Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4054
10193
9200

+993
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
74402
308009
117590

+190419

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 10 751 345
Главная "БИРЖА" Пул бозорида пулнинг нархи

investitsiya_180Халқаро тажриба бозор иқтисодиёти шароитида пул-кредит сиёсатини юритишнинг самарали усулларидан бири инфляцион таргетлаш режими эканлигини кўрсатмоқда. Халқаро валюта жамғармаси ҳисоботларига кўра, бугунги кунда инфляцияни таргетлаш режимига ўтган давлатлар сони ортиб бораётганини кўриш мумкин. Ҳозир дунёнинг 40 дан зиёд ривож­ланган ва ривожланаётган мамлакати ушбу тизимни жорий этган.

Жаҳон тажрибасида аксарият ривожланган давлатларда инфляциянинг таргети 2 фоиз, ривожланаётганларида эса  3-5 фоиз даражасида ўрнатилган. Республикамизнинг асосий ҳамкор давлатлари ҳисобланган Россия Федерация­сида бу кўрсаткич 4 фоиз, Қозоғистонда 5 фоиз, Қирғизистонда 2 фоиздир.

Президентимизнинг жорий йил 18 ноябрдаги “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, юртимизда ҳам бу борада дастлабки муҳим қадамга йўл очилди. Унда  Марказий банк инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бош­лаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминлаши белгиланди.

Марказий банк, Молия ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлик­лари билан ҳамкорликда ташкил этилган матбуот анжуманида фармонда белгиланган мазкур долзарб вазифаларни рўёбга чиқаришнинг йўллари ва омиллари ҳақида маълумот берилди.

Унда нима учун 5 фоизлик таргет мақсад  қилингани, нега узоқ муддат қўйилгани, 2023 йилда бу кўрсаткичга эришишнинг имконияти қанчалик даражадалиги, бу жараёнда қандай қийинчиликларга дуч келиниши ҳақида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, жорий макроиқтисодий ҳолат, жумладан, инфляциянинг амалдаги динамикаси ва прогноз кўрсаткичлари, барқарор ва мувозанатли иқтисодий ўсишни таъминлаш зарурияти Марказий банк томонидан нархлар барқарорлигига эришиш бўйича аниқ ва янада таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда. Иқтисодий ривожланишнинг асосий сценарийсига кўра, 2020 йилда ялпи ички маҳсулот  ҳажмининг реал ўсиши 5,2-5,5 фоизни ташкил этиши, 2021-2022 йилларда 5,5-5,8 фоизгача тезлашиши прогноз қилинмоқда. Бунда тижорат банклари томонидан иқтисодиётга ажратиладиган кредитлар қолдиғининг ўсиш суръатлари ЯИМ номинал ҳажмининг ўсиш суръатларига мутаносиб равишда, жумладан, 2020 йилда 20-25 фоиз атрофида (валюта курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда) бўлиши кутилмоқда. Солиқ-бюджет соҳасида умумий фискал баланс тақчиллигининг муайян миқдорда қисқариши ҳамда давлат ташқи қарзининг белгиланган параметрлар доирасида шаклланиши тахмин қилинмоқда. Умумий фискал баланснинг 2020 йилда ЯИМга нисбатан 2,7 фоиздан ошмаслиги, 2022 йилга қадар босқичма-босқич 1,5 фоизгача пасайиб бориши ва келгуси йилларда ушбу даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Қатъий пул-кредит сиёсати юритилиши ва фискал баланс тақчиллигининг қисқариб бориши шароитида хусусий ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши иқтисодий ўсишнинг прогноз кўрсаткичларига эришилишига хизмат қилади. Шундан келиб чиқиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, келгуси йилларда тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи манфий сальдоси ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 7 фоиздан 2022 йилда 5,9 фоизгача пасайиб боради. Ушбу тақчилликнинг, асосан, ташқи молиявий манбалар, хусусан, инвестицион ресурслар ҳисобидан қопланиб бориши натижасида валюта алмашув курсига сезиларли девальвацион босимни юзага келтирмаслиги кутилмоқда. Асосий сценарий бўйича йиллик инфляция даражаси 2020 йил охирида 12-13,5 фоиз оралиғида бўлиб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига тушади ва 2023 йилда эса асосий 5 фоизлик таргетга эришилади. Ушбу сценарийга кўра, ташқи иқтисодий шароитларнинг жорий тенденциялари, асосий экспорт товарлари нархлари ва трансчегаравий пул ўтказмалар ҳажми ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолади. Прогнозларга қараганда, инфляция бўйича доимий мақсадли кўрсаткичга эришиш учун пул-кредит сиёсатининг қатъий шароитлари сақланиб,  иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалар таъминланади.

Асосий йўналишларда инфляцион таргетга эришиш ва пул-кредит сиёсати инструментлари, механизмлари ва жараёнларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш бўйича амалга ошириладиган барча чора-тадбирлар  бир неча йўналишдан иборат.

Биринчидан, операцион механизмни ривожлантириш соҳасида асосий фоиз ставкаси ва фоиз коридори, пул-кредит сиёсати операцион механизмининг самарали ишлашини таъминловчи бозор инструментлари тўплами, шу жумладан, кредит ва депозит аукционлари, овернайт депозит ва кредитлар жорий этилади ҳамда зарур ҳолларда Марказий банк облигациялари муомалага чиқарилади. Ички валюта бозорини ривожлантириш стратегиясини  ишлаб чиқиш кўзда тутилган бўлиб, тижорат банкларининг валюта курси шаклланишида маркет-мейкер сифатидаги ролини босқичма-босқич ошириб бориш, валюта интервенцияларини ўтказишга бўлган ёндашувни такомиллаштириш, шунингдек, ҳосилавий инструментларни (своп, опцион ва фьючерслар) жорий этиш масалалари инобатга олинган. Имтиёзли кредитлаш амалиётини бозор тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш орқали кредит бозоридаги сегментация даражаси пасайтириб борилади.

Иккинчидан, таҳлилий-прогнозлаш салоҳиятини ошириш соҳасида макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаштириш тизими  ва замонавий моделлаштириш инструментлари жорий этилади. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ва инфляция омилларини эмпирик моделлар асосида доимий ўрганиб бориш услублари ишлаб чиқилади.

Учинчидан, коммуникация сиёсатини такомиллаштириш соҳасида кенг жамоатчилик ва бизнес вакилларига инфляциянинг асосий омиллари ва пул-кредит сиёсати чораларининг ўз вақтида етказилишини кўзда тутувчи коммуникация сиёсатининг замонавий тамойиллари ишлаб чиқилади. Бозор иштирокчилари билан мулоқот қилишнинг самарали механизмларини татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар йўналишлари белгиланади.

Шунингдек, банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида тижорат банкларини аҳоли ва бизнес вакиллари жамғармаларининг инвестицияларга айланишига, иқтисодиётда узоқ муддатли пулларнинг шаклланишига хизмат қиладиган молия институтларига трансформация қилиш ишлари амалга оширилади. Бундан ташқари, банк тизимида молиявий барқарорликни таъминлаш ва юзага келиши мумкин бўлган хатарлар эҳтимолини камайтириш мақсадида макропруденциал назоратнинг самарали чоралари ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Инфляциянинг номонетар омилларини пасайтириш мақсадида уларнинг ҳар бири бўйича чуқур ва ҳар томонлама таҳлил олиб борилади ҳамда ишлаб чиқилган таклифлар ҳукуматга, тегишли вазирлик ва идораларга киритиб борилади. Келгуси йилларда монетар-фискал ва таркибий сиёсат соҳасидаги ислоҳотларни самарали мувофиқлаштириш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Қайд этилганидек, 2020 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади (ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно). 2021 йил 1 январдан, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг муайян бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда кредитларни имтиёзли фоиз ставкаларида бериш амалиёти бекор қилинади.

Инфляцияни таргетлаш, яъни пул бозорида пулнинг нархини аниқлаш ва пулни самарали бошқариш юзасидан юклатилган вазифаларнинг ижроси қандай  ижобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин?  Биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ва даромадлари кам бўлган қатламининг тўлов ва харид қобилияти пасайишининг олди олинади. Фуқароларнинг миллий валютага ва банк тизимига ишончи ортади, молиявий ресурслар банк тизимига кириб келади. Бунинг учун Марказий банк томонидан қабул қилинадиган қарорлар мазмун-моҳияти аҳолига ва тадбиркорларга батафсил тушунтирилиб, қарорлар ижросининг натижадорлиги эса ёритиб борилиши керак бўлади. Бундан ташқари, паст даражадаги инфляция шароитида иқтисодиётда давлат иштироки қисқаради, иқтисодиётда долларлашув даражаси камаяди,  бизнес фаолиятида ўрта муддатли режа қилиш имконияти, қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳити яратилади.

Замира ТОЖИЕВА.
 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"