Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2697
5321
5115

+206
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
167326
267173
65502

+201671

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 8 861 453
Главная "БИРЖА" Урбанизация – тараққиёт локомотиви

urbanization_160_5541Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда мамлакатимизда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминловчи янги инструментлар ва механизмлар янада кенгроқ қўлланилмоқда. Улар қаторига фаол давлат урбанизация сиёсатига ўтишни киритиш мумкин.

“Урбанизация” сўзи лотин тилида шаҳар маъносини англатиб, мамлакат (минтақа) аҳолиси таркибидаги шаҳар аҳолисининг салмоғи орқали ўлчанади. Урбанизация жараёнларининг асосий натижалари қуйидагилар билан боғлиқ:

барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш;

аҳоли турмушининг сифатини яхшилаш ва даражасини кўтариш;

уй-жой, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилишини кенг миқёсда амалга ошириш;

ер участкаларидан самарали фойдаланиш;

шаҳарларни иқтисодий, ижтимоий ва экологик омиллар, мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда комплекс ривожлантириш;

индустриал-инновацион ривожланишнинг устувор вазифаларини ҳал этиш ва рақамли иқтисодиётни қўллаш;

катта, ўрта ва кичик шаҳарлар ривожланишини мақбуллаштириш;

шаҳар агломерациялари орқали ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришнинг самарали шаклларини татбиқ этиш;

шаҳарларда саноат зоналари, технопарклар, инновация марказлари ташкил этиш.

Урбанизация жараёнларини тартибга солиш бўйича жаҳон амалиётининг таҳлили ва ундан чиқадиган хулосалар шуни кўрсатадики, Япония, Корея Республикаси, Хитой, Сингапур, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларда аниқ мақсадга йўналтирилган урбанизация сиёсати фаол саноатлашув, шаҳарларнинг комплекс ривожланишини рағбатлантириш, мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, аҳоли турмуш шароитини изчил ошириб бориш, доимий ва барқарор иш ўринларини яратиш, ер ислоҳотларини амалга ошириш ва ер участкалари бозорини шакллантириш каби қатор чора-тадбирлар билан уйғунликда олиб борилган. Бошқа кўпгина мамлакатларда иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили бўлган урбанизациянинг барқарор ривож­ланиш тенденцияси кузатилмоқда.

Амалга оширилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, урбанизация даражасининг 1 фоиз ортиши аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот кўрсаткичининг Хитойда 10 фоиз, Ҳиндистонда эса 13 фоиз ўсишини таъминлаган. БМТ прогноз ҳисоб-китобларига кўра, жаҳонда шаҳар аҳолисининг улуши 2018 йилдаги 55,3 фоиз ўрнига, 2030 йилга бориб 60,4 фоизга етади. Шаҳар аҳолисининг нисбатан юқори ўсиш суръатлари ривожланаётган мамлакатларда ҳам кузатилади. Уларда бу жараён, асосан, қишлоқ аҳолисининг шаҳарларга кўчиши билан боғлиқ.

Ўзбекистонда шаҳар аҳолисининг салмоғи 1991 йилдаги 40,3 фоиз ўрнига 2018 йилга келиб 50,6 фоизга етди. Бундай ўсиш суръатларига асосан маъмурий ўзгаришлар, яъни 2009 йилда мингга яқин қишлоқ аҳоли пунктининг шаҳар посёлкаларига айлантирилиши ҳисобига эришилди.

Шу билан бирга, урбанизация жараёнларида қатор номутаносибликлар ҳам мавжуд. Чунончи, урбанизация даражаси бўйича мамлакатимизнинг жаҳонда тутган ўрни паст. БМТ халқаро рейтинг кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон 2018 йилда ушбу йўналишда 233 мамлакат орасида 155-ўринни эгаллади. Ваҳоланки, бу соҳада дунёдаги ўртача кўрсаткич 55,3 фоиз бўлиб, у Россияда 74,4 фоизни, Туркияда 75,1 фоизни, Қозоғистонда 57,4 фоизни, Туркманистонда 51,6 фоизни ташкил этади.

Охирги 10 йил мобайнида мамлакатимизда урбанизация даражаси 51,7 фоиздан 50,6 фоизга камайди. Хоразм (33,3 фоиз), Сурхондарё (35,5 фоиз), Бухоро (37,4 фоиз) ва Самарқанд (37,4 фоиз) вилоятларида урбанизация даражаси айниқса паст. Мамлакатимиз шаҳарлар тармоғининг асосини кичик шаҳарлар (жами шаҳарлар таркибидаги улуши 68,4 фоиз) ташкил қилади ва уларнинг жами шаҳар аҳолисидаги улуши 20,5 фоизга тенг. Шаҳарлар ривожланишининг ўзига хос жиҳатларидан яна бири шундаки, шаҳар аҳолисининг деярли тўртдан бир қисми (24,2 фоизи) Тошкент шаҳрида истиқомат қилади. Шаҳар посёлкалари сонининг жуда кўп­лиги ҳам Ўзбекистонда шаҳарлар тармоғининг ўзига хос жиҳати сифатида талқин қилиниши мумкин. 2012-2018 йилларда шаҳар аҳолиси сони 1,4 млн. кишига ёки 9,2 фоиз ортди (шу даврда қишлоқ аҳолиси мос равишда 1,7 млн. киши ва 11,9 фоиз кўпайди). Аҳолининг табиий ҳаракати, миграция ва маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар шаҳар аҳолиси сони ўсишида асосий омил бўлиб хизмат қилган.

Юртимизда урбанизациянинг мазкур ҳолатда шакл­ланишига бир қатор омиллар сабаб бўлган. Яъни, асосан, қазиб чиқарувчи саноатга йўналтирилган йирик инвес­тиция лойиҳалари шаҳарлар саноатлашувига ижобий таъсир кўрсатгани йўқ. Қишлоқ аҳолиси ҳаракатчанлиги паст, ташқи меҳнат миграцияси даражаси юқори. Шаҳарларни комплекс ва барқарор ривожлантиришга йўналтирилган мақсадли урбанизация сиёсати мавжуд эмас. Шаҳарсозлик соҳасида ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар ва меъёрий-ҳуқуқий база замон талабларига мос келмайди. Саноат ва инфратузилма объектлари барқарор ривожланишини таъминлаш учун маҳаллий молиявий ресурслар ва шаҳар ҳокимликлари ваколатлари чекланган. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида юқори малакали мутахассислар ва ишчилар етишмайди. Ҳар бир шаҳар бўйича узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш стратегияларининг мавжуд эмаслиги, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан шаҳар аҳолисининг талаб ва эҳтиёжлари эътиборга олинмаслиги, инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш чоғида алоҳида тоифадаги шаҳарлар учун хос бўлган хусусиятлар етарлича ҳисобга олинмаслиги, шаҳарлар, айниқса, катта ва йирик шаҳарлар аҳолиси сонини ҳисобга олиш бўйича статистик ҳисоботларда хатоликларнинг борлиги ҳам ушбу омиллар қаторига киради.

Эндиликда бу каби қатор муаммоларнинг бартараф этилишида Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз. Унда мутлақо янги уй-жой сиёсатини амалга ошириш асосида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш, бунда шаҳарларнинг муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмалар билан таъминланганлигига эътибор қаратиш, жисмоний ва юридик шахслар учун турар жой ва нотурар жой, бино ва иншоотлар остидаги ер участкаларига эгалик қилиш ҳуқуқини амалга оширишни кафолатлаш, ер участкаларини фуқаролик муомаласига киритиш учун шарт-шароитлар яратиш, миграция жараёнларини такомиллаштириш, агломерацияларнинг афзалликларидан фойдаланишни назарда тутган ҳолда ўрта шаҳарларни, шу жумладан, туман марказларини бошқаришда илғор халқаро тажрибани кенг жорий этиш, йўлдош шаҳарлар тармоғини кенгайтириш, йирик шаҳарларнинг марказий қисмида саноат ва бошқа зоналар ҳудудларини қисқартирган ҳолда ишбилармонлик ва хизмат кўрсатиш зоналари ҳудудларини кенгайтириш урбанизация жараёнларини такомиллаштиришнинг асосий йўналиш­лари сифатида қайд этилди.

Урбанизация сиёсатини самарали қўллаш учун унинг аниқ механизмлари ва амалга ошириш йўллари, ушбу йўналишда янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни, жумладан, “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун лойи­ҳасини ишлаб чиқиш ҳамда Ер, Шаҳарсозлик, Уй-жой кодекслари ва бошқа мавжуд қонун ҳужжатларига тегиш­ли ўзгартиришлар киритилиши мўлжалланмаган. Ер участкаларини хусусийлаштириш жараёнининг ижтимоий-сиёсий аҳамиятини ва ўзига хос мураккабликларини эътиборга олиб, бу жараёнларни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва улар ҳукумат томонидан қабул қилинишидан аввал умумхалқ муҳокамасига қўйиш кўзда тутилган.

Шу ўринда бир муҳим жиҳатни эътиборга олмоқ зарур бўлади. Буни шошма-шошарлик билан қилиб бўлмайди, етти ўлчаб бир марта кесиш керак. Қарор қабул қилингунга қадар, бино ва иншоотлар остидаги ҳамда уларга яқин жойлашган ер участкаларининг бозор қийматини аниқлаш ва хусусийлаштириш тартиби тўғрисидаги хорижий давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим бўлади.

Фаол урбанизация сиёсатини амалга ошириш мақсадида бир қатор асосий ташкилий-иқтисодий механизмлардан фойдаланиш кўзда тутилган. Булар — 2030 йилга қадар урбанизация концепциясини, стратегик режалаштириш, мамлакат, минтақалар ва шаҳарларнинг узоқ муддатли ижтимоий-иқтисодий ривожланиш прогнозлари, аҳолини жойлаштиришнинг бош схемаси, инфратузилма объектларини жойлаштириш ва ривож­лантириш схемалари, шаҳарларнинг бош режаларига оид ҳужжатлар тўпламини ягона тизим сифатида ишлаб чиқиш, урбанизация жараёнларида етакчи бўладиган истиқболли қишлоқ аҳоли пунктлари, шаҳар посёлкалари ва кичик шаҳарларни ҳамда ҳудудлар иқтисодиёти барқарор ривожланишида ўсиш нуқталари бўла оладиган ўрта ва йирик шаҳарларни аниқлашдир.

Шунингдек, урбанизация жараёнлари уй-жой қурилиши билан боғлиқ бўлиши билан бирга, рақамли технологияларни қўллаган ҳолда шаҳарларни индустриал-инновацион ривожлантиришга эътибор қаратилади. Бунда шаҳарларда саноат корхоналарини уларнинг салоҳия­тидан келиб чиқиб оқилона жойлаштириш, алоҳида тоифадаги шаҳарлар кесимида инвестиция дас­турлари ва лойиҳалари аниқлаштирилади. Шаҳар агломерациялари шаклланишини тартибга солишга йўналтирилган Тошкент шаҳри, вилоят марказлари атрофида йўлдош шаҳарларни барпо этиш мўлжалланган. Энг истиқболли шаҳарларга – иқтисодий ривожланишнинг етакчиси мавқеини бериш, улар учун ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни жойлаштириш учун қулай инвестиция муҳити ҳамда шарт-шароитларни яратиш, ер участкалари бозорини шакллантириш, мақсадли молия маблағларини йўналтириш кўзда тутилган. Шаҳарлар барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида мавжуд табиий-иқтисодий салоҳиятдан, бюджет ва бюджетдан ташқари манбалардан ҳамда янги ташкил этилган урбанизация жамғармаси маблағларидан, мавжуд ва ташкил этиш кўзда тутилаётган эркин иқтисодий зоналар, айниқса кичик саноат зоналари имкониятларидан самарали фойдаланиш, шаҳар ҳокимликлари мустақиллиги ва масъ­улиятини ошириш, халқаро стандартлар ва рейтинг­лар билан уйғунлаштирган ҳолда шаҳар аҳолиси сонининг статистик ҳисобини юритишни такомиллаштириш мўлжалланган. Энг муҳими, урбанизацияни тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилади, зеро, айни шу мақсадда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги ташкил этилди.

Умуман, Ўзбекистонда урбанизация жараёнларини фаол­лаштириш иқтисодий ривожланишнинг янги манбалари ва имкониятларини очиб беради, аҳоли турмуш шароитининг сезиларли даражада яхшиланишига олиб келади.

Турсун АҲМЕДОВ,

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий

тадқиқотлар институти директори ўринбосари.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"