Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5761
10313
9625

+688
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
188759
269151
42091

+227060

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 8 314 699
Главная "БИРЖА" Дунё муаммосига айланган Орол

orol_160_554112Ўтган йили Қорақалпоғистонга ёпирилган туз бўрони кўпчиликни ташвишга солгани сир эмас. Бундай офат нафақат Оролбўйи аҳолиси, балки миллионлаб фуқароларимизни ҳам ўйлантириб қўйди. Эртага нима бўлади, бошқа қайтарилмайдими? Ахир, бундай бўроннинг мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам такрорланмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди-ку. Мутахассислар туз аралаш чанг тўзоннинг қишлоқ хўжалигига зарарини ўрганишганда, туз аралаш қумлар экинлар баргларига ўрнашиб, устки қисмини қоплаб олгани, баргларни куйдириб, қовжиратиб қўйганлиги маълум бўлди. Шундан сўнг ҳудудда бронхиал астма ва аллергик ренит касалликлари авж олди.

Эколог олимларнинг таъкидлашича, ушбу муаммоларнинг олдини олишда саксовулзорларнинг ўрни катта. Оролнинг қуриган тубини ўрмонзорга айлантириш ҳам экологик, ҳам иқтисодий ва ҳам ижтимоий муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Агар ҳозирдан зарур чоралар кўрилмаса, 20-30 йилдан сўнг аҳвол бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин.

Саксовул ўзидан кислород чиқаради ва ҳаво ифлосланишининг олдини олади, шу боис айни пайтда бу ерда саксовулзорлар яратиляпти. Табиийки, саксовул ўрмонзорлар яратилгандан кейин ҳудудда яйловлар пайдо бўлади, чорвачилик ривожланади. Бу эса иқтисодий масалаларни бартараф этишда ҳам айни муддао бўлади, натижада аҳолининг ижтимоий аҳволи яхшиланади.

Хориж тажрибасидан маълумки, қатор араб давлатларида саҳродан туризмни ривожлантиришда самарали фойдаланиш йўлга қўйилган. Хусусан, туяларда сайр қилиш, саҳроларда раллилар ташкил қилиш, ов туризми ва бошқалар шулар жумласидандир. Агар Орол денгизи атрофида ҳам шундай шароитлар яратилса, туризмни ривожлантиришда янги йўналиш пайдо бўлади.

Бугун Мўйноқда олиб борилаётган кенг кўламли бундай хайрли ишларга ҳисса қўшиш мақсадида хайрия қилишни хоҳловчилар учун махсус ҳисоб рақами очилган. Қисқа вақт ичида унга юртдошларимиздан 6 миллиард сўмдан ортиқ пул келиб тушганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Маблағлар оғир шароитда меҳнат қилаётган ҳудуд аҳолисига ҳар томонлама шароит яратиш, саксовул ўрмонзор барпо қилиш ва бош­қа мақсадларга йўналтирилади.

Дарҳақиқат, айни пайтда бу ерда амалга оширилаётган ишлар кишини лол қолдиради. Оролбўйи ҳудудини экологик инновация ва технологиялар зонаси деб аташ мумкин. Денгизнинг қуриган майдонида саксовул экиш Фавқулодда вазиятлар вазирлигига топширилган бўлиб, ҳимоя ўрмонзорларни барпо қилиш мақсадидаги ишлар ўтган йилнинг декабрь ойидан бошланди. Ушбу тадбирга Қорақалпоғистон Республикасидан 217, мамлакатимизнинг 11 вилоятидан 290, жами 507 муҳандислик ва қишлоқ қурилиш техникалари сафарбар қилинди.

Мўйноқдан 45 километр узоқликда, Оролнинг қуриган тубида штаб ташкил қилинган бўлиб, ҳозиргача 77 минг 997 гектар майдонда қум сақловчи ариқлар тортилди. 27 минг 215 гектар майдонга саксовул уруғлари сепилди ва кўчатлар ўтқазилди. Бундан ташқари, самолётлар ёрдамида 18 та парвоз амалга оширилиб, жами 4 минг 400 гектар ерга саксовул уруғлари сепилди.

Шу ўринда Мўйноқ атрофидаги майдонлардаги саксовул уруғларини йиғиб, штабга етказиб бераётган одамларнинг кўмагини алоҳида таъкидлаш ўринли. Қолаверса, улар рағбатлантириб бориляпти. Маълумот ўрнида саксовул уруғининг
1 килограмми 15 минг сўмдан сотиб олинаётганини айтиб ўтиш жоиз. Масалан, бир киши кунига 10 килограммгача уруғ йиғиши мумкин. Бу бир кунда 150 минг сўм дегани. Мўйноқлик­ларнинг айтишича, баъзи оилалар бир кунда 800 минг сўмгача пул олмоқда. Маҳаллий раҳбарларнинг маълумотларига кўра, мўйноқлик 600 киши бундай юмуш билан банд. Умуман, денгизнинг қуриган тубида ўтказилаётган тадбирларга 1 минг 300 дан ортиқ киши жалб қилинган, улардан 900 нафари уруғ теришга ва қолганлари экишда иштирок этмоқда.

Аслида Орол денгизи бир авлоднинг кўз ўнгида йўқолди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ҳозир денгизнинг қуриган қисмида жуда катта саҳро пайдо бўлган бўлиб, ундан йилига 100 миллион тонна тузли чанг кўтарилади. Энг афсусланарлиси, Орол тузли чангини дунёнинг исталган бурчагида учратиш мумкин. Олис музликлардан тортиб, Европа давлатлари, Норвегия ўрмонларида ҳам кузатиляпти.

Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш юзасидан мамлакатимизда барча чора-тадбирлар кўриляпти. Мўйноқ атрофидаги Судочье, Мўйноқ қўлтиғи, Междуречье, Жалтирбас каби 10-17 минг гектарни ташкил қиладиган кўлларни сақлаб қолиш ва балиқчиликни ривожлантириш бўйича дастур тайёрланмоқда. Ушбу кўллардан тутилган балиқлар Мўйноқ консерва заводига етказиб берилади, қолаверса, кўллардаги қамишлардан туманда қурилаётган ДСП заводи учун хом­ашё сифатида фойдаланилади.

Ҳукуматимиз томонидан Мўйноққа алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 28 февралдаги “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига асосан бу ерда замонавий меҳмонхоналар, ижтимоий объектлар, кичик саноат зоналари барпо этилди. Аҳолининг бир неча асрлик орзуси бўлган 101 километрлик масофага тоза ичимлик сув қувурлари тортилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам Мўйноқ туманига ташриф буюриб, одамлар билан суҳбатлашганди. Натижада аҳолининг истак ва таклифлари асосида Қорақалпоғистон бўйича Дастур қабул қилинди, унга 973 лойиҳа киритилиб, уларни амалга ошириш учун қарийб 12 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилди. Пировардида 12-13 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

Яна бир хушхабар. 2018 йилнинг декабрь ойида АҚШда БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ташкил қилинганлиги ҳам жаҳон ҳамжамиятининг мазкур муаммога эътибор қаратаётганлигидан далолат беради. Қисқа фурсат мобайнида Япония, Норвегия, Қатар ва Саудия Арабистони давлатлари фондга ўз маблағларини йўналтирди.

Бир сўз билан айтганда, бугун дунё муаммосига айланган Орол фожиасини бартараф этиш учун жаҳондаги барча кучлар бирлашмоқда. Ажаб эмас, бир неча ўн йиллардан ке­йин денгиз асл ҳолига қайтса. Ҳозирги илғор технологиялар даврида бундай мўъжиза рўй бериши янгилик эмас.

Ҳосил КАРИМОВ.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"