Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2962
8944
8267

+677
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
105475
165551
205121

-39570

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 732 750
Главная "БИРЖА" Стратегик мақсадлар лойиҳаси

harakatlar_strategiyasi_160Шу кунларда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” давлат дастури лойиҳасини фуқаролар билан маслаҳатлашган ҳолда янада такомиллаштириш мақсадида жамоатчилик муҳокамалари, очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

“Тараққиёт стратегияси” марказида ташкиллаштирилган шундай тадбирлардан бири қатор ташкилот ва идоралар мутахассислари, бизнес вакиллари иштирокида ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раҳбарияти томонидан давлат дас­тури лойиҳасининг иқтисодиётни ривож­лантириш ва инвестицияларни фаол жалб этишга оид йўналиши ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланганидек, мазкур йўналиш 80 тадан зиёд банддан иборат бўлиб, амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар, энг аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, соғлом рақобат, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш учун зарур шароитларни яратишга қаратилган. Шунингдек, унда иқтисодиётда давлат иштирокини жиддий равишда камайтириш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, “яширин” иқтисодиётга қарши курашиш ва унинг улушини кескин қисқартириш, валюта сиёсатини эркинлаштиришни давом эттириш, барқарор монетар сиёсатни юритиш, иқтисодиётни ривожлантиришга доир стратегик мақсадларга эришишда фаол иштирок этишга қодир малакали кадрларни тайёрлаш чоралари назарда тутилган.

Хусусан, иқтисодий усулларни ишлатган ҳолда “яширин иқтисодиёт” салмоғини қисқартириш, яъни бундай иқтисодиёт омилларини соҳалар ва тармоқлар кесимида таҳлил қилиш асосида унинг кўламини камайтириш мўлжалланган. Бунинг учун иқтисодий фаолиятни легаллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш, импорт қилинган товарлар ҳисоботларининг электрон тарзда шаклланишини таъминлаш, айрим товарлар учун идентификация маркировка қилишнинг ягона тизимини жорий этиш ва солиқ органлари томонидан маҳсулотни ҳисобга олишнинг электрон базасини яратиш кўзланган. Шунингдек, бу борада электрон тижорат фаолиятини қонунийлаштириш ва назорат қилиш механизмини жорий этиш, нақд пулсиз ҳисоб-китобни рағбатлантириш механизмини ишлаб чиқиш, жумладан, кўчмас мулк объектлари, автотранспорт воситалари олди-сотдиси ва бошқа йирик миқдордаги битимлар бўйича ҳисоб-китобларни банк орқали амалга ошириш учун қулай шароит яратишга эътибор қаратилиши белгиланган.

Бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш ҳам кутилмоқда. Бунда халқаро молия ташкилотлари билан биргаликда соҳага оид жаҳон тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда мақсадга йўналтирилган бюджетлаштириш тизимини жорий этиш босқичлари ва йўналишлари, бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган дастурлар ҳамда лойиҳалар бўйича сифат ва миқдор кўрсаткичларини, уларни баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш тартиби, бюджет маблағлари самарадорлигини аудитдан ўтказиш стандартларини ишлаб чиқиш назарда тутиладиган ҳужжат тайёрланади.

Истеъмол маҳсулотлари нархининг барқарорлигини таъминлаш, хусусан, қўшилган қиймат солиғи кенг жорий қилиниши билан истеъмол товарларининг нархи ўсишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиши алоҳида кўрсатилган.

Иқтисодиёт йўналишида бажарилиши мўлжалланган муҳим тадбирлардан бири қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва унинг иқтисодиётдаги улушини оширишга оиддир. Тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат асосида Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш марказини алоҳида давлат органи сифатида қайта ташкил этиш кўзда тутилган. Шунингдек, унда капитал (фонд) бозорининг миллий иқтисодиётдаги мавқеини ҳамда инвестицияларни жалб этишдаги ролини ошириш, биржа савдоларига кенг жамоатчиликни жалб қилиш, соҳани тартибга солувчи ваколатли давлат органи фаолиятини халқаро ташкилотлар, хусусан IOSCO тамойилларига мослаштириш, маҳаллий эмитентларнинг қимматли қоғозларга жаҳонда тан олинган идентификация кодларининг (ISIN, CFI) бевосита Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан берилиши белгиланади.

Бошқа бир ҳуқуқий ҳужжат асосида давлат акциялари савдосига аҳоли ва инвесторларни жалб этишни чекловчи акцияларни йирик миқдорда савдога чиқариш амалиётини такомиллаштириш мақсадида давлат акция пакетларини “Битта акция – битта лот” тамойили асосида сотиш тартибини жорий этиш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, чет эл инвесторларининг маблағларини тўғридан-тўғри иқтисодиётга жалб қилишни рағбатлантириш учун йирик марказий халқаро депозитар-клиринг тизимлари (EuroClear, ClearStream), Миллий рақамловчи агентлик­лар ассоциацияси ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси ҳамкорлигини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Белгиланаётганидек, акциядорлик жамиятлари тўғрисидаги қонунчиликда аффилланган шахслар билан битим тузишга нисбатан талабларни кучайтириш, қимматли қоғозлар бўйича ҳисобланган даромадларни (дивиденд, фоиз) Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ва инвестиция воситачилари орқали тўлаб бериш механизмини жорий қилиш, акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши мажлисларида замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда масофадан иштирок этиш, акциядорлик жамиятлари фаолиятида юзага келадиган муҳим фактларни қимматли қоғозлар биржа котировкалаш варағига кирган ва (ёки) акциядорларининг умумий сони 50 нафардан ортиқ акциядорлик жамиятлари томонидан ошкор этилиши кутилмоқда.

Давлат активларини бошқариш маркази фаолиятини тубдан такомиллаштириш, уни мустақил идора этиб, қайта ташкил қилиш, барча давлат бошқаруви органларига тегиш­ли акциялар ва улушларни бошқариш функциясини ягона ваколатли идорага юклаш, давлат улуши бўлган корхоналарнинг ташкилий тузилмасини, кузатув кенгаши ва ижро органи таркибини қонун ҳужжатлари билан тасдиқлаш амалиётини бекор қилиш, давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарнинг ижро органи аъзоларини вазир ва унинг ўринбосарлари мақомига тенглаштириш амалиё­тидан воз кечиш чоралари ҳам кўрилади. Давлатнинг ишончли вакили фаолиятини тугатиб, унинг вазифаларини кузатув кенгаши таркибига киритилган давлат вакили зиммасига юклаш, акциядорлик жамиятлари кузатув кенгаши таркибига мустақил аъзоларни киритиш амалиётини кенгайтириш, вазирлик ва идораларнинг ўзи тартибга соладиган соҳада фаолият кўрсатаётган хўжалик жамиятлари таъсисчиси бўлиши амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш кабилар дас­турдан ўзига хос вазифалар сифатида алоҳида ўрин олган.

Лойиҳада қайд этилган давлат улуши мавжуд хўжалик жамиятлари ва давлат корхонасини ташкил этиш, уларнинг фаолият юритиш мақсадларини белгилаш, ушбу мақсадларга мувофиқ бўлмаган давлат иштирокидаги корхоналарни ташкил этишни тақиқлаш, монополияга қарши органнинг ижобий хулосасисиз давлат иштирокидаги корхоналарни тузиш амалиётига чек қў­йиш чораларининг кўрилиши иқтисодиётда давлат аралашувини янада камайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз. Шунингдек, рақобатни ривожлантириш, табиий монополия субъектлари фаолиятини назорат қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ўтказган ҳолда мустақил монополияга қарши давлат органини ташкил этиш ҳам дастур лойиҳасида алоҳида белгиланган.

Кўриладиган чораларнинг бир қисми тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва янада ривожлантириш билан боғлиқ. Чунончи, юридик шахслар ва фуқароларнинг бинолари ҳамда иншоотлари билан банд бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш, юридик ва жисмоний шахсларни электр энергияси тизимларига уланиш тартибини тубдан енгиллаштириш назарда тутилмоқда.

Дастур лойиҳасида кўчмас мулк объекти кадастр йиғма жилдини соддалаштириш, кадастр паспортини электрон тизимга ўтказиш, кўчмас мулк объектларига оид битимлар нотариал идоралар томонидан расмийлаштирилганда битим ҳақидаги маълумотларни базага киритиш ва мулк ҳуқуқини онлайн рўйхатдан ўтказиш, кўчмас мулк­ни бегоналаштириш учун битимларни тузишда кадастр органлари томонидан амалга ошириладиган техник инвентаризациялаш талабини бекор қилиш, кўчмас мулкни рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун Интернет тармоғи орқали буюртма бериш тартибини жорий қилиш алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Бўлиб ўтган тадбирда давлат дастури лойи­ҳасининг учинчи йўналишида акс эттирилган иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини ривожлантириш йўлида кўзда тутилаётган мақсадларга эришишда белгиланган вазифалар механизмларини ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратилди. Бунда мутахассислар, экспертлар ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари зарурлиги таъкидланди. Шундан келиб чиқиб масала муҳокамаси чоғида иштирокчилар томонидан кўплаб муаммоли саволлар, бир қатор таклиф-тавсиялар ўртага ташланди.

Замира ТОЖИЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"