Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2724
5321
5115

+206
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
167353
267173
65475

+201698

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 8 861 480
Главная "БИРЖА" Нодир қўлёзма китоблар қандай баҳоланади?



kitob_160_55412“Veritas” баҳолаш компанияси ўз мижозларини қизиқтирган саволларга матбуот нашрлари ҳамда Veritas.uz сайтида мақолалар орқали жавоб бериш анъанасини давом эттиради. Бу галги мавзу: “Антиквар – нодир қўлёзма китобларни баҳолаш”.

Мавзуни танлашда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори туртки бўлди.

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси хабарига кўра, қарор эълон қилингандан буён аҳолида сақланаётган тарихий, бадиий, адабий ва бошқа илмий аҳамиятга оид манбалар – нодир қўлёзма ва тошбосма асарлари келгусида уларни илмий муомалага киритиш мақсадида жамғарма маблағлари ҳисобидан сотиб олинган.

Бундан ташқари, 2017 йил июнь ойида ташкил этилган Ўзбекистон ислом цивилизацияси маркази буюк аждодларимиздан бизгача етиб келган бебаҳо илмий-маърифий меросни сақлаш, ўрганиш, тадқиқ этиш ҳамда кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилмоқда. Айни кунларда Ислом цивилизацияси маркази томонидан чет эл кутубхона ва музейлари, шахсий коллекциялари ҳамда юртдошларимизнинг уйларида сақланаётган аждодларимиз қаламига мансуб ноёб асарларнинг қўлёзма, тош­босма нусхаларини қабул қилиш давом этмоқда.

Қувонарлиси шундаки, қабул қилиб олинган асарлар орасида жуда қадимий ва ноёблари ҳам бор. Уларни махсус шароитларда сақлаш ҳамда таъмирлаш учун марказ ҳузурида қўлёзмаларни таъмирлаш устахонаси иш бошлади. Устахонада маҳаллий реставраторлар томонидан қўлёзмаларни муқовалаш, тикиш ва варақларини тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Диққатга сазовар ҳолат шуки, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган туб ислоҳотларни тўғри тушунган ҳолда ўз жавонларида сақланаётган, уларга ота-боболаридан мерос бўлиб қолган қўлёзмаларни ўз ихтиёрлари билан марказга топшираётган фуқароларимизнинг сони кундан кунга кўпайиб бормоқда. Шуни инобатга олиб, қўлёзма китоблар эгаларига араб ёзувидаги турли мавзуларга оид бундай китобларни баҳолашда нималарга эътибор қаратиш лозимлигини атрофлича ёритиб бериш мақсад қилинди.

Фикримизча, қўлёзма китобларни баҳолаш ҳақида сўз юртишдан аввал “китоб” деб нимага айтилади, деган саволга жавоб бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ўзбек тилининг изоҳли луғатида китобга қуйидагича таъриф берилган: “Китоб – бирор текст ёзилган варақлардан иборат, жузлаб тикилган, муқоваланган қадим қўлёзма ёки босма асар”. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Ҳадис ва ҳаёт” китоби 2-жузида эса “китоб” сўзи “ёзиш” ўзагидан олинган бўлиб, “ёзилган” маъносини англатиши, бир тўп ёзилган варақларни муқова орасига олингани китоб деб аталиши айтилган.

Табиийки, мавзуни ойдинлаштиришда китоб қандай таркибий элементлардан ташкил топишини ҳамда китобот санъатида китобнинг таркибий қисмлари қайси атамалар билан номланишини билиш муҳим саналади.

Демак, китоб – муқова, каптал, форзац, авантитул, титул варағи ва китоб болки каби асосий таркибий элементлардан ташкил топади. Таъкидлаш лозимки, қадимги қўлёзма китоб­ларда ҳар доим ҳам форзац ва авантитуллар қўлланилмаган ёки уларни тайёрлаш технологиясига кўра замонавийларидан тубдан фарқ қилган. Мазкур атамаларни изоҳлаш учун А.Иброҳимов ва А.Сулаймонов ҳаммуаллифлигидаги “Китобот санъатига оид атамаларнинг изоҳли – иллюстратив луғати”га мурожжат қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Абдуғаффор Раззоқ Бухорийнинг “Шарқ хаттотлик ва миниатюра санъати намуналари” номли рисоласида “Қўл­ёзмаларни китоб ҳолига келтириш мураккаб ва машаққатли ҳамда ўта масъулиятли жараён бўлиб, унда бир неча мутахассис иштирок этганлиги” қайд этилган. Унинг таъкидлашича, улардан биринчи даражадагилари – қоғозрез (қоғоз тайёрловчи), хаттот (хат ёзувчи), заҳҳоб (зарҳал берувчи), наққош (нақш чизувчи), лаввоҳ (сарлавҳа ва жадвалларни зийнатловчи), пош (тилла сувини юлдуз каби сочувчи), мусаввир (қўлёзмага миниатюралар чизувчи рассом) ва саҳҳоф (муқовасоз). Бундан кўриниб турибдики, қўлёзмаларни баҳоловчи мутахассис санаб ўтилган жараёнларнинг қай тарзда кечишини ва усталарнинг услубларини пухта ўзлаштирган бўлиши лозим.

Хўш, нодир қўлёзма китобларни баҳолашда қайси жиҳатларга эътибор қаратилади?

Биринчи навбатда, баҳолашга тақдим этилган китобнинг сақланганлик ҳолати тафтишдан ўтказилади. Кейинги босқичларда қўлёзма кўчирилган сана, асар муаллифи, асар мавзуси, кўчирган хаттотнинг исм-шарифи, хат тури (шакли), китобнинг адади, варақларга жило бериш услублари, миниатюраларнинг мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ва муқованинг расмийлаштирув услуби атрофлича тадқиқ қилинади.

Сақланганлик ҳолати китобнинг муқоваси ва тўп варақларнинг, яъни китоб блокининг ҳолатига қараб баҳоланади. Муқова ва китоб блоки сақланганлик ҳолатидан келиб чиқиб қуйидагича тоифаланади:

– аъло (китоб муқовасида унчалик кўзга ташланмас кичик ёриқлар ва бошқа нуқсонлар мавжуд бўлмаслиги ҳамда барча варақлари бутун ҳолда, йўқотилмаган, шикастланмаган бўлиши, китоб блокининг бутун бўлиши талаб этилади);

– яхши (китоб муқовасида кўзга ташланувчи айтарли катта бўлмаган ёриқлар ва бошқа нуқсонларнинг мавжудлиги ҳамда варақлари бутун ҳолда, йўқотилмаган, шикаст­ланмаган бўлиши, китоб блокининг бутун бўлиши талаб этилади);

– қониқарли (китоб муқовасида кўзга ташланувчи катта ҳажмдаги дарзлар, ёриқлар, ундаги зарҳал нақшларга етказилган футур, айрим варақларнинг йўқотилганлиги ва айрим ёзувларнинг ўчиб кетганлиги, варақларнинг китоб блокига жамланган бўлиши);

– қониқарсиз (китоб муқовасида яққол кўзга ташланувчи катта ҳажмдаги дарзлар, ёриқлар, ундаги зарҳал нақшларга етказилган сезиларли футур, аксарият варақларнинг йўқотилганлиги ва аксарият ёзувларнинг ўчиб кетганлиги сабабли ўқишнинг имкони йўқлиги, китоб блокининг тарқоқлиги).

Кўздан кечириш жараёнида юқорида қайд этилган камчилик ва нуқсонлар борлиги аниқланса, китобнинг қиймати – баҳоси пасайишига сабаб бўлади. Бунда китобнинг умумий қийматидан чегирмалар қўлланилади. Чегирмалар мутахассислар доирасида айирувчи коэффициентлар деб юритилади ва эксперт тарзда аниқланади.

Хусусан:

– китоб варақларида ёт белгилар ва ёзувлар аниқланса ёки китоб муқовасининг бурчаклари синган ва шикастланган бўлса – 10 фоизгача;

– китоб варақлари тарқоқ ҳолда, лекин йўқотилмаган бўлса ва унча катта бўлмаган нуқсонлар аниқланса – 25 фоиз­гача;

– китоб варақлари тарқоқ ҳолда бўлиши ва йўқотилганлиги, китоб блокининг шикастланиши аниқланса – 50 фоиз­гача;

– китоб варақлари тарқоқ ҳолда бўлиши ҳамда икки ва ундан кўп варақларнинг йўқотилганлиги, китоб блокининг жиддий шикастланиши аниқланса – 75 фоизгача;

– китоб муқовасининг мавжуд эмаслиги, китоб блокининг жиддий шикастланганлиги, варақларнинг аксарият қисми йўқотилганлиги аниқланса – 90 фоизгача бўлган айирувчи коэффициентлар, яъни чегирмалар қўлланилади.

Галдаги босқичлар ўта муҳим аҳамият касб этади. Бунда қўлёзма асар муаллифи кимлиги, асар мавзуси ҳамда уни қоғозга туширган хаттотнинг исм-шарифи аниқланади. Бироқ ҳар доим ҳам хаттотнинг кимлигини аниқлашнинг имкони бўлмайди.

Зотан, араб ёзувидаги матнни ўқиш, уни кимнинг қаламига мансублигини аниқлаш, хос ёзув ва белгиларга қараб хаттотни идентификация қилиш учун асар мавзусини инобатга олган ҳолда манбашунослик, филология, таржимонлик, адабиётшунослик, астрономия, тиббиёт, мусиқашунослик, ҳадисшунослик ва бошқа дунёвий ва диний махсус билимларга эга бўлиш талаб этилади.

И.КАДИРОВ,

“Veritas” МЧЖнинг заргарлик буюмларини

баҳолаш бўйича эксперти.

(Давоми келгуси сонда).

 

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"