Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3650
4990
4961

+29
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
90564
205121
151672

+53449

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 552 289
Главная "БИРЖА" Инновация – корхона тараққиётининг гарови

innovatsion_160Мамлакатимизда иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация қилиш ва диверсификациялаш, рақобатбардошлилигини ошириш, айниқса, инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга асосий устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган тадбирда республикамизнинг рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарувчи етакчи корхоналаридан ҳисобланган Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг айни шу йўналишдаги фаолияти ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти ўз таркибида кончилик, металлургия, кимё, геология-қидирув, транспорт, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларни қамраб олган кўп тармоқли, янги технологик жараёнлар асосида иш юритувчи компания саналади. Корхона катта ҳажмдаги табиий ресурслар, юқори ишлаб чиқариш-техник база ҳамда малакали мутахассисларга, шунингдек, нафақат юртимиз, балки Марказий Осиё иқтисодиётида муҳим ўринга эга. Унинг салоҳиятли ишлаб чиқариш мажмуаси 40 дан зиёд таркибий бўлинмани ўз ичига олган. Комбинат тузилмасига олтита кон, бешта бойитиш фабрикаси, сульфат кислота тайёрлашга ихтисослашган иккита металлургия заводи киради. Бундан ташқари, унинг цемент, оҳак, қувур, марказий таъмирлаш заводлари, нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, йигирмадан зиёд ёрдамчи цех ва лабораторияси, олтита автокорхонаси мавжуд.

Корхонада кейинги пайтда илмий-инновацион фаолиятни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Биринчидан, комбинат ҳар йили ўтказиладиган инновацион ғоялар, технологиялар ва лойи­ҳалар ярмаркасида фаол иштирок этиб келмоқда. 2013-2017 йиллар давомида Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари ва инновацион марказлар билан 31 та шартнома имзоланган. Бу даврда 237 та рационализаторлик таклифидан 114 таси ишлаб чиқаришга татбиқ этилиб, муайян иқтисодий самарага эришилган.

Бу йўналишдаги жараённи янада кенгайтиришда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Илмий-инновацион ишланма ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Чунончи, унда инновация фаолиятини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш, илмий ишланма ва илмий ҳажмдор технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш учун инновацион муҳитни яхшилаш, илмий-тадқиқот фаолиятининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, илмий ҳажмдор маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларида рақобатбардош илмий-амалий натижалар олиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор вазифалар белгиланган. Бир қатор йирик корхоналардаги каби комбинатда ҳам Инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. Ушбу жамғарма маблағлари янги техник ишланмалар, услуб ва технологиялар, тажриба-саноат тадқиқотлари, тажриба маҳсулотларини ишлаб чиқариш, серияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари билан тузилган шартномаларни бажариш, илмий-техник ресурслар ва қўлланмаларни харид қилиш каби тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда.

Жорий йилда Фанлар академияси, илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан 20 та шартнома амалга оширилган. Комбинатнинг тегишли корхона ва бўлинмалари раҳбарлари иштирокида 50 дан зиёд илмий таклиф муҳокама қилинган. Унинг натижаси ўлароқ, бир нечта ишланма бўйича йириклаштирилган лаборатория ва тажриба-саноат тадқиқотлари ўтказилмоқда. Айниқса, импортни қисқартиришга қаратилган инновацион лойиҳалар алоҳида инобатга олинмоқда. Жумладан, Дауташ кони рудасидан юқори сифатли марганец концентратини ажратиш бўйича тажриба синов ишлари учун тайёргарлик кетяпти.

Мазкур лойиҳа комбинатнинг ушбу концентратга бўлган эҳтиёжини қондиришга қаратилгани билан аҳамиятга молик. Хонжизза кон бошқармаси базасида эса маҳаллий хомашёдан фаоллаштирилган кўмирни ишлаб чиқариш бўйича саноат тажриба синовлари ўтказилган бўлиб, унинг ижобий натижаси келгуси йилда бу маҳсулот импортини тўхтатишга эришилиши билан изоҳланмоқда.

Бундан ташқари, комбинатнинг ишлаб чиқариш-техник кенгаши томонидан техноген чиқиндилардан молибден, темир, ваннадий, олеин кислотасини ажратиб олиш ва маҳаллий хомашёдан янги флотореагентни қўллаш юзасидан 5 та амалий ишланма тасдиқланган. Шу билан бирга, олимларимизнинг 6 та ишламасини тижоратлаштириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган.

Алоҳида маълумот берилганидек, Вазирлар Маҳкамаси ва Кореянинг KIRAM институти билан келишилган ҳолда Ўзбекистон-Корея нодир металлар ва қотишмалар илмий-технологик марказини яратиш бўйича концепция имзоланган. Ушбу ҳужжатда мазкур марказни бино ҳамда илмий лаборатория ускуналари ҳамда малакали ходимлар билан таъминлаш Олмалиқ кон-металлургия комбинати зиммасига юклатилган. Жанубий Корея институти томонидан эса ушбу давлатнинг етакчи олим ва мутахассисларини жалб этиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий семинарларни уюштириш, марказ ходимлари малакасини ошириш каби вазифалар бажарилади.

Матбуот анжумани давомида шу каби кенг қамровли маълумотлар тақдим этилиши билан бирга, комбинат инновацион фаолиятини янада кенгайтириш ва ривожлантириш юзасидан келгуси режаларга, айниқса, илмий лабораториялар техник базасини янгилаш, цехларни техноген чиқиндиларни қайта ишлаш ускуналари билан жиҳозлаш, корхоналарда экологик ҳолатни яхшилашнинг илмий ечимларига оид чораларга тўхталиб ўтилди. Журналистларнинг бир қатор саволларига атрофлича жавоблар берилди.

Ойдин ЛАТИПОВА.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"