Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6385
8575
7798

+777
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
137241
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 393 844
Главная "БИРЖА" Қонунлар лойиҳалари кўриб чиқилди

qonun_180Парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятининг самарадорлигини янада ошириш, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтириш ҳамда унинг фаол иштирокини таъминлашдан иборат. Аммо муҳокамалар пайтида қонун лойиҳасида бир қанча баҳсли нормалар акс эттирилгани боис депутатлар ҳақли эътирозлар билдиришди. Шу туфайли мазкур қонун лойиҳасини янада пишиқ-пухта ишлаш мақсадида кейинги ялпи мажлис кун тартибига киритиш учун қолдириш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Адлия вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, бугунги кунда қонун ҳужжатларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий пропискаси бўлмаган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу ҳудудларда яшаш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ қатор чекловлар мавжуд. Мазкур чекловларга риоя этмаслик фуқаролар ва мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланмоқда. Қонун лойиҳаси эса бундай чекловларни бартараф этишга қаратилган бўлиб, фуқароларнинг иш танлаш, республика ҳудудида эркин ҳаракатланиш бўйича конституциявий ҳуқуқлари, паспорт, билим олиш ҳамда ишга жойлашиш билан боғлиқ бош­қа ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди ва қабул қилинди.

“Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотанинг бекор қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамаси чоғида таъкидланганидек, у давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида кўрсатиб ўтилган вазифалар ижроси юзасидан парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон Экологик ҳаракати учун белгиланган квотани бекор қилиш орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутатлар номзодини илгари сурувчи субъектлар доирасини мақбуллаштириш, сайловга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва халқаро андозаларга мослаштиришдан иборат. Бироқ, депутатлар қайд этганидек, айни кунларда фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган Сайлов кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, кенг муҳокама этилмоқда. Сайлов кодекси қабул қилинадиган бўлса, депутатлар таклиф этаётган қонун лойиҳаси билан ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётган бир нечта қонун табиий равишда ўз кучини йўқотади. Айни асосларга кўра, депутатлар фикрича, мазкур қонун лойиҳасидаги нормаларни алоҳида ҳужжат тарзида эмас, балки Сайлов кодексида акс эттириш мақсадга мувофиқ. Шу муносабат билан мазкур қонун лойиҳаси депутатлар томонидан рад этилди.

Мажлис кун тартибидаги яна бир масала – “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Депутатларнинг таъкидлашича, бугунги кунда қурилиш-монтаж ишларини бажараётган фуқароларга нисбатан шаҳарсозлик соҳасида йўл қўйган ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик масаласи белгиланмаган. Натижада қурилиш соҳасида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони кескин ошиб бормоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳуқуқбузар фуқароларга тегишли жавобгарликни белгилаш, фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш орқали қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишда йўл қўйилаётган ҳуқуқ­бузарликнинг олдини олиш ҳисобланади. Шу муносабат билан кодекснинг 99 ва 160-моддаларига фуқаролар ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш ҳамда кучайтиришни назарда тутувчи нормалар киритиш таклиф этилмоқда. Лекин мажлисда қизғин муҳокама этилган ушбу қонун лойиҳасида бир қанча баҳсли нормалар мавжудлиги депутатларда кўплаб саволлар туғдирди. Шу муносабат билан лойиҳа ҳар томонлама пухта ишланиши зарурати боис кун тартибидан чиқарилди.

Мажлисда “Меning fikrim” веб-портали орқали келиб тушган “Вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида”ги электрон жамоавий мурожаатни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги масала ҳам муҳокама этилди. Берилган маълумотга қараганда, туман ва шаҳарларимиз кўчаларида вақт ўтишини тескари ҳисобловчи светофорларни ўрнатиш тўғрисида “Mening fikrim” веб-портали орқали йўлланган электрон жамоавий мурожаатда кўчалардаги амалдаги светофорларни вақт ўтишини тескари ҳисобловчи индикаторлар билан жиҳозланган транспорт ва пиё­далар светофорларига босқичма-босқич алмаштириш ҳақидаги таклиф баён этилган. 10 мингдан зиёд овоз тўплаган ушбу мурожаат парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан мажлис муҳокамасига киритилиб, атрофлича таҳлил қилинди ҳамда Вазирлар Маҳкамасига туман ва шаҳарларимиз кўчаларида шундай светофорларни босқичма-босқич ўрнатиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган қарор қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирликларига юборилган парламент сўровлари натижалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўз мухбиримиз.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"