Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3061
5152
4670

+482
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
134444
144867
121104

+23763

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 244 812
Главная "ISTE'MOLCHI" Якка тартибдаги гаражлар: муаммо, таклиф ва ечим

 

garaj_160Шу кунларда пойтахтимизда якка тартибдаги гаражларни бузиш ҳаракатлари кетмоқда. Шаҳар маъмурияти бу ҳаракатларни Тошкентда янада кенг кўламда давом эттирилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари, автомототранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга солиш чора-тадбирлари билан изоҳлаяпти. Албатта, гаражлар бузилишидан норози бўлаётганлар ҳам, бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам кўп. Бундан эса мазкур масала чуқур ўйланган, фуқаролар манфаатини кўзлаш баробарида уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш асосида ҳал этилиши керак, деган мулоҳаза келиб чиқади.

Шартномада нима дейилган?

Аввало, гаражларни қуриш ва уларни бузишнинг қонуний асосларига тўхталиб ўтсак. Якка тартибдаги гаражлар халқ орасида гаражлар бошқармаси сифатида маълум бўлган тегишли маъмурий орган билан фуқаро ўртасида имзоланган шартнома асосида қурилади. Бу шартнома бир йил муддатга тузилади ва ҳар йили белгиланган тартибда узайтирилиб борилиши мумкин.

Шартномага кўра, гараж қуриш учун жой ҳудуд ҳокимлиги қарори асосида вақтинчалик эгаллаш шарти билан берилади. Шунингдек, гараж эгаси ҳокимлик ёки гараж бошқармасининг биринчи талаби биланоқ гаражни ўз ҳисобидан олиб ташлаши ёки, бошқа жой мавжуд бўлганда, уни кўчириши шарт.

Гараж эгасига гараждан фақат автотранспорт воситасини сақлаш мақсадида фойдаланиш, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, атрофининг тозалиги ва ободончилигини таъминлаш масъулияти юкланган.

Шартнома ижроси бўйича келишмовчиликлар юзага келганда улар ўзаро музокаралар йўли билан ёки суд тартибида ҳал этилиши белгиланган.

Юзага чиққан муаммолар

Тошкент шаҳридаги кўп қаватли уйлар атрофида тартиб билан қурилган гаражларни ҳам, тартибсиз равишда, ҳатто муҳандислик коммуникацияси тармоқлари устида бунёд этилганларини ҳам кўриш мумкин.

Шаҳар ҳокимлигининг расмий тарқатилган маълумотларига кўра, Тошкентда шаҳарсозлик ва санитария, ёнғин хавфсизлиги ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш талабларига жавоб бермайдиган, тартибсиз жойлаштирилган темир-бетон гаражлар жами 25,63 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, уларда 8470 дона автомобилни жойлаштириш имконияти мавжуд. Улар орасида қоғоз, пластмасса идиш каби турли иккиламчи чиқиндиларни, маиший жиҳозларни, ҳар хил буюм ва ашёларни сақлашда фойдаланилаётганлари ҳам кўп. Шунинг учун якка тартибда қурилган аксарият темир-бетон гаражлар атрофининг ободончилиги тўғрисида ижобий фикр билдириш қийин. Бундай манзаралар эса юқорида эслатиб ўтилган шартнома шартларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.

Масаланинг яна бир томони бор. Гаражлар тартибсиз қурилгани боис, кўп қаватли уйлар жойлашган баъзи ҳудудларда болалар ўйнаши учун майдончалар умуман йўқ, ёки анча кичик. Аҳолининг гаражлар бузилишини маъқуллаётган қатлами айнан шу муаммо ижобий ечим топишидан умидвор бўлаётганлардир.

Сўнгги уч йилда Тошкентда автомобиллар сони 19 фоиз ошди. Натижада гаражи йўқ автомобиль эгаларининг ўз транспорт воситасини кўп қаватли уйлар олдига, белгиланмаган жойларга қўйиши ҳолатлари кўпайди. Бу эса муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, тез ёрдам ёки ўт ўчириш машиналарининг йўли тўсилиб қолмоқда, қаровсиз автомобиллар билан боғлиқ ўғирликлар содир бўлмоқда.

Таклиф этилаётган ечим

Тошкентда автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга солиш бўйича 2017-2021 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуи лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда маълум қилган масъулларнинг айтишича, квартал ва маҳаллалар ичидаги санитария ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган темир-бетон гаражлар ўрнига замонавий кўп қаватли паркинг ва очиқ турдаги автотураргоҳлар барпо этиш таклиф этиляпти.

Паркинглар икки, уч ва олти қаватли қилиб қурилади. 2 қаватли автотураргоҳда 80 та, 3 қаватли автотураргоҳда 144 та ҳамда 6 қаватли автотураргоҳда 480 ёки 532 та енгил автомототранспорт воситаси учун жой бўлади.

Шунингдек, пастки қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси жойлашган кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш режаси ҳам мавжуд. Бундан ташқари, автомобиллар кўп тўпланиши табиий бўлган тўйхоналар, бозорлар, йирик савдо марказлари кабиларда муаммони ҳал этишнинг турли ечимлари ишлаб чиқилган.

Ҳозир бу лойиҳа аҳоли фикрини, таклиф ва тавсияларини инобатга олиш мақсадида оммавий муҳокамага қўйилган бўлиб, шундан кейингина якуний кўринишга келтирилган ҳолда қабул қилинади.

Қонунчиликдаги асослар

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 июлдаги қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини доимий ва вақтинча сақлаш жойларини ташкил этиш ва улардан фойдаланишнинг тартиби тўғрисидаги низом мавжуд. Унда олиб ташланадиган гаражлар ўрнига барпо этиладиган, автотранспорт воситаларини вақтинча ҳамда доимий сақлаш учун автомобиллар тўхташ жойларини тутиб туришга доир талаблар кўрсатилган.

Низомга кўра, автомототранспорт воситалари эгаларининг якка тартибдаги гаражлари бузиб ташланган тақдирда уларга автомобиль воситаларини доимий сақлаш бўйича уй-жой мавзеларидаги бузиб ташланган якка тартибдаги гаражлар ўрнида ташкил этиладиган автомобиль тўхташ жойида доимий равишда бепул биркитилган жой берилади. Автомототранспорт воситаларининг эгаларига доимий биркитилган вақтинча сақлаш жойларида автомототранспорт воситаси эгасининг уй манзили ва автомототранспорт воситасининг давлат тартиб рақами ёзилган лавҳа (табличка) ўрнатилган бўлиши керак.

Кўпчиликни янги қуриладиган автотураргоҳлар хизматлари учун белгиланадиган ҳақ масаласи қизиқтиради. Низомда автомототранспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўлов автотураргоҳ эгаси бўлган юридик шахс томонидан белгиланиши кўрсатиб ўтилган. Лекин бу тўлов халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) кенгаши томонидан хизматларнинг ушбу тури учун белгиланган тўловнинг чекланган миқдоридан юқори бўлмаган тарифлар бўйича амалга оширилади.

Мулоҳаза ўрнида

Гаражи бузилаётганларнинг норозилигига сабаб бор, албатта. Улар нафақат кўнгли хотиржам ҳолда машинасини қўядиган жойидан, балки турли асбоб-ускуналарини, рўзғорда ишлатиш зарурати кам ёки умуман йўқ бўлган ашёларини сақлайдиган “омбор”идан ҳам айрилади. Аммо гап умум манфаатини кўзлайдиган ободонлаштириш, йиллар давомида йиғилиб келаётган муаммо ечимини топиш, соҳани тартибга солиш ҳақида борар экан, демократик, очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида масалани ҳал этиш йўлларини қидириш масъулияти келиб чиқишини эсдан чиқармаслик керак.

Қолаверса, чиқарилган қандайдир буйруқни пеш қилиб, “буз-буз”га берилиб, муаммони янада чуқурлаштириш ярамайди. Чунки биз бир неча йилча олдин ана шундай бошбошдоқликка дуч келган эдик. Айрим жойларда шоша-пиша бузиб ташланган гаражлар ўрни вайрона, чиқиндихонага айланганди.

Тажрибадан келиб чиқиб, гаражларни бузиш масаласида шошма-шошарликка йўл қўймаслик, муаммолар ечимини топишда аҳолининг фикрини ўрганиш ва ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ.

Анвар КАРИМОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"