Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6981
6248
5201

+1047
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
259616
240385
0

+240385

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 416 484
Главная "БИРЖА" Глобал инқироздан чиқишнинг ягона йўли-иқтисодий иммунитетни мустаҳкамлашдир

Давоми

Жаҳонга машҳур боксчи Майк Тайсондан “Сиз жанг қилиш стратегиянгизни қачон ишлаб чиқасиз?” – деб сўрашганида, у “рақибим жағимга биринчи зарбасини бергандан кейин жанг стратегиямни ишлаб чиқаман” – деган экан.

Худди шу каби бугунги кунда дунё иқтисодиёти коронавирус инқирозининг биринчи ва айтиш мумкинки, қақшатқич  зарбасини қабул  қилди. Мана шундай шароитда дунё мамлакатлари коронавирус инқирозига қарши курашиш борасида ўз чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқмоқда ва жуда катта маблағлар йўналтирмоқда. Хусусан, Америка Қўшма Штатлари Сенати ва Президент Дональд Трамп админстрацияси ушбу пандемия шароитида иқтисодиётни рағбатлантириш мақсадида 2 трлн. АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди (2008 йилда Обама ҳукумати молиявий-иқтисодий инқирозга қарши курашиш дастури доирасида 787 миллиард доллар маблағ йўналтирган). Мазкур маблағларнинг 350 миллиард доллари кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, 250 миллард доллари ишсизликдан суғурталанишга, 46 миллиард доллари бевосита вирусга қарши курашишга йўналтирилади. Бунга қўшимча тарзда коранавирус пандемиясидан катта талофот кўрган штатлар ва шаҳарларни қўллаб-қувватлаш,корхоналарнинг барқарор ишлашига кўмаклашувчи 500 миллиард долларлик фонд ташкил этиш, бундан ташқари, қонунда йиллик даромади 75 минг долларга тенг америкалик катта ёшдаги солиқ тўловчиларга 1200 доллар ва ҳар бир фарзанд учун 500 доллар ажратиш ҳамда бу мақсадлар учун 500 миллиард доллар сарфлаш кўзда тутилган.

 19-1

 

 

3-чизма. АҚШда коронавирус пандемиясига қарши курашиш чора-тадбирлари дастури доирасида ажратилаётган маблағларнинг тақсимланиши (манба:  https://howmuch.net/articles/breakdown-coronavirus-2t-economic-stimulus)

 

Йиллик ялпи ички маҳсулоти қарийб 21 трлн. долларни ташкил этувчи Қўшма Штатлар федерал захира тизимини қўллаб-қувватлаш ва унинг ликвидлигини таъминлаш учун қўшимча 4 трлн. доллар йўналтиришни кўзламоқда. Умумий ҳолатда АҚШ ҳозирги инқироз шароитида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мамлакат тарихида мисли кўрилмаган 6 трлн. долларлик маблағни йўналтирмоқда.

Европа Иттифоқи инқирозга қарши курашиш чора-тадбирларининг биринчи босқичида евро ҳудудга кирувчи мамлакатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 трлн. евро маблағ йўналтирмоқда. Бу маблағлар биринчи навбатда соғлиқни сақлаш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий эҳтиёжларга сарфланади.

Россия Федерацияси ҳам коронавирус пандемияси таъсирида келиб чиққан иқтисодий инқирознинг салбий оқибатларини юмшатиш, иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларининг меъёрида ишлашини таъминлаш мақсадида мамлакат ЯИМининг 1,2 фоизини йўналтирмоқда ( мамлакат  ЯИМи 2019 йилда 1,66 трлн. АҚШ долларини ташкил этган).

Умуман олганда дунё мамлакатлари коронавирус инқирозига қарши курашиш чора-тадбирлари дастурлари доирасида ўз ЯИМининг 5 фоиздан 20 фоизгача бўлган қисмини йўналтирмоқдалар. Таҳлилчилар коранавирус пандемияси жиловланмас экан, бу кўрсаткичлар янада ошиши мумкинлиги ҳақида башорат қилмоқдалар.

Бугунги кунда Ўзбекистон ҳам коранвирус пандемиясининг тарқалишини олдини олиш, унинг иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларига салбий таъсирини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 20 мартда “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.  Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ташкил этилиб, унга 10 трлн. сўм маблағ йўналтирилди. Мазкур маблағлар биринчи навбатда,коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни молиялаштириш;  тадбиркорлик ва аҳоли бандлигини қўллаб-қувватлаш: аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кенгайтириш;  иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга йўналтирилиши белгилаб берилди.

 

 19-2

 

Бугунги кунда ҳар бир мамлакат коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан иқтисодий инқирозга қарши курашиш борасида ўз режа ва дастурларини амалга ошираётган бўлсада, мазкур дастурларда қуйидаги ўхшашликларни кўришимиз мумкин:

– деярли барча мамлакатлар бугунги кунда умумий овқатланиш корхоналари, сартарошлар, такси ҳайдовчилари, якка тартибда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи турли касб эгаларига ёрдам кўрсатмоқда. Барча ҳукуматлар кичик бизнес эгалари, якка тартибдаги тадбиркорларга беғараз грантлар ва имтиёзли кредит маблағлари ажратмоқда;

– мамлакат фуқароларига тўғридан-тўғри пул маблағлари ажратиб берилиши йўлга қўйилмоқда. АҚШ ҳар катта ёшдаги фуқарога 1200 доллардан, оиладаги ҳар бир болага 500 доллардан пул тарқатаётган бўлса, Япония ҳукумати ҳам ҳар бир мамлакат фуқаросига 926 АҚШ доллари (100 минг иена)дан пул ажратиш тўғрисида қарор қабул қилди (мамлакатимизда ҳам коронавирусга қарши курашиш доирасида японларнинг кундалик турмуш тарзига айланган 13 та қоидадан фойдаланиш катта самара бериши табиий). Бундай йўл тутиш турли хил ўғирлик ва фирибгарликларнинг олдини олишга хизмат қилади;

– инқироздан катта зарар кўрган ва мазкур тоифага тушиб қолиш эҳтимоли катта бўлган корхоналарга молиявий кўмак кўрсатиш. Бундай компаниялар қаторига дастлаб авиакомпаниялар туристик хизматлар кўрсатувчи корхонлар киритилган бўлса, бугунги кунга келиб мазкур рўйхатга бошқа тармоқ ва соҳаларнинг вакиллари ҳам қўшилмоқда;

– корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорларга солиқ имтиёзлари ва таътиллари тақдим этиш, уларнинг турли тўлов ва мажбуриятларини кечиктириш;

– ишсизлик нафақаларини кўпайтириш ва уларни олиш борасидаги талабларни енгиллаштириш. Масалан, Ирландия Covid-19 туфайли иш жойини йўқотганларга ҳафтасига 350 евро нафақа тўлашни ваъда қилмоқда;

– корхоналар ва жисмоний шахсларнинг тўловларини кечиктириш, уларга кредит таътилларини тақдим қилиш;

– карантин туфайли тўхтаб қолган фирма ва корхоналарнинг ўз ходимларига иш ҳақини тўлаб беришлари учун уларга бюджетдан дотациялар ажратиш. Буюк Британия, Нидерландия, Чехия ҳукуматлари хусусий бизнес вакиллари иш ҳақларининг 80-90 фоизини бир неча ой давомида тўлаб бериш мажбуриятини олишган;

– ишдан бўшатилаётган ходимларга турли компенсация тўловларини тўлаб бериш;

– болалар боғчаси, мактаблар вақтинча ёпилганлиги муносабати билан ота-оналарга болалар парвариши билан боғлиқ ҳақ тўланадиган таътиллар бериш. Францияда бюджет ҳисобидан ота-оналарга икки ҳафтагача муддатга меҳнат таътиллари берилмоқда;

– Бир қатор мамлакатлар ҳаттоки режалаштирилган тадбирларнинг ортга сурилганлиги муносабати билан ҳам турли тўловларни амалга ошириш амалиётидан фойдаланмоқда.

Бу хил тадбирларнинг амалга оширилиши пандемиянинг кенг тарқалишининг олдини олишга, унинг оқибатида келиб чиқувчи иқтисодий оқибатларни имкон қадар юмшатишга хизмат қилади.

Бугунги кунда йирик халқаро ташкилотларнинг экспертлари, нуфузли мутахассис ва олимлар коронавирус пандемиясининг тез орада жиловланишига умид билдирмоқдалар. Албатта, пандемия эртами-кечми жиловланади, лекин пандемиядан кейинги дунё иқтисодиёти, жаҳоннинг сиёсий манзараси тубдан ўзгариши кундек равшан бўлиб қолди. Шу боис, биз бугунги кунда мамлакатимизнинг иқтисодий иммунитетини  мустаҳкамлашга интилишимиз лозим бўлади.

Турли хил ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий силкинишлар даврида жамият ва мамлакат иқтисодиёти иммунитетини кўтаришга хизмат қилувчи барча мамлакатлар учун бирдек қўл келиши мумкин бўлган чора-тадбирлар дастури бўлмаса-да, Жаҳон банки қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди:

1. Кучли институтлар ва ижтимоий ҳамжиҳатлик – бу мамлакатнинг ҳар қандай хатарларга қарши тура олишини таъмин этувчи ўзига хос қалқон ҳисобланади. Дунёда барча мамлакатлар  иқтисодий тушкунлик,  жамиятда табақаланишнинг кескинлашиши, уюшган жиноятчиликнинг ўсиши каби салбий ҳолатларга дуч келишлари табиий ҳолдир. Мазкур таҳдидларга қарши кураша бориб, институтлар худди инсон организмининг иммун тизими каби ўзини тутади. Шу боис, мамлакатлар кучли институтларни шакллантиришга ва жамиятда ижтимоий муҳитни соғломлаштиришга интилишлари талаб этилади.

2. Миллий ва халқаро даржадаги йирик институционал тузилмалар мамлакат ва дунё ҳамжамиятининг барқарор ривожланишига тўсиқ бўлувчи ҳар қандай хавф-хатарларга қарши курашиш борасида ўз имконият ва салоҳиятларини бирлаштиришлари талаб этилади. Европа Иттифоқининг Италия ҳукуматига ёрдамнинг кечиктириши оқибатида Италияда бугунги кунда вазият қанчалик салбий тус олганлигини бунга яққол мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.

3. Энг аввало, аҳолининг камбағал ва иқтисодий-ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларига ёрдам кўрсатиш. Беқарор ва ички зиддиятларга бой мамлакатларда инқирозли вазиятларга қарши курашишдан олинган асосий хулоса шундан иборатки, ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш дастурлари, энг аввало, турли хил салбий шокларга нисбатан энг заиф инсонларга йўналтирилмас экан, кўрилаётган чора-тадбирлар ўзининг ижобий самарасини бермайди. Самарали ва манзилли ижтимоий ҳимоя тизими беқарорлик ҳамда можаролар таъсирига қарши курашиш борасида ўзига хос биринчи ҳимоя чизиғи ҳисобланади.

4. Барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт йўлида мамлакатлар ва халқар ўртасида ижтимоий-иқтисодий интеграция алоқаларини янада кучайтириш. Минтақавий ёки халқаро миқёсда ўзаро интеграцион алоқаларни кенгайтириш мавжуд хавф-хатарларга қарши курашишда энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади.

5. Хавф-хатарларнинг таъсирини камайтириш, уларга қарши самарали курашишда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари ва кенг жамоатчиликнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга мамлакатда қабул қилинган қонун ва меъёрлар доирасида мустақил ҳаракатланиш ҳуқуқини тақдим этиш.

Дунё мамлакатларининг барқарор ривожланишни таъминлаш, шу жумладан коронавирус пандемияси оқибатида келиб чиққан глобал инқирозга қарши курашиш борасида амалга ошираётган чора-тадбирларини таҳлил қилиш асносида мамлакатимизда глобал иқтисодий инқирозга қарши курашиш чора-тадбирларини қуйидаги йўналишларда амалга ошириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз:

* Билимлар иқтисодиётини ривожлантириш асосида иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларида фан сиғимли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш;

* Инсон капитали сифатини яхшилашга қаратилган тизимли чора-тадбирларни амалга оширишни янада жадаллаштириш;

* Иқтисодиёт соҳа ва тармоқларини, айниқса қишлоқ хўжалигини ресурс тежамкор технологиялар асосида ривожлантириш ва бунда асосий эътиборни яшил иқтисодиётга қаратиш;

* Дунё иқтисодиётининг бундан буён тараққий этиши кўп жиҳатдан рақамли технологияларга боғлиқ эканлигини ҳисобга олган ҳолда, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларни ҳал этиш асосида рақамли иқтисодиётни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

* Иқтисодиёт тармоқ ва соҳаларини модернизациялаш ва диверсификациялаш ишларини изчил давом эттириш, саноат ишлаб чиқаришининг технологик тузилмасини такомиллаштириш, юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ва хизматларни маҳаллийлаштириш имконини берувчи саноатлаштириш сиёсатини изчил давом эттириш;

* Халқаро меҳнат тақсимоти ва халқаро ихтисослашувнинг қонун ва қоидаларига амал қилган ҳолда, халқаро иқтисодий ва ижтимоий интеграцион жараёнларда фаол иштирок этиш;

* Экологик ва турли пандемик хавф-хатарлар даражасининг тобора ортиб бориши шароитида ҳозиржавоб тиббий ва ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

* Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, иқтисодий саводхонлик даражасини яхшилашга қаратилган таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва шу асосда таълим дастурларига тегишли ўзгартиришлар киритиш;

* Миллатларо тотувлик ва диний бағрикенглик асосида миллий урф-одатлар ва азалий қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш;

* Фуқаролик жамияти ва жамоатчилик назоратини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва шу кабилар.

Юқорида тилга олиб ўтилган чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши мамлакатимизнинг турли иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий хавф-хатарларга қарши курашиш борасидаги иммунитетини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сўнгги сўз ўрнида. Айтишларича, қадимда бир подшоҳ эрта баҳорда ўз қўл остидаги фуқароларининг ҳолидан хабар олиш учун аёнлари билан бирга элу-улусни айланибди. Подшоҳ бир қишлоққа борса, бир кексайиб қолган отахоннинг кўчат экаётганига кўзи тушибди. Подшоҳ қизиқиб отахоннинг олдида тўхтаб, чолга юзланиб: “Отахон кексайиб қолган бўлсангиз, эрта-индин боқий дунёга кетишингиз тайин бўлса, бу кўчат экаяпсиз, эртага ўлиб кетсангиз, эккан кўчатингиз мевасини ким ейди? – деса, Чол Подшоҳга қарата: “Э Подшоҳи олам, биздан олдингилар экишди, биз мевасини едик, мен ҳам биздан кейингилар есин, деб яхши ният билан кўчат экаяпман” – деб жавоб берибди. Бу гапдан хурсанд бўлган Подшоҳ чолга бир халта тилла берибди. Мукофотни олган отахон янада тетиклашиб, “Подшоҳи олам, ҳамманинг эккан кўчати икки, уч йилда ҳосил берса, мен эккан кўчат экмасимдан туриб ҳосил берди” – деган экан, Подшоҳ бу гапдан яна кайфияти кўтарилиб, чолга яна бир халта тилла инъом қилибди. Отахон янада тетиклашиб, “Подшоҳи олам, ҳамманинг кўчати бир йилда бир марта ҳосил берса, мен эккан кўчат бир йилда икки марта ҳосил берди” деса, Подшоҳ отахоннинг гапларидан янада завқланиб, унга яна бир халта тилла беришларини буюрибди-да, атрофдаги аёнларига қарата:  “бу ердан тез кетмасак бўлмайди, Отахон яхши гап, яхши ниятлари билан бутун хазинамизга эга чиқади” – деган экан.

Қиссадан ҳисса шуки, биз ҳам яхши ният билан, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилсак, юртимиз албатта инқироздан иммунитети мустаҳкамланиб, жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни янада юксалиб чиқишига ҳеч бир шубҳа йўқ.

Акмал АБДУВОХИДОВ,

Гулистон давлат университети.

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"