Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5709
10313
9625

+688
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
188707
269151
42143

+227008

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 8 314 647
Главная "БИРЖА" НАТО қўшинларининг молиявий таъминоти

nato_160_55412Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар қобилиятини таъминлашда ҳамда кундалик фаолиятда уларнинг ўқув-жанговар, маънавий-маърифий тайёргарлигини амалга оширишда молия таъминоти муҳим ўрин тутади. Чунки қўшинлар зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда пул маблағларидан, моддий воситалар ва ўқув-моддий базалардан фойдаланилади. Қолаверса, пул маблағларисиз бирон-бир тадбирни амалга оширишнинг иложи йўқ.

Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 12 январда бўлган кенгайтирилган таркибдаги мажлисида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаганди. Шу асно юртимиздаги барча турдош корхоналарни бирлаштирган Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитасининг ташкил этилиши миллий мудофаа-саноат комплексини шакллантириш йўлидаги биринчи ва муҳим қадам бўлганини таъкидлаб ўтганди. Эндиликда давлатимиз томонидан қўшинларни замонавий қурол-аслаҳа, ҳарбий техника ва моддий жиҳатдан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юқорида тилга олинган вазифаларни бажариш молиявий таъминот масалалари билан чамбарчас боғлиқ. Давлат бюджетидан ажратилган пул маблағларидан самарали, мақсадли ва тежамкорона фойдаланиш эса қўшинлардаги барча мансабдор шахс­ларнинг асосий мажбуриятлари сирасига киради. Бунда хорижий давлатлар молиявий таъминотининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва уларни қўшинларимиздаги молия таъминот тизимига татбиқ қилиш муҳим масалалардан бири саналади. Қуйида соҳага оид илғор тажрибалар ҳақида сўз юритамиз.

НАТО қўшинларида моддий воситаларни сотиб олиш

Бу иш НАТО ҳарбий ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган ва унга аъзо давлатлар томонидан қабул қилинган дас­турлар асосида амалга оширилади. Ҳозир бу борадаги вазифаларни бажариш ва моддий бойликларни сотиб олиш НАТО ташкилоти гарданига юклатилган. НАТО таркибида Товарларни сотиб олиш бўйи­ча ташкилот (ТСОТ), унда эса ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида бошқармалар бор. Масалан, ҳаво кучлари ҳужумидан ҳимоя қуроллари ТСОТ таркибидаги қуйидаги бошқармалар томонидан сотиб олинади:

– “Еврофайтер” ва “Торнадо” бўйича бош­қарма;

– Узоқ масофадан ҳаво радиолокация тутиб олиш бўйича бошқарма;

– Вертолёт техникаси бўйича бошқарма;

– Ҳаво ҳужумидан ҳимоя комплекслари бўйича бошқарма;

– Ердаги вазиятни кузатиш тизими бўйи­ча бошқарма.

Жамики бошқармалар қуроллар ва моддий воситаларни сотиб олишда пул маблағларини тежашга ва харид қилинган маҳсулотлардан НАТОга аъзо давлатларнинг ҳаммаси фойдалана олишларига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, ана шу жараёнда пулни тежаш ниятида дунёдаги барча ташкилотларда мавжуд қуроллар ва моддий воситаларни етказиб бериш бўйича таклифлар ҳамда ушбу ташкилотларнинг ишлаб чиқариш имкониятлари чуқур ўрганилади.

ТСОТ 2012 йилда ташкил топди. 2014 йилгача ундаги мавжуд тизим такомиллаштирилди. Тартибга кўра, НАТОга аъзо давлатларнинг конференцияларда қатнашувчи раҳбарлари (қуролланиш йўналиши бўйича) ТСОТ раҳбарияти вазифасини бажарувчилар этиб белгиланди. Уларнинг вазифаси дизайнерлик (мавжуд қуролларни ва моддий воситаларни мослаштириш) ва НАТОга аъзо давлатлар томонидан олинаётган қурол-аслаҳалар қўлланилишини таъминлашдан иборат. Бу сотиб олинган қуроллар ва моддий воситалар самарадорлигини таъминлайди.

Қуроллар ва моддий воситаларни етказиб берувчи ташкилотлар ТСОТ ишлаб чиққан дастурга биноан ўрганилиб, энг мақбули танлаб олинади. Зарур ҳолларда конструкциясига ўзгартиришлар киритилади, сўнгра моддий воситалар шартномалар асосида харид қилинади.

НАТО қўшинларини молиялаштириш тартиби

НАТО низомига кўра, унга аъзо давлат ўз қўшинлари белгиланган ҳудудларда ҳаракатланишига, жанговар барқарорлиги таъминланишига, қайта гуруҳланишига жавоб беради. Шунга кўра, Қуролли Кучлари учун зарур миллий-моддий бойликларни сотиб олади ва тақсимлайди. Уларни қолган моддий воситалар билан таъминлаш НАТО томонидан амалга оширилади. Бу ташкилот қўмондони қўшинлар таъминоти бўйича НАТОга аъзо давлатлар раҳбарлари билан белгиланган келишувга эга бўлиши, моддий воситаларга эҳтиёжни аниқлаши ва режалаштириш ҳужжатларига мос равишда молиялаштиришга рухсат олиши керак. У стратегик объектларни аниқ вазиятдан келиб чиқиб ва НАТОда мавжуд кўпмиллатли дастурга таяниб, НАТОга аъзо давлатлар киритган инвестициялар ҳисобидан молиялаштиради. Албатта, бу ўринда улардан фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш ҳам ҳарбий бюджет ҳисобидан қопланиши назарда тутилиши лозим. Демак, НАТО қўмондони ва стратегик қўмондонлар минимал ҳарбий эҳтиёжларни аниқлаб олишлари даркор.

НАТО мудофаа кучларини ва активларини молиялаштириш учун бошқа механизмларга ҳам эга. Булар миллий, кўп миллатли, қўшма, умумий молиялаштириш ва товар эквивалентига қўшимчалардир. Косово ва Афғонистондаги операциялар чоғи топшириқ-вазифаларни бажаришда ҳарбий бюджетдан кенг фойдаланилди. НАТОнинг умумий ҳарбий-молиявий ресурслари орасида унинг хавфсизлик инвестициялари дастури ва ҳарбий бюджет маблағлари мавжуд. Хавфсизлик дастури ташкилот кучлари ва активларининг умумий инвес­тиция лойиҳаларини молиялаштиради. Ҳарбий бюджет НАТОнинг ҳарбий комплекси, жумладан, ҳарбий қўмондонлиги ва назорат қилиш органлари назорати остидаги дастурларни ишлаб чиқиш ва сақлашнинг умумий харажатларини қоплайди.

НАТОда қўшма молиялаштиришни бошқаришда бир нечта қўмита ва кенгашлар иштирок этади. Улар Сиёсат бўйича маслаҳат ва ресурсларни режалаштириш кенгаши, Инвестиция қўмитаси, Бюджет қўмитаси ва Гахсий таркиб бўйича НАТО қўмитасини ўз ичига олади.

Шимолий Атлантика кенгаши (ШАК) Сиёсат бўйича маслаҳат ва ресурсларни режалаштириш кенгашининг асосий маслаҳат органи ҳисобланади. У мазкур кенгаш тавсиялари асосида НАТО мақсадларини амалга ошириш учун ўрта ва узоқ муддатли эҳтиёжларни молиялаштиришни кўриб чиқади ҳамда ресурсларни ажратиш масаласи бўйича кўрсатма беради.

Инвестиция қўмитаси инвестиция дас­тури амалга оширилгани юзасидан ШАК олдида ҳисобот беради. Унинг вазифасига қуйидагилар киради:

– НАТО Кенгаши томонидан тасдиқланган эҳтиёжларни қондиришга тааллуқли лойиҳаларни кўриб чиқиш ва уларни амалга ошириш учун рухсат бериш;

– инвестиция сифатида киритилган пул маблағларидан келиб чиқиб сарфларни ва моддий воситаларни сотиб олишни амалга ошириш вақтларини белгилаш;

– инвестиция лойиҳалари мониторингини юритиш, баҳолаш ва НАТОга аъзо давлатлар томонидан инвестициялар амалга оширилишини назорат қилиш;

– инвестиция дастурларини бошқариш;

– инвестиция лойиҳалари амалга оширилишида тежамкорликнинг самарадорлиги даражасини таҳлил қилиш;

– моддий воситаларга талаблар бўйича тафовут аниқланганда Сиёсат бўйича маслаҳат ва ресурсларни режалаштириш кенгашини олдиндан огоҳлантириш.

2010 йили собиқ Фуқаролик бюджет қўмитаси ва Ҳарбий бюджет қўмитаси бирлаштирилиб, Бюджет қўмитаси деб номланди. У Сиёсий кенгаш ва НАТОнинг фуқаролик ва ҳарбий бюджетларини режалаштириш учун масъулдир. Шунга қарамай, кўплаб мамлакатларда биргаликда молиялаштириш ва молиялаштириш манбалари ўртасидаги фарқ туфайли ҳарбий ва фуқаролик бюджетларини алоҳида кўриб чиқиш давом этмоқда.

Бюджет қўмитаси мониторинг, баҳолаш, фуқаро ва ҳарбий бюджетлар ижроси назоратини олиб боради, шунингдек, белгиланган муддатларда Сиёсат бўйича маслаҳат ва ресурсларни режалаштириш кенгашига ҳисобот беради. Шундай қилиб, Бюджет қўмитаси ажратилган ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлашда ва НАТО молиявий низомига мувофиқ Молия қўмитаси томонидан тайинланган барча вазифаларни амалга оширишда муҳим роль ўйнамоқда.

Бюджет қўмитаси ҳарбий ва фуқаролик бюджетлари бўйича, Сиёсат бўйича маслаҳат ва ресурсларни режалаштириш кенгаши орқали ШАКнинг молиялаштирилиши учун жавобгар бўлади. Баъзан инвестициялар сезиларли даражада фойдаланиш ва объектларга техник хизмат кўрсатиш харажатларига таъсир қилиши мумкин. Бундай вазиятларда, зарурат туғилса, иккала қўмитанинг қўшма мажлиси ўтказилади ва тўғри қарорлар қабул қилинади. Бошқа ҳолатларда қўмиталар билан яқин ҳамкорликда бўлиш талб этилади.

Кадрлар қўмитаси НАТО таркибидаги ҳарбий ва фуқаро ходимларни бошқариш учун жавобгар ҳисобланади. Ҳар бир бўлинмада тинчлик ва инқироз даврида шахсий таркиб бўйича штат жадваллари мавжуд. Кўпинча хавфсизлик инвестиция дастурларига асосан операцияларни ўтказиш ва можаро вақтида ёки тинчлик даврида кадрлар миқдорини ўзгартириш талаб қилинади. Бу билан инвестиция қилинган пул маблағлари тежалади. Шунинг учун ҳам НАТОнинг Кадрлар қўмитаси хавфсизлик бўйича киритилаётган инвес­тицияларнинг янги дастурларини ишлаб чиқади, шахсий таркибга тинчлик ва уруш ҳолатида ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Алишер САТВАЛДИЕВ,

подполковник, Ўзбекистон Республикаси

Қуролли Кучлари академияси

катта ўқитувчиси.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"