидан бошдан оёқ уст-бош, хона тўла мебель, ҳар ҳафтада қовурдоқ олишидан ташқари, уй олиб бериш, туғилган кунда машина калитини совға қилишни талаб этаётгани ҳақидаги жанжалли воқеалар ҳам содир бўлаяпти, – дея мулоҳаза билдиради қўшним Ҳалима опа. – Бунинг оқибатида эса ажримлар сони кўпаймоқда. Йигитлик шаъни, ғурури нелигини билмаган, дангаса, қайнона-қайнотасини қақшатиб бойимоқчи бўлганларни мен инсон деб ҳам ҳисобламайман! Бу тоифа кимсалар – худбинлар, жамиятдаги манқуртлардир!..

Айни пайтда 4 йил бакалавриат, сўнг 2 йил магистратурада таҳсил олгач, оёққа туриб олиб, 25-27 ёшларда уйланишни истаётган зиёли йигитлар кўпаяётгани ҳам рост. Ахир, ҳаётнинг оқ-қорасини таниб, кейин умр йўлдош топишга, нима етсин.

– Ўзбекистон  Республикасининг  Оила  кодексида никоҳ  ёши   қизлар учун  17,  йигитлар учун  эса 18 ёш қилиб белгиланган, – дейди Қарши шаҳар “Никоҳ уйи” директори Ҳикматой Шарипова. – Мамлакатимизда 2008 йилнинг  7  январида қабул қилинган “Болалар ҳуқуқларини кафолатлаш” ҳақидаги қонуннинг  1-боб,  3-моддасида  эса “18 ёшгача бўлган шахс бола ҳисобланади” дея қайд этилган. Демак, 16-18 ёшли фарзандларимиз давлатимиз қонунига биноан ҳали бола саналишади. Бу ёшдаги қизларимиз ҳали жисмонан ва руҳан оилавий ҳаётга, она бўлишга тайёр бўлишмайди.

Мутахассисларнинг билдиришича, эрта  турмуш  қурган  ёшлар  фарзанд  тарбиялаш,  турмуш  ўртоғи  ҳамда  оила  аъзолари  билан  муносабат  ўрнатиш,  рўзғор  ишларини  юритишда  қийиналадилар. Натижада, ёш  келиннинг оиладаги  нўноқлиги,  турмушдаги  муаммоларни  ҳал  қила олмаслиги  ажримларга  сабаб  бўлмоқда.

Хўш, бугунги кунда йигит-қизларимизни турмушга тайёрлашнинг қандай усуллари мавжуд?

Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан мак­таб, лицей, коллеж, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларни миллий қадриятларимизга хос тарзда тарбиялаш, уларнинг тиббий маданиятини оширишга кўмаклашувчи­ “Ораста қизлар” тўгараклари ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, ёшлар онгида мустаҳкам оила ва соғлом турмуш­ тарзини қарор топтиришда муҳим ўрин тутмоқда. Ушбу тўгаракда қизлар бичиш-тикиш, турли пишириқ ва таомлар тайёрлашни ҳам ўрганишади.

Айни пайтда таълим муассасаларида оила мустаҳкамлиги ва тотувлигида йигитларнинг ўрни, бурчи ҳамда вазифалари хусусида ҳам тушунчалар бериб борилаяпти. Чунки йигитларнинг оилавий ҳаётга масъулият билан ёндашуви, рўзғор “тизгинни” ўз қўлларида тутиши – мазкур муаммоларнинг ечимига ташланган қадам дея ҳисоблаш мумкин, назаримда...

Ёшларнинг никоҳгача тиббий кўрикдан ўтиши ҳам жуда аҳамиятлидир. Никоҳланувчилар 5 та касаллик, яъни руҳий, наркологик, захм, сил ҳамда ОИТС бўйича кўрикдан ўтказилади. Агар тарафлар касаллик аниқланган тақдирда ҳам никоҳдан ўтишга қарор қилишса, ёзма равишда розилик билдиришади.  Бу розилик варақаси никоҳдан ўтиш учун берилган аризага илова қилинади.

Бироқ айрим ҳолларда тиббий кўрикдан ўтмай туриб, турли йўллар билан йигит ёки қизга соғлом деган сохта маълумотнома тўғрилаб турмуш қурдириш ҳам кейинчалик салбий натижалар бераётгани, бу эса ажримларга боис бўлаётгани ҳам бор гап.

Водийда шундай воқеа кузатилган. Йигит Россияда ишлаб, пул топар экан. Ота-онаси уни уйлантириш мақсадида келин излаб, ёш, кўҳликкина қизга нон ушатиб, унаштириб қўйишибди. Тўй кунлари белгиланган пайтда қўшни давлатдан келган йигит вақти тиғизлигини айтиб, пул билан соғломлиги ҳақида маълумотнома тўғрилабди. Кунлар ўтиб, келин ҳомиладорлиги маълум бўлибди. Барча хурсанд экан, бироқ бу хурсандчилик узоққа чўзилмабди. Тиббий кўрикдан ўтишга борган ёш келиннинг ОИТС билан хасталанганлиги аниқланибди. Маълум бўлишича, куёвтўра  бу касалликка Россияда ишлаб юрган чоғида чалинган ва келинга юқтирган экан...

Тан олиш керак, халқимиз орасида қизларнинг ота-оналари раъйига қарши бормаслиги одат тусини олган. Шунинг учун ҳам мактаблар,  касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таълим   олаётган  қизлар ўртасида эрта никоҳ,  барвақт  ҳомиладорлик  ва  унинг  асоратлари  борасида  тушунтириш, тарғибот ишларини  янада  такомиллаштиришни йўлга қўйиш лозим.  Шунингдек, ота-оналар, йигит-қизларимиз ва кенг жамоатчиликка юртимиздаги 12 йил­лик мажбурий ва бепул таълимнинг мазмун-моҳияти, таълим-тарбия ва никоҳ ёшига оид қонун талабларини бузганлик учун жазонинг муқаррарлигини тушунтириб бориш зарур. Ота-оналарнинг  ўз  фарзандлари  тақдири  учун  жавобгарлигини  ошириш, никоҳ ёшига етмаган йигит-қизларимизга шаръий  никоҳ  ўқиётган  домлаларга қатъий чоралар кўриш ҳам  шу куннинг  долзарб  вазифаларидан ҳисобланади.

Унутмайликки, эрта никоҳ ва оилавий ажримлар масаласи биргина ёшларнинг ўзигагина боғлиқ эмас. Мазкур муаммонинг олдини олиш учун ота-она, маҳалла, таълим муассасаси ва масъул ташкилотлар ҳамжиҳатликда, бамаслаҳат иш олиб боришлари муҳим ва зарурдир.

Гулчеҳра МУРОДАЛИЕВА.

Biznes Daily”.

 

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"