uzbekinvest_160_1“Ўзбекинвест” миллий суғурта компанияси суғурта хизматларини оммалаштириш ва суғурта ҳимояси афзалликларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида 2018 йилнинг 1 октябридан 2019 йилнинг 31 январига қадар “Дубайга саёҳат” акциясини ўтказди.

Мазкур акция доирасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш полисини “Ўзбекинвест” миллий суғурта компаниясидан харид қилган 5 та оилавий жуфтлик, яъни 10 нафар омадли мижозга Дубайга бир ҳафталик саёҳат йўлланмасини қўлга киритиш имкония­ти тақдим этилди. Йўлланма Дубай шаҳрига бориб-келиш авиачиптаси, беш юлдузли меҳмонхонада яшаш, виза, суғурта ва трансфер харажатлари ҳамда акция ғолибидан олинадиган даромад солиғини ўз ичига олган.

Тадбир оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиниши натижасида рес­публикамизнинг барча ҳудудларидан қарийб 22 минг нафар юртдошимиз акцияда қатнаш­ди. Айниқса, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий ва Фарғона вилоятлари аҳолиси кўпроқ фаоллик кўрсатган.

Яқинда пойтахтимизда таниқли спорт юлдузлари – “Рио – 2016” Олимпия ўйинлари чемпиони, жаҳон чемпиони, икки карра Осиё чемпиони Руслан Нуриддинов, “Рио – 2016” Олимпия ўйинларининг олтин медали соҳиби, икки карра Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, дзюдо бўйича икки карра жаҳон чемпиони, уч карра Олимпия ўйинларининг бронза медали соҳиби Ришод Собиров, 2012 ва 2016 йиллардаги Олимпия ўйин­лари иштирокчиси, 2015 йилдаги жаҳон чемпионати кумуш медали, Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби Ихтиёр Наврўзов ҳамда оммавий ахборот воситалари ва савдо маркази ташриф буюрувчилари иштирокида шаффоф тарзда айланма барабандан тасодифий рақамни танлаш йўли орқали омади кулган 5 та оилавий жуфтлик, яъни 10 нафар юртдошимиз ғолиб деб топилиб, уларга Дубайга саё­ҳат йўлланмаси тантанали тақдим этилди.

Шунингдек, тадбир давомида суғуртага оид қизиқарли саволларга жавоб берган иштирокчиларга ҳам эсдалик совғалар топширилди. Акция иштирокчилари ва ғолиблари жорий йилда ўзининг 25 йиллик юбилейини нишонлаётган “Ўзбекинвест” миллий суғурта компаниясига ўз миннатдорлигини, компания фаолиятига ривож ва унинг доимий мижози бўлиш истагини билдирдилар.

“Дубайга саёҳат” акцияси қуйидаги фуқароларга насиб қилди. Ҳасанова Мадина Аҳат қизи (Тошкент шаҳри), Бердиёров Баҳодир Жайлавович (Сирдарё вилояти), Холмирзаев Фурқат Қаюмович (Тошкент вилояти), Каримов Фозилбек Қамариддинович (Хоразм вилояти) ва Ўрозалиев Сардор Асатилло ўғли (Самарқанд вилояти).

Ҳосил КАРИМОВ.