Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3043
5152
4670

+482
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
134427
144867
121104

+23763

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 244 794
Главная "ISTE'MOLCHI" Меҳмонхоналар “юлдузи”да яширинган сир-синоатлар

 

hotelСўнгги вақтларда ҳамюртларимиз орасида ҳам саёҳатга чиқувчилар сони кескин кўпаяётгани кузатиляпти. Албатта, бу халқимизнинг моддий имкониятлари ошаётгани, замонавий турмуш тарзи тобора кенг урф бўлаётгани билан боғлиқ. Шу боис, хорижга чиқиб келган танишимиздан “фалон юлдузли меҳмонхонада турдик, меҳмонхона фалон жойда жойлашган экан” каби гапларни эшитишимиз оддий ҳолат бўлиб қолди.

“Юлдуз” сари йўл

Дарҳақиқат, бундай гапларни эшитганларнинг айримларида “Меҳмонхоналарга “юлдуз” бериш бирор мезонга асосланадими? Юлдузлар сони нимадан дарак беради?” каби саволлар туғилиши табиий.

Меҳмонхоналарни таснифлашнинг ягона халқаро тизимини яратишга уринишлар узоқ ва мураккаб тарихга эга. Жаҳон туризм ташкилотининг ўтмишдоши бўлмиш Расмий сайёҳлик ташкилотлари халқаро иттифоқи (IUOTO) ҳали 1952 йилдаёқ меҳмонхоналарни таснифлашнинг асосий мезонлари белгиланган Hotel trade charter стандартини ишлаб чиққан эди. 1982 йилда Европа иқтисодий ҳамжамияти умумевропа тоифалар тизимини яратиш ташаббусини илгари сурди. Бундан ташқари ҳам аниқ халқаро тизим асосида меҳмонхоналар нуфузини белгилайдиган график тимсолларнинг ягона стандартини ишлаб чиқишга қаратилган яна бир қатор уринишлар бўлди. Шунга қарамай, узоқ йиллар давомида меҳмонхоналарга тоифалар бериш ҳар бир давлатнинг миллий таснифлаш тизимлари асосида амалга ошириб келинди.

Бугунги кунда Европа меҳмонхона индустриясида катта нуфузга эга бўлган Hotelstars Union ягона стандартлар тизими бу борадаги саъй-ҳаракатларнинг энг муваффақиятлиларидан ҳисобланади. 2009 йилда Прагада Германия, Нидерландия, Австрия, Швеция, Швейцария, Чехия ва Венгрия томонидан асос солинган бу тизим отелларнинг “юлдузли”лигини аниқлаш борасида сайёҳлар учун ҳам, отельерлар учун ҳам жуда қулайдир. Ҳозирги вақтда дунё бўйича 18 мингта меҳмонхонани ўз ичига олган бу тизимга аъзо бўлаётган мамлакатлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда.

“Юлдуз”ларга қўйиладиган талаблар

Hotelstars Union ягона стандартлар тизимида меҳмонхоналар даражасини кўрсатувчи асосий мезонлар белгилаб берилган. Мана шу мезонлар асосида у ёки бу меҳмонхона қандай “юлдуз”га эга экани аниқланади.

Hotelstars Union тизими талабларига кўра, бир юлдузли отелларда душ ёки ваннаси бор санузел, масофадан бошқариладиган рангли телевизор, стол ва стул, душ қабул қилиш учун совун ва гель бўлиши керак. Хоналар ҳар куни йиғиштирилиши лозим. Отелда меҳмонларни қабул қиладиган рўйхатхона хизмати (ресепшн), улар учун факс ва телефон ишлаб туриши шарт. Шунингдек, мижозларга турли овқатлардан иборат нонушта таклиф этилади, ичимликлар харид қилиш имконияти бор.

“Икки юлдузли” тоифасидаги отеллар меҳмонларга “швед столи” шаклида нонушта таклиф этиши, хонада каравот ёнида стол чироғи, ваннахонада сочиқ ва душ учун гель бўлиши керак. Меҳмонларга тиш чўткаси ва пастаси, устара каби шахсий гигиена предметларини олиш имконияти берилиши зарур. Бундай отелларда яшаш учун ҳақни кредит картаси билан тўлаш мумкин.

Уч юлдузли отелларда рўйхатхона суткасига 14 соат ишлаши ва телефон қўнғироғига куну тун жавоб бериши шарт. Рўйхатхонада ишловчилар маҳаллий тилдан ташқари яна бир халқаро тилни (масалан, немис ёки инглиз тилларини) билиши жоиз. Багаж хизмати ҳам бўлиши керак. Ҳар бир хонада телефон ва интернет, катта ойна ва багаж жойланадиган жой, ваннахонада эса сочиқ қуритгич, соч қуритгич ва косметик салфетка мавжуд бўлади. Номерга тикиш ва пойабзални тозалаш тўпламлари қўйилади. Бундан ташқари, мижознинг талабига кўра, унга қўшимча ёстиқ ва кўрпа берилиши, хонага ичимлик буюртма қилиш ҳамда кирхона ва дазмоллаш хизматидан фойдаланиш имконияти тақдим этилиши лозим.

“Тўрт юлдузли” тоифасидаги отеллар суткасига 18 соат мобайнида меҳмон қабул қилиши, куну тун мижозларнинг телефон қўнғироқларига жавоб беришга тайёр бўлиши керак. Отель лоббиси (рўйхатхона олдидаги ҳудуд)да дам олиш ва ичимлик буюртма қилиш мумкин. Менью бўйича хизмат кўрсатадиган ресторан (A la Corte) ва “швед столи”дан ташқари мижозларга ўз хонасига нонушта буюртма бериш имконияти мавжуд. Номерда эса минибар бўлиши лозим. Юмшоқ мебель ва журнал столи, ваннахонада шахсий гигиена предметлари, пардоз ва ювиниш-артиниш воситалари (душ учун бош кийим, тирноқ олгич, косметик ойна) бўлиши, мижознинг сўрови асосида ванна халати ва шиппаклар тақдим этилиши бундай тоифадаги меҳмонхоналар учун зарур шартлардандир.

Ниҳоят, беш юлдузли отеллар суткасига 24 соат давомида меҳмон қабул қилиши, хизматчилар бир неча тилни билиши керак. Отель швейцар, консьерж, хабарчи ва автомобилни тўхташ жойига олиб бориб қўйиш бўйича сервис тақдим этиши шарт. Янги келган ҳар бир меҳмонга янги узилган гуллар ёки совғалар улашилади. Номерга овқат ва ичимлик олиб келиб бериш хизмати куну тун ишлайди. Ҳар бир номерда сейф ва шахсий компьютер бўлиши, ваннахонада фирма ёрлиғи туширилган совун, гель кабилар туриши зарур. Мижознинг сўровига кўра, унинг кийим ва пойабзали бир соат ичида тозалаб ёки ювиб берилади. Ҳар куни кечқурун мижознинг хонаси уйқу учун тайёрлаб қўйилади. Бундан ташқари, “беш юлдузли” тоифасидаги отеллар ўз мижозларининг исмини сир сақлаши керак.

Ҳар қандай стандартдан юқори

Сўнгги вақтларда етти юлдузли отеллар ҳам пайдо бўла бошлади. Аммо улар ҳозирча бармоқ билан санарли даражада кам. Айтиш жоизки, хизмат кўрсатиш даражаси жиҳатдан етти юлдузли отеллар беш юлдузлилардан сезиларли устунликка эга эмас. Улар овқатланиш, кўнгилочар дастурлар каби ўзига хос хусусиятлари билан кўпроқ эксклюзивлик касб этади. Шунингдек, уларда ВИП мижозлар билан ишлаш юксак даражада йўлга қўйилган бўлади.

Хусусан, илк етти юлдузли отеллардан бири бўлмиш “Бурж ал-араб” сунъий оролда жойлашгани ва сув ости ресторанига эгалиги билан шуҳрат қозонган. Европанинг биринчи шундай меҳмонхонаси – Миландаги Town House Galleria эса модалар дунёси билан боғлиқ мижозларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган.

Туркиядаги Sungate Port Royal етти юлдузли отелининг умумий майдони 250 квадрат километрни ташкил этади. Бу ерда кўплаб кўнгилочар атракционлар бор, меҳмонхона ўз аквапаркига эга. Кўрсатиладиган хизмат даражаси эса бошқа ҳар қандай тоифадаги меҳмонхоналарникидан баланд.

Ҳамма жойда бир хилми?

Турли давлатларда меҳмонхоналарга “юлдуз” беришнинг ўзига хос тизимлари мавжуд. Осиёда отелларга тоифа беришнинг балл тизими амал қилса, Грецияда ҳарфли тизим жорий этилган.

Масалан, Хитойда меҳмонхоналарнинг ҳар бир тоифаси учун мажбурий талаблар қўйилган. Бу талаблар хизмат кўрсатиш сифати, номерларнинг ўлчами, иссиқ сув, ҳаво тозалаш тизими, ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланганлик даражаси каби кўплаб омилларни ўз ичига олади. Мана шу талаблар бажарилганига қараб меҳмонхоналарга умумий ҳисобда 600 балл берилиши мумкин. Уч юлдузли отеллар камида 220 баллга, тўрт юлдузлилари камида 320, беш юлдузлилари 420 баллдан юқори кўрсаткичга эга бўлиши керак.

Грецияда меҳмонхоналар А, B, C, D тоифаларга бўлинган. А тоифадаги меҳмонхона тўрт юлдузлига, В тоифа – уч юлдузлига, С тоифа – икки юлдузлига, D тоифа бир юлдузлига мос келади. Шунингдек, бу давлатда олиймақом отелларга de Luxe тоифаси берилади.

Кўпчилик “юлдузли” тизим билан бир қадар таниш бўлса-да, Америка қитъаси мамлакатларидаги тизимдан унчалик хабардор эмас. Чунки бу мамлакатларда Европадаги таснифлаш тизими амал қилмайди. Уларда отеллар Tourist class (унинг ўзи учга бўлинади ва Европадаги 1-3 юлдузли меҳмонхоналарга тўғри келади), First class (3 юлдузлига мос), Deluxe (4 юлдузли) ва Superior Deluxe (олий) тоифаларига эга.

Кўпинча дунёнинг машҳур меҳмонхоналар тармоқлари (“Ҳилтон”, “Шератон”, “Мариотт”, “Рэдиссон” кабилар) ўзини ҳар қандай таснифлашлардан юқори ҳисоблашида ўзига хос маъно бор. Улар мазкур брендларнинг ўзи меҳмонхона даражасини кўрсатиб туради, деб ҳисоблайди.

Таъкидлаш жоизки, жаҳонда меҳмонхоналарни таснифлашнинг ягона ва барча учун мажбурий стандартлар тизими мавжуд эмас. Шунинг учун, дейлик, Стокгольм четидаги уч юлдузли отелга бориб, шоҳона дунёга тушиб қолишингиз мумкин. Аксинча, бирорта ривожланаётган мамлакатдаги беш юлдузли меҳмонхона сизга ўртача хизмат тақдим этиши эҳтимолдан холи эмас.

Гап шундаки, Европада, масалан, Испанияда “юлдуз” сонининг кўпайиши тўланадиган солиқ миқдорининг кескин ошишига сабаб бўлади. Шунинг учун испанлар ўз меҳмонхонасига “юлдуз” қўшишда анча эҳтиёткор. Ривожланаётган мамлакатларда эса меҳмонхона пештоқига хўжайиннинг кўнглига мос миқдордаги “юлдуз”лар илиб қўйилиши ҳам мумкин.

Саёҳатчи халқлар

Канаданинг Travel & Tourism Intelligence Center маркази томонидан ўтказилган тадқиқот хулосаларига кўра, фуқаролари энг кўп саёҳат қиладиган мамлакатлар рўйхатини Финляндия бошқариб бормоқда. Финлар йилига ўртача 7 марта сафарга чиқади. Кейинги ўринларни АҚШ, Швеция, Дания, Норвегия, Гонконг, Янги Зеландия, Канада, Австралия ва Франция эгаллаб турибди.

Ташқи туризмга энг кўп маблағ сарфлайдиганлар рўйхатини эса қатор йиллардан буён Хитой бошқармоқда. Ўтган йили хитойликлар хорижга сафарга чиқиш учун, айрим маълумотларга кўра, 110 миллиард доллар маблағ сарфлаган. Ташқи туризмда илғорлар рўйхатида Хитойдан кейинги ўринларда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Франция, Россия, Канада, Япония, Австралия, Италия боряпти.

 

Анвар КАРИМОВ тайёрлади.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"