Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4105
8733
9393

-660
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
56147
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 161 079
Главная "БИРЖА" Йўловчи ва ҳайдовчи маданияти

avtobus_160икир-чикир иш эмас

– Паспортний столга тушадиганлар борми?

– Бор, бор. Орқа эшикни очворинг...

– Ҳой, шофёр болам, нега электросетда тўхтатмадинг?

– Аввалроқ айтиш керак эди-да, ота.

– Нима, айтмаса, тўхтатмайсанми? Бекат бор-ку!

– Бор бўлса, бордир. Тушадиган одам бўлмаса, тўхтаб нима қиламиз?

– Ё тавба, шунақаси ҳам бўларканда-а!

– Э-э-э, булар учун қоида ёзилмаган ҳали.

Сезиб турибман, азиз газетхон, юқоридаги мулоқотлар сизга эриш туюлди, ғашингизга ҳам тегди бироз. Лекин ишончим комилки, асабий айтишувлар баёнини ўқиб гап нимадалигини, мушоҳадага чорловчи луқмалар ҳукмингизга бежиз ҳавола этилмаётганлигини англагандай ҳам бўлдингиз. Аммо баъзиларингиз “автобус қаёқда-ю, маданият қаёқда”, деб ёқа ушлаганингизга ҳам иймоним комил. Топдимми? Отангизга раҳмат!

Энди, келинг, мавзу таҳлилига киришайлик. Бир қарашда қозонга солиб соатлаб қайнатса, бир-бирига қайишиб-қоришмайдиган, бири моддий, иккинчиси мавҳум бу атамалар моҳиятига синчков эътибор қаратиб, мушоҳада элагидан ўтказсангиз, улар орасидаги алоқа, муносабат ярқ этиб кўзга ташланади. Албатта, бу боғлиқликни теран англаб етмоқ, ҳис этмоқ учун, ҳурматли газетхон, сиз, аввало, автобусдан фойдаланувчи йўловчи бўлмоғингиз лозим. Жамоат транспорти воситалари орасидан автобусни ушбу мақола қаҳрамони қилиб олганимиз боиси эса бизда Тошкентдай шаҳри азимдан фарқли ўлароқ, “бус-бус”лардан фақат автобус тури мавжудлигидир. Хўш, даромад бас, буромадга ўтайлик энди, азизлар.

Ўзимизда ишлаб чиқарилган “ISUZI” русумли автобусга чиқиб, шаҳри Насафнинг Ерқўрғон бозори билан “Темирйўл шоҳбекати”ни бир-бирига улайдиган Ислом Каримов кўчаси бўйлаб сайр қилайлик. Йўловчи ташиш тизими фахрийси 90 ёшли Эшмурод бобо Болтаевнинг хотирлашича, Қашқадарё вилояти ташкил топган 1943 йилда воҳамизда бу йўналишдаги жамоат транспортининг индаллосини “голубка” дея эркалатиб номланган бир эшикли митти автобус қатнови бошлаб берган экан. Биз, урушдан сўнгги авлод вакиллари эса автобусга чиқиб-тушиш маданияти билан шаҳарнинг ғарбу шарқини боғлаган “ПАЗ” русумли автобусда танишган эдик. Бинобарин, 1955 йилда “голубка”ларни бу йўналишдан сиқиб чиқарган икки эшикли “ПАЗ” русумли автобуслар транспорт ва йўловчи маданияти, деган тушунчага асос солган эди. Зеро, орқа эшик ойнасига катта ҳарфлар билан “Вход”, яъни “Кириш”, олд эшикка эса “Выход”, яъни “Чиқиш” деган сўзлар автобусдан фойдаланишда ўзига хос қонун-қоида мавжудлигини йўловчиларга эслатиб турар эди.

Эндиликда транспорт маданиятидаги бу сабоқ шу русумдаги автобуслар билан бирга тарихга айланганини ҳозирда оммабоп улов тури эшикларига кириш-чиқиш сўзлари ёзилмагани ҳам яққол исботлаб турибди. Эътиборли томони, ҳозир орқа эшиклар эркакларнинг, олд эшиклар эса аёлларнинг зинали йўлагига айланди. Автобусларнинг салони ҳам ички ва ташқи ҳовлига ўхшаб, бу икки жинс вакиллари хизматини айри-айри бажарадиган бўлмаларга ўхшаб қолди. Гарчи ёшлар ёши улуғларга жой бериши қоидаси амалда бўлса-да, автобуснинг ҳайдовчига яқин олд қисми ҳамда ўнг томондаги ўриндиқларнинг кўпи аёлларнинг “ижара мулки”га айланди. Балки бу бизда бошқа мамлакатлардагидан фарқли равишда аёлларга ҳурматимиз баландлигининг тимсолидир?..

Аслида жамоа транспортидан фойдаланиш муайян оралиқда махсус қурилган бекатлардан бошланади. Айни тиғиз пайтларда автобусга чиқиш навбати ана шу ерда шаклланади. Иккинчидан, бекатлар қуёш тиғидан сақланиш имконияти ҳамдир. Йўловчилар, шунингдек, ушбу йўналиш бўйича қатнайдиган автобусларнинг рақамлари, уловлар қатнови орасидаги вақт меъёри билан ҳам бекатда танишадилар. Ахир, бежизга инсон умри бекатларга қиёс қилинмайди-да! Учинчидан, автобуслар инсоний фазилатларни улуғловчи ҳикматлар, даъват ва шиорлар маскани ҳамдир. Шунингдек, автобус салонлари тарбия воситаларидан бири сифатида “Хавфсизлик ойлиги” деб аталмиш мавсумий тадбирлар даъватидан ташқари барчабоп эълон, кино ва театр афишалари билан “бе­затилса”, айни муддао-ку!

Яна бир мулоҳаза. Автобусларнинг катта шаҳарлардаги каби салонни кузатиш, бекатларни эълон қилиш учун техник воситалар билан жиҳозланиши давр талабидир. Бу эса бекатлар номларини бундан анча олдинги атамалар билан “кондуктор” йигитларнинг рус-у ўзбекча сўзларни аралаштириб эълон қилишига ҳожат қолдирмаган бўлур эди. Ушбу мақола баҳонасида шаҳар раҳбарлари ва йўловчи транспорти мутасаддилари эътиборини йўл ҳақи тўловининг кенг тарқалган усули – абонементлар сотувини йўлга қўйишга қаратмоқчи эдик. Шунингдек, жамоат транспортидан фойдаланувчиларнинг қандай имтиёзлари борлиги ҳақида ҳам бекат ва салонларда эълонлар бўлиши шартлигини таъкидламоқчимиз.

Эсимда бор, яқин ўтган замонларда жамоат транспортида энг ибратли ва хайрли имтиёз келажагимиз ворислари – болаларга берилган эди. 12 ёшгача бўлган болалар, айниқса, ўқувчилар барча турдаги “бус-бус”лардан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эга эдилар. Куни кеча ишга кела туриб, жуда хунук воқеанинг устидан чиқдим. Дарсдан қайтаётган 9-10 ёшдаги ўқувчи бола автобусга чиқдию шу заҳоти кондуктор йигитнинг “ўлжа”сига айланди.

– Ҳой, болакай, қани йўл пулини тўлаб қўй-чи, дарров, – дея ўдағайлашга тушди у. Ўқувчи боланинг кўзлари жавдираб, ранги оқарди.

– Пулим йўқ эди, – деди у пиқиллаб. – Ҳалиги, ҳалиги... онам берган пулларига музқаймоқ олган эдим.

– Ие, ҳали пулим йўқ дегин. Бунақаси кетмайди, болакай. Пулинг бўлмаса, қани, автобусдан туш-чи, – дея можарога қўшилди автобус ҳайдовчиси ҳам.

– Ҳа, ҳа, туёғингни шиқиллат. Ота-онанг болаларини боқиш учун ишласа, биз ҳам бола-чақа боқамиз деб, рул айлантирамиз. Сенлар кўп бўлсаларинг, бунақада иккита нонга ҳам пул тополмайман-ку. Қани, тушириб юбор уни.

Чидаб туролмадим. Тилимга келганини айтдим. Кондукторга шу бола учун 500 ўрнига 1000 сўм бердим. Кондуктор йигит лом-мим демай, ҳатто уятдан қизариб-нетмай пулни олди.

Ана шунақа гаплар. Аслида бу мақоланинг ёзилишига ҳам шу воқеа туртки бўлди.

Хуллас, мулоҳазалардан маълум бўлмоқдаки, жамоат транспорти ва йўловчи маданияти асло икир-чикир иш эмас, балки турмуш тарзи, муносабат маданияти, қолаверса, хорижлик меҳмонлар эътиборидаги нурли кўзгудир. Шаҳар раҳбарлари, мутасаддилар баъзи-баъзида хизмат машиналаридан воз кечиб, автобусга тушсалар, ушбу мақолада қайд этилган муаммо ва фикрларнинг тасдиғи билан амалда танишсалар, янада холис хулосага келардилар, назаримда.

Юсуф НОРОВ,

фахрий журналист.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"