Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6269
6248
5201

+1047
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
258904
241097
0

+241097

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 415 772
Главная "БИРЖА" Давлат бюджети: даромад ва харажатлар ижроси қандай таъминланди?

budjet_160_54151Молия вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатимиз давлат бюджетининг жорий йил биринчи чорагидаги даромадлари 28,5 трлн. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 трлн. сўмга кўпни, унинг таркибидаги солиқ тушумлари 23,8 трлн. сўмни ташкил этди.

 

Йирик солиқ тўловчилар бўйича минтақалараро инспекция тўлиқ фаолият юрита бошлагани солиқ органлари томонидан маъмурийлаштириладиган барча даромадларнинг 65 фоизи йиғилишини таъминлаб берди. Таҳлилларнинг кўрсатишича, коронавирус пандемияси жорий йил дастлабки чорагидаги бюджет даромадлари тушумига катта таъсир кўрсатгани йўқ, сабаби, ушбу даромадлар асосан ўтган йилнинг декабрь, жорий йилнинг февраль ойларидаги иқтисодий фаолият натижаларидан шаклланган. Масалан, бу йилги январь-март ойларида 4,8 трлн. сўм миқдорида божхона тўловлари тушумига эришилган, бултурги йилнинг худди шу даврида бу кўрсаткич 3,4 трлн. сўм бўлган. Бу тушумлар орасида энг катта улушни импорт қилинадиган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, божхона божи ташкил этган. Солиқлар кесимида давлат бюджети даромадларидаги асосий ҳисса ҚҚС (умумий тушумларнинг 25,4 фоизи), фойда солиғи (22,1 фоиз), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (12,5 фоиз), ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ (13,6 фоиз) ва акциз солиғи (11,1 фоиз)га тўғри келган. Қўшилган қиймат солиғи бўйича биринчи чоракдаги тушумлар ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 0,5 трлн. сўмга камайган. Тушумлар ҳажмининг камайишига солиқнинг 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилгани, шунингдек, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси қабул қилиниши билан жорий йил 1 январдан янги қоидаларнинг кучга киритилгани асосий омил бўлган. Хусусан, ҚҚС тўловчиларига харид қилинган узоқ муддатли активлари бўйича ҚҚС суммасини бир йўла ҳисобга олиш ҳуқуқи берилди, илгари унинг суммаси 12 ёки 36 ой давомида ҳисобга олинар эди. Масалан, февралдаги солиқ ҳисоботи маълумотларига кўра, (2019 йил якунлари ва 2020 йилнинг январи) ҳисобланган қўшилган қиймат солиғининг бир йўла камайиш суммаси қарийб 1 трлн. сўмни ташкил қилган. Бу сумма 2019 йилда ва жорий йилнинг январида олинган асосий воситалар бўйича ҚҚСни ҳисобга олиш эвазига шаклланган. Шу билан бирга солиқнинг ноль ставкасини қўллайдиган корхоналарга ҚҚСни қоплаш амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга автомобиль саноати корхоналарига берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши ҳисобига бюджетга қўшимча тушумлар 350 млрд. сўмни, жумладан, импорт чоғида 150 млрд. сўмни ташкил этди. Фойда солиғи бўйича тушумлар ҳисобот даврида тахминан 6,3 трлн. сўмни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 3,9 трлн. сўмга кўпдир. Тушумларнинг ўсиши умумий иқтисодий ўсиш (чоракдан чоракка) билан бир вақтда олтин қазиб олиш саноати корхоналарининг қарийб 3 трлн. сўмлик фойда солиғи бўйича тушумлари ҳисобига таъминланган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, шу жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган мазкур солиқдан қарийб 3,6 трлн. сўм келиб тушган. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг базавий ставкаси 12 фоиз бўлиб ўзгаришсиз қолди. Бунда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган солиқнинг қатъий белгиланган миқдорлари (илгари қатъий белгиланган солиқ) уларга жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида солиқ тўлашни танлаш ҳуқуқини бериш билан бу йилдан бошлаб 25 фоизга пасайтирилди. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича тушумлар таркибида иш берувчилар (солиқ агентлари) томонидан базавий ставкада ушлаб қолинадиган солиқлар 93 фоизни ташкил қилади. Тушумларнинг ялпи ҳажмида дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадлардан ундириладиган солиқ улуши 2 фоизни, якка тартибдаги тадбиркорлардан ундириладиган солиқ улуши 3 фоизни ташкил этади. Юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи бўйича тушумлар ўтган йилнинг дастлабки уч ойи билан солиштирганда 162,1 млрд. сўмга камайган. Бу бултурги йил бошида мол-мулк солиғи 2018 йил учун ҳисоб-китобларга биноан 5 фоиз ставкада тушганлиги билан боғлиқдир. Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича тушумлар ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 564,5 млрд. сўмга ошиб, 3,9 трлн. сўмни ташкил этди. Ўсиш қимматбаҳо металлар бозорида олтин нархининг ошиши, қатъий белгиланган суммада белгиланган солиқ ставкаларининг 15 фоизга индексация қилиниши (хусусан, тош туз (овқатга ишлатиладиган), оҳактош доломитлар, мармар ушоғи, ғишт-черепица хомашёси, қурилиш қумлари ва бошқалар), фойдали қазилмаларнинг алоҳида турлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ белгиланган солиқ ставкаларидан, лекин қатъий белгиланган суммадан кам бўлмаган миқдорда ҳисобланиши ва тўланиши (хусусан, табиий безактошдан блоклар, тош-шағал аралашмаси, оҳактош-чиғанлиқлар ва бошқалар) каби омиллар билан боғлиқ бўлган.

 

Вазирлик маълумотида келтирилишича, давлат бюджетининг жорий йил биринчи чоракдаги харажатлари 27 661,8 млрд. сўмни ёки жами йиллик харажатларнинг 21,1 фоизини ташкил этди. Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун давлат бюджетидан умумий харажатларнинг 56,6 фоизи миқдорида маблағ сарфланган. Ижтимоий харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиши 18,5 фоизга етган. Ижтимоий харажатларнинг асосий қисми таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантиришга йўналтирилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баравар кўп маблағ ажратилган. Бундан ташқари, бу соҳага Президентимизнинг жорий йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тузилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 343,6 млрд. сўм маблағ ажратилган. Иқтисодиётда амалга оширилган харажатлар давлат бюджети жами харажатларининг 11,4 фоизини ташкил этган бўлиб, маблағлар сув хўжалиги эксплуатацияси, аҳоли пунктларини ободонлаштириш, умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларини, ичимлик суви ва канализация тизимларини, уй-жой коммунал ишларини, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ҳамда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга сарфланган.

Жорий йилги давлат бюджети ўтган йилдагиларидан тубдан фарқ қилади. Яъни, бюджет кўрсаткичлари биринчи бор “Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун билан тасдиқланган. Унга мувофиқ, умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим муассасаларининг иш ҳақи ва ижтимоий солиқ хараражатлари Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги орқали республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда. Натижада Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари биринчи ва иккинчи гуруҳ харажатларининг давлат бюджетидаги улуши ўтган йилнинг биринчи чорагида 78,8 фоизни, жорий йилнинг мос даврида эса 41 фоизни ташкил этган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, бюджет ижросининг марказга боғлиқлигини кескин камайтириш жараёнларини чуқурлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Ҳисобот даврида маҳаллий бюджетларнинг даромадлар қисми прогнозга нисбатан 113,2 фоизга бажарилган, харажатлар қисми эса 89,8 фоиз ижро этилган. Биринчи чорак давомида маҳаллий бюджетларда давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан тушган тушумлар (мусодара), давлат мулкини хусусийлаштириш ҳисобидан тегишли бюджетга тушган пул маблағлари, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан қўшимча харажат манбалари ҳосил бўлган. Ушбу қўшимча манбалар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг тегишли қарор (фармойиш)лари билан турли тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилган. Хусусан, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ўтган йил ижросидаги қарздорликлари учун, ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва ободонлаштириш, бюджет ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланган.

Ойдин ЛАТИПОВА тайёрлади.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"