Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7018
6248
5201

+1047
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
259653
240348
0

+240348

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 416 520
Главная "БИРЖА" Банк тизимида давлат улуши тубдан қисқаради

bank_xizmat_160Давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, банк ишининг замонавий стандартларини, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларини жорий этиш, банклардаги давлат акциялари пакетини зарур тажриба ва билимга эга бўлган инвесторларга танлов савдолари асосида сотиш, шунингдек, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва корхоналарни бир вақтнинг ўзида ислоҳ қилиш орқали банк секторида давлатнинг улушини камайтириш. Айни шу мақсад  Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги  “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонда белгиланган вазифаларнинг энг муҳим қисми ҳисобланади.

Хўш, фармон билан тасдиқланган стратегияни амалга ошириш заруратига нималар туртки бўлди? Бунга  банк тизимида ҳозирги кунда сақланиб қолаётган  бир қатор муаммо ва долзарб масалаларни кўрсатиш мумкин.

Биринчидан, банк тизимида давлатнинг юқори даражадаги иштироки натижасида молиявий ва инсон ресурсларидан самарасиз фойдаланиляпти, уларда корпоратив бошқарув ва таваккалчиликларни бошқариш тизимлари тўғри йўлга қўйилмаган.

Иккинчидан, давлат иштирокидаги банклар устувор дастурлар, соҳалар ва давлат улушига эга корхоналарга бозор ставкаларидан кам бўлган ставкаларда кредитлар ажратувчи анъанавий “тараққиёт банклари” вазифасини бажармоқда.

Учинчидан, кредитлаш юқори суръатларда ўсиб бормоқда, бу банкларнинг барқарорлик даражасини ифодаловчи ликвидлилик ва капитал етарлилик кўрсаткичларига салбий таъсир қилмоқда.

Тўртинчидан, имтиёзли кредитлар улушининг юқори даражада сақланиб қолаётганлиги  молия бозорида нарх сигналларининг нотўғри шаклланиши, шунингдек, пул-кредит сиёсатининг трансмиссион механизмлари ишлашига салбий таъсир кўрсатаяпти. Бундан ташқари, юқори даражадаги долларлашув, шунингдек, кредит ва депозитларнинг йирик корхоналар ва иқтисодиётнинг алоҳида соҳаларида жамланганлиги (концентрацияси) банк тизимининг валюта, кредит ва ликвидлилик хатарларига бардошлилигини заифлаштирган. Шу билан бирга, давлат иштирокидаги банклар бизнес-моделларининг асосан корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишга йўналтирилганлиги, нобанк молия ташкилотларининг роли сустлиги, шунингдек, инновациялар ва ахборот тизимларининг яхши ривожланмаганлиги сабабли молиявий оммабоплик даражасининг пастлиги тизимда туб ислоҳотларни амалга ошириш заруратини юзага келтирди.

Мазкур стратегияни ишлаб чиқиш жараёнида  халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда бошқа давлатларда амалга оширилган банк тизимидаги ислоҳотларнинг ижобий ва салбий томонлари ўрганилди ва  муҳим хулосалар шакллантирилди. Унга кўра:

– банк тизимида давлат улушини қисқартириш ушбу тизимни  ривожлантиришнинг муҳим омили ҳисобланади;

– давлат иштирокидаги банкларни хусусийлаштириш жараёни илғор технологик ечимлар ва банк ишининг илғор тажрибаси, шунингдек, етарли молиявий имкониятларга эга нуфузли ва сифатли акциядорларга йўл очиши мумкин;

– ислоҳотлар муваффақиятининг асосий шартларидан бири бу – банкларни қисман эмас тўлиқ хусусийлаштиришдир;

– давлат иштирокидаги банклар ва реал сектор корхоналарини параллел равишда ислоҳ қилиш иқтисодий ислоҳотларнинг самарадорлигида муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, давлат иштирокидаги корхоналарни реструктуризация қилиш ва хусусийлаштириш уларнинг иқтисодий имкониятларини ошириб, банклар фаолиятига давлат аралашувини кескин қисқартиради;

– ислоҳотлар даврида давлат иштирокидаги корхоналарнинг кредитлашга бўлган талабини чеклаб қўймаслик ҳамда молиявий оммабопликни таъминлаш учун айрим банкларда давлат улушини сақлаб туриш мақсадга мувофиқдир.

Стратегия доирасида кейинги беш йилликда банк-молия тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг тўртта устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан, банк тизими самарадорлигини ошириш уларнинг иқтисодий ривожланишга ижобий таъсирини кучайтиради. Бунда  банк тизимига замонавий ечимларни жорий қилишга, молиявий ва инсон ресурслари самарадорлигини оширишга ижобий таъсир кўрсата оладиган молиявий барқарор ва нуфузли инвесторларни жалб қилиш, имтиёзли ва субсидиялашган кредитларни қисқартириш, кредитлашни пул-кредит сиёсати сигналлари асосида фақат бозор шартларида амалга оширишга ўтиш, кредит ресурсларидан эркин фойдаланиш имкониятларини ошириш мақсадида банкларнинг давлат маблағларига бўлган қарамлигини пасайтириш,  банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш, банк фаолиятида замонавий технологик ечимларни кенг жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш  режалаштирилган ислоҳотлар муваффақиятининг ҳамда банкларга нисбатан  ишончни сақлаб туришнинг асосий омили ҳисобланади. Ушбу йўналишда хусусан,  халқаро стандартлар ва илғор тажрибани қўллаган ҳолда банкларда корпоратив бошқарувни такомиллаштириш, кредитлашнинг мўътадил даражада ўсишига эришиш, кредит портфели сифатини яхшилаш,  банк назорати ва таваккалчиликларни бошқариш тизимларини ривожлантириш, шу жумладан, рискка асосланган назоратни йўлга қўйиш ишлари амалга оширилади.

Банк тизимида давлат улушини қисқартириш мақсадида шаффоф танлов асосида банклардаги давлат улушини нуфузли хорижий инвесторларга сотиш, хусусийлаштирилаётган банкларда давлат иштироки ва аралашувидан тўлиқ воз кечиш, банк тизимини транформация қилиш ва хусусийлаштириш даврида ҳосил бўладиган иқтисодий бўшлиқларни тўлдириш, яъни, барча аҳоли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатини амалга ошириш учун давлат иштироки Миллий банк, Агробанк ва Микрокредитбанкда сақлаб қолинади. Ипотека-банк, Ўзсаноатқурилишбанк, Асака банк, Алоқабанк, Қишлоқ қурилиш банк ва Турон банкдаги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш, бунда биринчи босқичда банклар фаолиятини халқаро молия институтлари кўмагида трансформация қилиш, иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакетини стратегик инвесторларга сотиш мўлжалланган. Стратегия доирасида Халқ банки ва Азия альянс банки давлат акциялари пакетини хорижий стратегик инвесторларга сотиш режалаштирилган. Шунга мувофиқ, Халқ банкини хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёнида жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини бошқариш Молия вазирлигига ўтказилади. Бундан ташқари, Ўзагроэкспортбанк ва Пойтахт банкнинг фаолияти қайта кўриб чиқилади. Банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришга тайёрлашда Марказий банкнинг соҳа  регулятори сифатидаги ролини кучайтириш орқали лозим даражадаги пруденциал назоратнинг амалга оширилиши молия тизими барқарорлигини таъминлашнинг муҳим компоненти ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан Марказий банк томонидан Жаҳон банки билан ҳамкорликда тижорат банклари фаолияти пруденциал назорати механизмлари ва жараёнларининг Базель қўмитасининг самарали банк назорати  асосий тамойилларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида баҳолаш ўтказилиб, аниқланган камчилик ва заиф жиҳатларни бартараф этишга қаратилган ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.  Умуман олганда стратегияни ҳаётга татбиқ этиш натижасида  давлат улуши бўлмаган банклар активларининг банк тизими жами активларидаги улуши жорий 16 фоиздан 2025 йил якунига қадар 60 фоизгача оширилади.  Банкларнинг хусусий сектор олдидаги мажбуриятларининг умумий мажбуриятлардаги улуши эса жорий 28 фоиздан 2025 йил якунида 70 фоизгача кўпайтирилади. Давлат улушига эга камида учта банк капиталига 2025 йилга қадар етарли тажриба, билим ва обрўга учта стратегик хорижий инвестор жалб қилинади. Умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотларининг ҳиссаси  жорий 0,35 фоиздан 2025 йил  охирига қадар 4 фоизгача кўтарилади. Банкларнинг хорижий валютадаги мажбуриятларининг  жами мажбуриятлардаги улуши жорий 58 фоиздан 2025 йилда  40 фоизгача камайтирилади.

Баҳром ЖЎРАЕВ,

Марказий банки бошқарма бошлиғи ўринбосари.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"